Олий лига-2017нинг учдан бир қисми ортда қолди. 10та тур таассуротларига таяниб айтсак, афтидан, «Локомотив» яна чемпион бўладиган кўринади. Ҳозирдан шундай фикр юритишимиз сабаби шуки, ғолибликка даъвогар сифатида тилга олинган клублардан биргина «Локо» дадилроқ ўйнаб, ишонч билан карвонбошилик қилмоқда. Қолаверса, ўтган ҳафта кучли учликда бораётган жамоалар ичида ҳам фақат амалдаги чемпионгина 3 очко олди. Умуман, 10-тур доирасидаги 8та ўйиндан 3тасида дуранг қайд этилди ва 5таси мезбонлар фойдасига ҳал бўлди. Айтганча, аввалги турда ҳам меҳмонда ўйнаган клублардан ҳеч бирига ортга 3 очко билан қайтиш насиб этмаганди.
КУЧЛАР ТЕНГ...
Тафсилоти аввалги саҳифада алоҳида ёритилган «Навбаҳор» - «Қўқон-1912» ўйини бир неча жиҳатларга кўра, принципиал аҳамият касб этди: «водий дербиси», «аншлаг», турнир жадвали ҳолати ва ҳоказо. Қўқонликларнинг сўнгги дақиқада пенальтидан ҳисобни тенглаштиришганини инобатга олсак, ўйиннинг қай даражада драматик тус олганини тасаввур қилиш қийин эмас.
Шунингдек, «Динамо» ва «Насаф» ўртасидаги учрашувда ҳам юқори «ҳарорат» сезилиб турди. Тўғри, қаршиликлар кўпроқ ҳужум уюштиришди, аммо якунда Самарқанддан 1 очко билан қайтишларига тўғри келди. Оддий айтганда, Олег Тюлькиннинг шижоатли жамоаси ҳамон стартдаги инерциясини йўқотгани йўқ. Ҳа. самарқандликлар 4та ўйиндан буён ғалаба қозонишмаяпти, аммо «Насаф»дек рақибдан олинган 1 очко ҳам дебютант учун қимматли саналса керак.
«Машъал» - Олмалиқ» ўйини натижаси ҳам, кўрсатилган футбол сифати ҳам ҳар икки жамоа мураббийини бирдек қониқтирмади. Ахир ҳисоб очилмагач, хавфли вазиятлар кам кузатилгач, бошқача бўлмайди-да. Боз устига, Александр Хомяков шогирдлари пенальтини ҳам кўкка совуришди.
ЧЕМПИОНЛИК САРИ
«Қизилқум» етакчиларга етарли қаршилик кўрсатадиган жамоалар сирасига киради. Масалан, навоийликлар жорий мавсум Тошкентда «Бунёдкор»ни мағлубиятга учратишдан ташқари, «Насаф»дан очко тортиб олишди. Аммо «Локомотив»га келганда, жамоанинг тоқати бир бўлимга етди, холос. Чунончи, «темирйўлчилар» танаффусдан кейин бирин-кетин 2та гол уриб, 3 очкони ўз томонларига оғдиришди. «Локо»га 67-дақиқада белгиланган пенальти ҳам ёрдам берди, албатта. Яъни Марат Бикмаев 11 метрлик белгидан аниқ зарба йўллаш асносида голли сериясини 5та ўйинга етказгач, Жалолиддин Машарипов ишни охирига етказиб қўя қолди. Эҳ, 56-дақиқада Илҳом Юнусов ҳам пенальтидан фойдаланганидами, «Қизилқум» балки бу сафар ҳам «сенсация» кўрсатармиди...?
ЎЗИГА КЕЛАЁТГАН «ПАХТАКОР»
«Пахтакор» - «Бухоро» ўйинининг энг эътиборли ва таажжубланарли жиҳати - бу стадионга тушган мухлислар сони. «Пахтакор» аренасида 2000дан кўп мухлис кўрганимизга анча бўлганди-ёв. Расмий қайдномага ишонсак, бу сафар ўйинни 5650 (!) томошабин кузатиб борди. Бунда албатта, совринли викторина ўтказилаётганининг улуши ҳам бор. Натижага келсак, «Пахтакор» муҳим ғалабани қўлга киритди. Иккинчи бўлим боши ва охирида Владимир Козак ҳамда Суҳроб Нуруллаев гол ургач, «Бухоро» «синиб» қоладигандек туюлганди. Аммо Улуғбек Бақоев шогирдларига қойил қолиш лозим, охирига қадар кураш олиб боришди ва Иван Нагаев қўшиб берилган дақиқаларда ҳисобни қисқартиришга эришди. Бироқ меҳмонларга вазиятни ўнглаш учун вақт етмади, балки бироз омад ҳам...
ЎЗИДАН КЕТАЁТГАН «БУНЁДКОР»
Афтидан, «Бунёдкор»даги муаммолар илдизи анча чуқур, шекилли. Зеро, бош мураббий ўзгаргач ҳам, жамоа ўзига келолмаган кўринади. «Қалдирғочлар» ўтган ҳафта Ғузорда «Шўртан»га қарши майдонга тушиб, кичик ҳисобда мағлубиятга учрашди. Ихтиёр Каримов жамоаси эса ғаройиб статистикасини давом эттирмоқда - фаворитларни енгиб, «оддий» рақибларга имкониятни бой бериш анъанасини. Қаранг, ғузорликлар жорий мавсум ўз майдонларида «Локомотив» (2:0) ва «Пахтакор» (3:0)дан ишончли тарзда 3 очко тортиб олишганди. Энди навбат «Бунёдкор»га келди - «қалдирғочлар» Умар Эшмуродовнинг 15-дақиқада урган голига жавоб қайтара олишмади. Агар «Шўртан» фақат етакчилар эмас, ўртамиёналар билан ҳам шундай ўйнасами, бемалол совринли ўринлар учун даъво қиларди...
«ЎЛМОҚ» ЁКИ «ТИРИК» ҚОЛМОҚ...
10-турга келиб, мусобақа жадвалининг қуйи қисмида ҳам кураш авж олди. Хусусан, сўнгги ўриндаги жамоа ўзгарди - «Металлург» ўрнига «Обод» 16-қаторга сурилди. Хуллас, бекободликлар ўз майдонларида «Сўғдиёна»ни 3:1 ҳисобида енгиб, ниҳоят, бирозгина юқорилашди.
«Жон» сақлаш учун энг жиддий кураш «Нефтчи» ва «Обод» баҳсида кузатилди. Ўйин тақдирини Мўйдин Мамазулунов томонидан 63-дақиқада урилган ягона гол ҳал қилди. Эътиборлиси, «Нефтчи» жорий мавсум ҳисобидан ўз майдонида илк марта ғалаба қозонди. Аммо Фарғонадаги стадионга атиги 758 нафар мухлис тушгани кўнгилни хира қилади. Ахир яқин-яқинда ҳам «Нефтчи»нинг эскигина аренаси ишқибозларни сиғдиролмасди. Унинг эски таблоси эса тилларда достон бўларди. Энди «Нефтчи» яп-янги стадион ва замонавий таблога эга, аммо мухлислар масаласида сира мақтанолмайди. Ваҳоланки, «Обод»га қарши кечган ўйин мусобақа жадвали аҳамияти жиҳатидан жуда муҳим эди, аммо... Умуман, йил бошидан буён ўз майдонида ғалаба тортиқ этмаган жамоа яна нима кутиши мумкин эди...?
ТУР ҚАҲРАМОНИ - УМАР ЭШМУРОДОВ
«Шўртан» клуби «Бунёдкор»ни аввало, жамоавий ўйин эвазига енгди. Шу боис, бутун жамоани эътироф этиш лозимдир. Аммо шунинг баробарида Умар Эшмуродовнинг ягона голга муллифлик қилишдан ташқари, 90 дақиқа давомида «Бунёдкор»нинг муттасил ҳужумларини бартараф этишда фаоллик кўрсатганини алоҳида айтиш ўринли. Шуларни инобатга олсак, қаҳрамонлик мақоми айнан унга тегишли. Чунончи, Эшмуродов расмий қайдномада ҳам «Шўртан»нинг ўйиндаги энг яхши футболчиси сифатида кўрсатилди.
ТУР ИҚТИБОСЛАРИ
- «Насаф»дек рақибга қарши ўйинда очиқ футбол намойиш этиш - бу ўз устингдан ҳукм ўқиш билан тенг. Олег ТЮЛЬКИН («Динамо» бош мураббийи).
- Мақсадимиз - ОЧЛга йўлланма олиш. Кубок турнири орқалими ёки чемпионат орқали - бунинг фарқи йўқ. Миржалол ҚОСИМОВ («Бунёдкор» бош мураббийи).
- Агар пенальтидан унумли фойдаланганимизда, балки ҳаммаси бошқача бўлармиди? Ҳамиджон АКТАМОВ («Қизилқум» бош мураббийи).
- Баъзи етакчи футболчиларни ҳаттоки, иссиғи ошганига қарамай, майдонга туширишга мажбур бўлдик. Рауф ИНИЛЕЕВ («Обод» бош мураббийи).
- Менга ҳакамнинг учрашувга 3 дақиқагина қўшиб бергани ёқмади. Зеро, тўхталишлар вақти 6-7 дақиқани ташкил этганди. Улуғбек БАҚОЕВ («Бухоро» бош мураббийи).
- Иккинчи бўлимда «Навбаҳор» футболчилари ҳимояга эътиборни ошириб, ҳисобни сақлаб қолишга ҳаракат қилишди. Аслида бундай шароитда аввалгидек тўп суриб, иккинчи голни уришга интилиш лозим. Хуллас, наманганликлар ҳимояга ўтиб, бизга енгиллик яратиб беришди. Нўъмон ҲАСАНОВ («Қўқон-1912» бош мураббийи).
«ШЎРТАН» - «БУНЁДКОР» - 1:0 (1:0)
12 май. Ғузор. 3221 томошабин.
Ҳакамлар: А.Асимов (Тошкент) - 8,5; Р.Серазетдинов (Тошкент) - 8,6; Б.Қодиров (Бухоро) - 8,6; Э.Турсунов (Бухоро) - 9,0.
Гол: У.Эшмуродов (15).
«Шўртан»: 1. Э.Тожибоев, 4. Ж.Отақулов, 7. О.Каримов, 11. З.Полвонов, 14. У.Эшмуродов, 15. О.Жўрабоев, 17. Ғ.Раҳмонов, 19. М.Муродов (29. Қ.Нурметов, 70), 22. С.Ҳамроев, 27. С.Собирхўжаев (12. Л.Убайдуллаев, 90Қ3), 77. О.Нарзуллаев (3. А.Ғуломхўжаев, 78).
«Бунёдкор»: 25. М.Зуҳуров, 2. Р.Ашурматов, 4. А.Комилов, 7. Д.Мичич (16. А.Саноев, 35), 8. Ж.Иброҳимов, 9. Ш.Нурматов, 10. Э.Шомуродов, 17. Д.Ҳамдамов, 19. Н.Тўхтасинов (97. Ж.Эсонқулов, 68), 21. Д.Аҳмадалиев, 29. О.Шукуров.
Энг яхши ўйинчилар: У.Эшмуродов - Ж.Иброҳимов.
Назоратчи: Б.Тоғаев (Тошкент).
Комиссар: Н.Лутфулин.
Миржалол Қосимов («Бунёдкор» бош мураббийи): - «Шўртан»ни ғалаба билан табриклайман. Аслида бугун мағлубиятга лойиқ эмасдик. Айтишим жоиз, ўйиннинг ўзи томошабоп бўлди: тезлик, шиддат, кураш... Шогирдларим етарлича вазиятлар яратишди, аммо тажрибасизлик панд берди. Футбол шундай бешафқат. Агар имкониятлардан оқилона фойдаланганимизда, 3-4та гол уришимиз ҳеч гап эмасди. Қувонтирадиган жиҳати, йигитлар сўнгги сонияга қадар курашишди ва мухлислар ўйин сифатидан қониқишди, менимча. Ғалаба ва мағлубият ёнма-ён юради. Шу ўйин асносида хатолар устида ишлашга ҳаракат қиламиз. Олдимизга энг юқори мақсадларни қўйганмиз. 16-17 ёшар футболчи ёш ҳисобланади. Ёши 20дан ўтдими, бундай дейиш ярамайди. Йигитларга ғолиблик руҳини қайтаришимиз керак. Бунга маълум вақт кетади. Мақсадимиз - кейинги мавсумда ҳам ОЧЛга чиқиш. Кубок орқали йўлланма оламизми ёки чемпионат орқали - бунинг фарқи йўқ.
Ихтиёр Каримов («Шўртан» бош мураббийи в.б.): - Аввало, мухлисларимизни ғалаба билан табриклайман. Бугун жуда оғир ўйин бўлди. Зеро, «Бунёдкор» назоратни тўлиқ ўз қўлида ушлаб турди. Муҳими, ягона гол ва ҳимоядаги бехато ҳаракатлар жамоамизга 3 очко тақдим этди. Таран ва Бойматов? Насиб қилса, Игорь яқин орада сафга қўшилади. Элдорнинг тикланиши учун эса яна бир ҳафта керак.
«МЕТАЛЛУРГ» - «СЎҒДИЁНА» - 3:1 (2:0)
12 май. Бекобод. 1112 томошабин.
Ҳакамлар: З.Қодиров (Навоий) - 8,7; Р.Самандаров (Навоий) - 8,6; О.Жумаев (Навоий) - 8,3; К.Расулов (Қарши) - 9,0.
Голлар: И.Қобилов (8), Д.Турсунов (21), Ж.Абдумўминов (54) - Ғ.Ўрунов (50-пен.).
«Металлург»: 1. З.Сафоев, 4. Ҳ.Ҳошимов, 11. М.Тошматов, 13. С.Қодирқулов (22. И.Исоқжонов, 76), 15. З.Абдуллаев, 17. М.Сулаймонов, 19. А.Зиёвуддинов (8. А.Нўъмонов, 65), 20. Д.Турсунов, 28. А.Тошқўзиев, 40. И.Қобилов (6. Д.Каримов, 69), 70. Ж.Абдумўминов.
«Сўғдиёна»: 12. Ш.Эшбўтаев, 3. А.Исроилов, 5. Ғ.Ўрунов, 13. Р.Аъзамов, 17. И.Тошпўлатов, 18. Қ.Баҳодиров, 20. У.Худойбердиев, 22. Д.Абдураҳмонов, 34. О.Халилов (11. Ш.Достонов, 46), 59. С.Жўраев (35. Ш.Жўрабеков, 78), 77. С.Эминов.
Огоҳлантиришлар: З.Абдуллаев (90+2) - И.Тошпўлатов (66).
Энг яхши ўйинчилар: Ҳ.Ҳошимов - И.Тошпўлатов.
Назоратчи: Р.Айтеков (Тошкент).
Комиссар: Б.Ҳайдаров.
Даврон Файзиев («Сўғдиёна» бош мураббийи): - Бугун 2 нафар марказий ҳимоячимиз дисквалификация туфайли майдонга тушолмади. Боз устига, Мамадалиев ва Рашидов ёрдамига таянолмадик - уларда жароҳат бор. Биринчи бўлимдаги 2та стандарт вазият барчасини ҳал қилди. Танаффусдан кейин вазиятни ўнглашга уриндик, аммо ҳисобни тенглаштиролмадик. Ҳаёт давом этади, таркибда асосан ёш футболчиларга ишонч билдиргандик. Улар ҳозирча ишончни тўла оқлашмади. Умуман, бугунги ўйин учун ихтиёримда атиги 13 нафар соғлом футболчи қолганди. Бу баҳона эмас. Шунчаки, бор гапни айтяпман. Ҳаммаси йиғилиб, қимматга тушди...
Абдуқаҳҳор Маъруфалиев («Металлург» мураббийи): - Тезкор гол футболчиларимиз руҳиятини кўтарди ва ишимиз анча енгиллашди. Тайёргарлик жараёнида «Сўғдиёна» ўйинларини синчиклаб ўргандик. Менимча, жиззахликларнинг ўз ўйинларини кўрсатишларига таркибдаги йўқотишлар халақит берди. Машғулотлар давомида стандарт вазиятлар устида кўп ишлагандик. 3та голнинг ҳам бош билан урилгани меҳнатларимиз самарасиз кетмаганидан далолат. Жамоамизнинг турнир жадвалидаги ҳолатидан келиб чиқиб айтсак, ҳар бир кейинги ўйин биз учун финалга тенг. Мана, Тошкентда «Бунёдкор»дан очко олгандик, энди «Сўғдиёна»ни енгдик. Ҳозир ёшларга алоҳида эътибор қаратяпмиз. Тезкор, замонавий футбол намойиш қилиш учун шундай ишлашда давом этишимиз керак, менимча.
«ПАХТАКОР» - «БУХОРО» - 2:1 (0:0)
12 май. Тошкент. 5650 томошабин.
Ҳакамлар: В.Агишев (Тошкент) - 9,0; А.Усмонов (Тошкент) - 9,0; Т.Гайнулин (Тошкент) - 9,0; И.Гармашов (Тошкент) - 9,0.
Голлар: В.Козак (48), С.Нуруллаев (82) - И.Нагаев (90).
«Пахтакор»: 12. А.Лобанов, 4. А.Ораховац, 5. А.Исматуллаев, 7. А.Аҳмедов (31. Ж.Юсупов, 86), 8. Ш.Каримов (20. Ж.Ҳакимов, 79), 11. И.Сергеев, 21. К.Тожиев, 24. Д.Ҳошимов, 27. Д.Иброҳимов (17. С.Нуруллаев, 64), 28. С.Андреев, 29. В.Козак.
«Бухоро»: 12. А.Турсунбоев, 3. Б.Омонов, 5. К.Пасичник, 11. С.Шихов, 17. А.Шоғуломов, (7. С.Неъматов, 51), 22. Ш.Гадоев (10. Б.Ваҳобов, 74), 23. З.Пиримов (19. Ж.Ҳасанов, 61), 27. Р.Ҳасанов, 28. Э.Исмоилов, 29. В.Баенко, 77. И.Нагаев.
Огоҳлантиришлар: А.Аҳмедов (24) - Э.Исмоилов (81).
Энг яхши ўйинчилар: А.Аҳмедов - И.Нагаев.
Назоратчи: С.Нажафалиев (Тошкент).
Комиссар: Г.Ртвеладзе.
Улуғбек Бақоев («Бухоро» бош мураббийи): - «Пахтакор»ни ғалаба билан табриклайман. Бугун қизиқарли футбол гувоҳига айландик. Ўйинга жиддий тайёргарлик кўрган ва Тошкентга яхши ниятда очко олиш илинжида келгандик, аммо кутганимиз бўлмади. Ҳисобда ортда қола бошлагач, «вабанк»ка боришдан ўзга чора тополмадик. Гол уришга ҳам эришдик, лекин вазиятни тўлиқ ўнглашга улгурмадик.
- Ўйин якунлангач, ҳакамлар хонасига кирганингизни кўрдик...
- Бош ҳакамнинг учрашувга 3 дақиқагина қўшиб бергани ёқмади. Чунки тўхталишлар вақти 6-7 дақиқани ташкил қилди, шуни ҳам ҳисоблаб тургандик. Лекин саволимга жавоб ололмадим. Шунингдек, дарвозамиз ортида тўп йўқ эди. Футбол қоидалари бўйича дарвоза ортида захира тўпи туриши керак, аммо... Хуллас, дарвозабонимиз тўп ортидан югуриб юришга мажбур бўлди. Шунга тушунмадим...
Жасур Абдураимов («Пахтакор» бош мураббийи в.б.): - Биз учун осон учрашувнинг ўзи йўқ. Ёшларимиз аста-секин жамоага мослашиб, ўйинга киришиб бормоқдалар. Яъни футболчиларимиз турдан-турга яхши томонга ўзгармоқдалар. Қийин ўйинда муҳим 3 очко олдик. Иш бошлагач, биринчи навбатда, жамоани жипслаштиришга ҳаракат қилдим. Мени қувонтираётгани, йигитлар аҳилликда ҳаракатланиб, майдонда бор кучларини сарфламоқдалар.
- Ўйин тугаши билан Лобанов ёш футболчи Жамшид Юсуповга кескин равишда эътироз билдирди. Бундай ҳолат катта майдонни энди кўраётган ёш футболчига руҳан таъсир қилмайдими?
- Эътироз ўринли бўлса, бу муаммо эмас. Ёш футболчиларга вақтида эътироз билдириб, йўл-йўриқ кўрсатиб туриш маъқул. Аммо нуқул танбеҳ бериш ярамайди. Лобанов унга гол урилмаган вазият бўйича гапирди. Ёш футболчилар ҳозирги кунда тезда юлдузга айланиб олишади. Шунинг учун ҳам, ўринли эътирозларни ўз вақтида билдириш шарт.
- «Пахтакор»нинг барча футболчилари ижодий руҳда тўп суришди. Яъни ижобий силжиш сезилмоқда. Лекин ҳамон вақтинча мураббий мақомида ишлаяпсиз. Бу сизга қандай таъсир қилади? Дейлик, бир ойдан кейин сизни ҳам Равшан Ҳайдаров каби истеъфога чиқаришлари мумкинми?
- Ҳаётда таваккал қилишни хуш кўраман. Ҳозирги иш мен учун - катта тажриба. Кичик имконият берилган экан, бундан максимал даражада фойдаланишга уринаман. Муддат қанча, қачонгача ишлайман? Бу муҳим эмас. Демоқчиманки, қанча муҳлат берилишидан қатъий назар, ишни чин юракдан, профессионаллардек бажаришга ўрганганман. Шундай қийин паллада ишонч билдиришдими, демак, бундан фойдаланиб қолишим керак. Мураббийнинг қисмати шу - бугун ишлаши мумкин, эртага йўқ. Аввало, ўзимга кимлигим, нималарга қодиригимни кўрсатмоқчиман.
«НЕФТЧИ» - «ОБОД» - 1:0 (0:0)
12 май. Фарғона. 758 томошабин.
Ҳакамлар: Б.Намозов (Тошкент) - 8,5; А.Сидоров (Тошкент) - 8,0; Д.Сайлалов (Тошкент) - 8,4; Ш.Насибуллаев (Наманган) - 9,0.
Гол: М.Мамазулунов (63).
«Нефтчи»: 16. А.Абдужалилов, 5. Ҳ.Каримов, 6. Б.Ёқубов (10. М.Мамазулунов, 63), 9. Ш.Ҳакимов (30. С.Абдужабборов, 81), 11. А.Махсталиев, 15. Ҳ.Ғофуров, 17. М.Музаффаров, 20. Д.Эрматов, 21. М.Убайдуллаев, 23. А.Абдулҳақов, 55. Д.Комаровский (18. Ж.Расулов, 89).
«Обод»: 1. Ш.Абдуллаев, 2. А.Ҳусинов, 3. А.Ғофуров, 5. Ғ.Умиров, 6. Ш.Жалилов, 7. С.Рихсибоев, 10. С.Эрматов (9. П.Соломин, 42), 11. Ш.Норхонов, 18. С.Тўрақулов (21. Н.Ҳаипов, 65), 19. С.Қаҳҳоров, 20. И.Бикмайкин (8. Д.Ҳасанов, 46).
Огоҳлантиришлар: А.Махсталиев (75) - Н.Ҳаипов (87).
Энг яхши ўйинчилар: М.Мамазулунов - А.Ғофуров.
Назоратчи: Д.Роман (Тошкент).
Комиссар: В.Лёткин.
Рауф Инилеев («Обод» бош мураббийи): - Фарғонага таркибдаги йўқотишлар билан келдик. Баъзи етакчи футболчиларимизни ҳаттоки, иссиғи ошганига қарамай, майдонга туширишга мажбур бўлдик. Майдон эгалари ғалабага лойиқ ўйин кўрсатишди. «Нефтчи» хавфли вазиятдан унумли фойдаланди ва 3 очко олди. «Обод»нинг ўйинидан кўнглим тўлмади. Бу бизнинг энг яхши ўйинимиз эмас. «Нефтчи»нинг тарихи ва натижаларини жуда яхши биламан. Ҳар қандай клубдаги каби бу жамоада ҳам авлодлар алмашуви жараёни давом этмоқда. «Нефтчи» ҳали ўз сўзини айтади. Бунга ишонаман. Фарғонага келиб, катта ўзгаришларни кўрдим. «Истиқлол»дек кўркам аренанинг ўзи вилоятнинг ривожланиб бораётганидан далолат.
Андрей Фёдоров («Нефтчи» бош мураббийи): - Футболчиларга раҳмат, улар майдонда қаттиқ тер тўкишди. Ҳаво жуда иссиқ. Йигитлар бундай шароитда ўйнашга ҳали тайёр эмаслар. Биринчи бўлимдаёқ гол уриш учун бир қатор вазиятларни юзага келтирдик. Афсуски, улардан фойдалолмадик, шунчаки, сўнгги нуқтани қўядиган футболчи топилмади. Аслида вазиятлардан голлар уриб, ўйинни хотиржам назорат қилиб бориш керак эди. Голдан сўнг йигитлар асабий руҳда ўйнашди. Чунки мавсум бошидан буён Фарғонада ғалаба қозониш насиб этмаганди. Шу сабабми, йигитлар ижобий натижани сақлаб қолиш илинжида бироз ҳис-хаяжонга берилишди, менимча. Ҳа, ғалаба жуда зарур эди ва бу натижа йигитларни навбатдаги баҳслар учун яхшигина руҳлантиради. Босимдан қутулиш учун ҳам ғалабалар зарур.
--------------------------------------------------------------------------
«МАШЪАЛ» - «ОЛМАЛИҚ» - 0:0
13 май. Муборак. 2021 томошабин.
Ҳакамлар: Р.Эрматов (Тошкент) - 9,0; А.Расулов (Тошкент) - 9,0; Ж.Саидов (Тошкент) - 9,0; Р.Лутфулин (Тошкент) - 9,0.
Амалга оширилмаган пенальти: С.Раҳмонов (68, М.).
«Машъал»: 35. Ж.Илёсов, 3. С.Раҳмонов, 10. Ҳ.Муртазоев, 13. Ш.Шайманов, 22. Б.Қосимов, 18. А.Шодмонов (2. И.Шойқулов, 28), 19. З.Қўзибоев, 55. А.Агалиев, 77. А.Олимов (8. М.Камолов, 29), 90. З.Тўраев, 31. И.Тиманюк.
«Олмалиқ»: 46. Х.Хўжаев, 2. А.Ҳожиакбаров, 5. Д.Жўраев (8. Ш.Григалашвили, 89), 9. З.Ўринбоев (10. Ш.Норбеков, 76), 15. Ф.Мусабеков, 17. К.Мурзоев, 18. Ш.Муллажонов, 19. И.Иномов, 21. Ғ.Ғуломов, 55. Р.Бердимуродов, 90. В.Косминин.
Огоҳлантиришлар: Ш.Шайманов (73), М.Камолов (80) - Р.Бердимуродов (12), К.Мурзоев (27), Д.Жўраев (32), В.Косминин (47), Ш.Григалашвили (90+5).
Энг яхши ўйинчилар: З.Тўраев - И.Иномов.
Назоратчи: М.Исмоилов (Тошкент).
Комиссар: В.Штерн.
Виктор Кумиков («Олмалиқ» бош мураббийи): - Йигитлар иссиқ ҳавода қийналиб, антифутбол кўрсатишди, шекилли. Қисқаси, жуда суст ҳаракатландик. Ҳар ҳолда, «Машъал» яхшироқ кўринди. Вақтида бу клубда ишлаганман. Ўша пайт «Машъал» чемпионат пешқадамлари қаторида юрарди. Ҳозир эса асосан ўз тарбияланувчиларига кўпроқ эътибор қаратмоқда.
Александр Хомяков («Машъал» бош мураббийи): - Режаларимизни амалга оширолмадик. Ҳавонинг жуда иссиқлиги ҳам таъсир қилди. Рақибнинг кучли томонларини билган ҳолда, тўпни кўпроқ ушлаб туриш ва қарши ҳужумда ўйнашни ўйлагандик. Афсуски, бундай қилолмадик. Иккинчи бўлимда ҳаво ҳарорати бироз пасайди ва тезроқ ўйнаш имконияти туғилди. Пенальти тепиш ҳуқуқини ҳам қўлга киритдик, аммо омад... Иккинчи томондан, мағлубиятга ҳам лойиқ эмасдик. Хуллас, дуранг - адолатли натижа. Аммо бугунги дуранг икки томонни ҳам қониқтирмади, менимча. Биринчи бўлимда 2та мажбурий ўзгаришни амалга оширишганимизни унутмаслик керак.
«ЛОКОМОТИВ» - «ҚИЗИЛҚУМ» - 2:0 (0:0)
13 май. Тошкент. 1155 томошабин.
Ҳакамлар: Ш.Қосимов (Тошкент) - 8,8; Т.Галеев (Тошкент) - 8,6; А.Пўлатов (Тошкент) - 8,6; Д.Клепиков (Тошкент) - 8,0.
Голлар: М.Бикмаев (67-пен.), Ж.Машарипов (79).
Амалга оширилмаган пенальти: И.Юнусов (56, Қ.).
«Локомотив»: 1. И.Нестеров, 5. К.Махарадзе, 10. М.Бикмаев, 15. С.Мирзаев, 17. С.Мустафоев (33. О.Зотеев, 59), 18. Т.Кападзе (29. Қ.Рўзиев, 79), 20. И.Тўхтахўжаев, 28. Ш.Муҳаммадиев, 42. М.Коне, 77. Д.Туропов (22. М.Бобожонов, 58), 99. Ж.Машарипов.
«Қизилқум»: 22. А.Макосин, 3. Ш.Пўлатов, 4. Э.Бойдуллаев, 10. В.Шодиев (15. А.Алланиёзов, 76), 14. Ф.Қамбаров, 17. А.Геворкян, 19. Ж.Ҳасанов, 20. Ғ.Жумаев (8. А.Рустамов, 85), 23. Ш.Жўраев, 27. И.Юнусов, 77. Б.Ғанижонов (9. О.Зокиров, 58).
Огоҳлантиришлар: И.Тўхтахўжаев (20), К.Махарадзе (25), Д.Туропов (28), Т.Кападзе (56), Ж.Машарипов (73) - Э.Бойдуллаев (23), А.Геворкян (49).
Энг яхши ўйинчилар: И.Нестеров - Ж.Ҳасанов.
Назоратчи: Ш.Жумаев (Қарши).
Комиссар: Ф.Магометов.
Ҳамиджон Актамов («Қизилқум» бош мураббийи): - Жамоамиз ёмон ўйнагани йўқ. «Локомотив» шундай жамоаки, рақиб хатосини кечирмайди. Агар пенальтидан фойдаланганимизда, балки бошқача бўлармиди? Ҳужумда муаммоларимиз борлиги яққол кўриниб турибди. Бутун мавсум давомида айнан ҳужум ҳаракатларидаги камчиликлар панд бермоқда, бугун ҳам шундан жабр чекдик. Хуллас, олдинги чизиқ вакиллари бўш ўйнамоқдалар. Бунинг устида иш олиб борамиз, албатта. Деркач? Бу футболчи кўп йиллар жамоамизга ёрдам берган. Аммо ҳозир ўйинларга тўлиқ тайёр эмас. Иккинчи даврада балки ундан воз кечармиз... Ҳакамлик? Шерзод Қосимов ўйинни профессионалларга хос бошқарди ва унга ҳеч қандай эътироз йўқ.
Андрей Микляев («Локомотив» бош мураббийи): - Ўйин руҳий томондан муҳим аҳамият касб этарди. Яъни ОЧЛдаги омадсизликдан кейин ғалабага эҳтиёж сезаётгандик. Биринчи бўлимда тўлиқ ташаббусга эришдик. Аммо вазиятлардан самара чиқаролмадик. Танаффусдан кейин Игнатий Нестеров бизни голлардан қутқарди ва унинг ҳаракатлари ғалабамизга асос берди. Дарвозабон масаласи? Ҳар бир кипер ўз шериги хатосини кутади. Маъмур Икромов кўплаб учрашувларда ишончли тургани учун уни алмаштиришга сабаб йўқ эди. Шу боис, «Ал-Аҳли»га қарши баҳсда ҳам Икромовга ишондик. Аммо адашдик. Бизда дарвозабонлар мураббийи бор. Айнан у ким яхшироқ тайёргарликка эгалиги хусусида маълумот беради. Икромов хато қилди ва захирадан жой олди. Энди у Нестеров хатосини кутади (кулади), дарвозабоннинг бошқа чораси йўқ.
Умуман, БААдан келишимиз билан раҳбарият билан ОЧЛдаги муваффақиятсизлик юзасидан учрашув бўлди. Энди бор эътиборни ички чемпионат ва кубок баҳсларига қаратамиз.
--------------------------------------------------------------------------
«ДИНАМО» - «НАСАФ» - 1:1 (1:0)
13 май. Самарқанд. 10100 томошабин.
Ҳакамлар: И.Танташев (Бухоро) - 8,7; Ҳ.Шодмонов (Бухоро) - 8,6; А.Қўлдошев (Бухоро) - 8,6; А.Лупашко (Тошкент) - 9,0.
Голлар: Ж.Азимов (44) - А.Ғаниев (65).
«Динамо»: 1. М.Наумов, 3. Б.Исроилов, 7. Ф.Абдусалимов, 6. А.Бозоров, 8. Ж.Азимов (11. А.Абдуллаев, 72), 9. С.Сулаймонов (17. А.Николаев, 87), 10. Ж.Қаҳрамонов (23. К.Шарофутдинов, 80), 18. Д.Низанов, 19. О.Мамажонов, 20. А.Сафаров, 22. А.Исроилов.
«Насаф»: 25. Э.Суюнов, 2. А.Шораҳмедов, 6. А.Ғаниев, 7. О.Ҳамробеков, 15. Ш.Эркинов (10. Д.Раҳматуллаев, 71), 18. Б.Абдураҳимов, 22. И.Голбан, 23. Ш.Аъзамов, 27. И.Рашидхонов (14. Ш.Муҳиддинов, 59), 34. Ф.Сайфиев, 69. Д.Черан.
Огоҳлантиришлар: Ж.Азимов (15), А.Сафаров (47), Ф.Абдусалимов (79) - А.Ғаниев (19), И.Голбан (90Қ2).
Энг яхши ўйинчилар: Ж.Азимов - А.Ғаниев.
Назоратчи: Ф.Абдуллаев (Тошкент).
Комиссар: А.Фролов.
Рўзиқул Бердиев («Насаф» бош мураббийи): - «Динамо»га ҳурматни сақлаган ҳолда айтаман, ўйин тўлиқ устунлигимиз остида ўтди. Аммо биринчи бўлиб гол қўйиб юборганимиз вазифамизни оғирлаштирди. Танаффусда ҳужумга эътиборни ошириш ҳақида кўрсатма бердик. Йигитлар бунинг уддасидан чиқишди ҳам. Афсуски, кўплаб вазиятлардан фойдаланолмадик. Аслида ғалаба учун ўйнадик, демакки, бугун 2 очко йўқотдик. Бу ҳисоб биз учун қониқарсиз... Вазиятларни голга айлантиришда оқсаяпмиз, бу камчиликни бартараф этмасак, оқибати яхши бўлмайди. Ўзи жорий чемпионатда яхши ўйин намойиш этиб, кўп очко йўқотяпмиз. Бошқа жамоаларга тўхталсам, мавсум қизиқарли тус оляпти. Қаранг, ҳаттоки, етакчиларнинг очко йўқотиши ҳам оддий ҳолга айланмоқда. Бу уларнинг кучсизланганини билдирмайди, аксинча, қолган жамоаларга эътибор кучайди.
Олег Тюлькин («Динамо» бош мураббийи): - Биз учун ҳар бир ўйин мураккаб кечмоқда. Чунки таркибда сезиларли йўқотишлар бор. Бугун ҳаттоки, ҳимоячилардан тўлиқ фойдаланолмадик. Аниқроғи, мажбурий равишда футболчиларнинг майдондаги жойини алмаштиряпмиз. «Насаф»дек кучли жамоага қарши очиқ футбол намойиш этиш - бу ўз устидан ҳукм ўқишга тенг. Бундай рақиб билан ўйинда ҳимоячилар зиммасига катта оғирлик тушади. Энг муҳими, бугун ҳам мухлисларимиз жамоамизга мададкор бўлишди. Улар дарҳақиқат, кучли далда беришяпти. Умуман, бугунги ҳисоб - биз учун қониқарли.
Тур Статистикаси
Ўйин: 8
Гол: 15 (ўртача: 1,87...)
Томошабин: 44237 (ўртача: 5529...)
Мезбонлар ғалабаси: 5
Меҳмонлар ғалабаси: -
Дуранг: 3
Йирик ҳисобли ғалаба:-
Энг сермаҳсул ўйин: «Металлург» - «Сўғдиёна» (4та гол)
Огоҳлантириш: 31 (ўртача: 3,87...)
Четлатиш:-
Энг «қўпол» ўйинлар: «Локомотив» - «Қизилқум»; «Машъал» - «Олмалиқ» (7тадан «сариқ»)
Энг кўп томошабин кирган ўйин:«Навбаҳор» - «Қўқон-1912» (20220)
Пенальти: 5 (2таси самарасиз)
«Дубль»: -
«Хет-трик»: -
Автогол:-
1 Локомотив 9 7 1 1 24-6 22
2 Қўқон-1912 10 5 4 1 16-10 19
3 Насаф 9 5 2 2 14-7 17
4 Бухоро 10 5 1 4 14-11 16
5 Навбаҳор 10 4 4 2 10-8 16
6 Динамо 10 4 3 3 14-10 15
7 Машъал 10 4 3 3 10-8 15
8 Пахтакор 10 4 2 4 9-12 14
9 Олмалиқ 10 3 4 3 7-10 13
10 Шўртан 10 4 0 6 11-15 12
11 Сўғдиёна 10 3 2 5 11-17 11
12 Бунёдкор 9 2 4 3 6-7 10
13 Қизилқум 10 2 4 4 7-11 10
14 Нефтчи 10 2 3 5 6-12 9
15 Металлург 9 2 2 5 9-13 8
16 Обод 10 1 3 6 5-16 6
Тўпурарлар:
Марат Бикмаев («Локомотив») - 10та (4та - пен.)
Драган Черан («Насаф») - 6та (1та - пен.)
Филипп Рейевац («Қўқон-1912») - 5та
Келгуси ўйинлар:
17 май (чоршанба)
Бунёдкор - Пахтакор
Қўқон-1912 - Локомотив
18 май (пайшанба)
Насаф - Машъал
Олмалиқ - Металлург
Сўғдиёна - Шўртан
Бухоро - Навбаҳор
Обод - Динамо
Қизилқум – Нефтчи
Манба: www.iff.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20