Қайднома

Қидирув

Александр Заваров: «Ювентус» Чемпионлар лигасини юта олади»

Александр Заваров: «Ювентус» Чемпионлар лигасини юта олади»

  20.05.2017 03:32
  0
  754
Александр Заваров: «Ювентус» Чемпионлар лигасини юта олади»

«Динамо» (Киев)даги ёрқин ўйинларидан сўнг «Ювентус» сафига қўшилган ва Италияда ҳам чакки таассурот қолдирмаган собиқ ҳужумкор ярим ҳимоячи Александр Заваров 3 июнь куни Кардиффда бўлиб ўтадиган ЧЛ финалини интиқлик билан кутяпти. Табиийки, у бўлажак баҳсда туринликларга ён босади. «Ювентус»да замонавий футбол учун зарур барча фазилатлар бор. Дейлик, у ҳимояланиш бобида жаҳоннинг энг сара клублари қаторида. Шунинг баробарида ҳужумда ҳам чакки эмас: Игуаин барқарор тарзда гол уришдан тўхтамаяпти. ЧЛ «плей-офф» раундларидаги ўйинлар ва натижалар туринликларнинг пухта тактикага эга эканликларидан далолат. Ахир улар бир неча сафар учрашувини ҳам ўз фойдаларига ҳал қилдилар. Асосийси, собиқ жамоам финалда рақибнинг ҳужумкор ўйинчиларига кўпроқ эътибор қаратишни унутмаса, бас»,-дея «Юве» имкониятларини юқорироқ баҳолади Заваров «СЭ» нашрига берган интервьюси бошида.

- Хўш, яна бир финалчи - «Реал» ҳақида нима дея оласиз?

- Мадрид клуби ҳам мукаммал шаклланган: ҳимояси рисоладагидек, олдинги чизиғи жуда кучли. Хуллас, бизни ўта қизиқарли, оғир вазнлилар тўқнашуви кутиб турибди.

- Томонларда заиф жиҳатлар ҳам борми?

- Ҳар иккиси ҳам техника ва тактика, ҳам ҳимоявий ва ҳужумкор тизим бўйича юксак савияга эришган. Ўзи яққол кўзга ташланадиган камчиликлар билан финалга чиқиш иложсиздир.

- Демак, Зидан ва Аллегри финални ўз жамоалари томон оғдириш йўлида жиддий бош қотиришлари керак...

- Албатта. «Реал» ҳам, «Ювентус» ҳам узоқ йиллик «гегемон» ва уларнинг куч-қудратига шубҳаланиш ярамайди. Дейлик, ҳар иккиси ички аренада ҳам, халқаро мусобақаларда ҳам фақат ғалабани кўзлайди. Ўйлашимча, ана шу ғолиблик руҳияти навбатдаги финалга ўзгача чирой бағишлайди.

- Бўлажак финал Турин клуби анъаналари давомчиси саналган Буффон учун ЧЛ кубогини ютиш йўлидаги сўнгги имконият, шундайми?

- Очиғи, бу дарвозабоннинг бардавом фаолияти таҳсинга сазовор. Ахир у 3-марта финалга чиқди. Аввалги икки беллашувда мағлубиятга учраганини ҳисобга олсак, бу сафар нуфузли совринни қўлга киритиши адолатдан бўларди. Агар жамоа ҳимояда ишончли тўп сурса, «Реал» жуда қийналиши тайин. Албатта, туринликлардан тезкор қарши ҳужум ва стандарт вазиятлардан унумли фойдаланиш ҳам талаб этилади.

- Умуман, «кекса синьора» ҳимояси Роналдуни зарарсизлантиришга қодирми?

- Тан олиш керак, Криштиану анчайин мураккаб топшириқларни ёлғиз ўзи ҳал этиш салоҳиятига эга қудратли ижрочи. Шунга қарамай, «Юве» вакиллари уни «жиловлай» олишларига шубҳаланмайман. Жамоа бу борада етарли тажрибага эга. Ҳа, туринликлар «Роналду муаммоси»ни қай тариқа ҳал этишларини кузатиш ҳам қизиқарли. Агар бу ишни уддалай олмасалар, кубокдан воз кечишларига тўғри келади.

- «Қироллик клуби» ҳимоя чизиғини қандай тасаввур қиласиз?

- Ўйлашимча, «Реал» одатий услубига таянади. Яъни тўпни майдон марказида эгаллаб олиш, тезкор қарши ҳужумга ўтиш ва назоратни ушлашдан воз кечмаса керак. Мадридликлар рақибни тўпдан маҳрум этиб, комбинацияни қулай вазият юзага келгунича давом эттиришга уринадилар. Рақиб ўйинчиларига алоҳида «соқчи» қўйиш уларга хос эмас. Жамоа 30-40 йилдан буён сермазмун ўйин орқали натижага эришиш ҳадисини маромига етказди. Оддий айтганда, «Реал» 1-рақам остида тўп суради.

- Сизга эса собиқ жамоангиз услуби кўпроқ ёқади, тўғрими?

- Ҳа, доимо тактик маҳоратга юксак баҳо берганман ва ўзим ҳам шундай ўйнашга ҳаракат қилганман. Ҳозир бир жойда туриш билан ҳеч кимни алдай олмайсиз. Техникани тезкор ҳаракатлар, куч-қудрат каби бир қатор хусусиятлар эвазига кучайтириш талаб этилади.

- Туринликлар ғалабасидан умидвор эканлигингиз аниқ.

- Имкониятлар 50га 50 кўринишида. Лекин «Юве»нинг зафар қучишига илҳақман. Италия гранди анчадан буён халқаро соврин ютгани йўқ. Ваҳоланки, 2 марта финалга чиқди. Ишончим комил, омадсиз серияси қачондир тугайди.

С.РАҲМОНОВ  тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz