Қайднома

Қидирув

Еврофутбол нигоҳлардан нари кун

Еврофутбол нигоҳлардан нари кун

  09.05.2017 19:07
  0
  342
Еврофутбол нигоҳлардан нари кун

Мақоламиз сарлавҳаси боис, кимлардир бизни максималистик қарашда айблашлари мумкин. Майли, бунга розимиз. Зеро, фикримизни ёрқинроқ ифодалаш, 9 май кунининг ҳаётимиздаги ўрнини теран тушуниш ва тушунтириш, футбол мухлислари бир дам айрича сергак тортишлари учун айнан шу сарлавҳани танладик.

Миллий жамоамиздаги депсинишдан ва футболимиз мутасаддилари, мураббийлар, ўйин­чилардаги тушунарсиз ғалати карахтликдан фиғони фалакка кўтарилаётган мухлис учун 9 май - огоҳлик, бедорлик, мавзуга янгича муносабат куни. Хусусан, ўзимиз учун ҳам! Бу кун шундай ўйламоқ ва мулоҳаза юритмоқ ҳар биримиз учун ҳам қарз, ҳам фарз. Фашизмга қарши кураш қурбонлари хотираси олдидаги қарздорлик абадийдир. Қурбонлар руҳини эъзозлаш эса инсоният зиммасига тушган мангу миссиядир.

Фашизм балосидан бутун инсоният азият чекди, лекин собиқ шўро ҳудудидаги халқлар бошига тушган азоб-уқубатларни ҳеч қачон ёзиб тугатиб бўлмайди. Бепоён ўрмонлар ва ботқоқликлар, мангу музликлар ва баланд қоялар узра ястанган қорликлар бағридан ҳамон II Жаҳон уруши қурбонлари излари топилмоқда. Фашизм хунрезлиги оқибати ўлароқ, минг-минглаб истеъдодлар - бўлажак юлдузлар футбол осмони узра пормалай-порлай олмай, мангу сўнишди.

Ким билади, балки улар Лев Яшин ва Ринат Дасаев, Эдуард Стрельцов ва Олег Блохин, Давид Кипиани  ва Хорен Оганесян, Биродар Абдураимов ва Геннадий Красницкий каби буюк истеъдодлардан ҳам истеъдодлироқ эдилар... Фашизм МДҲ ҳудудида кўкка бўй рост­лаётган футбол чинорининг улкан шохларини кесиб ташлади.

Бу маконда шаклланиб, сайқал топаётган истеъдодлар занжирининг бир неча халқаси мангу узилди. Уруш бўлмаган ва ўша истеъдодлар занжири узилмаганида, бугун МДҲ, хусусан, Ўзбекистон футболи қай даражада юксаклашарди - буни таърифлашга тил ожиз. Уруш футболнинг юқори суръатини тўхтатди ва ортга сурди. «Репетитор» газетасига II Жаҳон уруши статистикасини тайёрлаш чоғи тушундикки, Ғарбий Европа ушбу улкан бало офатидан анчайин иҳоталанган. Бу борадаги маълумотлар орасида осмон билан ерчалик фарқ бор.

Демоқчимизки, уруш таъсирида бироз секинлашган бўлсада, еврофутбол асло тараққиётдан тўхтамаган. Ўша асоратлар сабаб, МДҲ футболи ҳамон еврофутбол билан тенглашолмайди, беллашолмайди. ХХ аср 40-йилларида узилган генетик занжирнинг салбий таъсири ҳозирга келиб сезилмоқда. Урушдан аввал туғилиб, урушдан кейин камол топган авлод ХХ асрнинг 60-80-йилларида ажойиб ўйинлари билан бутун Европани ларзага солди. Уруш оқибатида туғилмаган ёки камол топмаган истеъдодлар қолдиражак авлод айни дамдаги МДҲ, шу жумладан, Ўзбекистон футболи тараққиётида ўзига хос локомотив бўлиши лозим эди.

 

Тарихнинг адолатсиз ва шаф­қатсиз ҳукми сабаб, биз шу тараққиётдан бебаҳра қолдик. Олға интилиш даврида жиддий жабр-ситам кўрмаган, истеъдодлар занжири ҳамиша мустаҳкам сақланиб қолган еврофутбол эса  гуллаб-яшнашда давом этмоқда. Денгиз довули улкан тўлқинларнинг бир-бирига урилиши натижасида юзага келади. Булутларнинг аёвсиз тўқнашуви таъсирида чақмоқ чақади. Футболдаги тараққиётни ҳам шундай тасаввур қилмоқ жоиз. Бир неча авлод тажрибаси таъсиридагина футбол бир маромда тараққий топади. Бошқача айтганда, соҳанинг илдам қадам босиши учун бир неча авлод тажрибаси уйғунлашуви ва сайқаллашуви шарт.

Мамлакатимиз футболи эса фақат ХХ аср 60-йиллари авлодининг тарихий тажрибасига таянмоқда, холос. Боз устига, миллий футболимиз МДҲ таркибига кирган бошқа мамлакатлардан фарқли равишда, 70-йиллар авлодининг етук вакилларини ҳам йўқотган. «Пахтакор-79» ҳалокатини назарда тутаётганимиз ҳаммага тушунарли. Уруш ва ҳалокат оқибатида тараққиёт мароми издан чиққан футбол савиясини «немис машинаси» маҳоратига солиштириш, қиёслаш адолатданми?

Йўқ, албатта. Немис футболи уруш йиллари ҳаттоки, аввалгига нисбатан ҳам барқ уриб ривожланган. Германия биринчилиги четдан оқиб келган сармоя ва Австрия клублари қўшилиши натижасида янада кучайган. Венанинг «Рапид» клуби 1941 йили Германия чемпионига айлангани фикримиз далилидир. Тўғри, урушдан кейин Германия чемпионати ҳам 3 мавсум тўхтаган. Бироқ бу «пауза» тинч даврдаги қисқа тин олиш, янги тараққиёт учун нафас ростлаш эди.

Таъкидлаш жоиз, юқоридаги мулоҳазалар еврофутбол тараққиётини қоралаш ёки бу ривожланишга ҳасад, олдинга силжиш маромини излаётган, лекин «олтин ўрта»ни топишга қийналаётган футболимизни оқлаш маъносида ёзилмади. Бугун 9 май  - Хотира ва қадрлаш куни. Худди шу куни йилда бир бор футбол тарихининг асл ҳақиқатлари ҳақида ўйласак, уларни қайта назардан ўтказсак, ишончимиз комилки, вазият тубдан ўзгаради. Асл тарихий ҳақиқатлар футболимизда чинакам адолат байроғини ҳилпиратади, ўйинчиларимиз кучига-куч, ғайратига ғайрат қўшади.

Ардоқли футболчимиз Тўлаган Исоқов «Биз «Бавария»ни 5:0 ҳисобида мағлубиятга учратган ва Европа суперкубокини олган Киев «Динамо»сини ўша мавсум икки бора енгганмиз. Римда эса «Рома»ни таслим қилганмиз. Шундай ўйнардикки, рақиблар шаштимиздан ҳайиқишарди. Геннадий Красницкий узоқдан югуриб келиб, жарима зарбасини тепганида, «жонли девор» ва дарвозабон четга қочган дамларни кўрганмиз», деганида минг бор ҳақ. Уларнинг авлоди футболимиз тарихини яратди ва бу тарих халқимизнинг уруш йилларидаги жасоратидан руҳланди, таъсирланди.

Замонавий ўзбек футболида наинки бир неча авлод тажрибаси, балки ўша шонли тарих руҳи ва шукуҳи етишмаяпти, назаримизда. Бугунги ёшлар онгу-шуу­ри ва руҳияти ўша шонли футбол хотирасидан озиқланса, ибрат олса, майдонларда ўзгача кайфият ҳукм суради, мухлислар қалбида Биродар Абдураимов, Геннадий Красницкий, Ҳамид Раҳматуллаев, Тўлаган Исоқов, Михаил Ан, Владимир Фёдоровга ўхшаган янги юлдузлар яшай бошлашади.

Бугун боксчиларимиз бу ишни шараф билан уддалашмоқда. Тошкентда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида 9та олтин медалга эгалик қилиш - спортимиз тарихидаги улкан тарихий ҳодиса. Бунақаси спортда кам кузатилади. Умид қиламизки, футболимизда ҳам бу каби зафарлар учун зарур замин ҳозирланади.

Мулоҳазаларимизни якунлар эканмиз, Пешқўрғондан қўнғироқ қилишди. Қишлоғимизда анъанавий хотира турнири авжига чиқибди. Даврон Исоқов, Бобур Мамажонов ва Темур Ражаббоев ортидан чиқаётган янги истеъдодлар тўлқини барчани севинтирибди. Диёрбек Муҳаммадалиев, Ҳайи­тали Исмоилов, Беҳруз Абдусатторов, Асадбек Баҳриддинов, Фирдавс Носиржонов, Беҳруз Турсуналиев каби мактаб ўқувчилари кўпчилик нигоҳида. Демак, футбол халқимиз хотирасида яшамоқда ва уни қадрлаганлар ҳамиша эъзоздалар.

Муҳаммад Вали


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ХАБАРЛАР

Оммабоп мақолалар

Термамиз етакчилари қандай фикрда?

«Реал»ни афсуслантирган келишувлар

Роналдунинг тақдири ҳалми?

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

Жамоа Ў О
1 Челси 38 93
2 Тоттенхэм 37 83
3 Ливерпуль 38 76
4 Манчестер Сити 37 75
5 Арсенал 37 72
6 МЮ 37 68
7 Эвертон 38 61
8 Борнмут 38 46
9 Вест Бромвич 37 45
10 Саутгемптон 37 45
11 Вест Хэм 38 45
12 Лестер 37 44
13 Сток Сити 38 44
14 Кристал Пэлас 38 41
15 Суонси 38 41
16 Бёрнли 38 40
17 Уотфорд 38 40
18 Халл Сити 38 34
19 Мидлсбро 38 28
20 Сандерленд 37 24
тўлиқ маълумот »

Кун фотоси

«Манчестер Юнайтед» сафарда «Тоттенхэм»га имкониятни бой берди

Хозирча сўровнома ўтказилмаяпти.

© "Interfutbol.UZ". © 2006-2017. Мобил версия
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.
uzbektop.ru ByTOP.info WAPLOG.TOP
aiwe.ru  - Рейтинг мобильных сайтов Rutop.info - Бесплатный рейтинг сайтов. Рейтинг лучших WAP сайтов imtop.su daxshat.top Uzbekona.TopWmSTAT.RuStatok.nettop.realuz.ru