Қайднома

Қидирув

Терма жамоалар маркази фаолияти нима сабабдан тўхтатилди?

Терма жамоалар маркази фаолияти нима сабабдан тўхтатилди?

  10.05.2017 01:03
  0
  670
Терма жамоалар маркази фаолияти нима сабабдан тўхтатилди?

Терма жамоалар марказининг фаолияти тўхтатилиши, шубҳасиз, ўтган ҳафтанинг энг диққатга молик воқеасига айланди. Энди бундай ташкилот йўқ. Хўш, ўтган 8 йиллик муддатда ТЖМ бизга нима берди? Келинг, вазиятга холис ёндашиб, тарозу посангисини тенг ушлашга ҳаракат қиламиз. Ахир шу давр мобайнида кўплаб танқидларга учраган Марказнинг ибратга молик ишлари ҳам бордир?! Ҳар ҳолда, «Бир ёмоннинг бир яхшиси ҳам бўлади», деб бежиз айтишмаган-ку. ТЖМ қайси вазифани юқори савияда уддалади-ю, қайси жабҳада оқсади? Ижобий ва салбий ҳолатлар ўртасидаги тафовут қандай? Қуйидаги таҳлилий фикрлар айнан шу мавзуга бағишланади.

МАРКАЗ

Ўзбекистон футбол федерацияси бошқарувига Мираброр Усмонов келгач, бир қатор тадбирлар амалга оширилди. Мана шулардан бири турли ёшдаги терма жамоалар тайёргарлигини оптималлаштириш мақсадида 2009 йилда Терма жамоалар маркази ташкил этилгани бўлди. Кейинчалик мазкур ташкилот мустақил тарзда иш юритиши учун унга алоҳида бино ажратилди - бутун бошли «Жар» стадиони ТЖМ ихтиёрига ўтди. Марказ зиммасига термалар учун йиғинлар ташкил этиш, жамоаларнинг расмий мусобақалардаги иштирокини таъминлаш, мураббийлар тайинлаш ва шунга ўхшаш бевосита футбол билан боғлиқ масалалар юклатилди.

Ўз навбатида, ТЖМ Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўйинларига чипта савдосини ташкил этиши ҳам лозим эди.

ИЖОБИЙ ИШЛАР

Тан олиш лозим, Терма жамоалар маркази ташкил этилгач, аввалига ўсмирлар ва ёшлар футболида кутилган самара кўзга ташланди. Ҳар икки тоифадаги термаларимиз уч марта мундиалда иштирок этишди. Умуман олганда, Алексей Евстафеев, Аҳмад Мусаев ва Дилшод Нуралиев бошқарувидаги жамоалар аввалдан «Пахтакор» футбол мактаби базасида шаклланиб келаётган ва шу важдан ТЖМ ваколатига ўтмаган тақдирда ҳам юқори натижаларга эришган бўларди. Аммо факт шундаки, уларнинг ғалабалари айнан Терма жамоалар маркази ташкил этилгандан сўнг қўлга киритилди. Шундай экан, истаймизми ёки йўқ, бунда Марказнинг ҳам ўрни бор.

Дилшод Нуралиев бошчилигидаги Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасининг 2011 йили Эронда ўтказилган Осиё чемпионатида энг юқори ўринни эгаллаганини эса алоҳида таъкидлаш лозим. Бу натижа Ўзбекистон ўсмирлар футболи тарихида ягоналигини сақлаб турибди.

ХОРИЖДАГИ ЙИҒИНЛАР

Бу муваффақиятларда хорижда ташкил этилган ўқув-машғулот йиғинларининг ўрни катта экани шубҳасиз. Ёдингизда бўлса, бундан 5-6 йил муқаддам миллий терма жамоа футболчилари интервьюларда бир гапни кўп такрорлашарди: «Авваллари ҳатто йирик мусобақаларга тайёргарлик кўриш учун ҳам Тошкентдан ташқарига чиқа олмас эдик. Энди нафақат катталар, балки ўсмирлар ва ёшлар ҳам Туркия ёки Бирлашган Араб Амирликларига бориб келишмоқда», - де-йишарди.

Ҳа, Терма жамоалар маркази қо-йиллатган иш ҳақида гапирганда, айнан хориждаги йиғинларни кўрсатиш лозим. Ўзбекистон миллий термаси 2011 йилги Осиё кубогида ярим финалга қадар етиб борган ва бу ҳозирча энг яхши натижа бўлиб турибди. Ўша жамоа намойиш этган ўйин таассуротлари эса ҳозиргача мухлислар қалбидан ўчгани йўқ. Терма жамоа собиқ бош мураббийи Вадим Абрамов бу услубни шакллантириш учун бир неча ой давомида Туркия, БАА ва ҳаттоки, Африкада йиғин ташкил этганини кўпчилик ёддан чиқариб улгурган бўлса керак. Терма ўйинида айнан мана шу йиғинларнинг аҳамияти катта бўлганди.

Бироқ афсуски, хориждаги машғулотлардан келган энг катта фойда ҳам шу билан чекланди. Миллий терма жамоанинг арзимаган сабаб билан ҳам четга чиқиб кетавериши эса бошқа томондан зарар келтирди - мухлислар Тошкентда бирорта та-йинли ўртоқлик ўйини кўра олмадилар...

ЎРТОҚЛИК УЧРАШУВЛАРИ

Терма жамоалар маркази ташкил этилганда, табиийки, мухлислар ўртоқлик ўйинлари борасида ҳам янгилик бўлишини кутгандилар. Айнан шу масала футболимизда муаммо ҳисобланиб, Тошкентда Европа, Африка ёки Жанубий Американинг бирор-бир кучли жамоасини кўриш азалий орзумиз бўлиб келаётганди. Бироқ афсуски, ТЖМ бу орзунинг рўёбга чиқишини таъминлай олмади. Ким билади дейсиз, агар Марказ ёпилмаганда, балки мазкур ҳолат келгусида ҳам такрорланаверармиди?! Чунки ўтган 8 йил давомида биз фақат ваъда эшитдик, ўртоқлик ўйин-лари эса ўтказилмади.

Аргентина, Туркия, Бельгия, Сенегал, Марокаш... Бу давлатларни ўзаро боғлаб турадиган жиҳат бор - ушбу мамлакат термаларининг ҳар бирини Тошкентда кутганмиз. Бир вақтлари улар билан ўртоқлик ўйини ўтказилиши ҳақида шов-шувли хабарлар тарқалганди. Аммо якунда ўша учрашувлар ўтказилмай қолаверди. Таассуфки, айни ҳолат жуда кўп марта кузатилди.

Пойтахтимизга сўнгги марта ташриф буюрган терма эса Африканинг кучсиз жамоаларидан бири - Буркина-Фасо бўлди. Эътиборлиси, у ҳам асосий таркибини олиб келмади. Учрашув камтарона ҳисоб - 1:0 билан якунланди. Мазкур баҳсдаги рақибни камситмоқчи эмасмиз, аммо бевосита ўйинни томоша қилган мухлис кўнглида унинг ташкилланишидан қандайдир фойда келишига шубҳа пайдо бўлиши аниқ.

МУРАББИЙЛАР

«Яхши отга бир қамчи...», деган гап бор халқимизда. Ўтган давр мобайнида Терма жамоалар маркази манзилига йўлланган ижобий фикрлардан кўра, танқидлар кўпроқ бўлди, десак муоблағага йўйманг. Ким билади дейсиз, балки ташкилотнинг ёпилиб кетишига айнан шу ҳолат сабаб бўлгандир?!

Бу ўринда гап Ўзбекистон миллий терма жамоасини бошқарган мураббийлар ҳақида кетмаяпти. Тўғри, ўтган 8 йил мобайнида хориждан кучли мутахассис чақирилмади ва фақат маҳаллий мураббийларга таяниб иш юритилди. Аммо эътирознинг сабаби бунда ҳам эмас. Вадим Абрамов, Миржалол Қосимов, Самвел Бабаян - уларнинг ишига ҳали кўп баҳо берилади. ТЖМ йўл қўйган хато эса шундан иборатки, ҳар доим миллий ва олимпия терма жамоасида бир мураббий ишлади.

Эсланг, ҳаммаси Вадим Абрамов фаолият юритган пайтлардан бошланди. У миллий жамоа билан 2011 йилги Осиё кубогида энг яхши натижани қайд этгач, ўзбек футболида ўзига хос гегемонлик ўрнатди. Охир-оқибат 2012 йилги Лондон Олимпиадаси учун курашаётган жамоа ҳам унинг ихтиёрига топширилди. Ўша саралаш баҳсларининг биз учун қандай якунлангани кўпчиликнинг ёдида, «Жар» стадионида БАА жамоасидан учралган аламли мағлубият (2:3)ни яқин йиллар давомида унутмаслигимиз тайин.

Аммо Терма жамоалар маркази ушбу хатодан хулоса чиқариш ўрнига уни яна такрорлайверди. Ҳаммасидан ошиб тушгани - 2016 йили Бразилияда бўлиб ўтган Олимпиада йўлланмаси учун курашаётган жамоа Самвел Бабаян ихтиёрига топширилгани бўлди. Хўп, Вадим Абрамов борасида чиқарилган қарорни тушуниш мумкиндир. Ҳар ҳолда, у ўзбек футболига янгилик олиб кирган мураббий ҳисобланади. Абрамов бошқарган жамоа Олимпиада йўлланмаси учун муносиб кураш олиб борган ва фақат сўнгги турда имкониятни қўлдан бой берган эди. Бироқ Самвел Бабаяннинг қайси хизматлари учун олимпия терма жамоасини қўлга киритганини тушуниш мушкул.

Ўзи шундоқ ҳам миллий терма жамоада иш қалашиб турган вақтда бош мураббий зиммасига олимпиячилар тақдирини ҳам ишониб топшириш якунда муваффақиятсизлик сари етаклади. 2016 йилнинг бошида Қатарда 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида Осиё чемпионати ўтказилди. Мазкур мусобақада ўртага Рио-де-Жанейродаги Олимпиада йўлланмаси тикилган эди. Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси бунга қадар қитъа даражасидаги мусобақаларда муваффақиятли иштирок этиб келганини инобатга олсак, Бразилиядаги йирик турнир чиптасини олиш ҳам уддаласа бўладиган иш эди. Аммо Самвел Бабаян бошчилигидаги жамоа Қатардаги Осиё чемпионатида гуруҳдаги икки ўйин ўтгани ҳамоно йўлланмани бой бериб улгурди. Сўнгги тур эса шунчаки, ўртоқлик учрашуви мақомида ўтди.

Хўш, бунга ким айбдор?

ЧИПТАЛАР

Бироқ барибир, Терма жамоалар маркази фаолиятининг энг гуллаган нуқтаси - чипталар савдоси бўлди. Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўйинлари билан боғлиқ машмашаларни ҳамма яхши билади. Айниқса, «Бунёдкор» стадиони қурилгандан сўнг жуда катта аншлаг кузатилди. Хоразмлик бир мухлис билан гаплашган эдим. Унинг айтишича, атайин отаси ҳамроҳлигида терма жамоа ўйини ва албатта, «Бунёдкор» стадионини кўриш учун шунча йўл босиб келибди. Хоразм ва Тошкент ўртасидаги масофа қанчалигини эса яхши биласиз, яқин эмас. Бу ҳақда ҳаттоки, хонандаларимиз қўшиқ ҳам куйлашган...

Аммо шунча йўл юриб келган билан, чипта тополмаса, бундан ёмони бор эканми? Ҳа, яшанг, ўзи 20 минг сўмлик чиптани 300 мингдан оласиз. Олиб-сотарларга салом! Ота-бола ҳам 600 минг сўмга иккита чипта харид қилиб, Ўзбекистон терма жамоаси ўйинини кўриш имкониятини қўлга киритишган экан. Ҳайтовур, ўша баҳсда футболчиларимиз ғалаба қозонишган. Адашмасам, Ливан термаси 1:0 ҳисобида мағлуб этилганди. Шунча пулга чипта олгандан кейин севимли жамоамиз мағлубиятга учраса, алам қиларди-да!

ЎФФ томонидан Терма жамоалар марказига жуда масъулиятли иш топширилган эди. Футбол - мухлислар учун. Бутун дунёда шундай. Аммо афсуски, ТЖМ айнан ишқибозлар билан ишлаш, уларга қулайлик яратишда нўноқликка йўл қўйди. Ўша олиб-сотарлардан чипта сотиб олган мухлислардан бир сўрангчи, улар ТЖМ ёпилганидан хафамикан?

ЯКУНДА

Терма жамоалар маркази ҳақида шу вақтга қадар юзлаб мақола ёзилган. Унинг 8 йиллик фаолияти давомида шундай воқеалар рўй бердики, албатта, уни беэътибор қолдириб бўлмасди. Масала юзасидан билдирилган муносабатларнинг аксариятида танқидий руҳ кузатилди. Ва мана шу сатрларни ёзар эканман, бу ТЖМ ҳақидаги сўнгги мақола бўлиб қолиши мумкинлигини ўйлаб, бироз ғалати ҳолга тушганим ҳам рост. Чунки ўзбек футболида бутун бошли давр ортда қолди. Умримизнинг 8 йили ўтди-кетди...

Шубҳасиз, Терма жамоалар маркази футболимиз ривожи йўлида бир тажриба вазифасини ўтайди. Бу тажриба қай даражада омадсиз чиққанидан энди барча хабардор. Акс ҳолда, у ёпилмасди. Умид қиламизки, хатолардан тўғри хулоса чиқарилади. Ўзбекистон футбол федерациясида ТЖМ ўрнига бошқа бўлим ташкил этилса керак. Истардикки, бу бўлим танқидий мақолалар манбаи эмас, балки ўзбек футболи ривожи йўлида хизмат қилсин.

Зафар ҚОСИМОВ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz