Қайднома

Қидирув

Роналдиньо: «Футболни пул учун ўйнамаганман»

Роналдиньо: «Футболни пул учун ўйнамаганман»

  22.05.2017 03:36
  0
  2828
Роналдиньо: «Футболни пул учун ўйнамаганман»

Яқин ўтмишнинг машҳур футболчиси, бразилиялик Роналдиньо Конфедерациялар кубогининг очилиш маросимида қатнашиш мақсадида  Россиянинг қозон шаҳрига ташриф буюрди. Вақти тиғизлигига қарамай, «Барселона» элчиси RT нашри саволларига жавоб беришга фурсат топди.

— Россияга аввал ҳам келгансиз. Аммо қозонга биринчи бор ташриф буюрдингиз. Таассуротлар қандай?

— Кўп жойни кўришга вақт топилмади. Аммо кўчаларда ҳаёт қизғин эканига гувоҳ бўлдим. қолаверса, «қозон Арена» стадионида ташкил этилган маросимларда қатнашдим. Менимча, у жуда яхши ҳолатда ва мусобақаларга тайёр.

— Европадаги илк клубингиз Франциянинг «Пари Сен-Жермен»и бўлган. Дастлабки тажриба қийинчилик туғдирмаганми?

— Бу ажойиб дамлар эди. Париж - ажойиб ва мўъжизакор шаҳар. У ерни жуда яхши кўраман. Океан ортидаги фаолиятимни Августин Окоча, Николя Анелька ва бошқа ажо­йиб футболчилар билан бошлаганимдан хурсандман. «ПСЖ»да кўп нарсани ўрганганман.

— 2003 йили Франк Райкаард бошчилигидаги «Барселона»га кўчиб ўтдингиз. Голландиялик мутахассис сизга катта эркинлик яратиб бергани ҳақида кўп гапиргансиз. Агар ўшанда бошқа мураббий бўлганида, Роналдиньо ўша даражасига чиқа олармиди?

— Франк мен учун нафақат яхши мураббий, балки қалин дўст ҳам эди. Албатта, мураббийнинг эркинлик яратиб бериши - бу катта нарса.

— Ҳақиқий иқтидорингизни айнан «Барселона»да кўрганмиз. У ерда кўплаб дўстлар орттирдингиз ва Деку ҳақида кўп гапиргансиз...

— Дўстлигимиз кийиниш хонаси ва футбол майдонида эмас, балки кундалик ҳаётда ҳам давом этарди. Тьяго Мотта, Карлес Пуйоль билан ҳам жуда яқин эдим.

— 2005 йилнинг 17 ноябрини яхши эсласангиз керак?

— Тўғриси, саналар ёдимда қолмайди.

— Шу куни томошабинлар билан лиқ тўлган «Сантьяго Бернабеу» стадиони «эль-класико»дан сўнг илк бора «Барселона» футболчисини олқишлаган. Ваҳоланки, ўшанда мадридликлар дарвозасини икки бор ишғол қилгандингиз.

— Бу каби воқеалар бугун мени хурсанд қилмоқда. Ўша пайт унчалик эътибор бермаганман, чунки диққатим ўйин­га қаратилганди. Вақт ўтгандан кейин ортга боқиб, нималар бўлганини тушуниб оларкансиз.

— Сиз учун энг эсда қоларли гол қайси?

— Бирортасини аниқ кўрсата олмайман. Чунки эсимни таниганимдан бери футбол ўйнайман. Ҳаммаси мини-футболдан бошланган. Кейинчалик «Гремио», «Пари Сен-Жермен», «Барселона», «Милан», «Фламенго», «Атлетико Минейро» ва «Керетаро» клублари шарафини ҳимоя қилдим. Фаолиятим давомида кўплаб голлар урдим. Улардан аксарияти чиройли чиққан.

— «Барселона» билан 25 миллион евролик шартнома имзолагандингиз. Ўша пайтларда бу катта пул ҳисобланарди. Ҳозирги кунда эса футболчилар 100 миллионлаб топишмоқда. Спорт ақлдан озмаяптими?

— Нима деб жавоб беришга ҳам ҳайронман. Мен ҳеч қачон пул учун футбол ўйнамаганман. Лекин баъзида шундай имконият юзага келардики, ундан воз кечиб бўлмасди. Кўп пул топиб, оиламга ёрдам берганим муваффақиятимдир. Умуман олганда, бундай нарсалар ҳақида бош қотириб ўтирмайман. Мутасаддилар футболчиларга шунча пул тўлашяптими, демак уларни шунга лойиқ, деб ҳисоблашади.

— Испанияга Ромарио, Ривалдо ва Роналдодан кейин йўл олгансиз. Ушбу футболчилар испан футболига катта қувонч олиб келишганди. Бундан ташқари, улар яна қандай хислатлари билан эсингизда қолишган?

— Уччаласи ҳам ўта иқтидорли футболчи бўлишган. Улар мамлакат футбол тарихининг бир бўлагига айланишди. Бахтим шуки, афсоналар билан елкама-елка тўп сурдим. «Барселона»даги фаолиятимни бошлаганимда зиммамда катта масъулият бор эди. Чунки бу жамоада Ромарио, Роналдо ва Ривалдоларга издош бўлишим талаб этиларди.

— Ро-Ри-Ро плюс Кака...

— Битта жамоада жаҳоннинг энг яхши футболчиси номини қўлга киритган тўрт юлдуз тўп сурганини эслай олмайман. Мен, Роналдо, Ривалдо ва Кака бирга эдик.

— Лионель Месси ҳақида қандай хотиралар қолган?

— У ҳамиша савияли футбол намойиш қилади. Ҳар доим «Мессини болалигидан билганман», деб фахр­ланиб гапираман. Унинг отаси ва оила аъзолари билан дўстлашганман.

— Неймарни янги Роналдиньо дейишади. Аммо унинг кумири бўлишингизга қарамай, ушбу ўхшатишларни ёқтирмас экан. У сизнинг даражангизга чиқа оладими?

— Менга ҳам ўхшатишлар ёқмайди. Неймар ҳозирда ажойиб ўйин намойиш қилмоқда. Яқин орада юксак чўққиларни забт этишига шубҳам йўқ.

— Хосеп Гвардиола «Барселона»ни қабул қилиб олганида қолишингизни сўраган, аммо формангизни баҳона қилиб, рад жавобини берган экансиз.

— Ҳақиқатан ҳам, бу борада гаплашганмиз. Биз ҳамиша яхши муносабатда бўлганмиз. Хосеп жамоани қабул қилиб олганида уни мураббий эмас, балки дўст сифатида кўрдим. Унга янги чақирувлар кераклигини айтдим. Гвардиола мени тўғри тушунди. Бу икки дўстнинг очиқ суҳбати эди.

— «Барселона»га клуб элчиси сифатида қайтдингиз...

— Бу мен учун кутилмаган бўлди. Ҳозирги вазифамдан хурсандман.

Ҳ. МАСАИДОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz