«Агар мен инглиз клубининг соҳиби бўлганимда, мураббийликка Тони Пьюлисни таклиф этардим. У – жамоа кўзлаган марранинг забт этилиши кафолати. Тонининг жамоалари айнан мураббий ўйлагандек иш тутадилар. Бу –футболдаги энг қийин вазифа!» - касбдошлари тажрибасидан нимадир олиш илинжида бўлган Жозе Моуриньонинг хулосаси ана шундай. Арсен Венгер эса Пьюлисга қарши ҳар бир учрашувда Рори Делапнинг тўпни аутдан ўйинга киритишини ажабланиб кузатади, Тонининг содда услубидан энсаси қотади. Барибир, касбдошини чўрткесар мураббий, деб ҳисоблайди. Пьюлис ихлосмандлари орасида сэр Алексни ҳам учратиш мумкин. Қизиқ, доимо бошидан сийқаси чиққан кепкасини, эгнидан спорт костюмини қўймайдиган британиялик мутахассис ким ўзи?
«Бром» химияси
Пьюлис - ўйин услубини имкони борича соддалаштириш эвазига ҳар қандай жамоа билан режалаштирилганидан кўра юксак натижани қайд этишга тайёр турадиган мураббий. Пьюлиснинг футболи Англия стадионларидаги пирогни эслатади: мазасини мақтай олмайсизу, асосийси, эҳтиёжингизни қондирасиз - қорнингиз тўяди. Тони ва унинг жамоалари - авваллари «Сток Сити», ҳозир «Вест Бромвич» ўта жўн услуб учун доимий танқид остида. Бош мураббий ассистенти Дейв Кемп эса ажойиб ҳимоя воситасини топиб олган: «Сизнинг қандай қилиб жамоани томошабоп қилмоқчи эканингизни билмайман. Нима, ўйинчиларни мини-юбкаларда майдонга тушишга мажбур этмоқчимисиз?!». Пьюлис эса ҳар қандай сўзамол танқидчини газетанинг сўнгги сонида чоп этилган турнир жадвалини кўрсатиш орқали мум тишлатади. Дарҳақиқат, бир қатор «деҳқонча» қолоқ ўйинларни намойиш этишига қарамай, унинг «Вест Бром»и АПЛ вакиллари орасида саккизинчи поғонада бормоқда. Бу - албатта, йўқдан бор қиладиган фидойи мураббийнинг изланишлари самараси. Сир эмаски, жамоа молиявий жиҳатдан ҳам, таркиб борасида ҳам чекланган имкониятларга эга. Тонининг устакорлиги туфайли АПЛнинг чинакам британча, жамоаси мақомини олган «Вест Бром» стандарт вазиятларни ўзи учун даҳшатли қуролга айлантириб олган: бурчак зарбаларидан унумли фойдаланиш орқали 14та, жарима зарбаларидан 4та гол урилди. Яъни, АПЛда стандарт вазиятлардан самара чиқариш борасида унга тенглаша оладиган жамоа йўқ. Ҳатто Европа топ-чемпионатлари бўйича ҳам «Вест Бром» етакчи! Тўғри, «Реал» ҳисобида 20та, «Монако»да 22та гол стандарт маҳсули. Аммо фоизлар бўйича ҳисобланганда, «Вест Бром» (46,15 фоиз) олдинда.
Шу ўринда стандарт вазиятларга етарлича эътибор бермайдиган мутахассисларга эътирозимиз бор:
биринчидан, замонавий футболда голларнинг учдан бир қисми айнан шундай ҳолатда урилади;
иккинчидан, топ-чемпионатлардаги натижаларни таҳлил қиладиган бўлсак, стандарт вазиятлардан самарали фойдаланаётган жамоалар кутилганидан юқорироқ натижаларга эришганларига гувоҳ бўламиз. Масалан, «Хоффенхайм» стандартлар эвазига ЕЧЛ йўлланмасидан бирига даъвогарлик қилмоқда;
учинчидан, аллақачон АПЛни тарк этиши аниқ бўлиб улгурган «Сандерленд» яққол мисол бўла олади: Сэм Эллардайс даврида «қора мушуклар» стандартда 15та гол яратишганди. Дэвид Мойес раҳбарлигида эса атиги 2тагина. Натижани айтиб ўтдик. Шулар бўлмаганида, Пьюлиснинг «Вест Бром»и «Сандерленд»га шерик бўларди.
«Вест Бромвич» принциплари
Тони Пьюлис стандартлардан фойдаланишга оид бир нечта ишланмалар яратган. «Вест Бром»нинг асосий устунлиги - рақиби унинг навбатдаги бурчак зарбасини амалга ошираётганда қандай ҳаракат қилишидан бехабарлигида. Тони ҳар бир рақибнинг имкониятлари, услубидан келиб чиққан ҳолда турли усулларни қўллайди. Уч нафар футболчининг рақиб дарвозабони майдончасида тартибсизликларни юзага келтириши, бири олис бурчак ёнида очилиши, яна икки нафари дарвозабон майдончасидан чиқиб қайтиши мумкин бўлган тўпни назорат қилиши - энг кўп қўлланиладиган усул.
Чалғитувчи тезланишлар. Жамоанинг ҳар бир аъзоси стандарт вазиятда маълум вазифани адо этади. Масалан, Соломон Рондон яқин устун томон югуриб, ҳимоячиларни чалғитади. Рақиблар уни тўпга ошиқяпти, деб ўйлашади. Рондон тўпга ета олган тақдирда ҳам зарба бермайди, балки уни ортида турган шерикларига ўтказиб юборади. «Уотфорд» билан кечган баҳсда айнан шундай манзарага гувоҳ бўлдик: тўп олис устун ҳудудига йўлланди, Соломон барибир яқин бурчак томон югуриб, ҳимоячиларни ўзига жалб этди.
Орқа чизиқдан югуриб чиқадиган жамоадошига мўлжалланган узатмалар. Бу услуб соф физика қонунига асосланган - тўп сари югуриб келаётган футболчи ҳаракатсиз турган рақибдан кўра кўпроқ имкониятга эга бўлади. Рақиб фақат юқорига сакраши мумкин. Пьюлис ана шу устунликдан самарали фойдаланади. Бурчак зарбалари амалга оширилаётган пайт ҳимоячиларнинг фаол иштироки алоҳида эътиборга молик. Табиийки, рақиб ҳимоя чизиғида Гарет Макаули ҳамда Крейг Доусоннинг ташрифини кутишмаган. Шу сабабли улар кимни таъқиб қилиш кераклигини билмай, саросимага тушиб қолишади.
Аралаш таъқиб услуби (айрим ўйинчилар ҳудудни қўриқлашади, айримлари эса персонал таъқибни амалга оширишади). Бу усул қўлланилганда «Вест Бром» ўзини жуда эркин сезади. Арсен Венгер Пьюлисга қарши айнан шу усулни қўллаганди. Қарама-қаршилик Пьюлиснинг фойдасига ҳал бўлди.
Хоккейча чалғитиш. Хоккей учрашувларида ҳужумчи дарвозабон майдончаси томон шиддат билан интилади. Ҳимоячи унга ташланиб, майдончадан чиқаришга уринади. Натижада дарвозабон рўпарасида тортишувлар юзага келиб, зарба йўналишини тўсиб қўяди. «Вест Бромвич» тўпга чиқишда тез-тез хатога йўл қўядиган дарвозабонларга қарши шу усулни қўллайди. Кўпинча Пьюлис рақиб дарвозабони майдончасига Даррен Флетчерни йўллайди. «Арсенал» билан бўлган баҳсда «тўпчилар» ҳимоячиси Дарренни майдондан чиқаришга уринди. Шу тариқа ўзи истамаган ҳолда дарвозабонга халал берди: тўп йўлланган паллада Оспина йиқилиб тушди, ҳужумчи бўш қолган дарвозани қийинчиликсиз забт этди.
Тўсиқ («заслон») қўйиш. Баскетболга хос бўлган усулдан футболда ҳам тобора кенг фойдаланилмоқда. Тони Пьюлис «заслон»дан кам фойдаланади. Бу вазифа Жони Эванс зиммасида. Стандартлар чоғида ҳимоячи олис бурчакдан жой олиб, тўпни қайтаришга шайланиб турган рақиб ҳимоячисига халал беради. Оқибатда ҳимоячи хавфни бартараф этолмай қолади. Гарет Макаули «Халл» дарвозасини айнан Эванснинг баскетболча тўсиғи ёрдамида ишғол этганди.
Ўйинчиларнинг стандарт вазиятдаги вазифалари
Асосийси, бурчак тўплари ва жарима зарбалари пайтида «Вест Бромвич»нинг ўта хавфли эканини унутмаслик ва шунга яраша тайёргарлик кўриш лозим: фахрий ҳимоячи Гарет Макаули стандартнинг ўзидан 6та гол урди. Боз устига, 24 ёшда «Линкольн Сити»дек митти жамоада дебютини нишонлаган Макаули элитада йил сайин самарали ўйнамоқда. Уни ҳеч иккиланмай «Вест Бромвич» сиёсатининг мукаммал намунаси, дейиш мумкин. Пьюлисга айнан шунга ўхшаган - бақувват, бўйдор ва ишончли тўп сурадиган ўйинчилар керак. Эътиборлиси, мураббий топ-клубларга қарши ҳимоя чизиғига 6 нафар шогирдини жойлаштиради - қанот ярим ҳимоячилари ҳимоя чизиғига чекинишади, қанот ҳимоячилари эса марказни мустаҳкамлашади.
Стандарт вазиятларда олдинги чизиққа ўтадиган уч нафар ҳимоячининг ҳар бири ўз вазифасини яхши ўзлаштирган. Макаули ҳамда Доусон доимо бир-бирини қўллаб-қувватлайди - бири алдамчи ҳаракатлар билан рақиб ҳимоячиларини чалғитади, иккинчиси бўш ҳудудга кириб, дарвозага таҳдид солади. Бошқа футболчиларга ҳам вазифа аниқ-тиниқ берилган, ҳатто дарвозабон Бен Фостер ҳам рақиб дарвозасини забт этишдаги «оммавий ҳашар»да фаол қатнашади. Рақиб учун асосий хавф шундаки, кимнинг қаерда ҳаракатланишини аввалдан билмайди.
Хулоса
«Футболнинг асосий моҳияти шундаки, у барча ўйинчилардан юз фоиз сафарбарликни талаб этади. Шогирдларим схемани тўлиқ англашлари ва ўйинни тўғри ташкил этишлари лозим», - дейди Пьюлис. - Жамоаларимнинг ўзига хос юзи, дастхати бор. Мураббий ва футболчи учун энг ёмони - ундан нима талаб қилинаётганини тушунмайдиган жамоа ўйинини кузатиш». Ҳа, Пьюлис жамоаларининг қиёфаси журналлар муқовасини безатиш учун ярамайди. Лекин таъсирчан ва ёдда қоларли. Бундан 9 йил аввал «Сток Сити»нинг АПЛдаги мавқеини тўғри баҳолаган мураббий майдон сатҳини иложи борича камайтиришни илтимос қилди ва ён чизиқдан тўпни ўйинга киритиш вазифасини Рори Делап зиммасига юклади. Ирландиялик ўйинчининг «аут»дан амалга оширган узатмалари шунчалик самарали эдики, тез орада рақиб жамоа мураббийлари машқ қилиш йўлакчаларига алоҳида футболчиларни қўйишга мажбур бўлишарди. Уларнинг вазифаси «аут» пайтида Делапга халақит бериш эди. Ҳозир Тони Пьюлис янги қуролдан фойдаланмоқда. Яъни, ёлғиз «автомат» билан таркибида «ядро қуроли» жойлашган грандлар устига юриш қилмоқда. «Вест Бромвич»нинг мазкур услубини тушуниш қийин эмас: АПЛда кам харажат билан жозибадор ўйин кўрсатишнинг умуман иложи йўқ. Шундай экан, Пьюлиснинг стандарт вазиятларга муносиб баҳо бераётгани айни ҳақиқат. Демак, Пьюлис - стандартлар султони! Агар шу стандартлар бўлмаганида «Бромвич» турнир жадвалининг энг қуйи поғонасидан жой олармиди...
А.ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади
Манба: www.interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20