Қайднома

Қидирув

Терма жамоалар маркази фаолияти якунлангандан сўнг қандай ўзгаришлар бўлди?

Терма жамоалар маркази фаолияти якунлангандан сўнг қандай ўзгаришлар бўлди?

  12.05.2017 16:26
  0
  2694
Терма жамоалар маркази фаолияти якунлангандан сўнг қандай ўзгаришлар бўлди?

Ўзбек футболида охирги бир ой давомида янгиликлар силсиласи шу қадар кучли кўриниш олдики, гапни қай биридан бошлашни ҳам билмайсан. Бу худди узоқ вақт мудраб ётган айиқнинг уйғонишига ўхшайди. «Пахтакор» ва «Бунёдкор» яқин ўтмишда нафақат Ўзбекистон, балки бутун қитъанинг кўзга кўринган клубларидан ҳисобланарди. Аммо охирги икки йилда ҳар иккиси ҳам аввалги мавқеини бой бериб улгурди. Энг ёмони - бу жараён анча узоқ давом этиб, худди ўзбек клублари мана шу қисматга рози бўлиб қолгандек туюлганди.

Бунга қўшимча сифатида Ўзбекистон футбол федерациясида рўй берган ўзгаришни ҳам алоҳида таъкидлаш лозим. Охирги саккиз йил бир-бирига жуда ўхшаш тарзда ўтди - деярли ҳамма Терма жамоалар марказини танқид қилиш билан банд бўлди. Биз бу ҳолатга ҳам шу қадар кўникдикки, ЎФФ раҳбариятининг ТЖМни ёпиш ҳақидаги қарори эълон қилинганда анча шошиб қолдик ҳам. Шундай ташкилот дабдурустдан, бир кунда ёпилди-кетди...

Хўш, бу ўзгаришлар футболимизга нима беради? Биз мана шу уч воқеликни аҳамияти жиҳатидан ўринларга жойлаштиришга қарор қилдик. Биринчи ўрин эса, шубҳасиз, ёпилиб кетган ТЖМга берилди...

1-ЎРИН. ТУГАТИЛГАН ТЖМ

Аслида, бизнинг эътирозимиз бевосита ташкилотнинг ўзига эмас, балки унда ишлаганларга қаратилган эди. Тан олиш лозим, Терма жамоалар маркази ташкил этишнинг ўзи ёмон қарор бўлмаган, унинг олдига қўйилган вазифаларнинг бажарилмагани эса бошқа масала. Турли ёшдаги термаларни керакли шароит билан таъминлаш ва назорат қилиб бориш керакли тадбир эди. Фақат уни муваффақиятли амалга ошира оладиганлар топилмади.

Нима бўлган тақдирда ҳам энди бу давр ортда қолди. Табиийки, Ўзбекистон футбол федерацияси терма жамоаларни бошқариш бўйича энди бошқа услубда иш бошлайди. Ахир йиғинлар ташкил этиш, ўртоқлик ўйинлари ўтказиш ва терма жамоаларнинг кам-кўстидан хабардор бўлиб туриш лозим. Шундай экан, балки янги бўлим ташкил этилар?! Умид қиламизки, бу бўлим аввалги ТЖМ сингари чипталар машмашасига ўралашиб қолмайди. Акс ҳолда, уни ёпишдан нима наф?

2-ЎРИН. ЯНГИ «ПАХТАКОР»

«Пахтакор»даги муаммолар икки йил олдин кўзга ташланди, аммо аслида жамоа йил олдинроқ мавқеини йўқота бошлаганди. Тўғри, мағлубиятлар охирги йилларда бошланди, аммо «Пахтакор»нинг энг катта йўқотиши натижа эмас, балки ҳувиллаб қолган трибуналардир.

Бир вақтлари бу клуб «халқ жамоаси», деб аталарди. Аммо энди бу гапни тилга олмаган маъқул, кулишади. Ўйинига томошабин келмайдиган жамоага бундай рутбани бериб бўлмайди. Шу боис ҳам «Пахтакор»да раҳбарият ва унинг ортидан мураббийлар штаби ҳам ўзгаргани кўпчиликни қувонтирди. Энди янги даврда клуб олдига қўйилган энг муҳим вазифа - томошабинларни қайтариш.

Бир вақтлари «Пахтакор» стадионига 55 минг мухлис йиғиларди. Ҳозир эса гоҳида 500 киши ҳам келмайди. Хўш, янги раҳбарият бу муаммонинг ечимини топа оладими? Айтишларича, «Пахтакор» стадиони қайта реконструкция қилинар экан. Бироқ уйга қанча зеб берманг, меҳмон келмаса, ҳамма қилинган иш беҳуда кетади.

Умид қиламиз, «Пахтакор»нинг иши бесамар бўлмайди...

3-ЎРИН. ЭСКИ «БУНЁДКОР»

Ҳозир «Бунёдкор» оғир аҳволда, аммо унинг қисқа вақтли тарихида бундан ёмонроқ даври ҳам бўлган. Бир вақтлари жамоадан Сколари ва Ривалдо бошлиқ легионерлар ёппасига кетганда клубнинг инқирозга учраши тахмин қилинганди. Аммо «қалдирғочлар» нафақат олий лига, балки ОЧЛда ҳам аввалги мавқеларини ушлаб қолишди.

Муаммолар кейинчалик, текис йўлда бошланди. «Бунёдкор» сўнгги уч йил давомида аста-секин, аммо мунтазам равишда ортга кета бошлади. Ҳозир бу клуб олий лигада чемпионликка даъвогар жамоалар сафидан чиқиб қолган. Чемпионлар Лигасида эса аллақачон аутсайдер мақомини ўзиники қилиб олган. «Бун-ёдкор»нинг охирги аламли мағлубияти ҳам буни тасдиқлайди - «Ал-Айн»га 0:3 ҳисобида имконият бой берилди.

Аммо бу мағлубият «қалдирғочлар» учун янги бошланажак йўлнинг дебочаси бўлиши мумкин. Аниқроғи, клуб аввалги ўзанга қайтишга яқин турибди. Клубда раҳбарият ўзгарди ва «Бунёдкор»га Миржалол Қосимов қайтарилди. Ушбу мутахассис мавзусига газетамизнинг кейинги саҳифаларида батафсил тўхталамиз.

ЯКУНДА

Биз ўзбек футболида рўй берган ўзгаришларнинг муҳимлик даражасини ўз қарашларимизга асосан белгиладик. Аммо сизнинг фикрингиз бошқача бўлиши мумкин, албатта. Ким учундир ТЖМдан кўра «Пахтакор» муҳимроқ, бошқалар эса «Бунёдкор»даги ўзгаришлардан хурсанд. Нима бўлган тақдирда ҳам биз фақат бир нарсани тилаймиз - бу янгиликлар ўзбек футболи равнақига хизмат қилсин. Зеро фақат шундагина ҳамма нарса ўз маъносига эга бўлади.

Умар БЕК


Манба: www.iff.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ХАБАРЛАР

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

Жамоа Ў О
тўлиқ маълумот »

Кун фотоси

FUTBOL TV телеканалининг 16-декабрь кунидаги кўрсатувлар дастури

  • Ўзбекистон терма жамоасининг янги бош мураббийи ким бўлиши мумкин?

  • Ҳўш, сайтимиз сизга ёқдими?


© "Interfutbol.UZ". © 2006-2017. Мобил версия
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.