Қайднома

Қидирув

Олий лигада фаворит борми?

Олий лигада фаворит борми?

  11.05.2017 21:43
  0
  2011
Олий лигада фаворит борми?

Мақолани ўқишдан аввал алоҳида эътиборга олинг, ёзганларимизнинг 9-тур баҳсларига алоқаси йўқ. Яъни қуйида олий лига биринчи даврасининг ярмидан кейинги ҳолат бўйича мулоҳаза юритамиз. Хусусан, кутилмаган пешқадамларнинг дадил юришига нисбатан ўз қарашларимизни баён этишга уриниб кўрамиз.

Футболдаги фаворит тушунчаси. Турнир жадвалида ҳаммамиз кўришга ўрганиб қолган манзара, яъни етакчи саналган клубларнинг доимо пеш-қадамлар гуруҳида бориши ниҳоят, хотима топдими? Шундай бўлганидан умидвормиз, албатта. Зеро, олий лигамизда янги кучларнинг бош кўтариши биринчи навбатда, рақобатни кучайтиради, қолаверса, ўйинларга қизиқиш даражасини оширади. Шу маънода айтсак, «Динамо»нинг мавсум стартидаги важоҳатини кўриб, уни салкам «Лестер»га айлантириб қўйганлар омон бўлсинлар! Мухлисларни алдаш имконсиздир ва бунинг оқибати ҳам яхши эмас. Хуллас, таркибида на юлдуз ижрочилари ва ғазнасида на миллиардлари бор клуб (хоҳ «Динамо», хоҳ «Навбаҳор»)нинг чемпионат стартиданоқ ҳаммани ўйлаш ва қувонишга мажбур қилаётгани футболимиз учун фақат ютуқдир. Умуман олганда, замонавий футболда фаворит тушунчаси ўз моҳиятини йўқотиб бораётгани яққол сезиляпти. Мисол учун, «Кристалл Пэлас»нинг қандайдир        1 ой ичида «Челси», «Арсенал» ва «Ливерпул»дек грандларни енгишга хижолат чекмагани тасодиф ҳисобланмас, ҳарқалай. Ёки «Терек» ва «Уфа» каби ўртамиёна  клубларнинг Россия премьер-лигасида тобора олға интилаётганию, «Ростов»нинг қаторасига 10та ўйинда гол қўйиб юбормаганига қаранг. Бу фактлар фонида «Қўқон-1912»нинг олий лига доирасидаги сафар ўйинларида ҳали енгилмагани ва 8та тур бўйича меҳмонда ҳаммадан кўп очко олгани тасодиф ёхуд фантастикадек қабул қилинмаслиги керак.

«Қўқон-1912». Умумий маълумот. Водий клуби мурабийлар штаби 8та тур доирасидаги ўйинларда жами 22 нафар футболчи хизматидан фойдаланди. Оддий айтганда, атиги 2 нафар ўйинчигина захирада қолмоқда. Александр Мерзляков ва Мурод Холмуҳаммедов 8та ўйинда тўлиқ 90 дақиқадан ҳаракатланишди. Яна бир эътиборли томони, қўқонликлар 8та учрашувда бор-йўғи 14та сариқ карточка олишди. Тўғри, жамоа 2тагина ўйинда (ўз уйида)  ўз дарвозасини дахлсиз сақлаб қолди. Бу даврдаги мағлубиятсиз серия 7та ўйинни ташкил этди. Ҳужумда Филипп Райевац ва Суҳроб Бердиев дуэти яхшигина эффект беряпти. Фахрий Носир Отақўзиев ҳам ҳар бир ўйинда ўзини кўрсатиш учун маълум вақтга эга бўляпти. Хулоса шуки, жамоанинг асосий таркиби ва захирачилари ўртасида қандайдир жарлик йўқ. Нўъмон Ҳасанов «Пахтакор»даги  мураббийлик ишида ўзи истагандек мувафаққият қозонолмаганди. Асли қўқонлик мутахассис энди жонажон шаҳри клуби равнақи йўлида енг шимариб меҳнат қиляпти. Олий лигага қайтганига 3 йил бўлган бу клуб бошқатдан қад кўтар-япти, чоғи. Мураббий томонидан йўлга қўйилган 4-4-2 тактик схемаси аксарият ўйинларнинг охирги дақиқаларигача ўз шакли ва моҳиятини йўқотмаяпти. Бир қарашда, ҳужумкор футбол учун талаб қилинадиган «физика» даражаси ҳам чакки эмас. Ҳа, «Қўқон-1912»ни олдинда оғир синовлар кутиб турибди. Яъни 9-турда «Пахта-кор»ни меҳмон қилган жамоа энди навбати билан  «Навбаҳор» ва «Локомотив» билан куч синашади. Бу ўйинлар орасидаги вақт 3-4 кунни ташкил этишини инобатга олсак, синовнинг нақадар жиддийлиги аёнлашади. Нўъмон Ҳасанов шогирдлари шу ўйинларда камида 6 очко олишса, уларнинг биринчи даврани кучли учликда  якунлашларига шубҳа қолмайди, ҳисоб.

«Динамо». Умумий маълумот. Самарқанд жамоаси мураббийлари 8та ўйинда жами 17 нафар футболчини майдонга туширишди. Ҳа, жамоа захирасида ҳали амалиётга эга бўлмаган йигитлар бор, лекин улар етарли даражада тобланишмаган. Михаил Наумов (32 ёш), Жавоҳир Қаҳрамонов (21 ёш), Миркомил Локаев (22 ёш) ва Жасур Азимов (23 ёш)эса барча ўйинларнинг бошидан охирига қадар ҳаракатда бўлишди. Сариқ карточка масаласи шунчаки, ажойиб: «динамочилар» 8та турда 11 мартагина огоҳлантирилдилар. Тўғри, жамоанинг 1та ўйинни четлатилиш боис, озчилик бўлиб тугатганини ҳам айтиш керак. Самарқандликлар 3та баҳсда гол жабрини чекишмади. Дарвоза дахлсизлиги сақлаб қолинган ўйинларнинг 2таси меҳмонда кузатилди. Ҳа, дастлабки 3та турда 100 фоизли натижага эришган клуб кейинги 5та ўйиннинг атиги 1тасида ғалабани тантана қилди. Боз устига, турнир жадвалидаги таъқибчилари - «Қўқон-1912» ва «Навбаҳор»га ютқазиб қўйди. Шунинг баробарида Тошкентда «Бунёдкор»ни  2 очкодан маҳрум этди. Олег Тюлькин бошчилигидаги мураббийлар штаби кўплаб ўйинларда 5-4-1 тактик схмесига таянмоқда. Жамоанинг асосий таркиби майдонда кўриниш бергач, бир қарашда, яққол ҳужумчи кўзга ташланмайди. Қолаверса, қайднома-га қарасангиз, 6 нафар ҳимоячини  кўрасиз. Аммо ўйин жараёнида натижага қараб, тактик кўриниш ўз-ўзидан ўзгариб боради. Демакки, мураббийларнинг иш кўлами катта. Тўғри, тахмин қилиш мумкинки, жамоада ўйинни қутқариб қолишга қаратилган «Б» режаси тузилмайди. Шунингдек, ўйинчилар учун 90 дақиқалик тактик чизгилар ҳали тўлиқ ишлаб чиқилмаган. Хуллас, ҳаммаси футболчиларнинг маҳорати, иштиёқи, ҳаракати ва рақибнинг ўзини қандай тутишига боғлиқ. Амиржон Сафаров майдонда тўлиқ ҳаракатланмасада, 8та тур якуни бўйича клубнинг энг яхши тўпурари бўлди - 3та гол. Катта футбол, аниқроғи олий лигада илк бора кўриниш бераётган 22 ёшли ҳужумчи ҳозирги имкониятдан унумли фойдаланиши керак. Ҳарқалай, унда ўтган йили «Обод» сафида кўзларни қамаштирган Шоҳруз Норхонов натижасини такрорлаш имкони йўқ эмас. «Динамо» таркибининг тажрибаси камлиги, захира ўриндиғи олий лигага бироз мос келмаслигини инобатга олсак, жамоанинг турнир жадвали юқори қисмида қолиши анча мушкул. Аммо унинг ҳозирги иштиёқини назарда тутсак, осонгина чекинмаса керак.

«Машъал». Умумий маълумот. Муборак клубининг 8та учрашувида жами 19 нафар  футболчи майдонга тушди ва атиги 4 нафар захирачи ҳали имкониятга эга бўлмади. Сардор Раҳмонов (22 ёш), Жавоҳир Илёсов (23 ёш), Шаҳзод Шайманов (25 ёш)ва Асилжон Бегимқулов (25 ёш) ҳар бир ўйинда тўлиқ вақт ҳаракат қилишгани билан мақтанишга ҳақлилар. 8та турдан кейин карточкалар статистикаси қуйидагича кўриниш олди: 15та «сариқ» ва 2та «қизил». Жамоа 4та ўйин (3таси ўз уйида)ни дарвоза дахлсизлигини сақлаган ҳолда тугатди. 8та тур якунига кўра, 2 марта 3та ўйиндан иборат мағлубиятсиз серия қайд этилди. 3та голга муаллифлик қилган Зафар Тўраев тўпурарлик масаласида ажралиб турибди. Бу футболчи «Навбаҳор»га қарши баҳсда қизил карточка олган бўлса ҳамки, кейинчалик 2та учрашувда ўз голлари билан жамоасининг натижаларига муносиб ҳисса қўшди. «Машъал»да ҳам асосий ва захира таркиби бир-биридан яққол ажралиб қолмаяпти. Муборак клубининг кейинги турлардаги ўйинларига қарасак, рақиблар оддийдек туюлади. Аслида эса воҳаликларни ҳам машаққатли йўл кутиб турибди. Зеро, айни пайт ҳеч бир иштирокчи осонгина очко улашишни истамаяпти ва «Машъал» ўз захирасини бойитиш учун яхшигина тер тўкиши шарт. Воҳаликларнинг орада кубок ўйини учун Ёзёвонга боришларини инобатга олсак, деярли ҳар 4 кунда майдонга тушишларига тўғри келиши ойдинлашади. Хуллас, мураббийлардан ротацияга кўпроқ эътибор қаратиш талаб қилинади. Александр Хомяков олдида турган вазифа тушунарли: у жамоани юқори олтиликда ушлаб қолишга уринса керак. Таркиб ҳам ўзига хос. Чунончи, Муборакда бир ёш диапазонига мансуб иқтидорли йигитлар йиғилишган. Агарда шу таркиб бирор тажрибали ярим ҳимоячи ҳисобига кучайтирилсами, жамоа ҳаттоки, медаллар учун курашиши мумкин, бемалол. «Машъал»нинг «Пахтакор» ва «Бунёдкор»га қарши ўйинлардаги ҳаракатларига теран назар солсак, якдил хулоса чиқариш учун асослар топилади: ҳаммаси мақсадга боғлиқ. Чунончи, жамоа шу 2та ўйин орасида 2та дуранг ва 1та мағлубият қайд этди. Тошкент жамоаларига қарши учрашувларда эса тартибли ҳаракатлар кўзга ташланди. Айниқса, Сардор Раҳмонов ва Шаҳзод Шайманов ўз позицияларида етакчи эканликларини амалда кўрсатишди. Ҳаттоки, «Бу икки ҳимоячи айни пайт бемалол терма жамоа эшигини тақиллатаверса бўлади» қабилида фикр туғилди беихтиёр...

«Навбаҳор». Умумий маълумот. Наманган клуби мурабийлар штаби 8та баҳсда 18 нафар футболчини амалда синаб кўрди. Захирада нав-бат кутаётганлар сони эса 3 нафар. Асилбек Омонов, Ғиёсжон Комилов, Неманья Йованович ва Дилшод Жабборов 8та учрашувда тўлиқ вақт давомида майдонда бўлишди. Жамоа футболчилари 8та баҳсда 20та сариқ ва 1та қизил карточка олишди. Наманганликлар 4та ўйинда (кетма-кет) ўз дарвозаларидан гол қўйиб юборишмади. Мағлубиятсиз серия эса 5та ўйинга чўзилди. Аммо «Навбаҳор»нинг асосий ва захира таркиби ўртасида сезиларли фарқ борлиги кузатилмоқда. Жамоанинг асосий муаммоси - ҳужум масаласи. Асли ярим ҳимоячи Ойбек Қиличев гарчи 2та гол урган бўлса ҳам, имкониятлардан фойдаланишда бироз оқсаяпти. Парадоксни қарангки, жамоа бош мураббийи Илҳом Мўминжонов бундан 10 йил олдин олий лига бош тўпурари мақомини олганди. Бугун эса ўзи юксак савияли ҳужумчига зор. Наманганликлар 8та тур давомида биргина «Обод» дарвозасига 2та гол уришди. Қолган баҳсларда эса 1тадан ортиқ гол уришдан нарига ўтишмади. Улар бу борада дейлик, «Қўқон-1912»дан яққол орқада қолишяпти. Энди ажиб бир таққос: «Навбаҳор» 8та тур якунига кўра, гол уриш масаласида олий лига иштирокчилари орасида 8-9-кўрсаткични қайд этди, ўз дарвозасидан тўп олиб чиқиш бўйича эса 2-4-яхши натижага эришди! Илҳом Мўминжонов ўтган йилнинг 6 ноябрь куни жамоа бошқарувини қўлга олиб, уни «плей-офф» босқичи орқали олий лигада сақлаб қолганди. Хуллас, мураббийнинг клубда иш бошлаганига 6 ой бўлди. Ҳозирги хулосаларга кўра, унинг услуби ва иш юритиш тизими «Навбаҳор»га тўғри келди, дейиш мумкин. Давоми қандай бўлади? Жамоа кейинчалик ҳам ҳимояда шундай мустаҳкам туриб, ҳужумга озгина сайқал берса, унда бемалол кучли учликни кўзлаши ҳам ҳеч гап эмас. Ўйинлар қайдномасида Неманья Йованович ҳужумчи сифатида кўрсатиляпти. Майдонда эса унинг рақиб ҳужумларини бузиш ишларида фаол иштирок этаётганига гувоҳ бўлдик. Жамоа шунингдек, ўйин интизоми устида жиддий ишлаши зарур. Чунончи, «Навбаҳор» сўнгги йилларда карточка олиш бўйича «пешқадам»лардан бири сифатида гавдаланганди. Демак, ушбу нохуш ҳолатга ҳам чек қўйиш керак.

2016 йилги ҳолат

Энди мавсум-2016га қайтиб, айнан 8-турдан ке-йинги турнир жадвалига бирров назар соламиз. Эътиборлиси, ўша пайт юқори 3та поғонани банд этиб турган жамоалар чемпионат финишида медалларга эга чиққан. Яъни 8-турдан кейинги кучли учлик якунда мутлақо ўзгарган эмас. «Навбаҳор», «Қўқон-1912» ва «Машъал»га қаранг: бу клублар қуйи поғоналардан жой олишганди. «Динамо» эса 2016 йил мавсумини биринчи лигада ўтказганди, ҳатто.

ФИКРАТ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz