Майнинг дастлабки ўн кунлиги якунига етиб бораётган бир паллада Чемпионлар Лигаси билан хайрлашишга улгурдик. «Бунёдкор»нинг ортидан «Локомотив» ҳам мусобақадан чиқиб кетди. Шармандаларча чиқиб кетди, десак, ҳеч ким норози бўлмаса керак. «Темирйўлчилар» гуруҳдаги сўнгги учрашувни «Ал-Аҳли»га қарши сафарда ўтказиб, аламли мағлубиятга учрашди. Шунда ҳам йирик ҳисобда...
«А» гуруҳи. 6-тур. Матбуот анжумани (ўйиндан олдин)
«Ал-Аҳли»-«Локомотив» учрашуви олдидан ташкил этилган матбуот анжуманида дастлаб «Локомотив» бош мураббийи Андрей Микляев ва ҳимоячи Муҳаммад Коне ОАВ вакиллари саволларига жавоб қайтаришди.
Андрей Микляев («Локомотив» бош мураббийи):
- Иккала жамоани ҳам қизиқарли ва муҳим баҳс кутмоқда. Чунки мазкур ўйинда бизнинг гуруҳдан чиқишимиз ҳал бўлади. Бунинг учун эса фақат ғалаба қозонишимиз шарт. Рақибимиз «Ал-Аҳли»ни дуранг ҳам қониқтиради. Ўйлайманки, беллашувда чиройли ўйин кўрсатган ҳолда ғалаба қозониб, гуруҳдан чиқамиз. Жамоамиз олдига бу йил ОЧЛда қўйилган вазифа - аввало, «плей-офф» йўлланмасини қўлга киритиш. Ўтган йили чорак финалга қадар етиб боргандик, ўйлайманки, гуруҳдан чиқсак, бу йил ҳам шу натижани такрорлай оламиз. Чемпионлар Лигасида ҳар бир ўйин босим остида ўтади ва эртанги учрашув ҳам бундан мустасно эмас. Сафимизда 20 нафар яхши футболчи бор ва улар бир-бирларининг ўринларини тўлдира олишади.
Муҳаммад Коне («Локомотив» ҳимоячиси):
- Бош мураббий айтиб ўтганидек, фақат ғалабани кўзлаб ҳаракат қиламиз. Бизга ушбу баҳсдаги ютуқ жуда зарур. Мазкур ҳолатда ҳавонинг жуда иссиқлиги ҳам таъсир ўтказмаслиги керак. «Ал-Аҳли» кучли жамоа, лекин уларни Тошкентда мағлуб этганмиз. Шу натижани яна такрорлашга ҳаракат қиламиз.
Шундан сўнг матбуот анжуманида «Ал-Аҳли» бош мураббийи Коcмин Олариу ва дарвозабон Мажид Носир иштирок этишди.
Коcмин Олариу («Ал-Аҳли» бош мураббийи):
- Муҳим паллада турибмиз. Ушбу ўйиннинг қандай ўтишини билмадим-у, лекин биз гуруҳдан чиқишга ҳақлимиз. Буни аввалги учрашувларда исботладик. Мен футболчиларимга ишонаман, улар кейинги босқич масаласини ҳал эта олишади. Ўйлашимча, бизда гол уриш учун имконият бўлади ва бундан фойдаланамиз. Тошкентдаги баҳсда яхши ҳаракат қила олмагандик, у ерда ўйин 1:0 ҳисобидан бошлангандек эди. Қолаверса, Асамоа Гьян жароҳат олиб, майдонни тарк этганди. Энди бундай ҳолат такрорланмайди, деган умиддаман.
Мажид Носир («Ал-Аҳли» дарвозабони):
- Ўз мухлисларимиз қаршисида ютқазишни хоҳламаймиз. Мақсадимиз - ижобий натижа қайд этиб, кейинги босқичга чиқиш.
ЎЙИН ОЛДИДАН
«Локомотив»га гуруҳдаги сўнгги ўйинда фақат ғалаба керак эди. Учрашув сафарда, боз устига, Асамоа Гьяни бор «Ал-Аҳли»дек клубга қарши ўтиши боис имкониятларни кўп деб бўлмасди. Гарчи «темирйўлчилар»нинг рақиби бу йил ички биринчиликда муваффақиятли иштирок эта олмаган ва анча тушкун кайфиятда бўлса-да, стадионга йиғилган камсонли мухлислар учун ҳам ғалаба илинжида тўп суриши аниқ эди. Шунга қарамай, «Локомотив» мухлислари қалбида кичик умид учқунлагани рост. Аммо ҳақиқатга қарши бориб бўлмас экан, «Локомотив» мағлубиятга учради.
Андрей Микляев ва Мирко Йеличич тандеми бу ўйинга таркиб танлашда бироз бош қотирди. Дарвозада Маъмур Икромов турди, ҳимояда эса Зотеев-Тўхтахўжаев-Коне-Муҳаммадиев тўртлиги ўйнади. Таянч ярим ҳимоясига Кахи Махарадзе ва Икром Алибоев жойлаштирилди. Улардан сал олдинроқда Сардор Мирзаев тўп сурди. Ҳужум ортида Мурод Бобожонов ва Жалолиддин Машарипов майдонга тушган бўлса, ягона форвард вазифаси одатдагидек Марат Бикмаевга ишониб топширилди.
Афтидан, «Локомотив» ҳар доимгидек прагматик ўйин намойиш этиб, рақиб хатоларидан унумли фойдаланишни мақсад қилган кўринади. Аммо майдонда ҳаммаси ўзгариб кетди.
ЎЙИН
Учрашувни ҳар икки жамоа ҳам эҳтиёткорлик билан бошлади. Тан олиш лозим, «Локомотив» биринчи голни ўтказиб юборгунга қадар ёмон ўйнамади. Ҳимояда хатога йўл қўймади ва имкон туғилгани ҳамоно ҳужумга ўтиб турди. Бироқ ҳаммаси дастлабки тўп киритилганидан кейин ўзгариб кетди.
Мезбонлар стандарт вазиятдан унумли фойдаланишди. Олег Зотеев ўз қанотида рақибига нисбатан қўполлик ишлатгач, «темирйўлчилар» дарвозаси томон жарима зарбаси белгиланди. Дарвозабон Маъмур Икромов эса юқоридан ошириб берилган тўпга чиқишда ўта қўпол хатога йўл қўйди. Натижада ҳимоячи Салмон Хамис осонгина гол урди. Бундай вақтда бош билан тўпни дарвозага йўлламаслик ҳаваскор футболчи учун ҳам уят бўларди.
Ўтказиб юборилган голдан сўнг тўпга эгалик қилиш бироз «Локомотив» томонига ўтди, бир нечта ҳужумлар ташкил этила бошланди. Аммо ҳисоб ҳадеганда тенглашавермади. Бу орада биринчи бўлим ҳам якунига етди.
ИККИНЧИ БЎЛИМ
Учрашувнинг иккинчи қисми бироз умидбахш бошланди, Жалолиддин Машарипов илк дақиқадан ҳужум қилиб, дарвоза томон зарба йўллади. Гарчи зарба анча кучсиз чиққан ва дарвозабонга ортиқча муаммо туғдирмаган бўлса-да, бу ҳали бошланиши, деб ўйлаб қўйганлар ҳам топилгандир?! Аммо «Локомотив»нинг ҳужумлари қандай бошланса, шундай якунланаверди. 90 дақиқа давомида бирорта голга тортадиган тайинли вазият кўрмадик.
«Ал-Аҳли» эса аксинча, ўзини қийнамай, қарши ҳужумларга таянди. Голларини ҳам шундай ҳужумлар вақтида урди. Аслида рақиб ҳамма имкониятлардан фойдаланганда ҳисоб янада йирик кўриниш олиши мумкин эди. Ҳайтовур, «Ал-Аҳли» ҳужумларига ҳам баъзан аниқлик етишмади. Акс ҳолда, нималар бўлиб кетишини ўйлашга ҳам қўрқади, киши...
Шу тариқа ўзбек клублари учун Осиё Чемпионлар Лигаси якунига етди. Афтидан, «Локомотив» яна гуруҳдан чиқишни истаса, ҳали кўп ўзгаришлар қилишига тўғри келади, шекилли...
АЛ-АҲЛИ-ЛОКОМОТИВ-4:0 (1:0)
9 май. Дубай. Al-Rashid стадиони. 1416 томошабин.
Ҳакам: Али Абдулнаби (Баҳрайн).
Голлар: Салмон Хамис, Маъмур Икромов (58-авт.), Асамоа Гьян (72), Эвертон Рибейро (77).
Ал-Аҳли: Мажид Носир, Волид Аббос, Абдулазиз Ҳусайни (Муҳаммад Сабиль, 82), Салмон Хамич, Абдулазиз Санқур, Эвертон Рибейро, Исмоил ал Ҳаммади, Ҳабиб Фардан (Волид Амбар, 81), Исмоил Хамис, Асамо Гьян (Волид Ҳусайн, 79), Саид Аҳмад.
Локомотив: Маъмур Икромов, Ислом Тўхтахўжаев, Шуҳрат Муҳаммадиев, Муҳаммад Коне (Темур Кападзе, 79), Марат Бикмаев (Диёр Туропов, 79), Сардор Мирзаев, Кахи Махарадзе, Олег Зотеев, Жалолиддин Машарипов (Қувондиқ Рўзиев, 67), Икром Алибоев, Мурод Бобожонов.
Огоҳлантиришлар: Олег Зотеев (17), Ислом Тўхтахўжаев (58, Л.).
Энг яхши ўйинчи: Эвертон Рибейро (Ал-Аҳли).
----------------------------------------------------------------------------------------------
АЛ-ТАВОН-ИСТИҚЛОЛ Т-1:2 (1:1)
9 май. Доха. Al Ahli SC стадиони. 375 томошабин.
Ҳакам: Кришанта Дилан Перейра (Шри-Ланка).
Голлар: Муҳаммад ал Сайяри (36) - Жобир Ансори (19), Кавеҳ Ризоий (76).
Энг яхши ўйинчи: Кавеҳ Ризоий (Истиқлол).
1 АЛ-АҲЛИ 6 3 2 1 10-5 11
2 ИСТИҚЛОЛ 6 3 2 1 10-5 11
3 АЛ-ТАВОН 6 1 2 3 7-12 5
4 ЛОКОМОТИВ 6 1 2 3 7-12 5
Манба: www.interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20