Қайднома

Қидирув

Аввалги шиддат учқуни (тур ўйини)

Аввалги шиддат учқуни (тур ўйини)

  22.05.2017 15:38
  0
  877
Аввалги шиддат учқуни (тур ўйини)

Жорий мавсум бир-биридан қизиқарли ўйинларга гувоҳ бўляпмиз. Жумладан, 11-турда «Қўқон-1912» - «Локомотив», «Бухоро» - «Навбаҳор» ва «Бунёдкор» - «Пахтакор» тўқнашувлари кўпчиликни бефарқ қолдирмагани тайин. Сир эмас, «Бунёдкор» ва «Пахтакор» ўртасидаги ўйин бундан 3-4 йилча олдин ҳам миллий чемпионатимизда бош қарама-қаршилик саналарди. Аммо кейинчалик вазият ўзгарди.

Дейлик, жорий мавсумнинг старт қисмиданоқ Тошкентнинг ҳар икки жамоаси дам-бадам йўқотишларга учради. Натижада ҳам «Бунёдкор», ҳам «Пахтакор» раҳбариятида жиддий ўзгаришлар юзага келди. Шунга яраша, навбатдаги дербига қизиқиш бирозгина ортди. Муҳими, ўйин анча жонли кечиб, унда аввалги шиддат учқуни сезилди.

Биринчи бўлимда мезбонлар ташаббусни қўлга олишди. Аввалига Миржамол Қосимовнинг хавфли зарбасини «Пахтакор» дарвозабони Александр Лобанов қийинчилик эвазига бартараф этиб, жамоасини голдан сақлаб қолди. Аммо орадан ҳеч қанча ўтмай, аниқроғи, 11-дақиқада ҳимоячилар хатосидан унумли фойдаланган «Бунёдкор»нинг жорий мавсумдаги тўпурари Достон Ҳамдамов ҳисобни очди. Кейинчалик «Пахтакор» дарвозаси олдида яна бир қатор таҳликали вазиятлар юзага келди. Дейлик, Даврон Умиров томонидан дарвозанинг юқори бурчагига йўлланган зарба хавфли чиқди. Фақат бу вазиятда Лобанов ўзини кўрсатди.

Танаффусдан кейин майдондаги ҳолат кескин ўзгарди. Яъни иккинчи 45 дақиқаликда ҳужумкор ўйин кўрсатган «Пахтакор» кетма-кет қулай имкониятларга эга бўлди. Мисол учун, Игорь Сергеев икки бора яхшигина вазиятдан фойдаланолмади. 71-дақиқада айнан Игорни йиқитишгани сабаб, ҳакам дарвозадан чамаси 25 метр узоқ нуқтада жарима зарбаси белгиланди. Бу «стандарт»ни Станислав Андреев муваффақиятли амалга оширди. Тўғрироғи, унинг зарбасидан сўнг тўп рикошет ҳолатида дарвоза ичига тушди. Шундан кейингина «қалдирғочлар» яна ташаббусга эришиб, кетма-кет ҳужум уюштиришди. Бироқ уларга охирги мантиқий нуқтани қўйиш насиб ўтгани йўқ. Хуллас, якуний натижа - 1:1.

Факт. «Бунёдкор» жорий мавсум ҳисобидан 5-марта дуранг натижага кўнди. Диққатни тортадиган яна бир томони, Миржалол Қосимов бош­қарувига ўтган жамоа 11та тур якуни бўйича энг кам гол урган иштирокчи бўлиб турибди - 7та. Айтганча, энг кам гол қўйиб юборган (8та) жамоа­лардан бири ҳам айнан «Бунёдкор».

Миллий жамоамиз вакили Игорь Сергеев жорий чемпионатда голлари ҳисобини ҳамон очолмаяпти. Тўғри, у жароҳат сабаб, 7та ўйинда майдонга тушди, холос. Қолаверса, уларнинг 3тасидагина тўлиқ вақт тўп сурди. 

«БУНЁДКОР» - «ПАХТАКОР» - 1:1 (1:0)

17 май. Тошкент. 2123 томошабин.

Ҳакамлар: Ҳ.Рўзиев (Тошкент) - 8,7; О.Абдувасилов (Тошкент) - 8,6; С.Шоюсупов (Тошкент) - 8,6; А.Эргашев (Тошкент) - 9,0.

Голлар: Д.Ҳамдамов (11) - С.Андреев (71).

«Бунёдкор»: 25. М.Зуҳуров, 2. Р.Ашурматов, 4. А.Комилов, 8. Ж.Иброҳимов, 9. Ш.Нурматов (97. Ж.Эсонқулов, 75), 10. Э.Шомуродов (15. Ф.Икромов, 90Қ1), 17. Д.Ҳамдамов, 21. Д.Аҳмадалиев, 28. Д.Умиров, О.Шукуров, 44. М.Қосимов (19. Н.Тўхтасинов, 61).

«Пахтакор»: 12. А.Лобанов, 4. А.Ораховац, 5. А.Исматуллаев, 7. А.Аҳмедов (30. Ю.Бульят, 80), 8. Ш.Каримов (20. Ж.Ҳакимов, 65), 11. И.Сергеев, 21. К.Тожиев, 24. Д.Ҳошимов, 27. Д.Иброҳимов (17. С.Нуруллаев, 59), 28. С.Андреев, 29. В.Козак.

Огоҳлантиришлар: Р.Ашурматов (58), А.Комилов (62) - К.Тожиев (45Қ1), А.Ораховац (82).

Энг яхши ўйинчилар: Э.Шомуродов - К.Тожиев.

Назоратчи: А.Абдуллаев (Тошкент).

Комиссар: С.Ризаев.

Ўйиндан кейинги фикрлар:

Жасур Абдураимов («Пахтакор» бош мураббийи в. б.): - Учрашувни яхши бошламадик. Яъни ташаббусни рақибга бериб қўйдик. Оқибатда «Бунёдкор» дарвозамиз олдида қатор хавфли вазиятлар содир этиб, гол урди. Танаффус чоғи йигитлар билан жиддий гаплашиб олдик, хоҳишсиз ғалаба қозониш мумкин эмаслигини тушунтирдик. Хайриятки, иккинчи бўлимда ўйинимиз яхшиланди ва жавоб голини йўлладик. Афсуски, сўнгги дақиқаларда ташаббусни яна йўқотдик. Умуман олганда, дуранг - ўйинга мос натижа.

Миржалол Қосимов («Бунёдкор» бош мураббийи): - Ўйинни жуда фаол бошлаб, шундай давом эттирдик. Бироқ танаффусдан кейин йигитлар негадир ҳисобни ушлаб қолишга интилишди. Кийиниш хонасида кўп гапирдик, тушунтирдик. Аммо майдонда уларнинг руҳияти ҳисобга қараб қолди, барибир. Бу борада ишлаймиз, вазиятни ўнг­лашга ҳаракат қиламиз. Ғалабани дурангга алмашганимиз яхши бўлмади. Ҳозир таркибда рақобат йўқ. Агар уни вужудга келтирсак, жамоа ҳам ўсарди, футболчилар ҳам...

Ж.Бобохонов


Манба: www.iff.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz