Қайднома

Қидирув

Танишинг: дунёнинг энг кучли мураббийлари... Топ-50

Танишинг: дунёнинг энг кучли мураббийлари... Топ-50

  20.05.2017 00:48
  0
  2863
Танишинг: дунёнинг энг кучли мураббийлари...  Топ-50

Аввалроқ хабар берган эдик, Франциянинг машҳур L’Еquipe нашри яқинда ўз талқинидаги мураббийлар рейтингини эълон қилди. Нашр томонидан ўтказилган махсус сўров якуни бўйича жорий мавсум иши унча ўхшамаган Хосеп Гвардиола замонамизнинг энг яхши мураббийи сифатида тан олинди. «Барселона» устози Луис Энрике эса ўзини худди камситилгандек қис қилган бўлса, ажабмас. Ахир унга атиги 13-қатордан жой ажратилди. soccer.ru сайти ижодкорлари Франция журнали рейтингига алоҳида назар ташлаб, айнан шунга ўхшаш диққатга сазовор жиҳатларга эътибор қаратишди. Эслатиш жоиз, L’Еquipe талқинидаги рўйхат 33 нафар журналист овозига кўра, тузилган.

41-50-ўринлар

Рикардо Лавольпе («Америка»; Аргентина) Хуан Антонио Пицци (Чили термаси; Аргентина) Ларс Лагербек (Норвегия термаси; Швеция) Эдди Хоу («Борнмут»; Англия) Жованни ван Бронкхорст («Фейеноорд»; Голландия) Крис Коулмэн (Уэльс термаси; Уэльс) Ральф Хазенхюттль («РБ Лейпциг»; Австрия) Хеймир Хадльгримссон (Исландия термаси; Исландия) Жан Пьеро Гасперини («Аталанта»; Италия) Луис Фелипе Сколари («Гуанжоу Эвергранд»; Бразилия)

Демак, рейтингнинг охирги ўнталигидан миллий жамоаларнинг 4 нафар ва клубларнинг 6 нафар устози жой олди. ЖЧ-78да Аргентина терма жамоаси сафида чемпионлик нашидасини сурган Рикардо Лавольпе 30 йилдан ошдики, Мексикада ишламоқда. Французлар унинг «Америка» клубини рақобатбардош даражада кучайтириб, КОНКАКАФ ҳудудидаги ЧЛда кетма-кет 2 марта ғолиблик сари етаклаганини эътиборсиз қолдиришмади. Хуан Антонио Пицци эса Чили терма жамоасининг Америка кубоги финалида ўз ҳамюртлари - аргентиналиклардан устун келишини таъминлади. Ларс Лагербек ва Хеймир Хадльгримссон Исландия термаси билан Евро-2016да чинакамига шов-шув кўтаришди, Крис Коулмэн ҳам айнан шу турнирда камтарин Уэльс миллий жамоасини ярим финалга қадар етаклади. Эдди Хоу ва Жованни ван Бронкхорст - булар истиқболли мураббийлар. Англиялик мутахассисни ҳозирдан катта клубларга боғламоқдалар, голландиялик ёш ва ғайратли Бронкхорст эса иккинчи мавсумда «Фейеноорд»ни ҳавас уйғотадиган даражада шакллантиришга эришди. Ральф Хазенхюттль «РБ Лейпциг»ни жорий мавсумнинг бош кашфиётига айлантирди. Зеро, «қизил буқалар» бундеслигадаги дебют мавсумдаёқ Германиянинг энг кучли клубларига сабоқ бериб, бир уринишда ЧЛ йўлланмасини нақд қилишди. «Аталанта» ўйинидаги ижобий ўзгаришлар замирида аввало, бош мураббий Жан Пьеро Гасперинининг меҳнатлари ётибди. Жаҳон чемпиони Лиус Фелипе Сколарини эса асосан олдинги хизматлари ҳурмати рейтингга қўшган бўлсалар керак. Тўғри, «Сержант Фелипао» ҳозир ҳам Хитой миллий супер-лигаси гранди - «Гуанжоу Эвергранд»да чакки иш юритаётгани йўқ.

31-40-ўринлар

Оскар Табарес (Уругвай термаси; Уругвай) Жованни Трапаттони (жамоасиз; Италия) Жорже Жезуш («Спортинг»; Португалия) Луи ван Гал (жамоасиз; Голландия) Мануэль Пеллегрини («Хэбэй Чайна Форчун»; Чили) Мирча Луческу («Зенит»; Руминия) Руди Гарсия («Марсель»; Франция) Марсело Гальярдо («Ривер Плейт»; Аргентина) Лучано Спаллетти («Рома»; Италия) Роналд Куман («Эвертон»; Голландия)

Бу ерда «Зенит»га дахлдор икки нафар мутахассис бор - собиқ ва амалдаги бош мураббий. Аммо Мирчу Луческу учун унинг «Шахтёр»даги узоқ ва самарали фаолиятини инобатга олиб, овоз беришгани тайин. Лучано Спаллетти эса Россиядан қайтгач, яна юқори кўтарилиб, «Рома» бошқарувини қўлга олди ва ҳозирда талабгир мутахассислар қаторида турибди. Оскар Табарес ҳам ҳурматга лойиқ. У 10 йилдан ортиқ вақтки, Уругвай термасини бинойидек бошқармоқда ва ютуқлари чакки эмас: Америка кубоги олтин медали, жаҳон чемпионати ярим финали... Жорже Жезушга абадий омад етишмайди. Шунга қарамай, бу мутахассис нималарга қодирлигини исботлаш илинжида ҳамон ўз ўрнида, яъни еврофутболда. Ваҳоланки, Мануэль Пеллегринидек мутахассис жимгина Хитойга юзланди. Руди Гарсия ва Роналд Куман каби ҳали ёш саналувчи мураббийлар ҳозирда тегишлича «Марсель» ҳамда «Эвертон»да қандайдир каромат кўрсатиш ҳаракатидалар. Улар яқин келажакда бемалол йирик чорловларни қабул қилишлари мумкин. Навбати билан Уругвайнинг «Насьонал» ва  Аргентинанинг «Ривер Плейт» клублари билан бир қатор совринлар ютган (хусусан, Либертадорес кубогини) 41 ёшли Марсело Гальярдога ҳам шундай таъриф бериш учун асослар етарли. «Қариялар» - Жованни Трапаттони ва Луи ван Галга келсак, уларнинг футбол равнақига қўшган ҳиссалари эътиборга олинган, чоғи. Қизиқ, француз журналистлари итальян мутахассисининг фаолиятини тугатганини билишармикан? Боз устига, унинг голландиялик касбдоши ҳам ҳозирча катта футболга қайтиш ишқида ёнаётгани йўқ. Шу иккисини назарда тутиб айтсак, дейлик, Алекс Фергюсон ва Висенте Дель Боскега нима учун ўрин берилмаган?

21-30-ўринлар

Клод Пюэль («Саутгемптон»; Франция) Юлиан Нагельсманн («Хоффенхайм»; Германия) Эрнесто Вальверде («Атлетик»; Испания) Рафаэль Бенитес («Ньюкасл»; Испания) Хулен Лопетеги (Испания термаси; Испания) Лоран Блан (жамоасиз; Франция) Марчелло Липпи (Хитой термаси; Италия) Маурицио Сарри («Наполи»; Италия) Тите (Бразилия термаси; Бразилия) Томас Тухель («Боруссия» Д.; Германия)

Рўйхат бўйлаб юқорига кўтарилган сари футбол мезони бўйича катта саналган мамлакатлар вакиллари кўпроқ учрашади. Дейлик, 21-30-қаторда Испаниядан 3 нафар, Германия, Италия ва Франциядан 2 нафар мутахассис бор. Французлар ўз ҳамюртлари Клод Пюэлнинг «Саутгемптон»даги ишини баҳолашда унинг Лиги 1 клубларини муваффақиятли тарзда бошқарганини ҳам ҳисобга олган бўлсалар керак. Улар яна Лоран Бланнинг фаол иш фаолиятига қайтишини кутишмоқда. Бу мураббий «ПСЖ»ни ички аренада «гегемон» мақомига кўтаргач, танаффус олгани бўйича ҳали сукут сақлаяпти. Юлиан Нагельсманн аслида янада юқорироқ ўринга муносиб. Ахир у - феномен. Қаранг, «Хоффенхайм» устози атиги 29 ёшда ва бундеслигада ўзидан катта шогирдлари билан «Бавария»дан устун келди, бошқа грандлар кўнглига ҳам ғулғула солди. Унинг ҳамюрти - Томас Тухель ҳам мақтовга лойиқ. Тан олайлик, Боруссия» Д. гарчи ЧЛ чорак финалида тўхтаган бўлсада, унинг ижросидаги футбол кўпчиликка манзур тушди. Барқарор Эрнесто Вальверде, мулоҳазакор Рафаэль Бенитес ва шижоаткор Хулен Лопетеги - булар испан бригадаси вакиллари. Рафа жорий мавсум Англия чемпионшипида ишлашдан ор қилмади ва «Ньюкасл» билан АПЛга қайтди, бунгача асосан ўсмирлар ва ёшлар миқёсида муваффақият қозонган Хулен эса Испания миллий жамоасини ҳам текис бошқаряпти. Тажрибали Титени алоҳида эътироф этиш лозим. Чунончи, у таназзулдаги Бразилия термасини бир уринишда қайта «уйғотди». Хитойликларга ёрдам қўлини чўзган (албатта, текинга эмас) Марчелло Липпи эса беқиёс обрўси туфайли рейтингга  кирган бўлса, қизиқарли мураббийлик қисматига эга Маурицио Сарри мутлақо ҳақли равишда эътиборга тушган - бунга «Наполи»нинг ўйинлари далил.

11-20-ўринлар

Арсен Венгер («Арсенал»; Франция) Фернанду Сантуш (Португалия термаси; Португалия) Клаудио Раньери (жамоасиз; Италия) Люсьен Фавр («Ницца»; Швейцария) Марсело Бьелса (жамоасиз; Аргентина) Унаи Эмери («ПСЖ»; Испания) Хорхе Сампаоли («Севилья»; Аргентина) Луис Энрике («Барселона»; Испания) Маурисио Почеттино («Тоттенхэм»; Аргентина) Дидье Дешам (Франция термаси; Франция)

Тинмай истеъфога чиқиш хусусида талаб-дашном эшитаётган мураббий 20-ўринда. Ҳа, мсье Арсен Венгер ҳозирги ҳолатида ҳам обрўли. Тўғри, унинг вақтида кучли ўнлик, бешлик ва ҳаттоки, учликдан ҳам жой олганини унутмаслик керак. Рейтингнинг бу бўғинида соғлом фикрга унча мос келмайдиган битта жиҳат дарҳол кўзга ташланади: французлар ўз ҳамюртлари Дидье Дешамга 11-ўринни раво кўришган, ваҳоланки, Европа чемпионати финалида айнан унинг жамоасини мағлубиятга учратган Португалия термаси устози Фернанду Сантуш атиги 19-қаторда турибди. Клаудио Раньери эҳтимолки, топ-20дан жой олгани учун хурсанд бўлиши керакдир, ахир итальян мутахассиси бундан 2 йилча олдин ҳам шунчалик баланд кўтарилолмасди. Луис Энрике - хизматлари камситилган ёхуд қардланмаган мураббий. Ахир у қисқа фаолияти давомида Чемпионлар Лигаси ғолибига айланди, Испания лигасида икки марта зафар қучди ва яна бир қатор совринлар соҳибига айланди. Шунга қарамай, французлар испан мураббийини ҳаттоки, кучли ўнликка ҳам қўйишмади. Бу бўғинда ҳам Лига 1да ишлаётган 2 нафар мутахассис бор - Унаи Эмери ва Люсьен Фавр. Улар асосан «Севилья» ва «Боруссия» М. аталмиш кучли лойиҳалар эвазига ҳурмат қозонишгани тайин. Тўғри, иккинчиси «Ницца»даги фаолияти билан ҳам юксак баҳога лойиқлигини исботламоқда. Бу ерда Аргентинадан бирданига 3 нафар мураббийга жой теккани ҳам диққатга сазовор: Хорхе Сампаоли Чили термаси билан Америка кубогини тасодифан ютмаганини «Севилья»да исботлаётган бўлса, Маурисио Почеттино АПЛдаги энг эффектли  менежерлар сафига қўшилиб улгурди. Фақат ҳозирча ишсиз юрган Марсело Бьелсанинг ҳолати тушунарсиз. Тўғри, у ёзда «Лилль» бошқарувини қўлга олиши мумкин.

Топ-10

Юрген Клопп («Ливерпуль»; Германия) Леонарду Жардим («Монако»; Португалия) Зайниддин Зидан («Реал»; Франция) Йоахим Лёв (Германия термаси; Германия) Массимилиано Аллегри («Ювентус»; Италия) Жозе Моуриньо («МЮ»; Португалия) Карло Анчелотти («Бавария»; Италия) Диего Симеоне («Атлетико»; Аргентина) Антонио Конте («Челси»; Италия) Хосеп Гвардиола («Манчестер Сити»; Испания)

Йоахим Лёв - топ-10га лойиқ кўрилган миллий жамоанинг ягона мураббийи, қолганлар клуб футболидан танланган. Юрген Клоппнинг «Ливерпул»даги ишлари кутилган даражада равнақ олмаган бўлсада, унинг салоҳияти барчага маълум. Леонарду Жардим «Монако»дек ёш ва ажойиб жамоа тузгани билан 9-ўринга мутлақо муносиб. Ҳозирги ҳолатда айнан Леонардуни португалиялик энг кучли мутахассис сифатида таърифлаш жоиздир, аммо инерция кучи - буюк қудрат. Шунинг учун ҳам, Жозе Моуриньо ундан тепада - кучли бешликда. Зайниддин Зидан дебют мавсумидаёқ Чемпионлар Лигаси ғолиби бўлди ва турли рейтинглар бўйича мисли кўрилмаган ўсишга эришди - барчаси ҳаққоний баҳо. Аммо унинг мураббий сифатида дейлик, 13-поғона билан чекланган Луис Энрикедан қандай устун жиҳатлари борлигини тушунтириб бериш қийин, барибир... Эҳтимол, чиндан ҳам зўрдир, бироқ бу ҳали тўлиқ исботланган эмас. Италия мураббийлик цехи топ-10да 3 нафар вакилга эга - Карло Анчелотти, Массимилиано Аллегри ва Антонио Конте. Бу борада баҳслашиш ноўрин, лекин уларнинг позициялари юзасидан саволлар бор, барибир. Мисол учун, «Юве»ни яна Европа даражасига кўтарган Аллегри атиги 6-ўринда. Италия футболига дахлдор ва ўтмиши итальянларга тақаладиган Диего Симеоненинг кучли учликдан жой олгани хусусида эса шубҳали гап айтиш ярамайди. Рейтинг етакчисига келсак, Хосеп Гвардиола эҳтимолки, охирги 10 йилликнинг энг омадли мураббийидир, албатта, фақат клуб даражасида. Умуман, Хосепнинг ғалабасини тан олувчилар баробарида бунга қўшилмайдиганлар ҳам етарлича топилиши - айни ҳақиқат. Бироқ шу жойда савол - унда 1-ўринни кимга бериш керак?

КЛУБ ФУТБОЛИ САЛМОҚЛИРОҚ

Рейтингда кўзга ташланадиган алоҳида жиҳат шуки, унда клуб футболи мураббийлари сафи анча кенг. Яъни топ-50даги  34 нафар мутахассис айнан клуб футболи вакилидир. Умуман, 5та бўғиннинг ҳар бирида клуб вакиллари қуйидагича устунликка эгалар: 1-10-ўринлар - 6:4; 11-20-ўринлар - 7:1 (2 нафари ишсиз); 21-30-ўринлар - 6:3 (1 нафари ишсиз); 31-40-ўринлар - 6:2 (2 нафари ишсиз); 41-50-ўринлар - 9:1. Хуллас, умумий ҳисоб 34:11 - клуб футболи фойдасига.

ҚАЙСИ ДАВЛАТДАН КЎП?

Энди 50 нафар мутахассисни фуқаролик бўйича кўриб чиқсак, Италия мураббийлик мактаби ҳамон илғор эканлиги ойдинлашади. Эътибор қаратинг, бу юртнинг 9 нафар вакили топ-50дан жой олди. Боз устига, улардан 3 нафари кучли ўнликда! Шунингдек, аргентиналик мутахассислар мавқеси ҳам чакки эмас - 7 нафар. Умуман, рейтингга жами 17та мамлакат вакили кирди.

Италия - 9 нафар Аргентина - 7 нафар

3-4. Испания - 6 нафар

3-4. Франция - 6 нафар

5-6. Германия - 4 нафар

5-6. Португалия - 4 нафар

Голландия - 3 нафар Бразилия - 2 нафар

9-17. Англия - 1 нафар

9-17. Уругвай - 1 нафар

9-17. Чили - 1 нафар

9-17. Руминия - 1 нафар

9-17. Исландия - 1 нафар

9-17. Австрия - 1 нафар

9-17. Уэльс - 1 нафар

9-17. Швеция - 1 нафар

9-17. Швейцария - 1 нафар

Рейтинг Қандай тузилган?

Аввалига 120 нафар мураббийдан иборат рўйхат тузилган. Французлар унга барча қитъларда ишлаётган ва ҳозирда ишламаётган номдор мутахассисларни киритишган. Шартга кўра, сўровга жалб этилган 33 нафар журналистнинг ҳар бири 30 кишилик анкетани тўлдириб чиққан. Анкетада 1-ўринга қўйилган мураббийга 30 балл, иккинчи рақамлисига 29 балл (ва ҳоказо) берилган. «Сўровда максимал эркинлик тақдим этиш учун овоз берувчилар олдига қандайдир чеклов қў-йилгани йўқ,-дейилади журнал сайти баёнотида. - Кимдир мураббийларнинг совринлари сонини ҳисобга олган, бошқаси барқарорлигини, яна бири иқтидорни ривожлантириш салоҳияти ёки охирги натижаларини». Хуллас, якунда энг кўп балл тўплаган 50 нафар мураббий рейтингдан жой олган.

А.ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz