«Реал» ва «Барселона» клублари ўртаси-даги сўнгги класико мухлисларга кутилмаган бир вазиятни совға қилди: мадридликларнинг кучи тугаб, ҳатто Криштиану Роналду ҳам жамоани олға бошлай олмай қолган ўта мураккаб вазиятда таркибдаги бир футболчи ҳалиям таслим бўлмай, тўп учун охиригача курашаётганди. У - Марсело эди. Ҳа, ўша, сира чарчамайдиган, ўжар, ҳимояда ҳам, ҳужумда ҳам бирдек самарали Марсело. Бизнингча, мухлислар ва мутахассислар Марселонинг имкониятларига етарлича баҳо бера олишмаяпти. Ваҳоланки, у деярли 10 йилдан буён «Реал» шарафини ҳимоя қилиб, «кўринмас қаҳрамон» даражасига чиқиб улгурди.
Ўша куни Марсело бобосининг сўнгги пуллари - 60 центни сўраб олди-да, бекат яқинидаги ўйин қурилмаси томон югурди. Зеро мазкур миқдор ҳаттоки, автобус чиптаси учун ҳам камлик қиларди. Қурилма пулни қабул қилиб олгач, Марселога турли давлатлар байроқларидан бирини танлашни таклиф қилди. Болакай кўп ўйланмай, Хорватия байроғини танлади ва бирданига 25 реал пулга эга чиқиб қолди. Бунча ақча чипта тугул, икки кишилик енгилгина тамаддига ҳам етарди.
Миттигина Марсело илк бор «Флуминенсе» кўригига мана шундай етиб олганди. Ўшанда ҳимоячи эндигина 10 ёшга тўлганди. У аксарият вақтини пляж футболи ва футзалдаги машғулотларда ўтказар, аммо келажакда спортчи эмас, отаси каби ёнғин хавфсизлиги ходими бўлишни орзу қиларди. Футболга эса уни фақат бир киши - бобоси Педро Виейра ундарди, холос. Аксига олгандек, бобо ва набира ўша куни бир амаллаб «Флуминенсе» кўригига боришди-ю, бироқ ният амалга ошмади: Марселони «Сендан ҳам кучлироқ, иқтидорлироқ болалар бизда етарлича», деган баҳона билан академияга қабул қилишмади.
Лекин ўжар қария мақсадидан оғишмади. Марсело бир йилча «Васко да Гама»да шуғуллангач, яна «Флуминенсе» кўригига бориб, синовлардан муваффақиятли ўтди. Тиниб-тинчимас қария эса набирасини эскигина «Жук»ка солиб олиб, Рио-де-Жанейро яқинидаги клуб базасига бориб-келар, болакайнинг арзимас ютуқларидан чексиз қувонарди. Вақти келиб, набирасининг тараққиёти учун пул керак бўлганида, қария ўйланиб ўтирмай, қадрдон автоуловини сотиб юборди. «Академияга мунтазам қатнаш учун пул керак бўлганида, бобом машинадан воз кечдилар. Ҳалигача тушунмайман: қандай қилиб келажакда футболчи бўлиш-бўлмаслиги ноаниқ болани деб, машинадан воз кечиш мумкин?» - деганди Марсело орадан бир неча йил ўтгач.
***
Марсело меҳнати учун ҳақ оладиган даражага етгач, биринчи маоши - 100 реал пулни тўғри бобосининг қўлига топширди. «Агар бобом Педро бўлмаганида, мен ҳеч қачон футболчи бўлолмасдим. Дейлик, 15 ёшимда ҳою-ҳавасга берилган оддийгина ўсмир эдим ва исталган ёмон йўлга кириб кетишим мумкин эди. Аммо бобом бунга йўл қўймади», - дейди Марсело.
Минг афсуски, Педро бобо набирасининг орзу-ҳавасини кўролмади. У Бразилияда ўтган 2014 йилги ЖЧда, Марсело ва жамоадошларининг ярим финалдаги Германия термасига қарши ўйинига икки кун қолганида оламдан ўтди. Ўшанда терма жамоа устози Луис Фелипе Сколари Марселога юзланиб, мотам маросимларини ўтказиб келишга изн берди. Аммо Марсело ўзини мардонавор тутиб, жамоада қолишни ва мундиалда ғолиб чиқиб, бобосининг руҳини шод этишни афзал билди. Лекин бу нияти, амалга ошмади...
***
2000-йиллар бошида «Флуминенсе»да тўп сурган собиқ футболчи Ренаннинг фикрича, узоқ вақт давомида мини-футбол билан шуғулланиш туфайли Марсело ҳужумда жуда самарали ҳаракат қилади: «Марселодан тўпни олиб қўйиш учун шундоқ интилсанг, у бир зумда кутилмаган қарорга келиб, бизни осонгина доғда қолдирарди». Марселонинг айтишича, мини-футбол майдонининг кичиклиги туфайли у тез қарор қабул қилишга одатланган: «Футзалда универсал бўлишинг талаб этилади. Агар дарвозага ўнг томондан яқинлашсанг, тўп ўнг оёғингда бўлиши лозим. Борди-ю, чапдан бўшлиқ очилса, чап оёғингни ишга солишга тўғри келади».
Худди шу кутилмаган ҳаракатлар «Реал»ни трансферлар вақтида ҳимоячи учун жиддий кураш бошлашига замин яратди. Зеро, Марселонинг ўйинларини мадридликлардан кўра аввалроқ пайқаган «Севилья» аллақачон ўйинчига шартнома таклиф қилганди. Марсело эндигина келишувга имзо қўйишга ҳозирланган эдики, «Флуминенсе» офисига «Реал»дан нисбатан баландроқ миқдорда таклиф тушди - 6,5 миллион евро. Шу тариқа, Марсело ҳамюрти Роберто Карлосга узоқ муддатли ворис сифатида Мадридга йўл олди.
Узоқ муддатли ворис, дейишимизнинг сабаби шундаки, «Реал» раҳбарлари Марселога кўз тикишган вақтда футболчига ҳали унчалик кучли эҳтиёж сезишмаётганди. Шунчаки, Карлоснинг ёши ўтиб қолгани боис, секин-аста унинг ўрнига яна бир ишончли вакил топиш керак эди. Хуллас, бу номзод Марсело бўлиб чиқди. Энди унинг тақдирини оқилона ҳал қилиш вазифаси қолди: бразилияликни дарҳол таркибга қўшиш - катта таваккал, албатта. Шу боис аввалига уни «Кастилья»да синаб кўрмоқчи бўлишди. Аммо Фабио Капелло Марселони асосий таркибда қолдириб, унга Роберто Карлосдан маҳорат сирларини ўрганишни буюрди.
«Роберто Карлос - жуда яхши инсон, - дея ҳикоя қилади Марсело. - У менга биринчи учрашувдаёқ телефон рақамини бериб, Испаниядаги ҳаётимда қандай муаммо ёки илтимос керак бўлса, бемалол қўнғироқ қилишим мумкинлигини айтди. Қолаверса, қисқа муддатли дам олиш пайтларида Бразилияга кета олмаганимиз учун турли байрамларни бирга нишонлай бошладик. Биласизми, ўз кумирингнинг уйига меҳмонга боришдан кўра ёқимлироқ туйғу йўқ».
Мавсум якунида Роберто Карлос Туркия чемпионатига равона бўлди. Марсело эса секин-аста асосий таркибда кўриниш беришни бошлади.
***
Марсело Испанияга келган пайтларида ёлғиз эмасди: севгилиси Кларисса ҳам у билан бирга эди. Улар ўртасидаги муҳаббат тарихи ҳавасга арзийди. Гап шундаки, Марсело «Флуминенсе»да ўйнаб юрган кезлари жамоадоши Кайо билан дўстлашиб қолади. Улар Рио-де-Жанейронинг жанубий қисмида, бир-бирларига яқин жойда истиқомат қилишар, машғулотларга бирга қатнашарди. Марсело 15 ёшлик таваллуд айёмини нишонлаётган куни Кайо уни синглиси, келишган ва одобли қизалоқ - Кларисса билан таништириб қўяди. Орадан бир неча ой ўтгач, икки ёш ўртасида илиқ ва дўстона муносабатлар шакллана бошлади. Икки йил ўтгач эса жуфтлик Европага биргаликда йўл олишади. Айни пайтда бахтиёр оилада икки фарзанд - Энцо ва Лиам вояга етмоқда.
Кларисса турмуш ўртоғи Марсело ва оиласини деб, севимли касби - санъатдан маълум муддатга воз кечди. Аниқроғи, у 16 ёшдан 24 ёшигача умуман суратга олиш майдончасида кўриниш бермади. Бироқ аёл актрисаликни бутунлай ташламади, аксинча, фарзандлар тарбияси билан бир пайтда махсус курсларга қатнаб, касб сирларини ўзлаштирди. Унинг яқин келажакка мўлжалланган режаси унчалик катта бўлмаган бирор-бир телесериалда роль ижро этиш эди.
***
Ажойиб умр йўлдошни туҳфа қилган Кайо ҳам унинг ҳаётидан бутунлай йўқолиб кетмади. Аксинча, дўстлик ришталари қариндошлик билан янада мустаҳкамланди. Ҳаттоки, Кайо куёви ва синглиси билан бирга Мадридга келиб, футзал жамоаси таркибига қўшилди. Ҳозирги кунда Марсело оғайниси Кайо иштирок этган ўйинларни бевосита спорт залида томоша қилмоқда.
Ўтган ёзда икки оғайни биргаликда Campus12 номли лойиҳани ишга туширишди. Бундан мақсад - 6 ёшдан 16 ёшгача бўлган иқтидорли ёш футболчиларнинг ёзги вақтларини янада кўнгилли ўтказишга ҳисса қўшиш. Дарвоқе, бу махсус лагерь Мадрид яқинида, аниқроғи, Хетафеда жойлашган.
Лойиҳага кўра, болалар 26 июндан 21 июлгача пляж футболи, футзал ва анъанавий катта футбол билан, бошқача айтсак, Марсело болалигида ўзини синаб кўрган барча спорт турлари билан шуғулланишади. Лойиҳа ҳамкорлари - «Реал» клубининг хайрия фонди, Аdidas савдо белгиси ва Хетафенинг маҳаллий раҳбарияти.
Эътиборлиси, мазкур лойиҳа Марселонинг яқин келажакка мўлжалланган режалари акси ҳамдир: чунончи, футболчи бутсаларини михга илгач, таниқли мураббий ҳам, машҳур телетаҳлилчи ҳам бўлмоқчи эмас. Унинг нияти - омма диққат-эътиборидан ўзини узоқроқ тутиб, ўсмирлар футболи билан жиддий шуғулланиш.
«Менинг кичик бир орзум бор, - деди яқиндагина Марсело. - Катта футболдаги фаолиятимни тугатишдан олдин футзалга қайтиб, қадрдоним Кайо билан бир жамоада тўп сурмоқчиман. Агар бу амалга ошса, зўр бўларди...».
Нима ҳам дердик: омад ёр бўлсин сенга, «Реал»нинг камтарин қаҳрамони!
И.РАҲИМОВ тайёрлади
Манба: www.interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20