Қайднома

Қидирув

Инсофсизлик соясидаги савия

Инсофсизлик соясидаги савия

  24.05.2017 02:05
  0
  1993
Инсофсизлик соясидаги савия

Ҳамкасбларимиз боксчиларимизнинг Гаванадаги жангларини анча мароқли шарҳлашди. Бектемир Мелиқўзиев рингга тушгач, шарҳ бобида янада яйрашди. Дейлик, боксчимиз рақибини нокаутга учратган тақдирда ҳам, ҳакамлар Куба вакилининг ўзини ўнглаб олишига имкон беришларини хотиржамлик билан таъкидлашди. Бу хотиржамлик бағрида боксчимизнинг маҳоратидан мамнунлик ва ҳакамларнинг профессионал ишга хиёнатларидан норозилик ҳисси уй­ғун эди. Бокс жанглари томошасидан сўнг ишга отландик. Ташқарида биз билан саломлашган кекса спорт мухлиси ўша жанг реферисини «Инсофсиз!» ибораси билан «таърифлади» ва «Бектемирга қойилман. Лекин ота ўғил яна бир кучли зарба бериб, Круз деганларини думалатиб қўймади-да...»,-дея қўшиб қўйди.

Эътибор беринг, мухлис ҳакамни савиясизликда айбламади. Чунки ҳозир энг қуйи бўғинда фаолият юритадиган ҳакамлар ҳам бокс ёки футбол қоидалари, уларга боғлиқ сўнгги ўзгаришларни яхши билишлари барчага маълум. Афсуски, қоидани билган ҳар бир киши ҳакам бўлавермайди. Ҳакам - ўйин муҳитига мослашиш, майдондаги жараённи бошқаришга қодир билимдон. Хуллас, қодирлик ва билимдонлик ҳакамликнинг қўш қанотидир. Инсоф ва адолат эса бу касбнинг моҳияти, юраги саналади. Савия - қоидаларни ўзлаштириш, умумжисмоний тайёргарлик ва шу каби бошқа жиҳатларга алоқадор тушунча. Учрашувдан аввал ҳакамнинг инсоф, диёнат, адолат туйғулари даражасини баҳолаш иложсиздир. Айни муҳим жиҳатлар фақат учрашув жараёнида яққол кўзга ташланади. Бектемир Мелиқўзиев - Хулио Ла Круз жангини бошқарган реферига осон бўлмагани аниқ. Зеро, у ҳам Бектемирга бермаган ва бериши шарт бўлган муқаррар очколар залворидан қалбан эзилган. Фақат буни томошабинга сездирмайди. Фожиа шундаки, бундай тоифадаги ҳакамлар онгли равишда инсофсизлик, адолатсизлик қилишади. Гоҳ манфаат, гоҳ зуғум уларни шундай йўл тутишга мажбурлайди. Кўриб кўрмасликка, билиб билмасликка олиш ёки ноўринлигини сеза туриб ҳам, бир жамоага ортиқча пенальти белгилаш ҳакамдан жуда катта журъат ва қудрат талаб этади. Ўйин якунланганидан сўнг минг-минглаб мухлислар ҳайқириғи остида майдон марказида ёлғиз қолиш ва бу босимга бардош бериш - тасаввурга сиғмас даражадаги мушкул ҳолат. Ажабланарлиси, у ўйин охирида шубҳали пенальти белгилаш ва шу омил сабаб, вазиятнинг чигаллашишига, босимнинг кучайишига руҳан тайёр. Бундай мустаҳкам руҳий тайёргарлик қачон ва қандай шаклланган? Бизни ҳайратлантирган мустаҳкам руҳий тайёргарликнинг сабаби манфаатми, топшириқми ёки ҳакамлик виждони? Билмадик. Бу борада ҳакамлик қилиш имконимиздан таш­қарида. Бизнинг вазифамиз - воқеликдан олган таассуротимизни ёзиш, мазкур масалада мухлисларимиз мулоҳазалари қандай эканлигини ўрганиш ва муаммо мавжудлигини матбуотда ёритиш. Қолгани расмийлар ва мутасаддиларга ҳавола. Шундай деймизу, беихтиёр уларга-да осон тутиб бўлмаслиги ёдимизга тушади. Нега? Чунки биз имо-ишора билан назарда тутаётган баъзи ҳакамлар халқаро учрашувларни бошқариш чоғи бор иқтидорларини намойиш этиб, юртимиз футболи ва ҳакамлик мактабига обрў олиб беришади. Миллий футбол муҳитимизда эса мухлислар улардан норози. Ҳаттоки, айрим мухлислар нохолис ҳакамлик бўйича энг юқори даражадаги масъулларга мурожаат қилиш ҳақида ўйламоқдалар.

Хўш, бундай ҳаракат одатдаги тарафкашлик, мухлисликка хос ўткинчи эҳтиросми? Назаримизда, бу тахлит ёндашув мавжуд муаммони чуқурлаштиради, вазиятни баттар чигаллаштиради, холос. Футболнинг парда ортидаги ҳаётидан бохабар, ҳақу-ноҳақ аро қалби зирқираётган мухлисни ҳам тингламоқ пайти келди. Йўқ, мухлис ҳар доим ҳақ ҳисобланмайди ва буни унинг ўзи ҳам эътироф этишдан тортинмайди. Айни чоғда танганинг орқа тарафига ҳам бир қарамоқ жоиз, яъни ўша ўзларини профессионал санайдиган ҳакамлар ҳар доим ҳам майдонда ҳақиқат байроғини ҳилпиратишмайди ёки ҳилпиратишолмайди. Имони бут ҳакам борки, ҳамиша бу салбий ҳолатни очиқ-ошкора айтади. Инсофсизлик ботқоғига ботганлар аксинча, айб­ларини хаспўшлашга интиладилар. Умуман олганда, ҳар икки жамоа мураббийлари ва футболчиларига қизил карточка кўрсатиш, томонларнинг бири дарвозасига кетма-кет пенальти белгилаш - кузатилиши мумкин ҳодиса. Ҳеч ким буни инкор этмайди ва мазкур воқеликни меъёрдан ташқари ҳолат сифатида баҳолаш ноўрин. Қоидага, мантиққа мос тушса, мухлисларнинг қизғин олқиши ва муҳокамасига асос беради бундай муросасизлик. Аммо ўйин жараёнига инсон омилининг салбий аралашуви, бошқача айтганда, маълум мақсадларни кўзлаб, натижага таъсир ўтказиш футбол табиатини бузади. Таъбир жоиз бўлса, футбол экологиясини издан чиқаради.

Бир ҳакам паст балл олишдан чўчимай, майдонда ўзи ўйлаган ёки зиммасига топширилган ишни бемалол амалга оширса, бошқаси халқаро миқёсдаги рейтингидан руҳланиб, хавотирни сезмаса, футболнинг аҳволи не кечади? Бунақада ривожланиш мумкинми? Шундоқ ҳам олий лигада аста-секин ғалати бурилиш кузатилмоқда. Тахмин қилиш мумкинки, турнир жадвалидаги дастлабки 8та жамоа ўртасидаги учрашувларда вақт ўтиши билан дуранглар сони ортиб боради. Авваллари «Уйда ғалаба, меҳмонда мағлубият» қоидаси кўпроқ юз кўрсатарди. Бу мавсумдан эътиборан эски «ло­йиҳа» янгиланмоқда, шекилли. Ҳар ҳолда, бу фараз-кузатувимиз. Қайси етакчининг омадли эканлиги кейинги «саккизлик»ка қарши муносабатларда ҳал бўлади. Олий лигада етакчилик қилиш ёки нафас олиш истаги табиий равишда мухлислар оромини йўқотадиган оқимга йўл очади. Таъкидлаш жоиз, айни оқимга махсус таъсир ўтказишга уриниш ўзини оқламайди. Оқим яхлит жараён сифатида шиддат касб этиши ва ўзини-ўзи бошқариши даркор. Маҳорат ва омад оқимнинг чинакам кучидир. Уни эътироф этмаслик - инсофсизликнинг ўзгинаси. Н`Голо Канте икки мавсум кетма-кет АПЛ чемпиони бўлдими, демак, унга тақдир кулиб боқди. Жон Терридек чемпион сифатида фаолиятни якунлаш камдан-кам футболчига насиб этади. ЕЧЛда анъанавий авангард саналган «Арсенал»нинг 5-ўрин билан кифояланиши - қисмат. АПЛ учун табиий воқелик буларнинг барчаси. «Арсенал» омадсиз мавсумга ҳозирча кўнади ва янги чемпионат арафасида бу туйғуни узоқларга улоқтиради. Табиий оқим ёки яхлит жараён - айнан шу. Қаердаки савия инсофсизлик соясида қолмаса, АПЛдаги каби футбол барқ урганча гуллаб-яшнайди, аксинча ҳолатда эса ачинарли аҳволга тушиб, ғам-ғуссага ботади. Шундан пухта ҳимоялансак, бас!

Муҳаммад Вали


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz