Қайднома

Қидирув

Бухородаги драма ва бошқа ўйинлар шарҳи

Бухородаги драма ва бошқа ўйинлар шарҳи

  22.05.2017 16:00
  0
  1379
Бухородаги драма ва бошқа ўйинлар шарҳи

Мана, қаторасига 3-турки, олий лиганинг бирор вакилига меҳмондан ғалаба билан қайтиш насиб этмаяпти. 9-10-турлар доирасидаги 16та учрашувнинг 9таси мезбонлар фойдасига ҳал бўлган ва 7таси дуранг натижа билан тугаганди. Ўтган ҳафта эса майдон эгалари ғалабаси ва дуранглар нисбати 4:4 кўринишини олди. Ҳа, жорий мавсум бизга ўзгача воқеаларни тақдим этмоқда. Хусусан, 11-турда ҳам диққатга сазовор ўйинлар алоҳида  кўзга ташланди.

СЕРИЯЛАР ДАВОМИ

Очиқ айтиш керак, аслида тур ўйи­ни Қўқонда кечди. Ахир турнир жадвалининг 1-2-қаторларида бораётган клублар ўртасидаги баҳсдан кўра, яна қай бири «марказий» мақомига яхшироқ тортади? Аммо бу сафар истисно ҳолатида «Бунёдкор» - «Пахтакор» ўйинига алоҳида ёндашдик ва уни аввалги саҳифада ёритдик. Бунда «Тошкент дербиси»да футбол сифати чакки бўлмаганию, унда янги мураббийлар тўқнашуви кузатилганини эътиборга олдик. Фақат қўшимча қилиш ўринли, чин марказий учрашувда ҳам барчаси талабга мувофиқ бўлди: шиддатли кураш, муросасизлик, пайдар-пай ҳужумлар. Агарда Нўъмон Ҳасанов шогирдлари Дарко Гожкович томонидан танаффусга чиқиш арафасида урилган гол берган устунликни сақлаб қолишганида, очколар бў­йича «Локомотив»га етиб олишарди. Бироқ ажойиб голли серияга асос солган Марат Бикмаев бунга йўл қўймади. Унинг 78-дақиқадаги аниқ зарбаси томонларга 1 очкодан насиб қилишини таъминлади. Хуллас, ҳужумчи голли сериясини 6та ўйинга чўзди, ўз навбатида, «Қўқон-1912»нинг мағлубиятсиз серияси ҳам давом этди. Дуранг туфайли 3-ўринда сурилган жамоанинг нақ 10та турдан буён мағлубият нималигини билмаётгани таҳсинга лойиқ. 

Драма ёхуд пенальти «ёмғири» 

Бухородаги стадионга йиғилган деярли 11 минг мухлис чинакам драма гувоҳига айланди. 6та гол, 3та пенальти, 4та қизил (2таси мураббийларга) ва 8та сариқ карточка - драманинг бундан ортиқ жойи борми? «Навбаҳор» гарчи 2-дақиқадаёқ ўз дарвозасидан тўп олиб чиққан бўлсада, «Бухоро» олдида эсанкираб қолмади ва кўп ўтмай,  мувозанатни тиклади. Танаффусга чиқиш олдидан Темур Тўхтасинов илк пенальтини белгилагач, Иван Нагаев мезбонларни ҳисобда яна олдинга олиб чиққанидан кейин ҳам, Наманган жамоаси иродаси букилмади. Ҳарқалай, Илҳом Мўминжонов шогирдлари иккинчи бўлимни фаол бошлаб, қандайдир 20 дақиқа ичида Неманья Йовановичнинг бир-биридан чиройли 2та голи эвазига вазиятни буткул ўз томонларига оғдиришди. Аммо уларни олдинда реферининг ўзига хос қаттиққўллиги ва «ҳиммати» кутарди. Хуллас, Тўхтасинов охирги 15 дақиқада Асилбек Омонов дарвозаси томон яна 2та пенальти белгилашдан тийилмади. Уларнинг биринчисида ўша Нагаев аниқ зарба бериб, ҳисобни тенглаштирган бўлса, сўнгги лаҳзаларга тўғри келган 11 метрли жаримани Алишер Шоғуломов кўкка совурди. Бошқача айтганда, «Навбаҳор» кипери 3-«дуэл»­ни ўз фойдасига ҳал қилиб, жамоасини мағлубиятдан қутқариб қолди. Айтганча, Шоғуломов адашган пайт аввалги 2та пенальтини бехато бажарган Нагаев ҳам майдонда эди. Аммо у «хет-трик» қайд этишга алоҳида ошиқмади, шекилли. Ўз ўрнида, ҳакамнинг айниқса, 3-пенальтидаги қарори шубҳалироқ бўлганию, кучлироқ эътироз туғдирганини ҳам айтиш жоиз.

БИТТА ГОЛ КИФОЯ

Бухорода мухлислар 90 дақиқа давомида 6та гол ва яна бир қанча воқеаларни кузатган бўлсалар, Ғузор, Жиззах ҳамда Олмалиқда кечган ўйинлар тақдирини 1тагина аниқ зарба ҳал қилди. «Насаф» - «Машъал» учрашувида Александр Хомяков жамоаси ҳарчанд уринмасин, 21-дақиқада Ислом Рашидхонов томонидан урилган голга жавоб беролмади. Рўзиқул Бердиев шогирдлари шу ғалаба эвазига тўплар нисбатига кўра, 2-ўринга кўтарилган бўлсалар, «Машъал» турнир жадвалида «Олмалиқ»ни олдинга ўтказиб юборди. Чунончи, Виктор Кумиков жамоаси ўз майдонида «Металлург»дан 3 очко тортиб олиш эвини қилди. Бунда олмалиқликларга пенальти ва сербиялик Игор Йеличнинг «нуқта»дан йўллаган аниқ зарбаси қўл келди.

«Сўғдиёна» эса «номдорлар кушандаси» мақомини олиб улгурган «Шўртан»ни ортга  очкосиз жўнатди. Жиззахдаги ўйин тақдирига ойдинлик киритган ягона гол муаллифи - Санжар Рашидов. Унинг жорий мавсумдаги голлари сони 6тага етганини ҳам айтиш ўринли.

ИНИЛЕЕВ ҒАЛАБАСИ

«Динамо» бош мураббийи Олег Тюлькин «Обод»га қарши учрашувдан сўнг рақиб ҳар томонлама устунлик қилганию, бунда унинг бош мураббийи Рауф Инилеевнинг хизмати катталигини рўй-рост эътироф этди. Рауф Талгатовичнинг ўзи ўз навбатида, Самарқанд клубида йўлга қўйилган мустаҳкам ҳимояни ёриб ўтиш масаласида алоҳида бош қотиргани ва ўйин пайти ҳужумга ўтиш учун сабр билан қулай пайт кутишганини айтди. «Обод»нинг 3та голи ҳам охирги ярим соатлик вақтга тўғри келгани ва уларнинг 2таси захирадан майдонга тушган Санжар Рихсибоев номига ёзилгани ҳам 3:1 кўринишидаги ғалаба аввало, Инилеевга тегишли эканлигидан далолат. Хуллас, «Динамо» стартдаги жўш­қинликдан сўнг секин-аста ортга чекинаётгандек, «Обод» эса қуйида яна «Металлург» билан ўрин алмашди.

ИККИ ГОЛ УСТУНЛИГИ ҲАМ ЕТАРЛИ ЭМАС

«Қизилқум» - «Нефтчи» ўйинини ҳам ажойиб сценарий остида ўтган беллашувлар қаторига қўшиш мумкин. Фарғоналиклар биринчи бўлимда 2та гол уришди, иккинчисида эса мезбонлар - 2:2. Ҳа, «Нефтчи»нинг ажо­йиб имконият қадрига етолмаганини таъкидлаш мумкин. Ахир жамоа 11та тур давомида биринчи марта 1та ўйинда 2та гол урди, аммо бу устунликни охирига қадар етказолмади. «Қизилқум»га келсак, Ҳамиджон Актамов жамоасининг ғалабасиз серияси 6та ўйинга чўзилди. Тўғри, бу орадаги учрашувларнинг 5тасида дуранг натижа кузатилган. Аммо дуранглар воситасида турнир жадвалида юқорилаш қийин. «Қизилқум»нинг 13-ўринда эканлиги ва аутсайдер - «Металлург»дан атиги 3 очко олдинда бораётгани бу фикрга далил.

ТУР ҚАҲРАМОНИ - АСИЛБЕК ОМОНОВ ЁКИ НЕМАНЬЯ ЙОВАНОВИЧ 

Ҳа, «Навбаҳор» 11-турда чинакам руҳий имтиҳонга дуч келди. Ахир битта ўйин давомида 3 марта пенальти аталмиш жазо олдида туриш осонми? Муҳими, наманганликлар бу синовдан муваффақиятли ўтишди. Бош қаҳрамонлар эса 2 нафар - қийин вазиятда бош билан икки марта ажойиб зарба йўллаб, жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиққан Неманья Йованович ва сўнгги лаҳзада 3-пенальтини бартараф этиш орқали 1 очкони сақлаб қолган Асилбек Омонов. Хўш, чин иродали ўйинда қай бирининг улуши каттароқ? Очиғи, биз танлай олмадик, сизчи, кимга овоз берасиз - «дубль» муаллифигами ёки илк дақиқалардаги голда ишончсиз ҳаракатланган, аммо сўнгги паллада жасорат кўрсатган киперга?

ТУР ИҚТИБОСЛАРИ

- Ғалабани дурангга алмашганимиз яхши бўлмади. Ҳозир таркибда рақобат йўқ. Агар уни вужудга келтирсак, жамоа ҳам ўсарди, футболчилар ҳам... Миржалол ҚОСИМОВ («Бунёдкор» бош мураббийи).

- Тушунинг, дербида йигитлар ғалаба иштиёқида тўп суриб, баъзан ўзларини назорат қилолмай қолишади. Қолаверса, бундай ўйиндаги мағлубият улар учун ҳақоратдек бўлади. Александр ХОМЯКОВ («Машъал» бош мураббийи).

- «Қўқон-1912»га қарши ўйиннинг сўнгги дақиқаларида нима бўлганини кўргандирсиз? Яна бир бор айтаман, ҳакамларга баҳо бермайман. Ҳар ким хато қилади, буни тушунаман. Коваленкодек рефери ҳам адашди. Бу футбол. 3та пенальтидан бирини бартараф этган Асилбек Омоновга тасанно. Илҳом МЎМИНЖОНОВ («Навбаҳор» бош мураббийи).

- Пенальти - лотерея, буюк футболчилар ҳам уни ноаниқ амалга оширишлари мумкин. Шоғуломовдан келгуси ўйинда гол кутиб қоламан. Улуғбек БАҚОЕВ («Бухоро» бош мураббийи).

- Тан олишим керак, бугун рақиб жамоа бош мураббийи Рауф Инилеев бизни ҳар жиҳатда мағлуб этди: ҳам тактик, ҳам ўйин тарафлама. Олег ТЮЛЬКИН («Динамо» бош мураббийи).

- Бугун ғалаба қозонишни истагандик. Бироқ яна дуранг... Шунга қарамай, Фарғонага қайтиб, ҳар бир футболчи шарафига ҳайкал қўйишга тайёрман... Андрей ФЁДОРОВ («Нефтчи» бош мураббийи).      

«ҚЎҚОН-1912» - «ЛОКОМОТИВ» - 1:1 (1:0)

17 май. Қўқон. 10576 томошабин.

Ҳакамлар: В.Цейтлин (Тошкент) - 9,0; А.Снетков (Тошкент вил.) - 9,0; А.Калинин (Қарши) - 9,0; А.Шукуруллаев (Тошкент) - 9,0.

Голлар: Д.Гожкович (45+1) - М.Бикмаев (78).

«Қўқон-1912»:  21. М.Абдуллаев, 4. Б.Акрамов, (9. Н.Отақўзиев, 84), 5. Ж.Кимсанов, 7. Ж.Ҳасанов, Ж.Сиддиқов, 19. С.Бердиев, 23. А.Мерзляков (8. С.Ҳамидов, 38; 97. О.Рустамов, 77), 26. А.Холмуродов, 55. Д.Гожкович, 77. М.Холмуҳаммедов, 99. Ф.Райевац.

«Локомотив»: 1. И.Нестеров, 5. К.Махарадзе, 10. М.Бикмаев, 15. С.Мирзаев (77. Д.Туропов, 90Қ3), 22. М.Бобожонов (18. Т.Кападзе, 60),  28. Ш.Муҳаммадиев, Қ.Рўзиев (11. С.Абдуллаев, 74), 33. О.Зотеев, Ш.Сайфиев, 42. М.Коне, 99. Ж.Машарипов.

Огоҳлантиришлар: Д.Гожкович (23), Ж.Сиддиқов (64) - С.Мирзаев (76).

Энг яхши ўйинчилар: Ж.Сиддиқов - Ж.Машарипов.

Назоратчи: А.Арутюнов (Тошкент).

Комиссар: Б.Маметов.

Андрей Микляев («Локомотив» бош мураббийи): - Ўйин хусусида шуни айтишим керак, водийда бизга ҳеч қачон осон бўлмайди. Буни ҳис қилган ҳолда майдонга тушгандик. Гол қўйиб юборгач, вазиятни ўнгладик. Футболчилар иккинчи бўлимда ишончни оқлашди. Лекин тан олиш лозим, «Қўқон-1912» бу йил чиройли ўйинлари билан мухлисларни қувонтирмоқда.

Нўъмон Ҳасанов («Қўқон-1912» бош мураббийи): - Чиройли ва томошабоп ўйин, аммо биз 2 очко йўқотдик. Зеро, ғалабага яқин эдик. Иккинчи томондан, мамлакатимиздаги энг кучли жамоа билан тенгма-тенг ўйнадик. Аммо ғалабани қўлдан бой берганимиз аламли, барибир.

- Жамоангиз ўзига хос рекорд қайд этди. Яъни қўқонликлар 1998 йили қаторасига 9та учрашувда мағлубиятга учрашмаганди ва бугун ўша натижа яхшиланди. Бу ҳақда билармидингиз?

- Йўқ, энди эшитиб турибман. Бир нарсани айтишим мумкин, ҳар бир мураббий доимо фақат ғалабани ўйлайди. Хусусан, мен ҳам ҳамиша яхши натижа қайд этишни истайман.

«НАСАФ» - «МАШЪАЛ» - 1:0 (1:0)

18 май. Ғузор. 1503 томошабин.

Ҳакамлар: В.Агишев (Тошкент) - 8,6; Н.Рўзимов (Тошкент) - 8,6; С.Улфатов (Тошкент вил.) - 8,3; С.Абдураҳмонов (Тошкент) - 8,0.

Гол: И.Рашидхонов (21).

«Насаф»: 35. С.Қувватов, 2. А.Шораҳмедов, 4. М.Каримов, 6. А.Ғаниев (10. Д.Раҳматуллаев, 60), 7. О.Ҳамробеков, 18. Б.Абдураҳимов, 22. И.Голбан, 27. И.Рашидхонов (14. Ш.Муҳиддинов, 90Қ3), 34. Ф.Сайфиев, 45. Б.Абдухолиқов (20. И.Кенжабоев, 60), 69. Д.Черан.

«Машъал»: 35. Ж.Илёсов, 2. И.Шойқулов, 6. С.Абдураимов, 8. М.Камолов (16. М.Сафаров, 80), 10. Ҳ.Муртазоев (63. У.Шарипов, 75), 19. З.Қўзибоев, 22. Б.Қосимов, (17. В.Павленко, 73), 31. И.Тиманюк, 44. А.Бегимқулов, 55. А.Агалиев, 90. З.Тўраев.

Огоҳлантиришлар: М.Каримов (52), Д.Раҳматуллаев (81) - И.Тиманюк (12), И.Шойқулов (75), А.Агалиев (88), А.Бегимқулов (90).

Четлатиш: И.Шойқулов (90Қ2, М.).

Энг яхши ўйинчилар: С.Қувватов - Ж.Илёсов.

Назоратчи: И.Шарипов (Бухоро).

Комиссар: А.Иноятов.

Александр Хомяков («Машъал» бош мураббийи): - Бу дерби ва жамоалар  турнир жадвалидаги мақомига қарамай, шундай кескин ўйин намойиш этади. Бугун мағлубиятга учраган бўлсакда, футболчиларимиз ажо­йиб футбол кўрсатишди. Афсуски, вазиятларни голга айлантиролмадик. Аммо шогирдларимга эътирозим йўқ. Улар астойдил ҳаракат қилишди. Ноилож, кейинги ўйин­ларга яхшироқ тайёргарлик кўрамиз. Футболчилар қўпол ўйнашди? Бундай ўйинларда ҳаяжонни жиловлаш мушкул. Тўғри, ўйинчиларимиз баъзан қўполлик ишлатишди, бунинг оқибатида «қизил» ҳам олдик. Албатта, бу ҳолатга эътибор қаратамиз. Тушунинг, дербида йигитлар ғалаба иштиёқида тўп суриб, баъзан ўзларини назорат қилолмай қолишади. Қолаверса, бундай ўйиндаги мағлубият улар учун ҳақоратдек бўлади. Тан оламан, йигитларимизга бироз совуққонлик етишмади ва оқибатда хатолар келиб чиқди. Умуман олганда, мухлислар бугун зерикиб қолишмади, менимча.

Рўзиқул Бердиев («Насаф» бош мураббийи): - «Машъал» билан ўйинларимиз доимо кескин кураш руҳида ўтади. Чунки муборакликлар бизга қарши баҳсларда катта куч сарфлашади. Рашидхонов учун хурсанд­ман - унинг голи жуда чиройли чиқди. Айтишим керак, бугун бир қатор ўйинчиларга дам бердик. Аъзамовда кичик жароҳати бор ва таваккал қилишни истамадик. Қолаверса, у ўйинларда мунтазам иштирок этиб келаётганди. Яна Эркиновни майдонга туширмай, Абдухолиқов хизматидан фойдаландик. Зеро, «Машъал» ҳимоячиларини шошириб қўядиган тезкор ҳужумчи керак эди. Рақиб футболчилари нисбатан қўполроқ ўйнашди. Балки ўз олдиларига қўйилган вазифадан келиб чиқиб, шундай ҳаракатланишгандир.  Аммо бундай қўполлик рақиб ўйинчилари учун ёмон оқибатларни келтириши ҳеч гап эмас. Дерби? Йўқ, жамоамиз дерби эмас, оддий ўйинга тайёргарлик кўрганди. Мақсадимиз ғалаба қозониш эди ва йигитлар буни уддалашди.

«ОЛМАЛИҚ» - «МЕТАЛЛУРГ» - 1:0 (0:0)

18 май. Олмалиқ. 2485 томошабин.

Ҳакамлар: Б.Намозов (Тошкент) - 8,4; Ж.Сарсенов (Нукус) - 8,0; Б.Канназаров (Нукус) - 7,0; Д.Жалимов (Нукус) - 8,0.

Гол: И.Йелич (72-пен.).

«Олмалиқ»: 46. Х.Хўжаев, 2. А.Ҳожиакбаров, 5. Д.Жўраев, 10. Ш.Норбеков (8. Ш.Григалашвили, 84), 15. Ф.Мусабеков (33. Д.Усмонов, 77), 17. К.Мурзоев (9. З.Ўринбоев, 88), 18. Ш.Муллажонов, 19. И.Иномов, 55. Р.Бердимуродов, 88. И.Йелич, 90. В.Косминин.

«Металлург»: 32. С.Султонов, 4. Ҳ.Ҳошимов, 8. А.Нўъмонов, 13. С.Қодирқулов (77. Д.Исмоилов, 63), 14. Д.Каримқулов, 17. М.Сулаймонов, 19. А.Зиёвуддинов (7. Д.Одилов, 86), 22. И.Исоқжонов (27. М.Қаҳрамонов, 74), И.Қобилов, 70. Ж.Абдумўминов, 95. Т.Усмонов.

Огоҳлантиришлар: В.Косминин (37), И.Иномов (68) - И.Исоқжонов (34), М.Сулаймонов (58), Д.Каримқулов (67), А.Зиёвуддинов (80).

Энг яхши ўйинчилар: Ш.Норбеков - М.Сулаймонов.

Назоратчи: Р.Серазетдинов (Тошкент).

Комиссар: Г.Ртвеладзе.

Шавкат Саидов («Металлург» клуби бошлиғи): - Учрашув анча қизғин ва курашларга бой бўлди. Буни ҳакам кўрсатган сариқ карточкалар сонидан ҳам билиш мумкин. Майдоннинг ҳар қаричида кескин кураш борди. Биринчи бўлимда гол уриш учун яхшигина вазиятлар яратдик, бироқ улардан самара чиқаролмадик. Танаффусдан кейин эса мезбонлар яхши ўйнашди. Уларни ҳақли ғалаба билан табриклайман. Жамоамиз таркибида етарли рақобат бор. «Олмалиқ» услубини ўрганган ҳолда, бугун дарвозамизни бўйдор Султоновга ишониб топширдик. Шунингдек, тажрибали Каримқуловни асосий таркибга киритдик. Аввалги ўйинда чап қанот ҳимоясида ёш Тошқўзиев ҳаракатланганди. Умуман, таркибга боғлиқ ўзгаришлар тез орада натижа беришига ишонамиз.

Виктор Кумиков («Олмалиқ» бош мураббийи): - «Машъал»га қарши кечган аввалги учрашувда футболчилар ҳаракатидан қониқмагандим. Мана, бугун натижа ижобий бўлди. Ҳа, биринчи бўлимда меҳмонлар кўпроқ хавфли вазият содир этишди. Иккинчисида эса ҳужумкорликни оширдик. Хуллас, бу сафар шогирдларим ўйи­нидан қисман қониқиш ҳосил қилдим.

- Жамоа асосан бир ҳужумчига таяниб ўйнаётгандек, олдинги чизиқда икки футболчи билан ҳаракатланиш имкони ҳам борми?

- Нега бир ҳужумчи? Бугун ҳам икки нафар ҳужумчига таяндик: Мурзоев ва Норбековга. Умуман, фақат ўз майдонимизда «Бунёдкор»га қарши кечган учрашувдагина ягона ҳужумчига ишонч билдиргандик. Қолган барча баҳсларда майдонга 2 нафар ҳужумчи туширяпмиз.

«СЎҒДИЁНА» - «ШЎРТАН» - 1:0 (1:0)

18 май. Жиззах. 2067 томошабин.

Ҳакамлар: В.Серазетдинов (Тошкент) - 8,5; Р.Фозилов (Наманган) - 8,4; М.Мажидов (Наманган) - 8,4; Б.Юлчараев (Гулистон) - 8,0.

Гол: С.Рашидов (26).

«Сўғдиёна»: 12. Ш.Эшбўтаев, 2. С.Қулматов, 3. А.Исроилов (11. Ш.Достонов, 90Қ1), 4. Э.Орипов, 6. С.Мамадалиев (5. Ғ.Ўрунов, 85), 7. С.Рашидов, 13. Р.Азимов, И.Тошпўлатов, 18. Қ.Баҳодиров (15. Р.Аъзамов, 46), 22. Д.Абдураҳмонов, 77. С.Эминов.

«Шўртан»: 1. Э.Тожибоев, 4. Ж.Отақулов, 7. О.Каримов, 11. З.Полвонов, 14. У.Эшмуродов, 15. О.Жўрабоев, Э.Бойматов, 19. М.Муродов (29. Қ.Нурметов, 58), С.Ҳамроев (17. Ғ.Раҳмонов, 51), 27. С.Собирхўжаев (12. Л.Убайдуллаев, 76), 77. О.Нарзуллаев.

Огоҳлантиришлар: Қ.Баҳодиров (41), С.Эминов (61) - Қ.Нурметов (75).

Энг яхши ўйинчилар: И.Тошпўлатов - З.Полвонов.

Назоратчи: А.Ҳотамов (Тошкент).

Комиссар: Б.Ҳайдаров.

Ихтиёр Каримов («Шўртан» бош мураббийи в. б.): - Ҳужумкор футбол намойиш этдик. Стандарт вазиятдан гол қўйиб юборганимиздан сўнг ҳам кўплаб имкониятлар яратдик. Аммо омад очиқчасига юз ўгирди. Умуман, йигитлар ҳаракатидан қониқдим. Демак, энди машғулотларда ҳужум ва хавфли вазиятлар устида янада кўпроқ ишлашимиз керак.

Даврон Файзиев («Сўғдиёна» бош мураббийи): - Бугунги рақибимиз «Локомотив», «Бунёдкор», «Пахтакор» каби жамоаларни мағлубиятга учратганди ва ўйин оғир кечишини билардим. Кўрсатма бериш чоғи бу ҳақда йигитларга ҳам алоҳида гапирдим. Албатта, ғалабадан хурсандман. Иккинчи томондан, уй ўйинларида йигитларимизда ҳамон кучли ҳаяжон сезиляпти. Дейлик, бугун ҳам бир неча вазиятдан фойдаланолмадик. Яхши ҳамки, стандарт вазият қўл келди.

«БУХОРО» - «НАВБАҲОР» - 3:3 (2:1)

18 май. Бухоро. 10954 томошабин.

Ҳакамлар: Т.Тўхтасинов (Андижон) - 7,2; З.Абдураҳмонов (Андижон) - 8,3; А.Маражабов (Андижон) - 8,3; И.Худойдотов (Тошкент) - 8,0.

Голлар: К.Пасичник (2), И.Нагаев (45-пен., 75-пен.) - А.Турғунбоев (18), Н.Йованович (51, 64).

Амалга оширилмаган пенальти: А.Шоғуломов (90, Б.).

«Бухоро»: 1. Э.Жабборов, 3. Б.Омонов, 5. К.Пасичник, 10. Б.Ваҳобов (17. А.Шоғуломов, 57), 11. С.Шихов, Ж.Ҳасанов (8. И.Вайцер, 31), 22. Ш.Гадоев, Р.Ҳасанов (9. Н.Умуров, 60), 28. Э.Исмоилов, В.Баенко, 77. И.Нагаев.

«Навбаҳор»: 30. А.Омонов, 2. А.Саматов (20. А.Мирзаев, 86), 4. А.Отахонов, 7. О.Қиличев, 9. Д.Жабборов, М.Саидов (3. Ҳ.Эргашев, 90+5), 19. М.Ғофуров, Ж.Меҳмонов, 44. Д.Станоевич, 77. А.Турғунбоев, Н.Йованович.

Огоҳлантиришлар: И.Нагаев (38), Э.Исмоилов (42), В.Баенко (80) - Д.Станоевич (45Қ2), Ж.Меҳмонов (72), А.Саматов (80), М.Ғофуров (89), А.Омонов (90Қ1).

Четлатишлар: Улуғбек Бақоев (бош мур., танаффусда), Э.Исмоилов (80) - Илҳом Мўминжонов (бош мур., танаффусда), О.Қиличев (80).

Энг яхши ўйинчилар: И.Нагаев - Н.Йованович.

Назоратчи: О.Дачев (Тошкент).

Комиссар: А.Фролов.

Илҳом Мўминжонов («Навбаҳор бош мураббийи): - Учрашувга жиддий тайёргарлик кўргандик. Жанговар ўйин кўрсатишгани учун йигитларга раҳмат.  Шогирдларим 100 эмас, 200 фоиз куч билан ўйнашди. «Навбаҳор» қўпол эмас, агрессив футбол намойиш қилди. Футболчилар ҳар бир ўйинда худди сўнгги бор майдонга тушгандек ҳаракатланишади. Жорий мавсум кучли бешликдан жой олишни мақсад қилганмиз. «Навбаҳор» ўйин­ларини кузатган бўлсангиз, агрессив ҳаракатни пайқагансиз. Бақоев ва менга кўрсатилган қизил карточкага келсак, вақтида у билан бирга ўйнаганмиз, ўқиганмиз. Ҳиссиётлар футболда қолади, ҳаётда дўстмиз. Ўз ўрнида, йўлакда рўй берган холат учун ҳакамлар ва назоратчидан узр сўрайман. Ҳакамлар? «Қўқон-1912»га қарши ўйиннинг сўнгги дақиқаларида нима бўлганини кўргандирсиз? Яна бир бор айтаман, ҳакамларга баҳо бермайман. Ҳар ким хато қилади, буни тушунаман. Коваленкодек рефери ҳам адашди. Бу футбол. 3та пенальтидан бирини бартараф этган Асилбек Омоновга тасанно. Ойбек Қиличевнинг майдондан четлатилиши нотўғри қарор бўлди, менимча. У рақибга урилиб кетганди, холос. Футболчилар бир-бирлари билан танишлар. Улар эртага салом-алик қилишади, албатта.

Улуғбек Бақоев («Бухоро» бош мураббийи): - Томошабоп ўйинга қарамай, натижадан қониқмадик. Ахир 2 очкони йўқотдик...

- Учинчи пенальти нега Нагаев эмас, Шоғуломовга топширилди?

- У ўзига ишонган ҳолда, пенальти тепишни сўради ва бунга қаршилик қилмадик. Лекин пенальти - лотерея, буюк футболчилар ҳам уни ноаниқ амалга оширишлари мумкин. Шоғуломовдан келгуси ўйинда гол кутиб қоламан.

- Рақиб мураббий билан жанжаллашиб кетдингиз...

- Бу футболнинг бир бўлаги. Аслида Мўминжонов билан яхши муносабатдамиз. Ўйин пайти мураббийлар ва футболчиларнинг қизишиб кетишлари табиий ҳолат. Дейлик, бугун Жасур Ҳасанов жиддий жароҳатга йўлиқди. Унинг ҳолати хусусида маълумотларни қайта текширишдан кейингина гапириш мумкин.

«ОБОД» - «ДИНАМО» - 3:1 (0:0)

18 май. Тошкент. 1260 томошабин.

Ҳакамлар:  Р.Бобомуродов (Навоий) - 8,7; Р.Шояхметов (Тошкент) - 8,5; А.Буров (Бухоро) - 8,5; А.Нажафалиев (Тошкент) - 9,0.

Голлар:   С.Рихсибоев (59, 68), Д.Ҳасанов (75) - А.Абдуллаев (89).

«Обод»: 1. Ш.Абдуллаев, 2. А.Ҳусинов, 6. А.Ғофуров, 4. Ф.Мираҳматов (7. С.Рихсибоев, 46), 5. Ғ.Умиров, 5. Ш.Жалилов, 8. Ж.Ҳасанов, 11. Ш.Норхонов, 6. С.Қаҳҳоров, 23. А.Саидкаримов (21. Н.Ҳаипов, 77), 7. Т.Васильев (16. Ж.Омонов, 90+2).

«Динамо»: 1. М.Наумов, 3. Б.Исроилов (18. Д.Низанов, 68), 5. Ф.Абдусалимов (2. М.Локаев, 73), 6. А.Бозоров, Ж.Азимов, 9. С.Сулаймонов (11. А.Абдуллаев, 66), Ж.Қаҳрамонов, 15. Ш.Холматов, 19. О.Мамажонов, 20. А.Сафаров, 22. А.Исроилов.

Огоҳлантиришлар: Ф.Мираҳматов (24), А.Ғофуров (43), Ш.Норхонов (73), А.Ҳусинов (90Қ3) - А.Исроилов (48), Ж.Азимов (78), Д.Низанов (84).

Энг яхши ўйинчилар: С.Рихсибоев - О.Мамажонов.

Назоратчи: И.Нехочин (Наманган).

Комиссар: Ф.Магометов.

Олег Тюлькин («Динамо» бош мураббийи): - «Динамо» барбод футбол намойиш қилди. Бу каби сусткашликни биринчи марта кўрдим. Майдонда худдики, битта жамоа бордек таассурот қолди. «Обод»да ғалабага иштиёқ ҳисси юқори эканлиги ҳам сезилиб турди. Ҳақли тарзда енгилдик, бошқа ҳеч гап айтолмайман. Рақибни менсимаслик? Йўқ, турнир жадвалидаги ҳолатга эътибор бермагандик. Шунчаки, майдонга курашиш ва ғалаба учун тушгандик. Бироқ йигитлар кўзида ишонч ва иштиёқ порламади. Тан олишим керак, бугун рақиб жамоа бош мураббийи Рауф Инилеев бизни ҳар жиҳатда мағлуб этди: ҳам тактик, ҳам ўйин тарафлама.

Рауф Инилеев («Обод» бош мураббийи): - Ўз майдонимизда дастлабки ғалабани қўлга киритдик ва бундан хурсандмиз. «Динамо»нинг мавсумни яхши бошлагани ва охирги турларда ўзини кўрсатолмаётганини билардик. Рақиб бу ўйинга қадар тартибли ҳимояланаётганди. Жамоа одатда 9-10 киши бўлиб ҳимояланади. Эътибор бергандирсиз, бугун учрашув бошидан тезда ҳужумга ўтмай, қулай пайт келишини кутдик. Ҳаттоки, биринчи бўлимда гол урмаган бўлсакда, шошилмадик. Яъни тўпни кўпроқ назорат қилиш асносида «Динамо» ҳимоясида бўшлиқ юзага келтиришга уриндик ва бунга эришдик. Футбол шундай ўйинки, ҳар бир рақибга жиддий тайёргарлик кўриш талаб этилади. Мени алоҳида қувонтирган ҳолат шуки, ўйлаган режамизни майдонда тўлиқ амалга оширдик. Ҳа, 3та гол урганимиздан кейин йигитлар хотиржамликка берилишди ва бунинг натижасида тўп ўтказиб юборди. Дарвоқе, бугун ҳимоячимиз Анвар Ғофуров қизчали бўлганди. Демак, қўшалоқ байрам, яъни ғалаба тақдим этдик. Анвар кеча туғилган кунини нишонлади, рафиқаси унга қизча, жамоамиз эса ғалаба совға қилди.

«ҚИЗИЛҚУМ» - «НЕФТЧИ» - 2:2 (0:2)

18 май. Навоий. 6472 томошабин.

Ҳакамлар: Р.Эрматов (Тошкент) - 9,0; А.Расулов (Тошкент) - 9,0; Ж.Саидов (Тошкент) - 9,0; Ш.Ражабов (Бухоро) - 9,0.

Голлар: Ф.Қамбаров (47), О.Зокиров (55) - М.Музаффаров (7), Д.Комаровский (45Қ1).

«Қизилқум»: 22. А.Макосин, 3. Ш.Пўлатов, 4. Э.Бойдуллаев, 8. А.Рустамов, 9. О.Зокиров, 14. Ф.Қамбаров, 17. А.Геворкян (18. С.Шодмонов, 80), 19. Ж.Ҳасанов, 18. Ш.Жўраев, 27. И.Юнусов, 77. Б.Ғанижанов (15. А.Алланиёзов, 39).

«Нефтчи»: 16. А.Абдужалилов, 5. Ҳ.Каримов, 9. Ш.Ҳакимов (10. М.Мамазулунов, 46), 11. А.Махсаталиев, 15. Ҳ.Ғо-фуров, 17. М.Музаффаров, 18. Ж.Расулов (30. С.Абдужабборов, 90Қ1), 20. Д.Эрматов, 21. М.Убайдуллаев, 23. А.Абдулҳаков, 55. Д.Комаровский (8. У.Қодиров, 75).

Огоҳлантиришлар: Ш.Жўраев (41), Ж.Ҳасанов (56), А.Алланиёзов (85), Ф.Қамбаров (90+1) - Ҳ.Ғофуров (26), А.Махсталиев (45), Ҳ.Каримов (48), Ж.Расулов (63).

Четлатиш: М.Музаффаров (90+1, Н.).

Энг яхши ўйинчилар: И.Юнусов - М.Музаффаров.

Назоратчи: А.Попов (Тошкент).

Комиссар: Н.Лутфулин.

Андрей Фёдоров («Нефтчи» бош мураббийи): - Шогирдларимни табриклайман. Бу ерда кўп бора дурангга эришганмиз, бугун ғалаба қозонишни истагандик. Бироқ яна дуранг... Шунга қарамай, Фарғонага қайтиб, ҳар бир футболчи шарафига ҳайкал қўйишга тайёрман...

Тур Статистикаси

Ўйин: 8та, Гол: 21  (ўртача: 2,62...)

Томошабин: 37440 (ўртача: 4680)

Мезбонлар ғалабаси: 4, Меҳмонлар ғалабаси: -, Дуранг: 4, Йирик ҳисобли ғалаба: -

Энг  сермаҳсул ўйин:  «Бухоро» - «Навбаҳор» (6та гол)

Огоҳлантириш: 45 (ўртача: 5,62...), Четлатиш: 6 (ўртача: 0,75)

Энг «қўпол» ўйинлар: «Бухоро» - «Навбаҳор» (8та  «сариқ» Қ 4та «қизил»);  «Қизилқум» - «Нефтчи» (8та  «сариқ» Қ 1та «қизил»)

Энг кўп томошабин кирган ўйин: «Бухоро» - «Навбаҳор» (10954)

Пенальти: 4 (1таси самарасиз)

«Дубль»: 3 (И.Нагаев, «Бухоро»; Н.Йованович «Навбаҳор»; С.Рихсибоев, «Обод»), «Хет-трик»:  -, Автогол: -

1 Локомотив                    10        7          2          1          25-7    23

2 Насаф                            10        6          2          2          15-7    20

3 Қўқон-1912                  11       5          5          1          17-11  20

4 Бухоро                           11        5          2          4          17-14  17

5 Навбаҳор                       11        4          5          2          13-11  17

6 Олмалиқ                        11        4          4          3          8-10    16

7 Динамо                           11        4          3          4          15-13  15

8 Машъал                          11        4          3          4          10-9    15

9 Пахтакор                        11        4          3          4          10-13  15

10 Сўғдиёна                      11        4          2          5          12-17  14

11 Шўртан                        11        4          0          7          11-16  12

12 Бунёдкор                     10        2          5          3          7-8      11

13 Қизилқум                     11        2          5          4          9-13    11

14 Нефтчи                        11        2          4          5          8-14    10

15 Обод                            11        2          3          6          8-17    9

16 Металлург                   10       2          2          6          9-14    8

Тўпурарлар

Марат Бикмаев («Локомотив») - 11та  (4та - пен.)

Драган Черан («Насаф») - 6та (1та - пен.)

Санжар Рашидов («Сўғдиёна») - 6та (2та - пен.)...

Келгуси ўйинлар

26 май (жума)

Машъал - Обод

Металлург - Насаф

Пахтакор - Сўғдиёна

Қўқон-1912 - Бухоро

Динамо - Қизилқум

27 май (шанба)

Шўртан - Олмалиқ

Навбаҳор - Бунёдкор

Локомотив – Нефтчи


Манба: www.iff.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz