Қайднома

Қидирув

Қаҳрамон Муҳаммаджонов: «Келишилган ўйинларга мутлақо қаршимиз»

Қаҳрамон Муҳаммаджонов: «Келишилган ўйинларга мутлақо қаршимиз»

  10.05.2017 01:34
  0
  682
Қаҳрамон Муҳаммаджонов: «Келишилган ўйинларга мутлақо қаршимиз»

Ўзбекистон чемпионати биринчи лигасида ҳам мавсум ўзининг қизғин палласига кириб боряпти. Бу йил қуйи дивизионда иштирок этаётган 18та жамоа орасида ҳозирча водий клублари етакчилик қилишяпти. «Цементчи», «Андижон» ва «Истиқлол» қолганларга нисбатан кучлироқдек кўринмоқда. Аммо ҳали хулоса чиқаришга эрта. Чунки уларни «Зомин», «Норин», «Сурхон», «NBU-Осиё» изма-из таъқиб этишяпти. Камида 3-4та жамоада олий лига йўлланмасини қўлга киритиш истаги бор. Биз 8-тур учрашуви олдидан элитага қайтишни мақсад қилган «Андижон» клуби етакчиларидан бири Қаҳрамон Маҳаммаджоновдан интервью олдик.

- Қаҳрамон, мавсумни бироз кутилмаганда «Андижон»да бошладингиз...

- Албатта, бунинг ўзига яраша сабаблари бор. Мени жамоага шахсан бош мураббий Виталий Легай таклиф қилди. Гарчи ўша пайт олий лиганинг бир нечта клубларидан таклифлар тушсада, якунда Андижонда тўп суришни маъқул кўрдим. Бу ердаги ажойиб муҳит, футболчиларнинг аксарияти билан таниш эканлигим шундай қарорга келишимда туртки вазифасини ўтади. Чунки шу тариқа жамоага мослашишим осон кечишини билардим. Айни пайт қарорим тўғри эканлигига амин бўл-япман.

- «Андижон» билан қанча муддатга шартнома имзоладингиз?

- Келишув 1}2 кўринишида тузилди. Вазиятга қараб муддатни яна узайтиришимиз мумкин. Олдимизга шу йилнинг ўзида олий лигага қайтиш вазифаси қўйилган. Агар мақсадга эришсак, «Андижон» билан ҳамкорликни давом эттираман.

- Жамоадаги ҳозирги ҳолатингиз ўзингизни қониқтиряптими? Ҳеч қандай муаммо йўқми?

- Албатта, ҳаммаси жойида. Тўғри, ўйинларда баъзан хатолар ҳам учраб турибди. Лекин камчиликлар устида ишлаяпмиз, уларни такрорламасликка интиляпмиз. Мураббийимиз ўта талабчан. Имкон даражасида унинг айтганларини бажаришга уриняпман.

- Қуйи дивизионда бир нечта тур ўйинлари ортда қолди. Ўтказилган баҳслардан келиб чиқиб, лиганинг савияси ҳақида нима дея оласиз?

- Авваллари биринчи лига баҳсларида 2 ёки 3та жамоа ўз олдига олий лигага чиқиш вазифасини қўярди. Қолаверса, мавсумни охиригача якунлаш ҳамма жамоаларга ҳам насиб этавермасди. Яъни, айрим клублар молиявий қийинчиликлар сабаб фаолиятини тўхтатарди. Биринчи лигада ҳам йилдан-йилга ижобий ўзгаришлар кузатиляпти. Турнир жадвалининг ҳозирги ҳолатига назар ташласангиз, рақобатнинг қай даражада кучли эканлиги ойдинлашади. Жамоалар ўртасидаги очколар фарқи минимал кўринишда. Турнир жадвали жуда зич кўриниш ҳосил қилган. Бу иштирокчиларнинг савияси ошганлигидан, клубларнинг кучи тенглашаётганидан далолат. Ўйлашимча, жорий мавсум биринчи лига баҳсларида интрига сўнгги тургача сақланиб қолади. Кези келганда айтишим керак, худди шундай ҳолат олий лигада ҳам кузатиляпти. Бундай футбол эса мухлисларга жуда ёқади.

- Майдонларнинг ҳолати, жамоалардаги профессионаллик ҳақида нима дея оласиз?

- Ушбу масалада муаммолар бор. Буни ҳеч ким инкор эта олмайди. Майдонларнинг ҳолати, кийиниш ва ювиниш хоналарининг аҳволи билан мақтана олмаймиз. Ушбу гапим биринчи лиганинг барча жамоаларига тегишли эмас. Бошқа томондан олиб қарасак, авваллари бундай ҳолат олий лиганинг айрим клубларида ҳам кузатилган. Мана, аста-секин вазият ижобий томонга ўзгаряпти. Насиб қилса, биринчи лигада ҳам биз футболчилар ҳавас қиладиган шароитлар яратилади.

- Олий лига йўлланмасини қўлга киритиш йўлида «Андижон»га асосий рақобатни қайси клублар юзага келтиради?

- Менимча, «Цементчи» ва «Истиқлол». Қолган иштирокчилар ҳам етарлича муаммо туғдириши мумкин. Хусусан, «Сурхон», «NBU-Осиё», «Зомин» каби клублар ўз олдиларига катта вазифаларни қўйишган. Биринчи даврадан сўнг кўп нарсага ойдинлик киритилса керак. Ҳали асосий ўйинлар олдинда. Ҳозирдан бир нарса дейиш қийин. Бешинчи ёки олтинчи ўриндаги жамоа ҳам битта ғалаба эвазига турнир жадвали пешқадамига айланиб олиши мумкин. Юқорида айтганимдек, жамоалар орасидаги очколар фарқи катта эмас.

- «Андижон» футболчилари ўртасидаги рақобат ҳақида нима дейсиз?

- Жуда кучли. Чунки аксарият ўйинчилар олий лигада тажриба тўплашган.

- «Андижон»га ўтиш маошингизга салбий таъсир ўтказмадими?

- Унчалик эмас. Шартнома 1}2 кўринишида бўлгани сабабли йил якунида келишув ва ундаги молиявий масалалар кўриб чиқилади. Бунинг учун эса, аввал жамоа олдига қўйилган вазифа - шу йилнинг ўзида олий лига йўлланмасини қўлга киритишни уддалашимиз шарт.

- Авваллари биринчи лигада ҳам келишилган ўйинлар ҳақида кўп гапириларди. Ҳозир бу иллат кўзга ташланмаяптими?

- Йўқ. Биз келишилган ўйинларга мутлақо қаршимиз. Шахсан ўзим ҳам бу иллатдан узоқроқ юраман, чунки у чемпионат савиясига путур етказади. Стадионда мухлислар сони камаяди. Жорий йил олий ва биринчи лигада бундай ҳолатлар кўзга ташланмаяпти. Табиийки, мазкур ҳолат футболимизнинг ўсишига хизмат қилади.

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ХАБАРЛАР

Оммабоп мақолалар

Термамиз етакчилари қандай фикрда?

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

Жамоа Ў О
тўлиқ маълумот »

Кун фотоси

  • Сизнингча, Олий лига-2017 ни қайси жамоалар тарк этади?


© "Interfutbol.UZ". © 2006-2017. Мобил версия
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.