Қайднома

Қидирув

«Аякс»ни Европа лигаси финалига олиб чиққан тақир Бош. У ким ўзи?

«Аякс»ни Европа лигаси финалига олиб чиққан тақир Бош. У ким ўзи?

  24.05.2017 08:26
  1
  1233
«Аякс»ни Европа лигаси финалига олиб чиққан тақир Бош. У ким ўзи?

Амстердамнинг «Аякс» клуби бугун ЕЛ финал ўйинида майдонга тушади, ички чемпионатда эса «Фейеноорд»ни сўнгги тургача изма-из таъқиб этди. Бир қарашда, бу муваффақиятларда ажабланадиган жиҳати йўқдек. Ахир Голландиянинг номдор жамоаси вақтида бундан-да юксакроқ чўққиларга етган. Масаланинг асосий мағзи шуки, ҳозирги «Аякс» шиддатли юришни жамоанинг бирор афсонаси етакчилигида эмас, аксинча, ашаддий рақиб вакили бошқарувида амалга оширмоқда.

Дарҳақиқат, Амстердам клуби бош мураббийи Петер Бош ҳеч қачон жамоага яқин бўлмаган. Унинг иш столида доимо 2та қўлланма туради - Хосеп Гвардиола автобиографияси ва газеталардан қирқиб олинган Йохан Кройффга оид мақолалар жамланмаси. Бош асосий иш қуроли сифатида шулардан фойдаланади. «Ҳаётда фақат бир кишига кумир сифатида қараганман. 16 ёшимдаёқ қачондир мураббийлик қилишимга ишонардим.

Устозларим кўрсатмаларини мудом ёзиб олиб, кейинчалик уларни Кройфф ўгитлари билан солиштирардим. Натижада дўстларим билан шахсий қўлланма яратдик. Унда асосан Кройфф хусусидаги мақолалар ва унинг интервьюлари жой олган. Дейлик, афсонавий мураббийнинг конспектлари учун алоҳида бобларга  ажратдик: ҳужумни ташкил этиш, ҳимояни йўлга қўйиш, тактикани ўзлаштириш...»,-дейди Бош.

Мана, Петер ўсмирлик пайти орзу қилганидек, тез орада Йохан Кройфф номини оладиган стадионда муваффақиятли иш олиб бормоқда. Унга вақтида буюк афсонадан сабоқ олган шогирдлар ёрдам беришмоқда. Мисол учун, Деннис Бергкамп ёш иқтидор соҳибларига кучли зарба йўллаш сирларини ўргатмоқда, ҳимоячилар эса яқин-яқингача Яп Стамдан сабоқ олишарди. Ёшларни асосий таркибга тайёрлаш масаласига Арон Винтер масъул. Эдвин ван дер Сар ҳам «Аякс» машғулотларида тез-тез кўриниш беради. Тўғри, у дарвозабонлар мураббийи эмас, балки молиявий деректор мақомида.

Айнан собиқ кипернинг саъй-ҳаракатлари эвазига жамоа хитойлик 3 нафар ҳомийга эга бўлди. Умуман, «Аякс» фалсафасини ёқтирадиган Петер Бош учун шу  жамоани бошқариш асносида ёрқин юлдузлар қуршовида фаолият юритиш - роҳат-фароғат. Ваҳоланки, Петер футболчилик йиллари «Фейеноорд»да тўп суриб, «Аякс»нинг азалий рақиби сифатида танилганди. Зиддият шу қадар жиддийлашганидан маъмурлар икки жамоанинг ўзаро учрашувларида  мухлисларга сафар ўйинларига боришни тақиқлаб қўйишди. «Фейе» - кўпроқ Британия футболига хос услубда тўп сурадиган жамоа.

Бу жиҳат Бошнинг ўзи учун номақбул услубда узоқ вақт фаолият юритишига тўсқинлик қилолмади: у 5 йил майдонда жавлон ургач, кейинчалик функционер сифатида иш олиб борди, Жованни ван Бронкхорст, Денни Ланзат ва Рой Макаай каби машҳур фахрийларни Роттердамга қайтарди. Рақиб тарафда шундай ишларни амалга оширган мураббийни «Аякс» мухлислари хушламай кутиб олишгани аниқ. Жамоа ЧЛда «Ростов»га йўл бўшатгач, улар Бошдан истеъфога чиқишини талаб этишди. Таажжубки, халқаро аренадаги омадсизлик жамоа фойдасига ишлади. Петер хотиржам ҳолда ўз ғоясидаги жамоани шакллантирди.

Петер Бош - натижалар билан кифояланиб қолмайдиган, тиниб-тинчимас мутахассис. У журналистлар билан мулоқот пайти ўз ишидан кўнгли тўлмаётганини бот-бот таъкидлайди: «Жамоа бўш ўйнади, жуда бўш. Бу билан ҳеч қандай натижага эришиб бўлмайди!» Унинг юзида ҳеч қачон табассум кўрмайсиз, доимо нимадандир норози. Буларнинг барчаси катта ҳажмдаги меҳнатдан кейинги чарчоқ аломати. ЕЛ ярим финали доирасида «Лион»га қарши кечган уй учрашуви (4:1)дан сўнг футболчилар тикланиш машғулотларини ўтказишаётган паллада ҳам мураббий таҳлилдан бўшамади: «Ҳимоячиларимиз бутун вақт давомида бўш ҳаракатланишди, кўплаб хатоларга йўл қўйишди. Агар Александр Лаказетт майдонга тушганида, «Лион» бизни албатта, жазоларди».

Қарангки, Кройффдан асосан газеталар орқали сабоқ олган Бош «Аякс» фалсафасини осонгина ўзлаштирди. Ўзи таянч ярим ҳимоячиси сифатида тўп сурганига қарамай, бу позиция эгаси олдига мутлақо бошқача вазифаларни қўймоқда. Хуллас, Бош «Аякс»га Хаби Алонсога ўхшаган учинчи ҳимоячи зарурлигини таъкидлаб, бу борада қуйидагича фикр билдирганди: «Шундай ижрочи керакки, у вақтида ортга чекиниб, прессингдан чиқишга кўмаклашадиган диагонал узатмаларни амалга ошириш салоҳиятига эга бўлсин». Бошқа ҳимоячиларга ҳам муносабат ўзгача. Умуман, Бош ҳимоя чизиғини олдинроққа суришни «Апелдорн»даёқ бошлаганди. Унинг фикрича, ҳимоячи учун муҳими - рақибга қарши қўполлик қилиш эмас, балки ўйин ривожини сезиш. Мураббийнинг 17 ёшли Матейс де Лигтга асосий таркибдан жой бергани бежиз эмас. Ҳа, Голландия термаси тарихидаги энг ёш ўйинчи хатолардан ҳимояланмаган. Лекин у ҳужум ҳаракатларини бошлашда биринчи узатмани вақтида аниқ амалга оширади. Демак, Бош ва «Аякс» фалсафаси муштарак. Чунончи, голланд футболида азалдан ҳимоячининг биринчи узатмаси орқа чизиқдаги ишончли ҳаракатлардан юқори қўйилган.

Мураббий 4-3-3 схемаси асосида чинакам тотал футбол намойиш этиш учун бир қатор шогирдларини бош-қа позицияларга ўтказди. Жумладан, вингер Дейли Синкгравен сўл қанот ҳимоячиси, марказий ҳимоячи Жайро Ридевальд таянч ярим ҳимоячиси, ҳужумчи Бертран Траоре ярим ҳимоячи, плеймейкер Лассе Шоне эса ҳимоячига айланди. Кучли прессинг, чизиқлар ўртасидаги улкан бўшлиқлар - ҳаммаси чинакам голландча футболга хос. Бошнинг матбуот анжуманларида кўпроқ тилга оладиган иборалари ҳам 2та - «ҳаракат» ва «тажовузкорлик». Зеро, кучли прессингни фақат ҳаракат ва тажовузкорлик эвазига юзага келтириш мумкин.

Бош ва унинг жамоаси учун бош қурол шу. «Футболда 5 сония ақидаси мавжуд - тўпни йўқотиб қўйсанг, шунча вақт ичида қайтариб олишинг осон эмас. «Барселона» прессингни бошлаш учун атиги 3 сония сарфлайди. Аммо «Аякс» ижрочилар нуқтаи назаридан «Барселона» эмас. Шундай экан, тўпни 2 сонияда қайтариб олишни ўрганишимиз лозим»,-дейди Петер.  Мураббий бу вазифани уддалаш учун спорт директори Марк Овермарсдан фақат ақлли ўйинчиларни харид қилишни сўрайди. Ёзда «Твенте»дан сотиб олинган Ҳаким Зиёҳ шундайлардан бири. Мураббий «Аякс»ни тўлиқ ақлли жамоага айлантирмоқчи. Шу боис, кадрлар қўнимсизлигидан ажабланмаслик керак. Ақлга таяниб тўп сурувчилар қолишади, Анвар ал Ғози  каби тактик билими паст йигитларга эса чиқиш эшиклари очиқ. Жастин Клюйверт каби ўта ақллилар ҳам бор. Вацлав Чернидек бир ёрқин нур сочиб, кейин аро йўлда тўхтаб қолганларни эса тарбиялаб, қайсидир лагерга муносиб бўлгунларича кутишади. Жамоа 7-8 нафар ўйинчи билан ҳужумга ўтади, бўш ҳудудлардан самарали фойдаланади. Бу - фақат ақлли жамоаларга хос услуб.

Айтиш жоиз, Бош «Аякс» фалсафасига мослашишни жамоага келишидан аввал бошлаган. Петер Тель-Авивнинг «Маккаби»си билан шартнома тузганида, ОАВда уни ўз фаолиятини барбод қилганликда айлашганди. Ваҳоланки, Бошни Исроилга кумирнинг ўғли - шахсан Хорди Кройфф таклиф этганди. Кейинчалик Йохан Тель-Авивга борганида, Петер бир ҳафта давомида у билан мулоқотда бўлди. «Бу ажойиб - аввалига унинг ўгитларини дафтарга жамлаб юрардим. Ўзи билан учрашганимда, айнан битикларимни такрорлаганди. Йохан ҳикоя қилар, мен қулоқ солардим. Хуллас, бир ҳафта ичида 10 йил давомида тўпланган маълумотлардан кўра, кўпроқ сабоқ олдим»,-дея хотирлайди Бош. Ҳа, гарчи Йохан Кройфф орамиздан кетган бўлса ҳамки, унинг билим ва тажрибаси «Аякс»нинг бугунги мураббийига қўл келмоқда. Яқинда амстердамликлар истар-истамас қарши олишган бегона мутахассис қисқа вақт ичида бебаҳо мураббийга айланди. Тўғри, «Аякс» ҳозир ҳам аввалгидек жамоа. Аммо бугунги воқеалар шуни кўрсатмоқдаки, кўпинча бегоналар оиладек муқаддас бўлиб қолган жамоа нуфузига нуфуз қўшадилар.

ПЕТЕР БОШ

Энг эътиборли иши: «Аякс»ни ЕЛ финалига олиб чиқди

Хуш кўрадиган ақидаси: «Ақлли ўйинчилар воқеалар ривожини олдиндан кўра оладилар. Саводсиз футболчилар тўп учун ўйнайдилар. Доимо шундай».

Содиқ СОБИР тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Билдирилган фикрлар


Хосеп Гвардиоланинг нусхаси екан.Фарки Гвардиола топ юлдузлар билан натижага эришади.Петер Бош еса...
Шундай мураббийлар купаяверсин.
24.05.2017 19:26

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz