Қайднома

Қидирув

Футбол фанатлари ҳақида ғайриоддий воқеалар

Футбол фанатлари ҳақида ғайриоддий воқеалар

  19.05.2017 06:39
  0
  1844
Футбол фанатлари ҳақида ғайриоддий воқеалар

Футбол шундай ўйинки, унинг жозибасидан мухлислар чексиз баҳра олишади. Ғалаба сармаст­лигини унча-мунча ёқимли туйғу билан қиёслаб бўлмаслиги ҳам айни ҳақиқат. Бироқ севимли жамоалари кутилмаган мағлубиятга учраса, бундан чинакамига жазава тушадиган, назоратни мутлақо қўлдан чиқариб, кучли алам таъсирида ножўя хатти-ҳаракатларни амалга оширадиган эҳтиросли фанатлар ҳам бор, албатта. Қуйидаги мақола худди шунга ўхшаш 10та ғайриоддий воқеа хусусида...

Фанатлар Пеле башоратига қарши

- Биз Пеленинг уйи олдида кечаси билан намойиш уюштириб, унга уйқу бермаймиз,-деди аввалги ой ҳаловати бузилган колумбиялик ашаддий мухлислардан бири. Бундай асабий баёнотнинг сабаби оддий: бразилиялик футбол афсонаси яқинда яна «башорат қилиш қобилияти»ни ишга солиб, Колумбия терма жамоасини навбатдаги мундиал бош совринига асосий даъвогарлардан бири сифатида тилга олди. Хўш, шунга нима, ахир кимсан Пеленинг эътирофи ёқимли эмасми? Бироқ гап шундаки, аллақачон «анти-Нострадамус» лақабини орттирган жаноб Пеленинг аввалги аксарият башоратлари тўғри чиқмаган, аксинча, амалда ҳаммаси ғирт тескари кўриниш олган. «1994 йилги ЖЧни бир эсланг... Ўшанда ҳам Пеле терма жамоамизнинг мутлақ кучлилигини айтиб, АҚШда ғалаба қозонишини тахмин қилганди,-дейди ўша жиғибийрон мухлис. - Минг афсуски, миллий термамиз амалда ҳаттоки, гуруҳдан ҳам чиқолмаганди. Боз устига, ўз дарвозамизга гол уриб қўйган ҳимоячи Андрес Эскобар аламзада мухлислар томонидан отиб ўлдирилди. Шундай экан, яхшиси, Пеленинг башоратларидан узоқроқ юрайлик. Бизга ортиқча «драма» керак эмас».

Паркер учун рақс сабоғи

1990 йил Ямайканинг «Кингс оф Даймондз» ҳаваскорлар клуби ҳужумчиси Уэсли Паркер учун ўта ноқулай келди. Чунончи, аввалига унинг майдонда ишлари сира юришмади. Бунинг оқибатида бечора футболчи мухлисларнинг ғазабига дучор бўлиб, бир неча даҳшатли таҳдидга ҳам учради. Энг ёмони, бир гал аламзада ишқибозлар уни ўғирлаб кетишди ҳамда шаҳар четидаги қаровсиз бир бинога қамаб қўйишди. Маҳаллий полициянинг тергов-суриштирувларидан сўнг аниқланишича, ниқобли кимсалар футболчини нақ 2 соат давомида «лимбо» аталмиш ғоят серҳаракат рақсга тушишга мажбур қилишган экан. Бундан кўзланган мақсад ҳам «ажойиб» - ҳужумчининг чаққонлигини ошириб, уни вазиятлардан самарали фойдаланишга ўргатиш! Хуллас, бечора Паркер 120 дақиқа «берилиб» рақсга тушгач, майдонда фаолроқ бўлиш шарти билан озод қилинган...

Дарахт устида очлик...

Тасаввур қилинг, қайсидир жамоанинг суст ўйини, нотўғри тактикаси ва қониқарсиз спорт формасидан безиган ашаддий мухлиссиз. Айтингчи, вазиятни ўнглаш учун нима қиласиз? Ана, «Билмадим» қабилида бош қимирлатишдан нарига ўтмадингиз. «Коринтианс» клубининг Роберто исмли ишқибози эса узоқ ўйланиб ўтирмай, стадион яқинидаги дарахт устига чиқиб олганча шунчаки, очлик эълон қилди-қўйди. Аниқроқ айтсак, у 2003 йили бир қоп бананни олиб, дарахтга чиқди-да, ўзини арқон билан бақувват шохга боғлади. Ўжар Роберто қачонки, жамоа ўйинига мазмун кирсагина пастга тушиши ҳақида огоҳлантиришни ҳам унутмади. Хуллас, Роберто шу кўйи дарахт устида нақ 7 кун (!) ўтирди. Бу орада сабр косалари тўлган футболчилар уни чириган мевалар билан «тошбўрон» қилганча пастга тушишга ундашди. Бироқ қайсар мухлис уларга жавоб тариқасида банан пўчоқларини улоқтириб, жойида ўтираверди.

Муҳаббат ва нафрат чегараси

2003 йили Свазиленд миллий жамоаси Кабо-Верде термаси билан куч синашиб, дурангга имзо чекди-ю, мухлислар «қўшини» балосига учради. Ҳа, дуранг - футболда учраб турадиган натижа. Лекин свазилендлик мухлислар Кабо-Верде жамоасидек камтар рақибни енголмасликни шармандалик сифатида баҳолашди. Хуллас, баъзи қизиққон ишқибозлар қўлларига бейсбол таёқларини олиб, футболчилар ўтирган автобусни ўраб олишди. Энг қизиғи, ўйинчилар ҳам бўш келмай, автобусдаги қўлга илинадиган буюмлар билан «қуролланиб», ташқарига чиқишди... Хайриятки, ҳаммаси оммавий муштлашувга айланиши олди олинди. Яъни воқеа жойига вақтида етиб келган полициячилар рисоладагидек ишлаб, муқаррар тўполонни ўз ўрнида босди-босди қилишди. 

Велосипед воситасида калака

2001|2002 йиллар мавсуми. «Порт Вейл» клубининг ишлари мутлақо чаппасига кетди. Мухлислар узлуксиз омадсизликларга узоқ вақт сабр қилишдию, аммо якунда тоқатлари тоқ бўлди, барибир. Хуллас, эпчил ишқибозлардан бири велосипедини ҳайдаб, жамоа шуғулланаётган жойга борди ва футболчиларни бирин-кетин «ширин» ҳақоратлар билан «сийлай» бошлади. Клуб вакиллари ўз навбатида, унинг овозини ўчириш учун бечорани тўп билан нишонга олишга уринишди. Бироқ велосипедни моҳирона ҳайдаган фанат анча чаққонлигини исботлаб, барча зарбаларга чап берганча футболчилар асабини баттар бузди. Қолаверса, «Ҳаттоки, Робби Уильямс ҳам тўп билан мени бемалол ағдара оларди, сизлар эса...»,-дея жамоа аъзоларини роса мазах қилди.

Севги учун кураш

2011 йил. «Стивениж» донгдор «Ньюкасл»ни енгиб, «қарғалар»ни Англия кубоги турниридан чиқариб юборди. 24 ёшли мухлис Роберт Фицжеральд бу ёқимли зафарни қандай нишонлаганини биласизми?! У ҳакамнинг финал ҳуштаги янграгач, майдонга чопиб тушди ва ҳимоячи Скотт Лэйрднинг юзига мушт туширди. Энг қизиғи, бу «саҳна кўриниши» тўғридан-тўғри эфир вақти юз берганди. Кейинроқ аниқланишича, «олифта» футболчи аламзада Фицжеральднинг севган қизини учрашувга таклиф қилиб, у билан бетакаллуф муомалада бўлган экан. Табиийки, севги ўтида ёнаётган мухлисни тушуниш мумкин, лекин қаттиққўл инглиз суди Робертни 12 ҳафталик қамоқ жазосига ҳукм қилишдан ташқари, унинг 6 йил давомида стадионларга кириш ҳуқуқидан маҳрум этди. Ҳодиса сабабчиси саналган номаълум қизнинг охир-оқибат кимни танлагани эса сирлигича қолди.

Орамизда «ўзга сайёраликлар»

Кўпчилик эшитгандир, яқинда Европадаги топ-ўйинлар вақти стадионда аллақандай белгилар билан безатилган, қоп-қора, ғалати кийим кийган кишилар кўриниш бераётганлари ҳақида хабарлар урчиди. Қарангки, немис футболи тирик афсонаси Франк Беккенбауэр ўша кимсалар ўзга сайёрадан келишгани ва Ерга ҳужум қилишни режалаштираётганларини айтди, албатта, ҳазил оҳангида. Нима дердик... Хайриятки, бу Samsung компанияси рекламаси эмас экан.

Жаноб Жамп жиннилиги

Кутилмаган чиқишлари ва масхаромуз қилиқлари билан танилган испаниялик мухлис - Жимми Жамп ҳақида эшитмаганлар борми? Бу шоввоз хусусан, стадион майдонига чопиб тушиб, «Реал»га ўтиб кетган Луиш Фигу бошига «Барселона» байроғини ўраб қўйгани билан машҳурликка эришганди. 2010 йили эса Жамп «фаолияти»нинг чўққиси кузатилди: у ЖАР мундиали финали вақти майдонга югуриб чиқиб, жаҳон кубогига ўзининг машҳур қалпоғини кийдириб қўйишга уринди. Тўғри, шу-шу Жамп жаноблари бошқа ҳеч бир турнир ёки ўйинда кўриниш бергани йўқ.

Тўпда нима айб?

Бразилиянинг икки номдор клуби - «Ботафого» ва «Флуминенсе» ўртасидаги учрашувлар азал-азалдан кескин ва муросасиз руҳда, турли-туман воқеаларга бой тарзда ўтади. Дейлик, 1957 йилги тўқнашувда «Ботафого»нинг ҳиссиётга берилган бир гуруҳ мухлислари майдонга тушиб, ўйинни тўхтатиб қўйишганди. Устига-устак, ширакайф фанатлардан бири ёнидан тўппончасини олиб, «асосий айбдор» - тўпни ўққа тутади. Сабаб нима, маъно моҳият-чи? «Мен шунчаки, «Ботафого» футболчиларига ҳужум қандай бўлишини кўрсатиб қўймоқчи бўлдим, холос»,-дея ўзини оқлаганди ўша инсон. Қаранг-а...

Каламушча «ҳужум»

Гондураслик футболчилар ЖЧ-70га чиқиш учун азалий рақиб - Сальвадор темасига қарши кечадиган ўйинга ҳозирлик кўриш жараёнида олдинда ўзларини мураккаб лаҳзалар кутаётганини билишарди. Иш шу даражада жиддий эдики, футболчиларни мухлислардан ҳимоя қилиш учун ҳукумат бир гуруҳ аскарлар хизматидан фойдаланишга мажбур бўлади. Шунга қарамай, тун ярмида футболчилар жойлашган меҳмонхона деразалари тошбўрон қилинади. Кейинроқ эса синган ойналар туйнукидан футболчилар устига ўлган каламуш таналари улоқтирилади. Футболчилардан бири ўша воқеани шундай эслаганди: «Тўғриси, бундай ҳолатга тушишдан кўра, футбол ўйнамай, уйда тинчгина ўтирганим афзал экан, деб ўйлагандим...».

И.РАҲИМОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz