Маррага сўнгги бўлиб келишингизни била туриб пойгада қатнашаверармидингиз? Ахир бу ғалати-ку! Бошқа томондан, «Барибир, ютқазаман», деб, курашдан тўхташ ҳам нотўғри. Аммо энг охирида қолиш инсоннинг ҳамиятига тегади. Алам қилади. Клубларимизнинг Осиё Чемпионлар Лигасидаги иштироки шунга ўхшаш. Имкониятларини била туриб ҳам пойгага чиқишади. Аввал бу ишни фақат «Бунёдкор» «уддаларди», энди «Локомотив» ҳам унинг ёнига қўшилди. Бир сўз билан айтганда, бемаъно пойга...
Яқин-яқингача ўзбек клублари ОЧЛда анча рақобатбардош ҳисобланарди. Тўғри, улардан ҳеч ким ғолибликни кутмаган. Лекин турнир фаворитлигига асосий даъвогарлар ҳам ўйланиб майдонга тушардилар. Бу йил эса, Ғарбий минтақада энг ёмон натижа қайд этгани айнан бизнинг вакиллар бўлди. Хўш, бунга нима сабаб? Кимга нима етишмади? Ҳамма ҳиссиётларни бир четга суриб, шу ҳақда бироз мулоҳаза юритсак.
«БУНЁДКОР»
Аслини олганда, «қалдирғочлар» йил ўтгани сари Чемпионлар Лигасида «яхшироқ» натижа қайд этишмоқда. Клуб икки йил муқаддам 1 очко билан гуруҳда қолиб кетган эди. Кейинги сафаргисида кўрсаткич нисбатан яхшиланди - очколар сони ошди. Бу мавсум эса «Бунёдкор» ҳатто битта ғалабага ҳам эришди. Бир сўз билан айтганда, ўсиш бор. Агар эски раҳбарият ва мураббийлар штаби алмашмаганда, бирор 10 йилдан сўнг жамоа гуруҳдан чиққанини ҳам балки кўрармидик?!
«Бунёдкор»га нима етишмаслигини футболга энди қизиқа бошлаган мухлис ҳам айтиб бера олса керак. Сўнгги йилларда клуб олдига ғалабалар эмас, «терма жамоага номзод футболчилар етиштириб бериш» вазифаси қўйилгани боис рақобатбардош таркиб деярли қолмади. Жамоа иштирокидаги охирги ўйинлар ҳам бунга мисол - дарвозабон Муроджон Зуҳуровдан бошқаларнинг ҳеч бири 23 ёшдан катта эмасди. Бундай жамоага нима етишмаслиги мумкин? Албатта, руҳий барқарорлик ва оғир вазиятлардан чиқиб кетиш кўникмаси.
Ёшлардан тузилган жамоада бир камчилик кузатилади - голни биринчи бўлиб уриб олса, кўтаринки руҳда ҳужумларни давом эттиради. Аксинча, ўзи гол ўтказиб юборган тақдирда футболчилар босимни кўтара олмай, «синиб» қолишади. «Бунёдкор»га сўнгги пайтларда айнан ёшларни ўз ортидан эргаштира оладиган тажрибали футболчи етишмади. Муроджон Зуҳуров иложи борича уларга кўрсатма бериб туришга интилди, аммо ёшларга ўз атрофида теппа-тенг, керак бўлса, кўпроқ югурадиган етакчи керак. Ишонинг, бундай сардор ёнида туриб, баланд овозда кўрсатмалар берса, ҳатто силласи қуриб, кучи қолмаган ўйинчи ҳам борини сафарбар этади.
Миржалол Қосимовнинг жамоани қабул қилиб олганидан сўнг таркиб кучайтирилиши ва тажрибали футболчилар таклиф этилиши ҳақида гапиргани бежиз эмас. Ёшлар бўлгани яхши, аммо улар кимдандир ўрнак олиши шарт. Акс ҳолда, на жамоа ва на ўйинчида ўсиш кузатилади. Қосимовнинг ўзи бир вақтлари «Пахтакор»да Хорен Оганесян билан бирга тўп суриб, ундан кўп нарсалар ўрганмаганда, шундай савияга чиқармиди ёки йўқ, баҳсли масала. Ҳозирги «Бунёдкор»да ким Шомуродов ва Ҳамдамовга ўрнак бўла олади? Ҳеч ким. Шундай экан, бу футболчиларнинг вақти келиб кучли чемпионатларда ўйнашига умид қила оламизми? Миржалол Қосимов Европада ўз обрўсига эга «Ливерпуль» дарвозасини ишғол этишни уддалаганди. «Бунёдкор» ёшлари эса Осиё жамоаларига гол уришда қийинчиликка дуч келишмоқда.
Жамоанинг яна бир муаммоси мураббий билан боғлиқ эди. Албатта, четдан туриб гапириш тўғримасдир, аммо оддий мухлис учун ҳам «Бунёдкор»да мураббий ва футболчилар ўртасидаги муносабат рисоладагидек эмаслиги сезилиб қолганди. Сергей Лушан кўп асабийлашарди, футболчиларидан норози бўлиб, тез-тез овозини кўтарганча кўрсатмалар берарди. Ҳатто захирага чиққан ўйинчиларига ҳам майдон четидаёқ эътироз билдиришдан ўзини тиёлмади. Мазкур ҳолат эса клубда ички муҳит борасида ишлар силлиқ кечмаётганини кўрсатиб турганди. Аслида, бу ҳақида гапириш унчалик ҳам шарт эмасдир. Чунки «Бунёдкор»да мураббийлар штаби ҳам ўзгарди, раҳбарият ҳам. Умид қиламизки, ушбу ўзгаришлар жамоага барқарорлик олиб келади.
«Бунёдкор»да иштиёқ, куч ва ғайрат борасида ҳаммаси жойида эди. Тўғрисини айтганда, «Ал-Айн»дан учралган сўнгги мағлубиятни инобатга олмаганда, қолган баҳсларда «қалдирғочлар» енгилган бўлсалар-да, ёмон ўйин намойиш этишмади. Мана шу таркибга икки-уч нафар юқори савиядаги ўйинчи қўшилса, жамоанинг аввалги мавқеини қайтаришига ишонамиз. Аммо мавжуд муаммоларни ҳал қилиш осон эмас. Энг катта масала - Чемпионлар Лигаси йўлланмасини қўлга киритиш бўлса керак. Клуб ҳозир олий лигада кучли ўнликка кириш учун курашмоқда. Бундай вазиятда ОЧЛдаги иштирок ҳақида гапириш ортиқчадек, гўё. Кўрамиз, янги мураббийлар штаби нималар қилар экан.
«ЛОКОМОТИВ»
«Локомотив»га Чемпионлар Лигасида етишмаган нарса шундоқ ҳам маълум - 4 очко. Нима учун 3 ёки 6 эмас? Ахир футболда ғалаба учун 2 очко бериладиган вақтлар аллақачон ўтиб кетган-ку! Ҳамма гап шундаки, «Локомотив» бу сафар гуруҳ баҳсларида икки ўйинда ғалаба қозона туриб, сўнгги дақиқаларда гол ўтказиб юборди ва дуранг қайд этди. Математик ҳисоб-китобларга таянадиган бўлсак, «темирйўлчилар»га гуруҳдан чиқиш учун айнан шу 4 очко етишмади. Аммо умумий жиҳатдан олиб қаралса, клубда бошқа масалаларда ҳам муаммолар етарли эканини кўриш мумкин.
Мавсум бошланиши олдидан «Локомотив»ни етакчи футболчилар тарк этишди. Ўтган қисқа вақт давомида ўтказилган ўйинларга назар ташласак, кетганлар орасидан уч футболчининг ўрнини боса оладигани топилмади - Темурхўжа Абдухолиқов, Санжар Шоаҳмедов ва Сервер Жепаров. Агар шу ўйинчилар жорий мавсум ҳам «Локомотив»да қолганларида, балки бугунги мақола мавзуси бошқача бўлармиди?!
«Темирйўлчилар» бу йил ҳам ёмон ўйин намойиш этишмаяпти, олий лигада ҳамон етакчиликни сақлаб туришибди. Чемпионлар Лигасида эса гуруҳдан чиқиш учун охирига қадар кураш олиб боришди. Бироқ жамоа ўйинига назар ташласак, ҳимояда аввалги ишонч, ярим ҳимоядаги барқарор ўйин ва ҳужумдаги тажовузкорликка путур етганини кўриш мумкин. Ҳозиргисидан фарқли ўлароқ, ўтган йилги «Локомотив»да плеймейкер бор эди - Сервер Жепаров. Ёши ўтиб бораётганига қарамай, тўп унга тушганда бироз хотиржам тортиш мумкин бўларди. Жепаров аввалгидек югура олмаса-да, ҳар ҳолда, ўринлатиб пас беришни уддаларди. «Локомотив»га бу йил айнан шу жиҳат етишмади - майдон марказида фикрлай оладиган футболчи.
Санжар Шоаҳмедов эса ҳужум ортида яхши ўйин намойиш қилганди. У кези келганда бироз ортга қайтиб, таянч ярим ҳимояси ва ҳаттоки, ҳимояга ҳам ёрдам бериши мумкин эди. Шу билан бирга, ҳужум ташкил этилганда марказий форвард жойида пайдо бўларди. Бу эса Темур Кападзе, Кахи Махарадзе ҳамда Темурхўжа Абдухолиқовга анча енгиллик туғдирарди. Мурод Бобожонов яхши футболчи, аммо Шоаҳмедов каби тажриба ва маҳоратга эга бўлиши учун ҳали вақт бор экан.
Балки ҳозирги «Локомотив»га Темурхўжа Абдухолиқов етишмагандир? Йўқ, бундай десак Марат Бикмаевга нисбатан бироз адолатсизлик бўлиши мумкин. Тажрибали ҳужумчи ҳар ҳолда олий лигада ҳам, ОЧЛда ҳам кўплаб голларни урди. Бироқ Абдухолиқов ҳақида барибир, гапиришга мажбурмиз. Нега, дейсизми? Гап шундаки, ўтган йили Темурхўжанинг ўйини ўхшамай қолганда, Марат Бикмаев ёрдамга келарди. Захирада ўтирса, ўрнига майдонга тушарди, қанотда бўлса, марказга кўчарди. Бу йил Бикмаевга ким ёрдам берди? Мавсум бошида таркибга қўшиб олинган Гнохере Кризо ишончни оқлай олмади. Қилган иши фақат захира ўриндиғини тўлдириш бўлмоқда. Бу эса селекция масаласига эътирозлар пайдо қилиши турган гап.
Буларнинг барчаси жамланиб, энг муҳим паллада жамоага панд берди. Ушбу муваффақиятсизликда мураббийлар штабининг ҳам «ҳиссаси» катта бўлди, албатта. «Локомотив»дан Вадим Абрамов истеъфога чиқарилгач, Мирко Йеличич ва Андрей Микляев тандеми жамоани бошқаришга тутинди. Ўшанда кўпчилик буни вақтинчалик чора, деб ўйлаганди. Бироқ «темирйўлчилар» ўтган йили ўз тарихида илк марта олий лигада ғолиб чиқишди, Чемпионлар Лигасида чорак финалга қадар етиб боришди. Оқибатда Йеличич ҳам, Микляев ҳам ўз ўрнида қолди.
Умуман, «Ал-Аҳли»га қарши сафарда кечган охирги ўйинда «Локомотив» ғалаба қозониши шарт эди. Чунки олий лигада мавсум энди қизғин паллага кириб бормоқда, футболчиларнинг кайфияти ҳам кўтаринки. Энг муҳими - «Локомотив»да футболчилар маошидан қарздорлик масаласида муаммо йўқ. Ҳар ҳолда биз эшитмаганмиз.
«Ал-Аҳли» иштирок этадиган БАА чемпионатида эса мавсум якунига етиб бўлган ва футболчилар анча чарчаган. Қўшимчасига, ички биринчиликдаги муваффақиятсизлик туфайли бироз тушкун кайфиятдалар. Энг ёмони - «Ал-Аҳли»да ўтган йил бўйича ҳам маошдан қарздорлик сақланиб турганлиги ҳақида хабарлар бор. Бироқ «Локомотив»га қарши кечган ўйиндаги ҳисобда бунинг аксини кўришимиз мумкин.
Андрей Микляев ва Мирко Йеличич бошқарувидаги жамоа худди мана шу клубдан йирик ҳисобда енгилди. «Ал-Аҳли»га қарши кечган ўйинда «Локомотив» ижросида бирорта пухта ўйланган ҳужумни кўрдикми? Йўқ. Жамоа тартибли ўйин намойиш қилдими? Йўқ. Умуман, «Локомотив» бу баҳсда ниманинг эвазига ғалабага эришмоқчи эди? Ушбу саволга мураббийлар штабида жавоб бўлмаса, бизда йўқ...
ЯКУНДА
Ҳар қандай вазиятда ҳам биз учун энди Чемпионлар Лигаси якунига етди. Келаси мавсум ҳам бир клубимиз тўғридан-тўғри, иккитаси «плей-офф»дан мусобақаларга киришади. Аммо юқорида келтирилган муаммолар ҳал этилмаса, бу рақамлар борган сари камайиши ҳеч гап эмас.
Ўтган йили ҳам 4 (3}1) жамоамиз қитъа даражасидаги мусобақада иштирок этганди. Энди эса кунимиз 1}2 лимитига қолган. Клубларимиз гуруҳдан чиқишни ўрганиб олишмаса, вазият янада салбий тус олиши тайин...
АБДУЛЛОҲ
Манба: www.interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20