Қайднома

Қидирув

Ўзбек футболини қандай жин урган ўзи?

Ўзбек футболини қандай жин урган ўзи?

  17.05.2017 01:27
  0
  3080
Ўзбек футболини қандай жин урган ўзи?

Жорий мавсум ОЧЛ гуруҳ босқичи клубларимиз учун шаънсиз, шукуҳсиз якунланди. Айниқса, сўнгги нуқта алам уйғотди. Ахир араб футболи вакиллари икки жамоамиз дарвозасига жавобсиз 7та гол уриб, ғалабани бошқача тантана қилишди. «Аламли» ёрлиғи ёпиштирилишининг сабаби шуки, савия нуқтаи назаридан ҳар икки жамоамиз, хусусан, футболимиз шаънига бундай хунук ва қуруқ мағлубиятлар сира ярашмайди. Футболчиларимиз Осиёдаги исталган жамоага қарши ўйнай олишлари, бунинг учун уларда ички имконлар мавжудлигини кўпчилик сезиб турибди. Афсуски, умидлар оқланмади. Энг охирги зарба - кучли «нокаут» сабаби нима? «Бунёдкор»нинг ОЧЛ доирасида 3 йил интизор кутилган ғалабаси, «Локомотив»нинг аламли ва жанговар дурангидан сўнг бундай натижа кимнинг хаёлидан ўтганди?! Футболимизни қандай жин урди ўзи? Нима учун миллий чемпионатимиз клублари ва турли тоифадаги терма жамоаларимизнинг халқаро учрашувлардаги иштирокида маром йўқолиб қолди? Мазкур саволларга ҳар бир зукко мухлис ёки мутахассисда ўзига яраша жавоблар мавжуд. Қуйида бу борадаги айрим мулоҳазаларни эътиборингизга ҳавола этамиз.

Фикримизча, футболимиз маълум муддат тушунмовчилик даврини бошдан кечирди. Энг яхши мураббийлар ва футболчиларимиз мухлислар кутган зарур натижаларга эришолмай, танқид бўронига йўлиқишди. Масалан, миллий  жамоамиз билан ЖЧ-2014 саралашининг сўнгги босқичи ва «Бунёдкор» билан  ОЧЛ ярим финалида иштирок этиб, футболимиз тарихида нисбатан ижобий натижалар қайд этган Миржалол Қосимов кучли босим остида анча вақт соҳа  ҳаётидан четда юрди. Ўша пайт вазият шундай эди, футболимизда кўтаринки кайфият ҳукм сурарди. «Бунёдкор» Таиланд клубини енгса, ОЧЛ финалига йўл оларди, ЖЧ-2014 йўлланмаси шундоққина кўзга ташланиб турганди. Ҳар икки умид пучга чиққач, Миржалол Қосимовга бош айбдор сифатида қаралди. Очиғи, у ҳам айблашга арзийдиган хатоларга йўл қўйди. Гарчи икки муҳим тарихий натижани расмийлаштириш имконини яққол сезсада, шу имконлар рўёби учун муносиб чоралар кўрмади. У футболимиз афсонаси сифатида шу мақомга муносиб инқилоб нафасини туйди, аммо қутлуғ тантаналарга етолмади. Алалоқибат ўзи сезмаган ҳолда, ҳафсаласизлик ботқоғига ботди. Натижада ҳаммаси ўзгариб кетди. Вадим Абрамов ва Миржалол Қосимов ислоҳотларидан сўнг ҳамма футболимизда яна янги ўзгаришлар босқичи бошланишига умид боғлади. Бироқ тараққиёт чархпалаги тескарисига айланди. Футболимизнинг жорий мавсумдаги халқаро натижалари фикримиз далилидир.

Ҳа, биз билган тажрибали мураббийлар омадсизлик ва изтироб оғушида футболдан бироз узоқлашишди. Тўғриси, кўпчилик шундай янгиланишни хоҳлаганди. Хусусан, биз ҳам. Лекин хато ўйлабмиз. Тажрибали мураббийлар ўрнини, кўпчилик кутганидек, хориждан чорланган етук мутахассислар эмас, балки бу йўналишда тажрибасиз саналган собиқ футболчилар эгаллашди. Бошқача айтсак, устаси эпламаган ишни шогирди уддалашга интилди. Оқибатда футболимиздаги маром издан чиқди. Пойтахтнинг донг­дор клублари Григорий Колосовский, Сергей Лушан ва Андрей Микляев каби тажриба ҳамда савия борасида ОЧЛ рейтингидан анча йироқ мутахассисларга ишониб топширилди. Назаримизда, бўлиб ўтган воқеалардан ҳамманинг кўзи очилди. Мухлислар ҳам ёмғирдан қочиб, дўлга дуч келишганини англашди. Шу боис, тушунмовчиликка аста-секин барҳам берилмоқда. Ҳар ким ўзига яраша ишга қўл ургани маъқул. Савия ва тажрибасига кўра, қайсидир мутахассис куч-ғайратини ёшлар футболи равнақига сарфласин. Номуносиб иш топшириб, уни ҳам, бошқаларни ҳам қийнашдан нима наф?

Факт шуки, бемаврид умидлар таъсиридаги танқидлар сабаб, футболимиз ютқазди. Миржалол Қосимов маълум муддат ўзи истамаган ҳолда, изланишдан тўхтади. Йўқ, унинг ҳар доим футбол руҳи билан яшагани аниқ. Шундайку-я, мураббий сифатида изланишнинг ўрни бошқа. Ҳайтовур, Қосимов яна чинакам изланишлар дунёсига қайтди. Бу яхши, албатта. Фақат бир жиҳатни таъкидлаш жоиз, унинг мураббийлик дун­ё­­­қарашини ҳозирги футбол ҳаёти кўтармайди. Дейлик, «Бунёдкор»нинг «Шўртан»дан енгилишини футболчиларда маҳорат этишмаслиги билан изоҳлади ва бу масалада адашди. Эҳтимол, бу дастлабки эмас, балки иккинчи хатосидир янги мураббийлик фаолиятида. Чунки унинг қўл остида ўзгача қанот қоқадиган футболчилар жамланишган. Ҳар ҳолда, бугунги «Бунёдкор»да Миржалол Қосимов дунёқарашини табиий қабул қиладиган Хайрулло Каримов, Анвар Ғофуров, Акмал Шораҳмедов ёки Сардор Рашидов каби йигитлар йўқ. Ҳозирги «қалдирғочлар»га ҳам Миржалол Қўшоқовичнинг футбол фалсафаси ёқишига ишончимиз комил. Лекин у мураббий сифатида дунёқарашини ўзгартирса, ижобий натижалар тезроқ кўзга ташланармиди?

Умуман олганда, миллий футболимиз маконида Қосимов таъкидлаган маҳорат етишмаслиги барчага аён. Шу маънода айтсак, «Бунёдкор»нинг Ғузордаги мағлубиятини хусусий ҳолатда бундай изоҳлаш ўзини оқламайди. Шуниси аниқ, «Бунёдкор» таркиби маҳорат бобида «Шўртан»дан устун бўлса устунки, асло кам эмас. Демак, мураббий жамоа руҳиятига сингиб улгурмаган ёки ОЧЛдаги сўнгги зарбадан гангиган таркибни мураббийлик меҳри билан сийлаб, қайта уйғотолмаган. Акс ҳолда, у футболчиларни маҳоратсизликда айбламасди. «Челси»дан дакки-дашномлар туфайли кетиб, бугун «МЮ»да ҳам қийналаётганини очиқ-ойдин эътироф этган Жозе Моу­риньо қанчалар ҳақ! У ҳамон маҳоратда беназир, аммо жамоа муҳитини бошқаришда Антонио Контедан ортда. Футбол дунёсида кайфият жуда тез ўзгармоқда. «Челси»нинг Жозе Моуриньо учун футбол ўйнашни истамаган таркиби Антонио Контени чемпионлик билан сийлади. Маҳорат ўша-ўша. Услуб қалтисроқ томонга ўзгараётган вазиятда «Челси» муваффақият қозонди. Бу - кўпроқ дунёқараш ва кайфият меваси. Ана, Массимилиано Аллегри ҳам вақтида топ-клублардан нари сурилган Гонсало Игуаин, Марио Манжукич, Сами Хедира, Дани Алвеш, Хуан Куадрадо каби футболчилар билан ЕЧЛ финалига йўл олди. Бундоқ қарасак, «Юве» - гўё қурама таркибли жамоа. Массимилиано Аллегри ҳам клуб учун нисбатан янги мураббий. Шундай вазиятда «Ювентус» қандай қилиб ювелир мавсумни ўтказди? Бизнингча, бунинг бош сабаби - мураббийдаги меҳр қуёши! Умид қиламизки, Миржалол Қосимовнинг янги фаолияти ҳам мураббийликнинг шундай меҳр қуёши билан гуллаб-яшнайди.

Мулоҳазаларимизни қоғозга тушириш арафасида қўшнимиз Абдураззоқ муаллимнинг ўғли Улуғбек билан суҳбатлашдик. У «Навбаҳор» ҳимоячиси Жаҳонгир Меҳмонов билан суратга тушганини фахрланиб сўзлади. Ҳа, Наманганда ҳам яна ўша шонли футбол руҳи кеза бошлади. Шу руҳ бутун футболимизда бардам ва бардавом бўлсин!

Муҳаммад Вали


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz