Қайднома

Қидирув

«Бенфика»даги «яшин»ни танийсизми?

«Бенфика»даги «яшин»ни танийсизми?

  22.05.2017 01:31
  0
  817
«Бенфика»даги «яшин»ни танийсизми?

Россиялик дарвозабон Иван Злобин ҳозирда «Бенфика» Б сафида тўп сурмоқда. «Советский спорт» нашри ушбу кипернинг бугунги фаолиятига назар ташлаб, унинг асосий жамоа таркибига кириш имкониятларини чамалади.

Витория «Яшин» деб чақиради

«Бенфика»нинг ҳашаматли базаси Сейшал деб номланувчи осойишта ҳудудда жойлашган. Шаҳарча иккита кўчадан иборат, базага яқин бўлган жойда Тежу дарёсига қаратиб замонавий уйлар қурилмоқда. Ушбу хонадонларда португалияликлар эмас, балки Франция, Англия ва Европа иттифоқига аъзо бошқа мамлакатлардан келган бадавлат пенсионерлар истиқомат қилишади. «Бенфика» футболчиларининг машғулот ўтказиш масканига осонликча кириш имконсиз. Атроф баланд девор билан ўралган, кўплаб майдонларнинг ҳар тарафида дарахтлар бор - уларнинг ортидан ҳеч нимани кўриб бўлмайди. Шунга қарамай, пенсионерлар ва айрим ўйинчилар истиқомат қиладиган уйлардан туриб дарвозасини Иван Злобин қўриқлайдиган «Бенфика» Б учрашувларини бемалол кузатиш мумкин.

Облак ҳамда Эдерсон - «Бенфика» қисқа муддат ичида икки нафар топ даражадаги киперни тайёрлади. Бири айни пайт «Атлетико»да рекорд­лар қайд этаётган бўлса, бошқаси тез орада Англия чемпионатига кўчиб ўтиши мумкин. Словениялик - Злобиннинг севимли дарвозабонларидан бири. Уйида Облакнинг либоси бор - дўсти совға қилган, аниқроғи, Иван билан футболка алмашган.

Злобиндан аввал «Бенфика»да Сергей Овчинников тўп сурган. Аммо клубда уни кўп ҳам эслашмайди. Ёш авлод вакиллари фақатгина Марат Измайловни топ-футболчи сифатида танишади. Иван эса асосий жамоа­дагилар орасида тахаллус орттиришга ҳам улгурди. Бош мураббий Руй Витория уни «Яшин» деб чақиради.

Жулио Сезар билан машғулотлар

Иккинчи жамоада Злобинга португалиялик Андре Феррейра рақобатчи саналади. Ҳозирча айнан у биринчи рақамли посбон бўлиб турибди. Ваҳоланки, мавсум стартида ҳар икки кипер уч-тўрттадан баҳсда галма-галдан майдонга тушишлари кўзда тутилганди. Шу тариқа мураббийлар асосий дарвозабон масаласига ойдинлик киритишмоқчи эди.

Дастлаб Феррейрага ўзини кўрсатиш имконияти тақдим этилди. У тўрт­та баҳсда ёрқин таассурот қолдиргач, ротация жараёнини кейинроққа суришга қарор қилишди. Мавсум якунига етиши арафасида, ниҳоят, Иван ҳам майдонга тушди ва барча учрашувларда кўнгилдагидек қатнашиб, матбуотдан ижобий баҳо олди. Фақатгина «Униау Мадейра» клубига қарши кечган баҳс омадсиз якунланди - 4та тўп ўтказиб юборди. Аммо ўша ўйинни бутун жамоа ёмон ўтказганди. «Ольяненсе» билан учрашув(2:1)да эса Злобиннинг номи энг яхшилар қаторида зикр этилди. У пенальтини бартараф этиб, жамоасини иккинчи голдан қутқарди ва Record нашри талқинига кўра, ўйиннинг тенгсиз футболчиси, деб топилди.

Иван вақти-вақти билан «Бенфика»нинг асосий жамоасида машғулот ўтайди. Ҳаттоки, Фаруда ўтказилган мавсумолди йиғинига ҳам борди. Албатта, кутилмаган таклиф уни ҳайрон қолдирди. Ўша паллада бразилиялик дарвозабонлар Жулио Сезар ҳамда Эдерсон жароҳат олишганди. Сафда фақат 38 ёшли Паулу Лопеш ҳамда 21 ёшли Мигел Сантуш қолишди. Учинчи кипер жойига Феррейра ёки Злобиндан бирини танлаш керак эди. Россия­лик дарвозабон жамоага яқинда қўшилган, боз устига, ҳаммадан ёш бўлишига қарамай, сафарга чиқиш ҳуқуқини қўлга киритди. Ортидан Анг­лиядаги йиғинга ҳам таклиф олди.

Жулио Сезар билан ёнма-ён шуғулланиш қандай таъсир қилади? Ҳозир Иван анча кўникди, ваҳоланки, дастлаб «тиззалари қалтираганди». Бразилиялик кипер у билан анча дўстона муносабатда бўлган, машғулотлар пайти маслаҳатларини аямаган, ҳолати, оиласи ҳақида сўраган. Ёшларда ишонч ортиши учун қўлидан келган барча ишни қилишга уринган.

Ўсиш: асосий жамоами?

Иван қисқа муддат ичида «Бенфика»га мослаша олди. Жамоа етакчиларидан бири Любомир Фейса ёш серблар қатори Злобинни ҳам «қа­нот»и остига олди. Кўмаклашди, тавсияларини ўртоқлашди, турли масалаларга ечим топиб берди. қолаверса, россиялик кипернинг асосий рақобатчиси Феррейра билан муносабатлари аъло даражада.

Злобин келаси мавсум ҳам «Бенфика»да қолади, ижара ҳақида гап-сўз йўқ. Аммо асосий жамоанинг учинчи дарвозабони бўлиши ҳақиқатга яқинми? Эҳтимол бор. Тасаввур қилинг: 38 ёшли Лопеш кетади, Эдерсон «Манчестер Юнайтед»га сотилади, ёши ўтиб қолган Жулио Сезар жароҳат олади. Албатта, «Бенфика» Эдерсоннинг ўрнига бошқа кипер сотиб олади. Ҳозирданоқ қидирувга киришган. Аммо учликдаги битта жой бўшаши мумкин. Бу ўринга Злобин танланадими ёки Феррейра, ҳали номаълум. Фақат шуниси аниқки, Руй Виториянинг ёш дарвозабонни Лев Яшинга қиёслаётгани бежиз эмас.

И.РАҲИМОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz