Қайднома

Қидирув

Кевин Гамейро: «Барселона»да менга нима бор?»

Кевин Гамейро: «Барселона»да менга нима бор?»

  19.05.2017 03:37
  0
  2378
Кевин Гамейро: «Барселона»да менга нима бор?»

«Атлетико»нинг фран-циялик форварди Кевин Гамейро L`Equipe нашрига берган интервьюсида нега айнан Мадрид клубига кўчиб ўтгани, Златан Ибрагимович ундан нима сўрагани ва Унаи Эмери билан қандай суҳбатлашиш лозимлиги ҳақида сўз юритди.

- 2013 йили Испанияга келганингиздан сўнг ўйинингизда қандай ўзгариш кузатилди?

- Жойимни тўғри ўзгартира бошладим, зарур пайтда тўхташни ўргандим. Ёшлик пайтингда у ёқ-бу ёққа шошиб, ҳамма ерга улгуришни хоҳлайсан. Эндиликда қачон ва қаерда тўпни сўраш лозимлигини биламан.

- Дастлабки испаниялик мураббийингиз Унаи Эмеридан нима ўргандингиз?

- У индивидуал тарзда кўпроқ ишлашимни сўради. Авваллари меҳнаткаш футболчи эмасдим.

- Самарали узатмаларингиз сони кўпайди...

- Францияда асосий эътиборим дарвозани ишғол қилишга қаратиларди. Испанияда эса кўпинча ҳужум ташкил этилишида ҳам қатнашяпман.

- Дарвоза томон йўлланаётган зарбаларингиз эса камайди.

- Бунинг учун кўп танқидларга учраяпман. Аммо мен шунақаман, қулайроқ вазиятда турган шеригимга тўп узатишни маъқул кўраман.

- «Атлетико»да ҳимояга ҳам ёрдам беришингиз керак, шундайми?

- Ҳа, бунинг натижасида ҳужумга қўшилишга куч қолмайди. Меъёрни қидирамиз - «Атлетико»да асосийси, югуриш, меҳнат қилиш керак. Шундагина голлар ҳам, ўйиндан роҳатланиш ҳам бўлади.

- Ҳимоя чизиғидаги ҳаракатлардан ҳам ҳузур оласизми?

- Йўқ, менинг ишим - ҳужум қилиш!

- Антуан Гризманн мудофаага кўмаклашаётганда худди гол ургандек роҳатланишини айтганди.

- Йўқ, бунақаси менга ёт! Бир сафар мураббий «Сенинг вазифанг - камида рақибдан уч марта тўпни олиб қўйиш», деганди. Мен эса шунга ўргандим.

- Диего Симеонедан бундай гапни эшитиб ҳайрон қолгандирсиз?

- Шундай деса ҳам бўлади, ахир мен ҳужумчиман. Аммо бошқа илож йўқ, бу мутахассис ўз айтганини қилиб, ўйинчиларни руҳлантиришни билади.

- Ундан нима ўргандингиз?

- Ҳимояда ўйнашга кўникдим, қувват олдим, футболга меҳрим ошди. Симеоне ҳамиша зафар қучишни истайди.

- У ўйиндан олдин қандай ҳолатда бўлади?

- Анча хотиржам. Футболчиларга қисқа нутқ сўзлайди, ўйин пайтида эса бир зум тинмайди.

- «ПСЖ»да Златан Ибрагимович билан ўйнагансиз. У қандай шерик?

- Доимо тўп оширишни сўрайди. Аммо унинг ёнида ҳам гол урганман. Златан кучли характер эгаси.

- Жорий мавсум саккиз ўйиндан иборат голсиз серия қайд этдингиз. Бу ҳолат сизни ташвишга солгандир?

- Тушкунликка тушмайман, бунақаси ҳар мавсумда кузатилиши мумкин. Битта гол уриб олсангиз, қолгани ўз-ўзидан келаверади. Мазкур вазиятда кўпроқ шуғулланиш лозим. Мураббий билан ушбу масалада суҳбатлашгач, машғулотдан сўнг 10-15 дақиқа дарвозага зарба бериш бўйича машқ ўтказишга одатландим.

- Сабр ва совуққонликни ўрганса бўладими?

- Ўзингизни назорат қилишни ўрганишингиз мумкин. Дарвозабон билан яккама-якка ҳолатга чиққан пайт «Ҳозир гол ураман», деб ўйласангиз, ўнта ҳолатнинг биттасида тўп киритасиз. Асосийси, ўзингизни қўлга олишингиз керак.

- Мураббий билан муносабатда муаммолар туғилмаяптими?

- Кўпинча худди Эмери билан бўлгани сингари айрим масалаларда очиқ-ойдин суҳбатлашиб олишга тўғри келади. Унаи қўл остида ўйнаганимда муаммо туғилса, гаплашардик. У фикримдан қайтариш қийинлигини тушунсада, вазиятга бефарқ эмаслигимни кўрарди.

- Шерикларингиз-чи, сўз эркинлигига эгами? Футболчи мураббий билан гаплашишни билиши керакми?

- Албатта, суҳбат ҳамиша фойда келтиради. Тан оламан, «Севилья»да Эмери бошчилигида тўп суришдан олдин у қадар кўп гапирмасдим.

- «Севилья»да асосан захирадан майдонга тушардингиз...

- Бунга кўникишим қийин кечган. Мазкур клубда ҳар қачонгидан кўпроқ характер кўрсатишга тўғри келган. «ПСЖ»да ҳам шундай бўлган, аммо мен кўникканман. Айниқса, ЕЧЛ 1|8 финали доирасидаги «Вален-сия»га қарши баҳсда Ибрагимович дисквалификация сабаб майдонга тушмаганди. Аммо мен барибир, захирада қолдим.

- Шунга қарамай, ўйинга қўшилгач, гол урилган вазиятда ажойиб ҳаракат қилдингиз.

- Йўқ, бу ҳолат ўйинимга таъсир кўрсатмади, бироқ ич-ичимдан Карло Анчелоттининг қарорига қўшилардим. Чунки қанчалик қийналсам ҳам барибир захирада қолаверардим. «Севилья»да эса асосий таркибдан жой олмаганимда норозилигимни яширмаганман.

- Ҳозир «ПСЖ» захира ўриндиғида ўтирсангиз, шундай характер кўрсатармидингиз?

- Ҳа, дарҳол мураббийдан тушунтириш сўрардим. Шуни таъкидлаш жоизки, ўша пайт рақобатчим Ибрагимович бўлган. Ўтган йил ёзида «Барселона» ёки «Атлетико»га ўтиш имконияти туғилганди. Лекин Каталонияда менга нима бор? У ерда Неймар, Месси, Суарес ўйнайди. Ҳар бир баҳсни бошланғич таркибда бошлайдиган бу йигитлар ўйин тугашига 10 дақиқа қолганда алмаштирилсалар дарҳол норози бўлишади. Златан билан ҳам худди шундай ҳолат кузатилган. Швед жуда қизғанчиқ эди, аммо майдонда ўз ишини қойилмақом тарзда уддаларди.

- Балки ҳар доим шундай жаҳлдор ҳолда қолганингиз маъқулдир?

- Албатта! Мабодо мураббий бўлсам, ўйинга чанқоқ футболчиларга кўпроқ эътибор қаратаман.

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz