Буёғига «Пахтакор» ҳақида тез-тез янгилик эшитаверишга кўникиш керак. Ўтган ҳафта жамоа стадионига охирги беш йилликдаги энг кўп - беш мингдан ошиқ мухлис келган эди. Бу ҳафта эса «Пахтакор»ни қабул қилиб олиши мумкин бўлган янги мураббий ҳақида ҳам эшитдик - Олег Кононов. Бу мутахассисни танимаганлар орамизда, айниқса, «Интерфутбол»ни ўқийдиганлар ичида топилмаслиги аниқ. Чунки у Одил Аҳмедов ўйнаган «Краснодар»ни бошқарган. Шундай экан, уни ҳамма билади.
Аммо ҳозир Олег Кононов ҳақида гапирмоқчимасмиз. Умуман, «Пахтакор»ни мутлақо бошқа инсон бошқариши ҳам ҳеч гап эмас. Янги бош мураббий мавзусига тўхталганимиз боиси эса, энди «шерлар» маконидан ҳафта ўтгани сари турли янгиликлар янграйверади. Чунки клуб ўз эгасининг қўлига ўтган. Жамоа ўзиники бўлгандан кейин ниманидир ўзгартиргиси келади, янгилашни истайди.
Ўзбекистон чемпионатида иштирок этадиган клубларнинг катта қисми ҳамон мажбурий ҳомийлар қўлида қолиб кетмоқда. Аниқроғи, олий лигада фақат «Обод» ва мана энди «Пахтакор» ҳам ҳокимлик ва бошқа ташкилотларга қарам эмас. қолганлар эса бир йиллик бюджет тузиб, ҳомийлар қанча пул берса, шунга кўра харажат қилишади. Бир сўм ортиқ ёки кам эмас. Ёмон томони, клублар бу пулни бир йил ичида «еб битиришлари» шарт. Акс ҳолда, келаси мавсум ҳомийлар томонидан ажратиладиган пул миқдори қисқариши турган гап. «Шуниси ҳам етаркан», деб ўйлаб қолишлари эҳтимолдан холи эмас. Оқибатда баъзан бир сўм билан битадиган ишга икки, уч сўм сарфлаб юборилиши ҳеч гапмас. Мухлислар эса стадионга фақат ўйин ўхшаб қолганда келишади. Ўтган йили энг кўп томошабин Бухорода эди, бу йил Наманганда.
Албатта, олий лига клубларининг ташкилий тузилмасини кўп ҳам танқид қилиш ниятимиз йўқ. Зеро айнан шу тизим туфайли футболимиз ўтган 25 йил давомида ўзини ушлаб турди. Миллионлар ўйинига ҳукумат даражасида эътибор қаратилиб, ҳаттоки, янги стадионлар ҳам қуриб берилди. Камига клублар учун мажбурий ҳомийлар бириктириб қўйилди. Айнан мана шу қарор туфайли аксарият жамоаларнинг молиялаштирилиши барқарор кўриниш олди. Давлат эътибори бўлмаса, клублар хорижда йиғин ўтказолмасди, халқаро мусобақаларда иштирок этмасди.
Буларнинг бари яхши, албатта. Аммо фақат шу тизимга ёпишиб қолмаслик керак. Ҳозир футболимиз ривожланиш йўлида маълум босқични босиб ўтди. Бўлди, энди янги босқичга ўтиш вақти келди. Ҳар бир соҳада бўлгани сингари қачондир футболда ҳам бозор муносабатларига ўтилади. Ўшанда қайси клуб ташаббускорлик кўрсатса, ошиғи олчи бўлади. Эплолмагани эса...
Албатта, бу осон иш эмас. Футболнинг ашаддий мухлислари бир вақтлари Италияда «Парма», Англияда эса «Лидс» қандай кўтарилганини яхши эслайдилар. Бироқ уларга эгалик қилувчи концернлар касодга учрагач, клублар ҳам қуйига равона бўлишди. Ҳозир ҳар икки жамоа ҳам савияси паст лигаларда «жон» сақлаб юришибди. Ёки «Милан»ни олайлик. Бир вақтлари унинг хўжайини Сильвио Берлусконига кўпчилик ҳавас қиларди, «россонери» эса дунёнинг энг олди клуби саналарди. Унинг сафида дунёнинг манаман деган юлдузлари тўп суришган. Аммо Берлусконидан мадор кетгач, «Милан»ни ҳам таниб бўлмай қолди. Оқибатда хитойликларга сотилди-кетди.
Бозор талабларига асосланган футболда ҳар қандай клуб, у ҳатто икки йил олдин Чемпионлар Лигасида ғолиб чиққан бўлса ҳам, исталган дақиқада «синиб» қолиши мумкин. Бунда жамоалар кафолатланган таъминотга эга бўлишмайди. Аммо ҳатто ўртамиёналар ўртасидаги баҳсда ҳам стадион тўлиши турган гап. Чемпионатнинг ҳар бир ўйини трансляция қилинади ва реклама ҳамда мониторинг ривожланади.
Биз ҳам олий лиганинг ҳар бир ўйини телевидение орқали трансляция қилинишини истасак, бозор муносабатларига ўтишимиз лозим. «Пахтакор»га янги қон қуйилиши ҳамоно унга бўлган қизиқиш қай даражада жонланганини кўриб турибмиз. Айтайлик, «Шўртан» ёки «Сўғдиёна»ни ҳам хусусийлаштиришга нима халал бермоқда? Тўғри, бунга эришиш осонмас. Чунки талаб бўлмаган жойда таклиф ҳам топилмайди. Таклиф бўлмагач, ҳолатни янада яхшилаш имконияти пасаяди. Демак, бу йўлда янада кўпроқ меҳнат қилишга тўғри келади.
«Пахтакор»нинг янгилангани яхши, аммо бу иш фақат бир клуб атрофида тўхтаб қолмаслиги лозим. Олий лига тўлиқлигича янги йўлга ўтмас экан, ҳозирча ўсишга эришиш ҳақида оғиз очишга асло ҳожат қолмайди...
АБДУЛЛОҲ
Манба: www.interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20