Қайднома

Қидирув

Владимир Баенко: «Футболчилар билан ўйиндан бир кун олдин палов еймиз»

Владимир Баенко: «Футболчилар билан ўйиндан бир кун олдин палов еймиз»

  18.05.2017 00:37
  0
  2689
Владимир Баенко: «Футболчилар билан ўйиндан бир кун олдин палов еймиз»

Жорий мавсум бошида «Бухоро» сафини тўлдирган Владимир Баенко қисқа муддат ичида янги жамоасига мослаша олди. Яқинда FootBoom портали кўҳна шаҳарликларнинг украиналик легионерини суҳбатга тортиб, унинг Ўзбекистондаги фаолияти билан қизиқиш баробарида, бошқа мавзулардаги саволларига ҳам жавоб олишди.

— «Бухоро» сафига қишда қўшилгандингиз. Ҳозирга келиб бир қатор учрашувларда майдонга тушдингиз. Анча мослашиб олдингизми?

— Ҳаммаси кўнгилдагидек. Мени бу ерда илиқ қабул қилиб олишди. Шу боис ҳам муаммолар бўлмади. Шарт-шароитлардан тўла қониқяпман. Мураббийнинг талаби, маҳаллий одатлар ва ўйин ритмини тезда тушуниб олдим. Тўғрисини айтсам, мослашишим ўзим кутгандан ҳам тезроқ амалга ошди.

— Иқлим шароити қийинчилик туғдирмаяптими?

— Йўқ. Кунлар энди исий бошлади. Бунга қадар об-ҳаво худди Украинадаги каби эди.

— Ўзбекистон ва Украина футболи орасидаги тафовутни сездингизми?

— Ҳа, албатта. Биринчи фарқи, бу ерда «Динамо» ва «Шахтёр» каби грандлар йўқ. Шунинг учун натижаларни олдиндан тахмин қилиб бўлмайди. Жорий мавсумдаги учрашувлар клубларнинг кучлари деярли тенг эканини кўрсатмоқда. Рақиб қайси жамоа бўлишидан қатъий назар, ундан очко олиш мумкин. Ҳар бир учрашув турнир жадвалидаги ҳолатингизга жиддий ўзгартириш киритиши тайин. Айтайлик, иккинчи ўринда кетяпсиз. Қабул қилиб олинган биттагина мағлубият клубингизни етти ёки саккизинчи ўринга тушириб юбориши ҳеч гап эмас.

— Ўйинлар тезлиги қандай?

— Бизнинг мамлакатдаги каби тезкор, дея олмайман. Аммо айтайлик, Украина чемпионатида «Сталь»-«Зирка» учрашувида ҳам тезлик юқори эмас. Бироқ «Шахтёр»нинг ўйинига қараб таққослайдиган бўлсак, украинлар бу борада анча устун. Умуман олганда эса, фарқ унчалик катта эмас.

— Украина футболидаги каби қўполликлар Ўзбекистонда ҳам кузатиладими?

— Албатта, бу ерда ҳакамлар аксарият ҳолатларда ҳуштак чалишдан тийилиб, футболчиларга ўйнаш имкониятини тақдим этишади. Қаттиқ ва зич ўйинни кўрмайсиз, аммо қўполликлар етарли. Мабодо рақибни алдаб ўтсангиз, у асабийлашади ва тўпни олиб қўйиш илинжида қўполлик ишлатишга уриниши ҳеч гап эмас.

— Сардорлик боғичига қай тарзда эга бўлдингиз?

— Жамоада йиғилиш ўтказилиб, унда уч нафар сардор танлаб олинди. Улар орасида мен ҳам бор эдим. Икки етакчи жароҳат олганидан сўнг боғич менга тегди.

— Сардорлик қилиш қийинми?

— Унчаликмас. Одатда, ортиқча ҳеч нима қилмайсиз.

— Энди ҳакамлар билан кўпроқ мулоқот қилаётгандирсиз?

— Тўғрисини айтсам, ҳакамлар билан кўп гаплашиш ярамайди. Чунки ортиқча тортишув сариқ карточкага олиб келади. Клубда эса огоҳлантириш учун жарима белгиланган. Шу боис ҳам кераксиз «сариқ»лардан қочаман. Албатта, реферидан жарима ёки қўполлик борасида сўрашингиз мумкин. Лекин ҳакам шу заҳоти вазиятга ойдинлик киритади, тортишиш шарт эмас. Тилни тийган маъқул. Шунда қизиққонлик оқибатида пайдо бўладиган ортиқча харажатдан қутуласиз (кулади).

— Жарималар ҳақида гапирдингиз. Уларни қандай ҳолатларда тўлайсизлар?

— Ортиқча вазн, машғулотда қатнашмаслик, спорт принципларига хос бўлмаган ҳаракатлар...

— Европа клубларида ўйнаган украиналик легионерлар базада телефонлардан фойдаланиш бўйича тақиқ қўлланилиши ҳақида гапиришганди. Ўзбекистонда ҳам шу нарса борми?

— Базада йўқ. Фақатгина ошхонада, жамоа овқатланаётган чеклов ўрнатилади. Агар ўша вазиятда телефонингиз чақириб қолса, жарима муқаррар. Катта эмас, 10 доллар, холос. Лекин бу ҳам пул. Борди-ю, қўнғироққа жавоб қайтарсангиз, икки баравар кўпроқ тўлайсиз.

— Мураббий билан муносабатингиз қандай?

— Бу ерга келганимда у билан асосан футбол ҳақида гаплашганман. Раҳбарият ўз олдига юқори мақсадларни қўйган. Айни пайт барча учрашувларда ғалаба қозонишга ҳаракат қиляпмиз. Афсуски, ҳар сафар ҳам биз истагандек бўлмаяпти. Умуман, чемпионат учрашувлари жанговар ва қизиқарли тарзда кечмоқда.

— Гол уришга ҳам эришдингиз. Ҳиссиётлар қандай кечди?

— Ҳар бир учрашувда бир-иккита вазиятга эга бўлсамда, омад келмаётганди. «Машъал» билан бўлган учрашувда ниҳоят, мақсадимга етдим. Тўғриси, расмий ўйинларда гол урганимга анча бўлганди. Охирги марта «Горняк» сафида рақиб дарвозасини ишғол қилгандим. «Зирка»да ўйнаётганимда эса бирорта ҳам тўп киритолмаганман. Хайрият, Ўзбекистонда нохуш ҳолатга чек қўйдим. Умид қиламанки, бу охирги голим эмас.

— Мухлислар ҳақидаги фикрингиз қандай?

— Бу ерда асосан Тошкент клубларининг ўйинлари телевизор орқали намойиш этилади. Стадионларга томошабинлар ташрифи бўйича эса вилоятлар анча олдинда. Футбол ўтказиладиган кун ишқибозлар учун ҳақиқий байрамга айланади. Ўйинлардан сўнг кўплаб СМС хабарлар йўллашади. Ўзбекистонлик мухлислар жамоаларини жуда яхши кўришади. Ғалаба ва мағлубиятни ўта эҳтиросли тарзда қарши олишади. Яхши тўп сурсангиз, бошларида кўтариб юришга тайёр туришади. Ўйинингиз қовушмаганда эса вазият тубдан ўзгаради. Ҳаттоки, шундай ҳолатлар ҳам бўладики, стадионда мухлис кўплигидан жамоадошингизнинг гапларини эшитмайсиз. Ишқибозлар бутун ўйин давомида тинмай қўллаб-қувватлаб туришади. Бир-иккита голга қаноат қилишмайди, яна тўп киритишимизни сўрашади. Ўйинлар шундай кучли босим остида кечади. Бу ҳақиқатан ҳам ажойиб.

— Мағлубият қайд этилган учрашувлардан сўнг кўча-кўйда қандай ҳолат кузатилади?

— Мисол учун, таксида кетаётганда, «Мағлубиятга учрадинглар-а?! Ке-йинги ўйинда ғалаба қозонинглар», деб қолишлари мумкин. Зафар қучган бўлсак, бозорларда сотувчилар нархларни пасайтириб беришади ёки ҳайдовчилар йўл ҳақини олишмайди (кулади). Уларнинг ҳақиқатан ҳам қалби қайноқ, ўз суюклиларига юракдан мухлислик қилишади. Буни ҳамиша ҳис этиб турамиз. Ҳозир Украинада бундай ашаддий ишқибозлик кузатилмайди.

— Маҳаллий таомларга мослаша олмаётганингизни айтгандингиз. Бу борада ишлар қандай кечяпти?

— Менимча, спортчининг бундай ошхонага мослашиши жуда қийин. Ўзбеклар бошқача овқатланишади, яъни ёғли овқатларни хуш кўришади. Аввалига сезилмади, аммо вақт ўтгани сари барибир, организм ўз сўзини айтди. Рационни ўзгартиришим керак. Рафиқам уйда парҳез таомлар тайёрлайди: салатлар, мевалар, товуқ гўшти ва шунга ўхшаш егуликларни истеъмол қилишга уриняпман. Маҳаллий таомлардан эса палов еб тураман (кулади).

— Айтишларича, Ўзбекистон аҳолиси анча меҳмондўст экан. Шу билан бирга чойхўрликни севаркан...

— Ҳа, ҳақиқатан ҳам бу ердаги меҳмондўстликка тан бераман. Мендан ҳар куни ишларим, оилам ҳақида сўраб туришади, меҳмонга чақиришади. Чой ҳақида гапирадиган бўлсам, бу маҳаллий аҳолининг одати бўлса керак. Клубда ҳам тез-тез чойхўрлик қилиб турилади.

— Ўзбекистондаги яна қайси одатларни билиб олдингиз?

— Ўйиндан бир кун олдин кечқурун палов еймиз. Мен учун бу ноодатий ҳол. Шунингдек, бошқа жамоаларнинг тактикалари ҳам ҳайрон қолдирди. Аутларни жарима майдончаси марказига етказишга уринишади. Худди Тернополдаги каби (кулади). Неча марта майдонга тушган бўлсам, ҳаммасида шундай ҳолатни кузатдим.

— Тактика борасида жамоалар ўртасидаги фарқ каттами?

— Ҳа. Шундай клублар бор, тўпни кўпроқ назорат қилишга уринади. Биз иккинчи рақам остида ўйнайдиган жамоалар сирасига кирамиз. Ҳужумчиларимиз тезкор. Шу боис ҳам бу модель биз учун қулайроқ.

Ж.БОБОХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz