Қайднома

Қидирув

Эрон - Ўзбекистон ўйинига бир ой қолди

Эрон - Ўзбекистон ўйинига бир ой қолди

  12.05.2017 12:26
  0
  1085
Эрон - Ўзбекистон ўйинига бир ой қолди

Кунлар ўтяпти, вақт ўз йўлида илдамламоқда. Яна 1 ойдан кейин ўзбек футболида жуда катта воқелик бўлади.

Яъни 12 июнь куни Ўзбекистон миллий терма жамоаси Теҳрон шаҳрида Эрон термасига қарши ЖЧ-2017 саралаш учрашувида майдонга тушади. 

"Озоди" стадионида Самвел Бабаян шогирдлари ижобий натижани қайд этишлари шарт!

2003 йилгача ушбу стадионга 100 минг томошабин сиғарди. Ўтган йилдан бошлаб "Озоди" ўйингоҳи таъмирланди ва ҳозирда 78.000 мухлис сиғадиган кўринишга олиб келинган. 

"Пахтакор" ва "Бунёдкор" стадионларидан қарийб 2 марта катта мазкур ўйингоҳда Ўзбекистон термасининг амалдаги тақдири ҳал бўлади. 

Тўғри, термамиз мағлубиятга учраса ҳам ўйинларни давом эттиради ва ўз омадини плей-офф баҳсларида синаб кўради. Лекин, биз биламизки шу пайтдагача Ўзбекистон бундай тўсиқлардан ўта олмаган. Шундай экан, бор умидимиз шу босқичдаёқ 2-ўринни олиб ЖЧга чиқишдан иборатдир.

Кулгили-а? Буни мен ҳам биламан...

Шу ўринда бир маълумотни айтиб кетмоқчимиз: агар Эрон ғалаба қозонса Жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритади. Демак, улар ғалаба учун жон-жаҳтларини бериб ўйнашади.

Бизчи?

Биз бу сафар ҳам "яшанг, раҳмат бемалол гол ураверинг" деб тураверамизми? Ёки бир ой қолган бўлса ҳам керакли кўрсатмаларни оламизми? Тўғриси, энди бирон нарса дея олмаймиз.

Барчаси Бабаян ва майдондаги футболчиларнинг хоҳиш-истагига боғлиқ. 

Мен бир нарсани аниқ айта оламан: агар истасак Эрон билан камида дуранг ўйнашимиз мумкин. Нима қилиш кераклигини ва қандай тактика остида ўйнаш кераклигини мен кейинги чиқишларда маълум қиламан. Шунга мажбурман энди.

Ҳа, сиз ишонмасангиз ишонманг, аммо мен Эрондан очко олишни биламан, Бабаян наздидаги ўзбек футболидаги энг кучли мана шу терма жамоа билан. Майли, бу ҳақида кейинроқ гаплашамиз.

Муҳими ...

Ҳозир муҳими футболчилар билан қалбдан гаплашиб олишда. Руҳшунослар ҳар бир футболчи билан персонал равишда суҳбат қилиши керак.

У (футболчи) нимани истайди ўзи? Ҳаётдаги энг олий мақсади нима? "Масъулият" деган иборанинг маъносини қанчалик тушинади? Уят ва ор-номус деган сўзнинг туб моҳиятини англайдими? Энг муҳими "Халқнинг қарғиши" нима эканлигини тушинишга онги етадими?

Мана шу саволларни психологлар ҳар бир футболчига бериши керак ва жавобини чуқур таҳлил қилиши керак. Шундагина футболчи асосий таркибга ярайдими ёки йўқ кўринади. Бошқасини қўйиб туринг.

Жисмоний тайёргарлик, кераги йўқ жисмоний зўриқишларни иккинчи планга ўтиши лозим. Ҳозир футболчининг калласи учун ишлаш керак. Агар муарббийлар штаби бу нима эканини билишмаса, марҳамат биз ўргатамиз. 

У шундай нарсаки, футболчини онгини манфий-қўрқув босган фикрлардан тозалаш деганидир. Унинг ўрнига ижобий энергияли, ғалабага ундовчи, шу ватани учун жонини беришга ҳам тайёр руҳиятни сингдириш керак.

Ҳозир, фақат жисмоний тайёргарлик ёки узоқдан зарбаларни сайқаллаш билан иш битмайди. Ҳозир футболчи майдонда тезкор фикрлаши шарт, тўпни узоқ ўзида тутиб туриши керакмас, жамоадоши учун ҳам курашаши лозим ва шунчаки майдоннинг тўғри жойига жойлашиб, очиқ шеригига узатма бериши кифоя. Голнинг ўзи келади, шунда.

Ҳамма гап тактикада, ишонаверинг...

Ҳозир ақлли бўлсак ютамиз. Ҳозир бирлашсак ютамиз. Ҳозир гина-гудратни унутиб, бир ёқадан бош чиқарсак ютамиз. Ҳозир бир киши ҳамма учун ҳамма бир киши учун қабилида ўйнасак ютамиз. Бунга савиямиз етарли.

Ким бўлибди Эрон? Улар ҳам худди биздек ўйнашади. Биздан фарқлари шуки, улар орият, ватан шаъни ва уят нима эканлигини чуқурроқ билишади. Ва бунга қўшимча уларда Фергюсон мактабини кўрган ақлли мураббий бор. Бошқа жиҳатдан устун эмас улар. 

Келинг, мухлислар, футболчилар, мураббийлар, журналистлар бирлашайлик! Акс ҳолда олимизга келиб турган омад қушини учириб юборамиз ва яна 5 йил кутишга мажбур бўламиз. 

Мен Евро-2016 мусобақасида Хорватия - Испания ўйинини бевосита стадиондан кузатганман. Ўшандан митти давлат бўлган хорватларнинг бирдамлигадан лол қолгандим. Ўзи митти, аммо ғурури тоғлардан баланд. Футболчисини хўрлатиб қўймайди. Ватани номини маҳаллий аҳолига чиройли қилиб, дона-дона сўзлашни ўргатади. Бир тану-бир жон бўлиб жипслашади.

Мен ўйин бошланмасданоқ Хорватиянинг ғалабасини билгандим...

Ҳозирги замонда фақат бирлашган ва жамоавий ўйин кўрсатадиган термагина ғалаба қозонади. Агар шундай қила олсак, ишонинг Эрондан керакли очкони оламиз, гарчи уларнинг таркибига Месси ёки Роналдуни ижарага олиб қўшиб қўйсак ҳам. 

Биз барибир термамизни яхши кўраверамиз. Шуни англаб етинг, жаноб футболчилар! Салбий натижа дилингизни хира қилади, обрўингизга путур етказади. Сизларга ишонамиз...

Ортингизда халқингиз турибди!

Энди бирлашмасак бўлмайди!

Азизхон Акбаров


Манба: www.uff.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz