Киевнинг «Динамо» клуби ёшлари (U-19) чемпионат якунланишига тўрт тур қолганида ғолибликни қўлга киритишди. Ушбу жамоа мураббийлар штабида Максим Шацких ҳам фаолият юритмоқда. Украина чемпионати тўпурарларидан бири ҳисобланган ҳамюртимиз ҳамкасби Юрий Морозга ёрдам бермоқда. Яқинда zbirna.com сайти Максим билан суҳбат уюштириб, турли мавзудаги саволларига жавоб олди.
— Максим, сайтимиз «Динамо» ёшларини чемпионлик билан табриклайди. Яқин таъқибчи 15 очко ортда қолганини инобатга олсак, айни пайтда жамоангизга тенг келадигани йўқми?
— Раҳмат. Бугунги кунда «Динамо»нинг рақиблардан бир бош устун экани борасида ҳеч ким тортишмаса керак. Таъқибчилардан бунчалик олдинлаб кетганимиз бежиз эмас. Тўғри, мавсум давомида хавотирланишлар ҳам учради. Ўшанда очколар йўқотдик. Агар йигитлар ўзларига бўлган талабни пасайтиришмаса, ишончим комилки, келажакда «Динамо»нинг асосий таркибидан мунтазам жой олишади. Буни тезроқ амалга оширишларини истардим. Мураббийлар штаби ҳам мазкур масалада катта ишларни амалга оширмоқда. Шуни алоҳида айтиш лозимки, ҳар қандай ҳолатда ҳам мақсадимиз чемпионлик эмас. Муҳими - ёшларни катта футболга тайёрлаш.
— Жамоанинг энг иқтидорли футболчилари кимлар?
— Менимча, бу ҳақда гапириш ярамайди. Албатта, шундай ўйинчилар бор. Қолаверса, 22 ёшгача бўлган жамоамиз ҳам чемпионликка яқин турибди.
— Максим Шацких учун ёшлар билан ишлаш осонми?
— Ҳа. Йигитларга билганларимни ўргатишни истайман. Улар ҳам ўз ишларига профессионалларча ёндашишмоқда.
— «Динамо» УЕФА ёшлар лигаси гуруҳ босқичида «Бенфика»ни икки бор мағлуб этганди. Кейинчалик жамоа финалга қадар етиб борди. Аммо ҳал қилувчи баҳсда Австриянинг «Зальцбург»ига имконият бой берилди. Португалияликлар ҳақиқатан ҳам кучлими?
— Худди шундай. Жамоа яхши шаклланган. Тўғри, «Динамо» «Бенфика»ни кузда икки марта енгди. Ҳар иккисида ҳам ҳақли равишда ғалаба қозондик. Ўша пайтда биз кучлироқ эдик. Жамоалар аввалига яхши ўйин кўрсата олмай, кейинчалик юқори марраларни забт этишганига кўп бора гувоҳ бўлганмиз. Мисол учун, Португалия термасини олайлик. Криштиану Роналду бошчилигидаги жамоа Евро-2016 гуруҳ босқичидан зўрға чиққанди. Якунда эса чемпионликни нишонлади. Португалияда, хусусан, «Бенфика»да академия худди соат механизмидек ишлайди. Шу боис ҳам бу жамоанинг финалга чиқишини тасодифга йўймаслик керак. Яқинда «Бенфика» устози U-19 мураббийлари симпозиумида Юрий Мороз билан суҳбатда «Динамо»нинг «плей-офф» босқичидаги биринчи ўйинда мағлубиятга учраганидан ҳайрон қолганини айтди. Ўз навбатида, Жоао Тральяу «Аякс»га қарши учрашувимизни кўриб, хурсанд ҳам бўлди. Ке-йинги босқичда голландларни «Реал» тўхтатганди.
— «Динамо» февралда «Аякс» тўсиғидан ўтолмади... Сабаб?
— Ҳозир ҳар қанча гапириш мумкин. Аммо баҳорда Украина клубларининг еврокубокларда қийналишини барчамиз яхши биламиз. Муҳими, бундай рақибларга дуч келганда юқори формада бўлиш лозим. Ўшанда жисмонан тайёр эмасдик. Чунки рақибга гуруҳ босқичидагидек қаршилик кўрсата олмагандик. Қолаверса, «плей-офф»нинг бир ўйиндан иборат эканини маъқулламайман. Ҳар бир жамоа ўз майдонида ўйнаши лозим. Бунда ҳеч қандай муаммо кўрмаяпман, вақт етарли. УЕФАдагилар келгуси мавсумда ҳам ўзгаришлар бўлмаслигини айтишди. Аммо «плей-офф»даги жавоб учрашувлари бўйича вазиятни ўрганиб чиқишаётганини маълум қилишди.
— Айтишларича, бундай ёшда футболчилар стабил ўйин кўрсата олишмас экан.
— Бўлиши мумкин. Лекин ортга назар ташлаб, шуни айтишим мумкинки, бизнинг жамоамизда бундай ҳолат кузатилмади.
— Сизлар ҳам «Динамо»нинг асосий таркиби каби уч нафар ҳимоячи билан ўйнайсизларми?
— Ҳозирча йўқ. Аммо қолган учрашувларда ушбу вариантларни ҳам синовдан ўтказиш ниятимиз бор.
— Асосий жамоа бундай тактик схема билан қизиқарлироқ ўйин намойиш қиляптими?
— Буни вақт кўрсатади. Лекин ҳужумнинг ўзгача кўриниш олаётганини тан олиш керак. «Динамо» кўпроқ гол урмоқда. Умуман, бу нарса жамоа билан ҳар кун ишлайдиган Сергей Ребровга яхшироқ кўринади.
— «Динамо»нинг фахрий футболчиси ҳисобланасиз. Жамоанинг жорий мавсумдаги муваффақиятсиз иштирокига қандай баҳо берасиз?
— Менимча, энг асосий сабаб - кераксиз жойда очко йўқотилиши. Бундан бош мураббийнинг ўзи ҳам хабардор. Футболда ҳар нарса бўлиши мумкин. Ўтган мавсумда «Шахтёр» ҳам шундай ҳолатга тушганди. Эндиликда хатолардан тўғри хулоса ясаб, бор эътиборни Украина кубогига қаратиш лозим.
— «Динамо» кубокдаги ғалаба билан чемпионатдаги муваффақиятсизликни ювиши мумкинми?
— Кубок — бу соврин. Шунинг ўзи ҳам катта гап.
— Келгуси чемпионатда ҳам жорий йилги формат сақланиб қолади. Бу ҳолат сизга маъқул келяптими?
— Бир нарса дейишим қийин. Чунки мусобақада ўзим иштирок этмаяпман. Ўйлашимча, Украинадек мамлакат чемпионатида камида 16та жамоа қатнашиши лозим. Аммо иқтисодий вазият аксарият клубларга қийинчилик туғдирмоқда. Шундай экан, ҳозирги кунда премьер-лигада 12та жамоанинг иштирок этиши энг оптимал вариант. Аммо бошқа тарафдан, «Ворскла» ҳамда «Сталь» клублари еврокубокларга чиқиш имкониятига эга бўлишганди. Аммо бир очко туфайли иккинчи олтиликка тўғри келишди. Натижада мазкур жамоаларда иштиёқ сўнди. Шу жиҳатларни инобатга олсак, бироз адолатсизлик бўлди.
— Премьер-лигада клублар кўпайса, терма жамоа учун танлов осон кечади, деб ҳисоблайсизми? Ахир бундай ҳолатда футболчилар сони ҳам ортади.
— Ҳақиқатан шундай. Қаердадир бўлажак юлдузлар чиқиб қолиши мумкин. Боз устига, Андрей Шевченко янги жамоа тузяпти ва кўплаб ёш футболчиларга имконият яратмоқда.
— Украина терма жамоасининг ЖЧ-2018 саралаш баҳсларидаги иштирокига қандай баҳо берасиз?
— Ҳозирча ўртача дейиш мумкин. Ўйинни янада кучайтириш мумкин. Украина термаси асосий рақибларидан бири ҳисобланган Хорватияга имкониятни бой берди. Аммо ҳали олдинда кўп ўйинлар бор. Шундай экан, вазиятни ўнгласа бўлади. Энг муҳими - ўз кучига ишониш. Камчиликлар кузатилса ҳам жамоани танқид қилиш ярамайди.
— Ўзбекистон терма жамоасида ўйнаб юрган кезларингиз Украинага қарши иккита ўйин ўтказгансизлар. Ўша учрашувларни эслайсизми?
— Албатта. Киевдаги В.Лобановский номидаги стадионда тўқнаш келганмиз. Украина 2007 йилнинг августидаги баҳсда 2:1, 2011 йилнинг июнида эса 2:0 ҳисобида ғалаба қозонган. Кучли рақибга қарши ўйнаш ҳамиша қизиқарли. Агар Ўзбекистон термаси шундай ўйинларни кўпроқ ўтказганида, расмий учрашувларда янада яхшироқ натижаларни қайд этардик.
— Бу баҳсларда тўп киритолмагансиз. Украиналиклар ўйин услубингизни билишгани учун шундай бўлганми?
- Нима ҳам дердим, ҳамма учрашувда ҳам гол ура олмайман-ку. 2007 йилги ўйинда Украина термаси дарвозасини Андрей Пятов қўриқлаганди. «Динамо»да ўйнаб юрган кезларим ҳам унинг дарвозасини ишғол қила олмагандим. «Арсенал» сафида тўп сурганимда эса бунинг уддасидан чиққанман.
— Ўзбекистон термасида бир неча йил фаолият олиб бордингиз. Аммо жаҳон чемпионатига чиқиш насиб этмади. Бундан афсусланасизми?
— Жуда афсусланаман. Икки марта мундиалга йўл олиш учун реал имкониятга эга бўлганмиз. Ҳар иккисида йўлимизга Баҳрайн термаси тўсқинлик қилган. Бир сафаргисида ҳакамнинг «антиқа» қарори бизга панд берганди.
— «Динамо» таркибида Украина терма жамоаси аъзолари билан бирга тўп сургансиз. Улар орасида сиз учун энг яхшиси ким?
— Ҳаммамиз тенг ўйин намойиш қилардик. Шу боис ҳам кимнидир алоҳида кўрсата олмайман. Бир пайтлари беларуслик Саша Хацкевич ва Валя Белькевич, грузиялик Каха Каладзедан ташқари «Динамо»нинг барча аъзолари Украина термасига жалб этилганлар. Футболчи миллий жамоага чақирилдими, демак у ҳақда фақат илиқ фикр билдириш мумкин.
— Жамоадошларингиз орасида Европа ёки жаҳон чемпионатига чиқа олмай қайғуга тушган футболчиларни кўп кўргансиз. Бундай зарбадан кейин ўнгланиш қийинми?
— Албатта, руҳий тарафдан тикланиш мушкул. Шу боис ҳам ўзингиздаги иштиёқни тезда оширишингиз талаб этилади.
— «Динамо»даги ўйинлардан сўнг шундай ҳолатга тушганмисиз?
— 2003|2004 йиллар мавсумида Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичининг сўнгги турида ўз майдонимизда Миланнинг «Интер»ини қабул қилганмиз. Учрашувда ғалаба қозонган жамоа гуруҳдан чиқишни уддаларди. Аммо ўйин 1:1 ҳисобида якунланган. Ҳалигача ўша баҳсдаги 89-дақиқа кўз ўнгимдан кетмайди. Ўшанда Флорин Чернат жуда қулай вазиятдан гол уролмаганди. Натижада дуранг ҳисоби гуруҳда «Локомотив»нинг иккинчи ўринни эгаллашини таъминлаган. Кейинги йили ҳам шунга ўхшаш ҳолат кузатилган. Гуруҳ босқичи якунланишига бир тур қолганида «Динамо» биринчи ўринда эди. Аммо охирги учрашувда Леверкузенда «Байер»га имкониятни бой берганмиз. «Реал» эса «Рома»ни мағлуб этган. Охир-оқибат 1|8 финал йўлланмасидан маҳрум бўлганмиз.
— Максим Шацких — мураббий. Бир-икки йил олдин шундай бўлишини тасаввур қила олармидингиз?
— Ўйинчилик давримда ҳам фаолиятимни якунлаганимдан сўнг футбол билан алоқани узмайман, деб бир неча бор айтгандим. Аммо қандай соҳада ишлашимни билмасдим. Мана, энди мураббийман. Игорь Михайлович Суркис ва Сергей Станиславович Ребров туфайли узоқ муддат бўш юрмадим. Аксарият футболчилар ўйинчилик ва мураббийлик орасида маълум вақт-ни ўтказиб юборишади. Натижада, кейинчалик ушбу соҳада ўз йўлларини топиб олишлари қийин кечади.
— Сизда А}В мураббийлик дипломи бор. PRO лицензиясини олиш вақти келдими?
— Ҳозирда ўқияпман. Битта сессия бўлиб ўтди. Май ойининг охирида яна биттаси ўтказилади. Декабрда эса лицензияни олишимиз мумкин. Гуруҳимда Владимир Езерский, Сергей Нагорняк каби Украина футболининг таниқли вакиллари бор.
— Қайси мураббийлардан ўрнак олишни истайсиз?
— Бирга ишлаган барча мутахассислардан ниманидир ўрганишга интилганман.
— Европанинг қайси жамоаси ўйинлари ёқади?
— Ҳамиша «Барселона»га мухлислик қилганман. Менга уларнинг тўпни назорат қилиши ёқади. Бироқ баъзан ошириб юборишади. Каталонияликлар доимо рақибни югуришга мажбур этишади. Албатта, кўп нарса Месси, Неймар ва Суареснинг қандай ўйнашига боғлиқ. Умуман олганда, бошқа жамоалар ҳам етакчиларнинг ўйинига боғланиб қолишган.
— Максим Шацких мураббийликда нимани орзу қилади?
- Ҳар бир ёш мураббий катта жамоада ишлашни истайди. Орзум - Киев «Динамо»сини бошқариш. Унга футболчилик фаолиятимнинг 10 йилини бағишлаганман. Аммо ҳар бир нарсанинг ўз вақтида амалга ошгани маъқул.
Ж.БОБОХОНОВ тайёрлади
Манба: www.interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20