БАРЧАСИНИ БОЙ БЕРГАН «БАЙЕР».
Ҳозирда бундеслигада ишлари сира юришмаётган «Байер»нинг мавсум-2001|2002даги ҳолати эсингиздами? Ўшанда «доришунослар» ўз тарихларидаги энг ёрқин ўйинлар билан кўзга ташланишганди. Бироқ шу энг яхши мавсум клуб мухлисларига мисли йўқ алам ҳамда оғриқли хотиралар тақдим этганди. Чунончи, «шерлар» май ойини ЧЛ ва Германия кубоги финалчиси, шунингдек, бундеслига пешқадами мақомида қарши олишганига қарамай, якунда ҳар 3та турнирда «атиги» иккинчи бўлиш билан чекланишганди. Орадан роппа-роса 16 йил ўтгач, «Футбол» ҳафтаномаси леверкузенлик ўша «омадсиз» йигитларнинг айни пайт қандай юмушлар билан шуғулланишаётганига қизиқиб кўрди.
Ханс-Йорг БУТТ (42 ёш). Пенальтичи-дарвозабон. «Ольденбург» билан иккинчи бундеслигага чиққанидан кейин 1997 йили «Гамбург» сафига қўшилиб, 4 мавсум давомида 19та голга муаллифлик қилган.
Леверкузен жамоаси билан эса эркин агент сифатида шартнома тузиб, Рене Адлер саҳнага кўтарилгунича асосий кипер ролини ижро этган. 3та клуб сафида «Юве» дарвозасига 3та гол урган. Фаолиятини «Бавария»да якунлаб, 2012 йилгача Мюнхенда ўсмирларни шуғуллантирди. Ҳозир - тадбиркор.
Томас БРДАРИЧ (42 ёш). Германиялик ҳужумчи бундеслигага «Штутгарт» таркибида қадам қўйган. Кейинчалик «Фортуна» (Дюссельдорф) ва «Фортуна» (Кёльн)да ўйнагач, «Байер» сафига қўшилиб, 1999-2003 йиллар оралиғида «доришунослар» шарафини ҳимоя қилган.
Бутсаларини михга илгач, Минскнинг «Динамо» ҳамда ўзимизнинг «Бунёдкор»да ишлади. Ҳозир - «Шкендия» (Македония) мураббийи.
ЛУСИО (38 ёш). Бразилия термасида етакчи марказий ҳимоячи мақомида тўп сурган футболчи ҳам кўплаб клубдошлари каби «Бавария»га ўтиш асносида бундеслиганинг 3 карра чемпионига айланган. ЧЛ кубогини ютиш орзуси эса «Интер»да рўёбга чиққан.
Эътиборлиси, «нерадзурралар» финалда айнан мюнхенликлардан устун келишганди. Ҳозир - Ҳиндистонда ўйнамоқда.
Михаэль БАЛЛАК (40 ёш). Ярим ҳимоячи «Кайзерслаутерн» билан бундеслигада ғолиб чиқиб, юлдуз даражасини олган. 1999 йили «Байер» сафига қўшилиб, Клаус Топпмеллер қарорига кўра, ҳужумчи ортида самарали тўп сурган. 2002 йилнинг энг омадсиз юлдузи.
Зеро, Баллак бундеслига «Кумуш товоғи»ни бой беришдан ташқари, мамлакат кубоги, ЧЛ ва ЖЧ финалида мағлубликни тан олганди. Тўғри, у кейинчалик «Бавария» ва «Челси»да етарлича соврин ютиб, 2012 йили футболдан кетди. Ҳозир - ESPN эксперти.
Золтан СЕБЕСКЕН (41 ёш). 1999 йили «Вольфсбург» билан шартнома тузган ва кейинчалик бу жамоанинг Германия термаси учун гол урган биринчи футболчиси бўлган.
«Байер»да эса тиззасига боғлиқ сурункали муаммолар сабаб, ўзини унча кўрсатолмай, 30 ёшидаёқ футбол билан хайрлашган. Ҳозир - консалтинг фирмаси хўжайини.
Борис ЖИВКОВИЧ (41 ёш). Хорватиялик ҳимоячи|таянч ярим ҳимоячиси, «Сараево» тарбияланувчиси. Уни «Байер»га 1997 йили Кристоф Даум таклиф этганди.
Борис шу тариқа немис клубида 6 мавсум тўп суриб, бундеслигадаги энг сара ҳимоячилардан бирига айланди. Фаолиятига эса 2009 йили «Хайдук»да нуқта қўйди. Ҳозир - футбол агенти.
Йилдирай БОШТУРК (38 ёш). «Бохум»да кўзга ташланган туркиялик ярим ҳимоячи 2001 йили «Ба-йер» сафига қўшилиб, Леверкузенда фаолиятининг энг ёрқин дамларини бошдан кечирди: ЧЛ ва Германия кубоги финалида ўйнади, бундеслигада кумуш медаль, ЖЧ-2002да эса бронза медалини ютди.
Натижада «Олтин тўп» сўровида 9-ўринни эгаллади. Бироқ доимий жароҳатлар сабаб, 31 ёшида футболчилик фаолиятига нуқта қўйди. Ҳозир - кўчмас мулк агентлиги хўжайини.
Карстен РАМЕЛОВ (42 ёш). Ўша «Байер»нинг сардори. Берлинда туғилган ва футболчилик фаолиятини «Тасмания-73»да бошлаган Рамелов Леверкузен жамоасига 1995 йили «Герта»дан ўтганди. Кристоф Даумни иккинчи отасидек кўради.
«Доришунослар» шарафини 13 йил давомида нақ 333та ўйинда ҳимоя қилган. «Бундесманшафт» либосини эса деярли 50 марта кийган. Ҳозир — бизнесмен ва ТВнинг доимий меҳмони.
Бернд ШНАЙДЕР (42 ёш). «Ба-йер» ярим ҳимоячиси ва афсонаси. Йенада туғилган Бернд маҳаллий «Обау» ва «Карл Цейсс» жамоаларида футболчи сифатида шакллангач, 1998 йили «Айнтрахт» (Франкфурт) сафига қўшилган.
Яна бир йилдан кейин эса Кристоф Даум таклифига биноан, леверкузенликлар билан шартнома тузиб, «шерлар» сафида 10 мавсум тўп сурган. 2009 йили белидаги оғриқлар туфайли профессионал футболдан юз ўгирди. Ҳозир - фахрийлар жамоаси аъзоси.
Диего ПЛАСЕНТЕ (39 ёш). Аргентиналик ҳимоячи 20 ёшида жонажон клуби - «Архентинос Хуниорс»дан «Ривер Плейт»га ўтиб, чинакам машҳурликка эришган - бир неча чемпионлик мақоми ва Либертадорес суперкубоги.
2000 йили терма жамоада дебют қилгач, тез орада «Байер» томонидан сотиб олинган. «Шерлар» таркибида 4 мавсум тўп сургач, орада бир йил ватанида ўйнади. Ҳозир - пицца тайёрлайдиган тармоқ эгаси.
Оливер НОЙВИЛЛЬ (43 ёш). Италиялик аёл ва немис йигити оиласида Швейцарияда дунёга келган ҳужумчи аввалига «Локарно»да ўзини кўрсатиб, «Серветт» орқали Ла-лигага йўл олади ва «Тенерифе» сафида қойилмақом мавсумни ўтказади.
Кейин Германия, яъни «Байер»да янада ёрқин ўйинлар намойиш этиб, «бундесманшафт» таклифига жавобан немислар миллий термасида ўз изини қолдиради. Ҳозир - «Боруссии» М. ўсмирлар жамоа мураббийи.
Димитар БЕРБАТОВ (36 ёш). Болгария футболининг энг кўзга кўринган намояндаларидан бири. Димитар 17 ёшида Софиянинг ЦСКА клуби етакчиси сифатида миллий кубок соҳибига айланади ва Леверкузенга йўл олиб, «Байер»да Нойвилль ўрнига бош тўпурар ролини бажаради.
2006 йили болгар йигити «Тоттенхэм» билан шартнома тузади, гарчи ўзи «Ньюкасл»да ўйнашни орзу қилган бўлсада. Яна 2 йилдан кейин эса Шарқий Европадаги мамлакат ҳужумчининг «МЮ» сафига қўшилганидан ўзгача шодланади. Ҳозир - таътилда (2016 йили ПАОКда ўйнади).
Зе РОБЕРТО (42). Бразилиялик таянч ярим ҳимоячиси, бундеслига тарихидаги энг кучли легионерлардан бири. Ҳали танилмаган пайти «Реал» билан шартнома тузган, аммо Мадридда ўйнаб кетолмаган.
Шундан сўнг Германияга йўл олиб, 13 йил давомида «Байер», «Бавария» ва «Гамбург» клубларида шараф билан тўп сурган. Аммо унга ҳам ЧЛда ғолиб чиқиш армон бўлиб қолди. 2012 йили Қатарда футбол билан хайрлашишни мўлжаллади, аммо Бразилияга қайтиб, яна майдонга туша бошлади. Ҳозир - «Палмейрас»да ўйнамоқда.
www.sports.ru сайти асосида Ҳ.МАСАИДОВ тайёрлади
Манба: www.interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20