«Навбаҳор» - «Қўқон-1912» тўқнашувига 10-турнинг марказий ўйини сифатида қаралганди ва воқеалар ривожи бу бежиз эмаслигига далолат берди. Биринчидан, «Навбаҳор» стадионида мухлислар ташрифи бўйича жорий мавсум рекорди қайд этилди. Иккинчидан, бутун 90 дақиқа давомида кескин кураш руҳи уфуриб турди.
Дастлабки таҳликали вазият мезбонлар дарвозаси олдида содир этилди. 2-дақиқада уюштирилган тезкор қарши ҳужум натижасида Филипп Райевац қулай имконият ҳосил қилди. Аммо «Қўқон-1912» тўпурарига «Навбаҳор» дарвозабонини доғда қолдиришда совуққонлик етишмади. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, Наманган клуби мураббийлар штабининг мажбурий ўзгаришга қўл уришига тўғри келди - Илҳом Мўминжонов жароҳатланган Ғиёс Комилов ўрнига Дарко Станоевични майдонга туширди. 8-дақиқага келиб, Жаҳонгир Меҳмонов кучли зарба воситасида меҳмонлар посбони Азиз Ашуров ҳушёрлигини синаб кўрди. Яна 3 дақиқадан сўнг Дилшод Жабборов қулай вазиятни йўққа чиқарди. Ҳисоб эса биринчи бўлим ўрталарида очилди. Бунда «лочинлар»га жарима зарбаси қўл келди. Зеро, тўп ошириб берилгач, «Қўқон-1912» жарима майдони ичида пала-партишлик кузатилди ва Неманья Йованович бундан фойдаланиб, боши билан аниқ зарба йўллади. Эътиборли томони, қўқонликлар бундан олдинги 8та учрашувда ҳисобни очиш вазифаси уддасидан чиқишганди.
Танаффусдан кейин ҳам жамоалар ҳужумлар кетма-кетлигини узишгани йўқ. Хусусан, «Навбаҳор»дан Азиз Турғунбоев ва Дилшод Жабборов қулай имкониятга эга бўлишди. Меҳмонлар эса Жавоҳир Сиддиқов, Андрей Сидоров ва Филипп Райевацнинг зарбаларидан сўнг ҳисобни тенглаштиришлари мумкин эди. Аммо ҳисоб анчагача ўзгармай турди. Охирида эса Валентин Коваленко фаол ўйнаган Жавоҳир Сиддиқовга қўполлик ишлатилганини қайд этиб, «Навбаҳор» дарвозаси томон пенальти белгилади. Айтиш жоиз, унинг бу қарори мезбонларда кучли эътироз уйғотди. Маълум тортишувлардан сўнг Мурод Холмуҳаммедов 11 метрли нуқтадан зарба йўллади - бехато. Аммо Коваленко голни инобатга олмай, зарбани такроран бажариш зарурлигига ишора қилди. Совуққон ҳимоячи ўз навбатида, иккинчи уринишда ҳам гол уришни уддалаб, якуний ҳисобни ўрнатди - 1:1.
Факт. Наманганда ўйинни 20220 мухлис бевосита стадионда кузатди. Бу мухлислар ташрифи бўйича жорий мавсум рекордидир. Бунгача энг юқори кўрсаткич 3-турда айнан «Навбаҳор»нинг «Нефтчи»га қарши ўйинида қайд этилганди - 18992 мухлис. Умуман, Наманган клуби жорий мавсум 6та тур якуни бўйича энг кўп мухлис йиққан жамоа бўлди.
«Қўқон-1912»нинг мағлубиятсиз серияси 9та ўйинга етди. Нўъмон Ҳасанов жамоаси 1-турда ўз майдонида «Насаф»га имкониятни бор бергач, кейинги ўйинларда 5та ғалаба ва 4та дурангга эришди. Хуллас, «Қўқон-1912» сафарда ҳали мағлубиятга учрагани йўқ. «Навбаҳор» эса ўз майдонида мағлубиятсиз одимламоқда - 6та ўйин.
«НАВБАҲОР» - «ҚЎҚОН-1912» - 1:1 (1:0)
12 май. Наманган. 20220 томошабин.
Ҳакамлар: В.Коваленко (Тошкент) - 8,7; М.Саидқосимов (Тошкент) - 8,6; А.Цапенко (Тошкент вил.) - 8,4; Ж.Мухторов (Тошкент) - 8,0.
Голлар: Н.Йованович (23) - М.Холмуҳаммедов (90-пен.).
«Навбаҳор»: 30. А.Омонов, 2. А.Саматов, 4. А.Отахонов, 5. Ғ.Комилов (44. Д.Станоевич, 7), 7. О.Қиличев (11. А.Султонов, 81), 9. Д.Жабборов, 19. М.Ғофуров, 21. А.Алиев, 32. Ж.Меҳмонов, 77. А.Турғунбоев, 84. Н.Йованович (8. Р.Хурсанов, 65).
«Қўқон-1912»: 12. А.Ашуров, 4. Б.Акрамов, 5. Ж.Кимсанов, 9. Н.Отақўзиев (8. С.Ҳамидов, 75), 10. Ж.Сиддиқов, 19. С.Бердиев (11. А.Сидоров, 46), 23. А.Мерзляков, 24. И.Раҳимов (7. Д.Ҳасанов, 46), 55. Д.Гожкович, 77. М.Холмуҳаммедов, 99. Ф.Райевац.
Огоҳлантиришлар: А.Алиев (37), А.Саматов (54), А.Турғунбоев (67), Д.Жабборов (88) - Д.Гожкович (25), А.Мерзляков (90Қ3).
Энг яхши ўйинчилар: О.Қиличев - Ж.Сиддиқов.
Назоратчи: С.Эрматов (Тошкент).
Комиссар: А.Иноятов.
Ўйиндан кейинги фикрлар:
Нўъмон Ҳасанов («Қўқон-1912» бош мураббийи): - Дербига хос ўйин. Майдонда кескин кураш борди, асабийлик ҳам кузатилди. Икки жамоа ҳам ютқазишни истамади. «Навбаҳор» биринчи бўлимни ўз фойдасига ҳал қилгач, танаффусда 2та ўзгаришни амалга оширдим. Яъни иккинчи бўлимда 3 нафар ҳужумчи билан ҳаракатлана бошладик. Айнан шу жиҳат самара берди, менимча. Натижа ўйинга мос бўлди. Зеро, ҳакамнинг финал ҳуштаги чалингунга қадар кураш тинмади. Иккинчи бўлимда «Навбаҳор» футболчилари ҳимояга эътиборни ошириб, ҳисобни сақлаб қолишга ҳаракат қилишди. Аслида бундай шароитда аввалгидек тўп суриб, иккинчи голни уришга интилиш лозим. Хуллас, наманганликлар ҳимояга ўтиб, бизга енгиллик яратиб беришди. Натижада ҳужумларимиз шиддати ошди, хавфли вазиятлар кўпайди. Бунинг самараси ўлароқ, якунда гол урдик. Ўз ўрнида, Наманганга келиб, жамоамизни бевосита стадионда қўллаб туришгани учун мухлисларимизга раҳмат.
Агарда Жавоҳир Сиддиқов жамоадан кетса, унинг ўрни билинади, албатта. Дейлик, «Пахтакор»га қарши баҳсда Сиддиқовнинг майдонга тушмагани яққол сезилди. Тўғри, ҳозирча Жавоҳирни «Пахтакор»га қайтиши масаласида ҳеч қандай расмий маълумот йўқ. Лекин уни ижара келишуви бўйича ўйнатяпмиз ва тошкентликлар исталган вақт футболчини ортга қайтаришлари мумкин.
Илҳом Мўминжонов («Навбаҳор» бош мураббийи): - Афсуски, сўнгги паллада ғалабани қўлдан чиқардик. Ёш ҳимоячи Аббос Отахоновга охирида тажриба етишмади. Лекин футболчи шундай ўйинлар орқали тобланади. Коваленко олий даражали ҳакам, буни ҳамма билади. Қолаверса, ҳакамликни назорат қиладиган масъуллар бор. Шундай экан, Коваленко ишига назоратчининг баҳо бергани маъқулроқ. Эътиборли жиҳати, Жавоҳир Сиддиқовнинг ўзи майдондан чиқиб кетаётиб, аслида пенальти бўлмаганини айтиб, футболчиларимиздан узр сўради. Ҳаттоки кўзидан ёш оққанини ҳам айтишди.
Чемпионатимиз шу тарзда ривожланса, яқин йиллар ичида ЖЧ йўлланмасига ҳам эга чиқамиз, албатта. Бизда «Бухоро»га қарши кейинги учрашув олдидан айрим йўқотишлар бор. Дейлик, Йованович майдонга тушолмайди. Аслида у бугун ҳам жароҳат сабаб, ўйнамаслиги керак эди. Шунга қарамай, уни таркибга киритдик. Биринчи бўлимдан кейин Йовановичнинг ўзи уни алмаштиришимизни сўради. Аммо ўйин аҳамиятидан келиб чиқиб, хизматларидан кўпроқ фойдаландик. Бу эса жароҳати янада жиддийлашишига олиб келди ва энди унинг тикланиши бироз чўзилса керак. Аъзам Алиевда эса сариқ карточкалари сони 4тага етди, Рўзимбой Аҳмедовда жароҳат бор. Ўйлайманки, ихтиёримизда йўқотишларни сездирмайдиган футболчилар топилади. Ўйинларимизга бугунгидек кўп мухлис йиғилмаганди. Агарда жамоамиз муносиб тўп сурмаганида, бундай кўрсаткичга эришолмасдик. Бугунги натижани мухлисларимиз қандай қабул қилишади? Билмайман. Улар стадионни яна тўлдиришлари учун ижобий натижаларни қўлга киритишимиз лозим.
Айтишларича, Комиловнинг жароҳатини жиддий экан. Оёғининг тизза қисми қайрилган ва тикланиши учун қанча вақт кетиши номаълум. Қиличевни ўзи алмаштиришимизни сўради. Шунга қарамай, уни ҳам майдонда маълум вақт ушлаб турдик. Ойбек катта ҳажмда ишлаб, бироз толиқиб қолганди.
Манба: www.iff.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20