Қайднома

Қидирув

Европада мураббийлар чархпалак бўлиши учун оз фурсат қолди

Европада мураббийлар чархпалак бўлиши учун оз фурсат қолди

  10.05.2017 01:32
  0
  2788
Европада мураббийлар чархпалак бўлиши учун оз фурсат қолди

Келаётган ёз тан олинган мураббийлар учун ўзига хос «чархпалак» мавсумга айланса, ажабмас. Ҳар ҳолда, Европанинг кўплаб номдор жамоалари янги бошқарувчи қидиришга тушган, айримларида бош мураббийнинг ўзгариши аниқ бўлиб улгурди, ҳатто. Тўғри, бир йил олдингидек катта кўламда «айланиш» кузатилмас, аммо еврофутболнинг умумий қиёфаси сезиларли даражада ўзгарса керак, барибир.

«БАРСЕЛОНА»

Мураббий: Луис Энрике

Кетиш эҳтимоли: 99 фоиз

Даъвогарлар: Хуан Карлос Унсуэ, Хорхе Сампаоли, Роналд Куман

Луис Энрике март ойи бошидаёқ июнгача мўлжалланган шартномаси муддатини узайтирмаслигини маълум қилди. Лекин испан мутахассиси «ПСЖ»га қарши кечган 2та бир-бирига сира ўхшаман ўйинлар орасида шундай баёнот берганди. Балки у фикридан қайтиб қолар ҳали, тўғри, бунинг эҳтимоли йўқ, ҳисоби. Нима бўлишидан қатъий назар, Энрике ўз ворисига ажойиб жамоани мерос қолдиради. Тушунарлики, янги мураббий Каталонияда бошқатдан жамоа шакллантириши шарт эмас, шунчаки, мавжуд таркибга бироз сайқал бериб, айрим мурватларни оз-моз бураб қўйса, бас. «Барселона» раҳбарияти айни шу сабабга кўра, четдан «бегона» мутахассис чақиришни истамайди. Қолаверса, бундай тажриба самара ҳам келтирмаган - аргентиналик Херардо Мартино клубни бошқаришда омадсизликка йўлиққанди. Катта эҳтимолки, ёзда жамоа бошқарувини ҳозирги бош мураббий ассистенти - 49 ёшли Хуан Карлос Унсуэ ўз қўлига олади. «Барса» раҳбарлари бу борада оғиз ҳам очишди, аммо ҳали расмий хабар берилганича йўқ. Айтганча, Унсуэ «Сельта»да ҳам Луис Энрикенинг ёрдамчиси сифатида ишлаганди. Умуман, каталонияликлар бошқа номзодларга эътибор қаратиб қўйишлари ҳам ҳеч гап эмас. Мисол учун, ҳаттоки, Арсен Венгер тилга олинганди.

«АРСЕНАЛ»

Мураббий: Арсен Венгер

Кетиш эҳтимоли: 50 фоиз

Даъвогарлар: Томас Тухель, Массимилиано Аллегри, Эдди Хау

Франциялик мутахассис ўтган куз «Арсенал»да иш бошлаганининг 20 йиллигини нишонлади. Табиийки, у ўша вақт кўпчилик учун нотаниш эди. Энди эса Венгерни танимайдиган, билмайдиган футбол одами йўқ. Ахир унинг Лондон клубига чуқур илдиз отганига анча бўлди. Бошқача айтганда, Арсен ва «Арсенал» бир-бирига батамом қоришиб кетган. Аммо бу ҳаётда ҳеч нарса абадий эмас ва иккиси қачондир ажрашиши ҳам та-йин. Бир қарашда, ҳозир хайрлашиш вақти анча яқинлашгандек. Зеро, «канонирлар» Венгер эрасидаги энг ёмон мавсумни ўтказишяпти, фанатлар сабр косаси тобора тўлиб бормоқда. Қолаверса, «Профессор» мақомини олган французнинг амалдаги шартномаси ҳам айнан ёзда тугайди. Хўш, «Арсенал»да мутлақ ҳокимият ўрнатган мураббий охир-оқибат, кетса, унинг ўрнини ким босади? Номзодлар орасида Томас Тухель («Боруссия» Д.) ва Массимилиано Аллегри («Ювентус») фаворитдек, аммо ҳар иккиси Лондон клубида ишлаш вариантини қатъиян рад этяпти. Аммо биламизки, замонавий футболда бундай рад этишлар ҳеч нарсани англатмайди.

«ПСЖ»

Мураббий: Унаи Эмери

Кетиш эҳтимоли: 40 фоиз

Даъвогарлар: Арсен Венгер, Массимилиано Аллегри

Араб шайхлари аслида Эмери билан узоқ муддат ҳамкорлик қилишни режалаштиришган. Зеро, баск мутахассисининг «Севилья» бошқарувида евроаренада кўрсатган кароматлари кўпчилик қатори уларни ҳам сеҳрлаб қўйганди. Умуман, французларга Чемпионлар Лигасида баланд сакраш учун шундай инсон керак эди. Бироқ Эмерининг дебют мавсуми омадсиз ўтмоқда. Биринчидан, «ПСЖ» охирги 5 йил ичида илк марта евротурнирнинг чорак финалидан четда қолди. Иккинчидан, Франция лигасида ҳам кутилмаган муаммоларга йўлиқди. Шуларни ҳисобга олсак, парижликлар июнь ойига бориб, Эмерига жавоб беришлари ҳеч гап эмас. L~Equipe нашри маълумотларига таянсак, шундай тақдирда «ПСЖ» бошқаруви Массимилиано Аллегри ёки Диего Симеонега топширилиши мумкин. Шунингдек, «Тоттенхэм» бош мураббийи Маурисио Почеттинонинг собиқ клуби радарига тушгани ҳақида ҳам гап-сўзлар урчиди. Аммо аргентиналик мутахассис Лондондан кетмаса керак-ов... Венгер эса Англия пойтахтидан кетиши мумкин. Француз мутахассиси «Арсенал» билан хайрлашган тақдирда ҳам, фаолиятини давом эттиришни исташи тайин. «ПСЖ» эса унинг учун зўр вариант!

«ЮВЕНТУС»

Мураббий: Массимилиано Аллегри

Кетиш эҳтимоли: 30 фоиз

Даъвогарлар: Лучано Спаллетти, Паулу Соуза

Аллегри ҳар бир матбуот анжуманида ўз келажаги хусусидаги саволларга жавоб бераверишдан зерикди. Итальян мутахассиси ўрнида бошқа киши бўлганида, аллақачон «портлаб», қандайдир киноя ўйинини бошлаб юборарди. «Юве»нинг босиқ устози ҳар сафар бу каби сўроқларга хотиржам ва мулойимгина изоҳ беряпти: «Ҳозирча билмайман, келажагим хусусида ҳеч қандай аниқ гап йўқ». Четдагилар эса ўқишни ҳам билишади, эшитишни ҳам ва сира тинмаётган миш-мишлардан тўлиқ хабардорлар. Хуллас, ОАВ Аллегрини Лондон қолиб, гоҳ Барселонага, Париж қолиб, яна қаерларгадир «жўнатяпти». Хусусан, италиялик журналистлар бу масалада ҳаддан ошиб кетишди. Ҳарқалай, улар яқинда «Ювентус»ни Лучано Спаллетти ихтиёрига «топшириб» қўйишди. Гўёки, мураббий туринликлар билан оғзаки келишувга эришган эмиш. Аммо буни инкор этувчи хабарлар ҳам бор. Бошқа номзодларга тўхталсак, «Фиорентина» устози Паулу Соуза варианти қизиқарли кўринмоқда. Яна Диего Симеоне бор ва бу оддий ҳол бўлиб қолди. Ахир Европада аргентиналикни ишга «чорламаган» гранд клуб қолмади, чоғи.

«РОМА»

Бош мураббий: Лучано Спаллетти

Кетиш эҳтимоли: 30 фоиз

Даъвогар: Унаи Эмери

Спаллетти «Рома»нинг «Сассуоло»га қарши кечган ғалабали ўйинидан сўнг журналистлар билан суҳбатлашиш чоғи ғазабини тўкиб-сочди: «Ҳамма бизнинг ҳолатимизни четдан туриб, муҳокама қилмоқда. Аслида ҳеч ким аниқ маълумотга эга эмас. Матбуотда берилаётган хабарлар ғирт ёлғон. Истайсизми, барчангизга ҳар куни ишларимиз қандай кетаётгани хусусида SMS-хабар ёзиб тураман... Жиддий гапирсам, бу ерда футболни муҳокама қилсак, майли, акс ҳолда, матбуот анжуманига кирмай қўявераман!» Хуллас, у шу тариқа ўзи ва «Ювентус»га боғлиқ гап-сўзлар мавзусидан чарчаганини билдирди. Бироқ бу каби хабарлар шунчалик кўпки, уларга эътибор қаратмасликнинг иложи йўқ. Боз устига, Римда мураббийнинг ишидан лол қолишаётгани йўқ. Италия ОАВ Спаллеттига ўринбосар қидиришни аллақачон бошлаб юборгани ҳам айни ҳақиқат - Унаи Эмери, Роберто Манчини, Маурицио Сарри («Наполи»).... Лекин ёзда қизиқарли «рокировка» кузатилиши ҳам мумкин: Венгер «ПСЖ»га, Аллегри «Арсенал»га, Спаллетти «Ювентус»га ва Эмери «Рома»га...

«БОРУССИЯ» Д.

Мураббий: Томас Тухель

Кетиш эҳтимоли: 30 фоиз

Даъвогарлар: Юлиан Нагель-сманн, Ральф Хазенхюттль

Англиядаги айрим букмекерлик идоралари Тухелни «Арсенал» бош мураббийи ваколатига асосий даъвогар сифатида кўрсатмоқда. Шунинг ўзи Дортмунд «Боруссия»сини ҳам ёзда янги мураббийга мурожаат этадиган клублар қаторига қўшишни тақозо этади. Германияда Томас Тухелни тез-тез Юрген Клопп билан таққослашмоқда. Зеро, уларнинг фаолият йўлларида ўхшаш томонлари кўп ва асосийси, ҳар иккиси ҳужумкор футбол услубига мо-йил. Шуни назарда тутсак, Дортмунд клубининг ёш устози «Арсенал»га жуда мос тушади. Шундай ҳолатда «Боруссия» кимга юзланади? Германия матбуотида Хорхе Сампаолидан ташқари, «Хоффенхайм» бош мураббийи Юлиан Нагельсманн ва «Лейпциг»га қанот бағишлаган Ральф Хазенхюттль номзодлари алоҳида тилга олинмоқда. Бунинг ғайритабиий томони йўқ. Зеро, улар бу йил бундеслигага ўзгача файз олиб киришди.

«СЕВИЛЬЯ»

Мураббий: Хорхе Сампаоли

Кетиш эҳтимоли: 20 фоиз

Даъвогар: Унаи Эмери

Чилилик эҳтиросли мураббийнинг еврофутболга қадам қўйганига ҳали бир йил бўлгани йўқ. Шунга қарамай, қитъанинг етакчи клублари уни «бурда-бурда» қилиб олишга ҳам тайёрлар. Сампаолининг ўзи ҳозирча амалдаги иши, яъни «Севилья»га эътибор қаратганча бошқа таклифлар ҳақида бош қотирмаётганини таъкидламоқда. Жанубий Америка мураббийлик мактаби вакили яқинда ҳаттоки, биров ишониши мушкул бўлган гапни айтишдан ҳам тийилмади: «Сўнгги нафасимгача «Севилья»га боғланганман». Сеньор Сампаоли узоқ келажакка режа тузмай, баландпарвоз ваъдалар бермай тургани маъқулмиди? Ахир у шу ёздаёқ қайсидир гранднинг ажойиб таклифидан юз ўгиролмаслиги мумкин. Қолаверса, аргентиналиклар уни ўз миллий жамоаларига чорламоқдалар. Тўғри, «Севилья» ҳозирча муносиб ўринбосар қидираётгани йўқ, бироқ жамоага жуда яқин мураббийлардан бири, яъни Унаи Эмери ёзда бўш қолиши ҳеч гап эмас. Муқобил вариант ҳам бор - «Лас-Пальмас» устози - Кике Сетьен. У июнда ҳозирги жамоасидан кетишини маълум қилиб улгурди.

«ИНТЕР»

Мураббий: Стефано Пиоли

Кетиш эҳтимоли: 20 фоиз

Даъвогарлар: Антонио Конте, Диего Симеоне

Пиолига шунчаки, омад кулиб боқди. Агар Франк де Бур «Интер»да бир неча ойлик ишидан сўнг тилига эрк бермаганида, италиялик мутахассис ҳозир ҳам таътил вақтини давом эттирармиди? Хуллас, тақдир инояти билан Милан клубини қутқаришга киришган Пиоли бу ишни маълум даражада уддалади. Ҳарқалай, «Интер» қишда 9та ўйиндан иборат ғалабали серия қайд этди. Бироқ жамоанинг янги хўжайини - Suning корпорацияси вакиллари Миланга нисбатан номдор ва тажрибали «фигура»ни чақирмоқчилар. Хитойликлар ҳаттоки, Антонио Конте ёки Диего Симеоне даражасидаги топ-мураббийни кўндириш учун чўнтакни чуқурроқ кавлашга ҳам тайёр туришибди. Меҳрибон хитойликлар шунинг баробарида Пиолига бошқа юмуш таклиф этишни унутмаяптилар: Football Italia хабарига кўра, мураббий рози бўлса, Suning ихтиёридаги «Жиангсу Сунин» клубида Рамирес ва Алекс Тейшейра каби футболчиларга устозлик қилиши мумкин.

«МИЛАН»

Мураббий: Винченцо Монтелла

Кетиш эҳтимоли: 15 фоиз

Даъвогар: Кристиан Брокки

Яна бир Милан-хитойча дилемма. Фарқи шуки, «россонерлар» соҳибига айланган осиёликлар ҳозирча амалдаги мураббий тарафида турибдилар. Маълумки, Сильвио Берлускони охир-оқибат, «Милан»нинг 99 фоиз акциясини Хитой  компанияси - SESга сотди. Тўғри, бу борадаги келишувни расмийлаштириш 2 марта ортга сурилганди ва ниҳоят, барчаси ҳал этилди. Италия ОАВда таъкидланишича, янги соҳиблар Винченцо Монтеллани истеъфога чиқариш фикридан йироқлар. Аммо «Милан»нинг жорий мавсум барқарор ўйнамаётганини инобатга олсак, «қизил-қоралар» устози ёзда ўз ишидан айрилиши ҳеч гап эмас, барибир. Эҳтимолий ўринбосарлар? Августдан буён ҳордиқ чиқараётган Роберто Манчини, «Милан» ёшларининг собиқ мураббийи Кристиан Брокки... Айтганча, Броккининг  «Брешиа»дан кетганига ҳали кўп бўлгани йўқ.

«АТЛЕТИКО»

Мураббий: Диего Симеоне

Кетиш эҳтимоли: 15 фоиз

Даъвогар: -

Симеоне ва «Атлетико» ўртасидаги шартнома муддати 2018 йили тугайди ва аргентиналик мутахассис жорий мавсум давомида бир неча марта қатъий баёнот берди: «Келишув охирига қадар Мадридда қоламан». Катта эҳтимолки, у ўз сўзи устидан чиқади. Аммо факт шуки, охирги йилларда Европанинг энг сара жамоалари Симеонени ўз томонларига оғдириш ҳаракатини тўхтатишмаяпти. Фақат шуниси борки, мураббий ҳар қандай таклифларни рад этяпти. Келаси ёзда ҳам умумий манзара шундайлигича қолса керак: «матрасчилар» остонасига энг мартабали «совчи»лар қадам босишади ва ортга маҳзун ҳолда қайтишади. Аммо шунинг баробарида Симеоненинг жамоа билан хайрлашиш эҳтимоли ҳеч қачон йўқолмайди. Ахир ёш ва тадбиркор мураббийга даъвогар клублар ҳаддан ортиқ кўп. Мухбирларнинг Жанубий америкалик мутахассис ўрнига номзодлар хусусида сукут сақлаётганлари эса мутлақо бошқа масала. Чунончи, «Атлетико» ҳозирча қидириш ишларини бошлаган эмас. Демак, мадридликлар Диегонинг яна бир мавсум қолишига аминлар.

Ҳозирда ишсиз юрган машҳур мураббийлар

Мураббий                                         Охирги клуби          Ишдан кетган вақти    

Томас Шааф (55 ёш)                     «Ганновер»              2016 йил 3 апрель        

Луи ван Гал (65 ёш)                       «МЮ»                         2016 йил 23 май

Лоран Блан (51 ёш)                       «ПСЖ»                      2016 йил 22 июнь         

Гус Хиддинк (70 ёш)                      «Челси»                    2016 йил 30 июнь         

Роберто Манчини (52 ёш)           «Интер»                    2016 йил 8 август          

Марселино (51 ёш)                        «Вильярреал»         2016 йил 10 август       

Франческо Гвидолин (61 ёш)      «Суонси»                  2016 йил 3 октябрь      

Роберто ди Маттео (46 ёш)        «Астон Вилла»        2016 йил 3 октябрь

Франк де Бур (46 ёш)                    «Интер»                    2016 йил 1 ноябрь        

Леонид Слуцкий (45 ёш)              ЦСКА                          2016 йил 8 декабрь      

Алан Пардью (55 ёш)                    «Кристал Пэлас»    2016 йил 22 декабрь

Хуанде Рамос (62 ёш)                  «Малага»                  2016 йил 27 декабрь    

Чезаре Пранделли (59 ёш)         «Валенсия»             2016 йил 30 декабрь

Клаудио Раньери (65 ёш)            «Лестер»                  2017 йил 23 февраль  

Рожер Шмидт (50 ёш)                   «Байер»                    2017 йил 5 март            

Паулу Бенту (47 ёш)                     «Олимпиакос»         2017 йил 6 март            

Стив Макларен (55 ёш)                «Дерби Каунти»      2017 йил 12 март          

Айтор Каранка (43 ёш)                 «Мидлсбро»             2017 йил 16 март          

Дик Адвокаат (69 ёш)                    «Фенербахче»         2017 йил ёз*   

Луис Энрике (46 ёш)                     «Барселона»           2017 йил ёз*

Изоҳ: * - Жорий мавсум якунлангач, ишдан кетишади.


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz