Қайднома

Қидирув

«Қалдирғочлар» «парвоз»ининг муҳзун якуни (тўлиқ шарҳ)

«Қалдирғочлар» «парвоз»ининг муҳзун якуни (тўлиқ шарҳ)

  11.05.2017 09:22
  0
  966
«Қалдирғочлар» «парвоз»ининг муҳзун якуни (тўлиқ шарҳ)

Очл-2017. «С» гуруҳи. 6-тур

«Бунёдкор» ОЧЛ-2017 гуруҳ босқичидаги сўнгги тур ўйинини ўтказиш учун БААга йўл олар экан, «Ал-Айн»га қарши кечадиган баҳсда «қалдирғочлар»дан фақат чиройли ўйин кутганимиз бор гап. «Плей-офф» йўлланмаси аллақачон бой берилгани туфайли мотивация ҳам йўқолганди. Жиддий ўзгаришларни бошдан кечирган жамоадан фақат Ватан шаъни, мухлислар ҳурмати ва ўз обрўси учун муносиб ўйнаш талаб этиларди. Аммо барибир, охирги учрашувда ҳам йирик мағлубият қабул қилиб олинди.

Матбуот анжумани (ўйиндан олдин)

«Ал-Айн»-«Бунёдкор» учрашувидан олдин ташкил этилган матбуот анжуманининг биринчи қисмида «қалдирғочлар» мураббийи Виктор Карпенко ҳамда ярим ҳимоячи Отабек Шукуров иштирок этишди.

Виктор Карпенко («Бунёдкор» мураббийи):

- Аввало, бизни илиқ кутиб олишгани учун мезбонларга жамоамиз номидан миннатдорчилик билдириб ўтмоқчиман. «Ал-Айн» Осиёнинг бугунги кундаги энг кучли жамоаларидан бири ҳисобланади. Кейинги босқич масаласини муддатидан олдин ҳал этишгани фикримни исботлаши мумкин. Рақибни ҳурмат қилган ҳолда уларга муносиб қаршилик кўрсатишга интиламиз ва майдонга ғалаба илинжида тушамиз. «Бунёдкор» ҳозирда бор эътиборини ички мусобақаларга қаратган. Ўз навбатида, 2017 йилги Осиё Чемпионлар Лигасини муносиб тарзда якунламоқчимиз. Биринчи навбатда, клубимиз обрўси учун курашамиз. Барқарор ўйин кўрсатиб, ҳамжиҳатликда ҳаракат қилсак, мақсадимизга эришамиз. «Ал-Айн»нинг кучли ва кучсиз жиҳатларини ўрганиб чиқдик. Табиийки, рақиб ҳам бизни кузатган. Ўйлашимча, мазкур баҳсда имкониятлардан оқилона фойдаланган жамоа ғалаба қозонади.

Отабек Шукуров («Бунёдкор» ярим ҳимоячиси):

- «Ал-Айн» жуда кучли рақиб. Шунга қарамай, ғалаба қозониш учун майдонга тушамиз. Таркибимизда ёш футболчилар кўп. Лекин ҳар қандай тажрибали рақиблардан чўчимаган ҳолда курашишга тайёрмиз. Мазкур баҳс натижаси жамоалар учун аҳамиятсиз бўлса-да, у барибир, халқаро учрашув. Бизга мухлисларимиз ишонч билдиришмоқда. Шу боис, Ватанимиз шаъни, клубимиз обрўси учун тўп сурамиз.

Матбуот анжуманининг иккинчи қисмида мезбонлар иштирок этишди. Бош мураббий Зоран Мамичга ҳимоячи Саид Жума ҳамроҳлик қилди.

Зоран Мамич («Ал-Айн» бош мураббийи):

- Бизни олдинда қизиқарли учрашув кутиб турибди. Мақсадимиз гуруҳ босқичини биринчи ўринда якунлаш. Шу боис мазкур баҳсда уч очко учун курашамиз. «Бунёдкор» - хавфли рақиб. Бу клубдан ҳар нарса кутса бўлади. Оддий мисол, ўтган турда «Ал-Аҳли» жазоланди. Биз хотиржамликка берилмоқчи эмасмиз. Мен ёшларга ишонишда давом этаман. Улар жамоанинг эртаси. «Бунёдкор»га қарши кечадиган ўйинда баъзи янги футболчилар майдонга тушиши мумкин. Барчаси сўнгги машғулотдан кейин аниқланади. Ички биринчилик билан ОЧЛни таққослаб бўлмайди. Иккиси ҳам турлича мусобақа. БАА чемпионатида омадимиз чопмаяпти. Лекин Чемпионлар Лигасида энг яхши ўйинларимизни кўрсатяпмиз. Ўйлайманки, мазкур мусобақалардаги ҳаракатларимизни юқори савияга олиб чиқамиз.

Саид Жума («Ал-Айн» ҳимоячиси):

- «Бунёдкор» яхши жамоа. Рақибларимиз Тошкентдаги баҳсда бизга ташвиш туғдиришганди. Қолаверса, аввалги турда гуруҳ фаворитларидан бирини енгишди. Биз ўз мухлисларимиз кўз ўнгида ўйнаймиз ва уларга ғалаба тақдим этмоқчимиз.

Мазкур баҳсни Виктор Карпенко бошчилигида ўтказган «Бунёдкор» дастлабки дақиқаларда рақибга муносиб қаршилик кўрсатишга уринди. Аммо «Ал-Айн»нинг ўз майдонида қанчалик кучли ўйнаши аввалдан маълум эди. Мазкур омил шу куни яна бир бор ўз исботини топди.

Учрашувнинг 34-дақиқасига келиб мезбонлар ҳисобни очишди. Носир ал Шамрони «Бунёдкор» жарима майдончасида эркин ҳаракат қилиб, ҳимоячини алдади ва дарвоза томон кучли зарба йўллади. Ушбу ҳолатда Мурод Зуҳуров жамоасини голдан асраб қололмади - 1:0. Муваффақиятдан руҳланган «Ал-Айн» футболчилари яна олдинга ташланиб, хавфли ҳужумлар уюштиришди. Аммо муҳим паллада уларга аниқлик етишмади. Шу тариқа танаффусгача ҳисоб ўзгармади.

Иккинчи бўлимда «қалдирғочлар»нинг ҳам бир нечта ҳужум ташкил этишганига гувоҳ бўлдик, аммо якуний вазиятларда йўл қўйилган хатолар панд берди. Майдон эгалари эса ўзлари яратган навбатдаги имкониятдан унумли фойдаланишди. «Бунёдкор» жарима дарвозаси яқинида белгиланган жарима зарбаси Умар Абдулраҳмон томонидан қойилмақом тарзда ижро этилди - 2:0. Учрашувга якуний нуқтани биринчи гол муаллифининг ўрнига тушган Иброҳим Диаки қўйди. 3:0 ва «қалдирғочлар»нинг жорий мавсумдаги сўнгги парвози ҳам муваффақиятсиз хотима топди.

Таъкидлаш жоизки, «Бунёдкор»нинг БААда имкониятни бой бериши Ўзбекистон футбол клубларининг ОЧЛдаги 100-мағлубияти бўлди. Ал-Айндагисини ҳам қўшиб ҳисоблаганда 32-марта ўйинни очкосиз тугатган «қалдирғочлар» шу тариқа Осиё клублари орасида антирекорд қайд этишди. Эътиборлиси, Тошкентнинг яна бир жамоаси «Пахтакор» ҳам 32та баҳсда имкониятни бой берган. Фақат «Бунёдкор» бу натижани ОЧЛнинг 81та учрашувида қайд этган бўлса, «Пахтакор»нинг кўрсаткичи 87та баҳсга тўғри келади. Бу ҳақда таниқли мутахассис Алишер Никимбаев ўзининг «Твиттер»даги саҳифасида маълумот берган. «Бунёдкор»нинг ОЧЛдаги 32 мағлубиятининг учдан бир қисми Сергей Лушан фаолият юритган пайтга тўғри келган. Афсуски, Чемпионлар Лигасида 2008 йилдан буён иштирок этаётган «Бун-ёдкор» сўнгги уч йилда энг шармандали натижаларини қайд этди.

Шу ўринда таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон клублари ОЧЛда жами 241та учрашув ўтказиб, 86 марта зафар қучишган, қолган 55та баҳс дуранг билан якунланган. Мағлубиятлар сони 100тани ташкил этади. Тўплар нисбати: 295-331.

«АЛ-АЙН»-«БУНЁДКОР»-3:0 (1:0)

8 май. Ал-Айн. Hazza Bin Zayed стадиони. 6244 томошабин.

Ҳакамлар: Хамис ал Марри, Саид ал Наими, Жобир Дармон (барчаси Қатар).

Голлар: Носир ал Шамрони (34), Умар Адулраҳмон (76), Иброҳим Диаки (90}1).

Ал-Айн: Холид Эйса, Кайо, Умар Абдулраҳмон, Холид Абдулраҳмон, Моҳнад Салим, Носир ал Шамрони (Иброҳим Диаки, 79), Ли Мюнг Жу, Муҳаммад Халфан (Аҳмад Юсуф, 70), Салим Жума, Жума ал Саади, Данило Асприлья (Муҳаммад ал Аҳбоби, 46).

Бунёдкор: Мурод Зуҳуров, Даврон Умиров, Рустам Ашурматов, Жавлон Мирабдуллаев, Акром Комилов, Нурилло Тўхтасинов (Сардор Азимов, 90+3), Отабек Шукуров, Достон Ҳамдамов, Миржамол Қосимов (Алишер Саноев, 63), Элдор Шомуродов, Вадим Чемиртан (Шаҳзод Нурматов, 77).

Огоҳлантиришлар: Муҳаммад Халфан (65) - Миржамол Қосимов (29), Рустам Ашурматов (55), Даврон Умиров (61).

Энг яхши футболчи: Умар Адулраҳмон (Ал-Айн).

-----------------------------------------------------------

«АЛ-АҲЛИ»-«ЗОБ-ОҲАН»-2:0 (0:0)

8 май. Доха. Thani Bin Jassim стадиони. 260 томошабин.

Ҳакам: Рюжи Сато (Япония).

Голлар: Абдулфаттоҳ Асири (63), Амир Фаҳад (84).

Ал-Аҳли: Ёсир ал Мусалем, Волид Бакшин, Салмон Мувашар, Таисер ал Жассам, Иоаннис Фетфатзидис (Амир Фаҳад, 82), Муҳаммад Абдулшафи, Муҳаннад абу Радия (Ҳусайн ал Моқаҳви, 38), Оқил ал Саҳоби, Фаваз ал Муваллад, Абдулфаттоҳ Асири (Мансур ал Ҳарби, 90), Саад Абуламир.

Зоб-Оҳан: Муҳаммадрашид Мазаҳири, Муҳаммаднажод Меҳди, Воҳид Муҳаммадзода, Маҳди Маҳдипур, Саид Муҳаммадризо, Эҳсон Паҳлавон (Робиҳ Атая, 74), Муртазо Табризи, Даниал Исмоилифар (Қосим Ҳададифар, 88), Меҳрон Деракшанмеҳр, Жерри Бенгтсон (Ёсир Файзи, 88), Маҳди Ражабзода.

Огоҳлантиришлар: Оқил ал Саҳоби (90+1) - Маҳди Ражабзода (43).

Энг яхши футболчи: Абдулфаттоҳ Асири (Ал-Аҳли).

1  АЛ-АЙН       6  3  3  0  14-7 12

2  АЛ-АҲЛИ     6  3  2  1  10-7 11

3  ЗОБ-ОҲАН   6  2  1  3  6-9   7

4  БУНЁДКОР  6  1  0  5  5-12 3

Матбуот анжумани (ўйиндан кейин)

«Ал-Айн»-«Бунёдкор» учрашувидан сўнг «қалдирғочлар» мураббийи Виктор Карпенко таассуротлари билан ўртоқлашди.

- Аввало, «Ал-Айн»ни ғалаба ва гуруҳдаги 1-ўрин билан табриклайман. Ўйинни яхши бошладик, вазиятлар яратдик. Аммо афсуски, улардан унумли фойдалана билмадик. Майдон эгалари эса, аксинча, ўз имкониятларини голга айлантиришди. Йигитлар майдонда астойдил курашишди. Бунинг учун уларга раҳмат. Энди олий лигада очколар йиғишни бошлашимиз керак. Футболда тасодифлар бўлмайди. Ҳар қандай ғалаба ортида меҳнат ётади, демак, янада яхшироқ ишлашга интиламиз. «Бунёдкор»нинг аввалги мавқеига қайтиши ва ОЧЛ-2018 йўлланмасини қўлга киритишига ишонаман.


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz