Сўнгги йилларда Москванинг ЦСКА клуби ўринбосарлар таркибини бошқариб келган Александр Гришин Россияда болалар билан ишлаш бўйича анча таниқли мутахассис ҳисобланади. Худди ўзимизнинг Дилшод Нуралиев каби. Мана шу мураббий ўтган ҳафта ЦСКАнинг иккинчи жамоаси билан хайрлашди, энди унинг бошқа клубда иш бошлаши кутилмоқда.
Гришин кетиш олдидан рус нашрлари учун интервью берди ва табиийки, бош мавзу ёшлар футболига бориб тақалди. У рус футболидаги муаммолар ҳақидаги саволга жавоб бераркан, энг катта камчилик сифатида болаларни институтни энди битирган ва таниш-билиш орқали ишга кирган мураббийлар бошқараётганини кўрсатиб ўтган. Таниш манзара, шундай эмасми?
Юртимизда ёшлар ва болалар футболи ривожланаётгани ҳақида кўп гапирилади. Гарчи охирги 4 йилда бирор термамиз мундиалда иштирок этмаётган бўлса ҳам бунга қадар эришилган ютуқлар анча салмоқли. Нолисак бўлмас. Аммо натижалар бундан ҳам яхши бўлиши мумкинмиди? Албатта.
Ўзбекистонда 10 ёшли болакай профессионал футболчи сифатида етишиши учун иқтидордан ташқари яна кўп нарсага эга бўлиши лозим - Тошкент шаҳрида ёки жуда бўлмаса, вилоятлар марказида яшаши лозим. Шунда унинг футболчи бўлиш имконияти бир неча баробар ошиб кетади. Бизда аксарият аҳоли қишлоқларда истиқомат қилишини эътиборга оладиган бўлсак, қанча иқтидорлар назардан четда қолиб кетаётганини тасаввур қилиш ҳам қийин. Орамизда деярли ҳар биримиз: «Фалончи қариндошимнинг ўғли (қўшним, танишим, синфдошим ва ҳоказо) футболни зўр ўйнайди. Лекин бирор жойга олиб борай, деса таниши йўқ», деганини эшитганмиз. Энди ўйлаб кўринг, бутун бошли футболимиз «танишлар»га қараб қолган бўлса, бу соҳа ривожланадими?
Нолисак яхши эмас, дедик. Бизда болалар футболи бўйича бутун бошли тизим шаклланган. Ҳар бир вилоят тугул, туманларда ҳам Болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари ишлаб турибди. Унда нафақат футбол, балки спортнинг бошқа турлари ҳам мавжуд. Хоҳлаган футбол билан шуғуллансин, хоҳлаган кураш билан. Мактаблар бор, раҳмат. Аммо улар бутун мамлакатни қамраб оляптими? Буниси энди баҳсли масала.
Айтайлик, ҳар куни қишлоқдан туман марказига 15-20 километр йўл босиб бориб шуғулланишга ҳамманинг ҳам қурби етмайди. Боз устига, қишлоқчилик, уй ва дала ишларида ота-онага қарашиш керак. Шу боис ҳам қишлоқнинг болалари анча меҳнатга пишиқ бўлади. Биз эса футболни ривожлантириш ҳақида ўйламоқдамиз.
Бу билан Болалар ва ўсмирлар спорт мактабларини танқид қилмоқчи эмасмиз. Асло. Борига шукр, уларда минглаб болалар шуғулланишмоқда. Аммо шунинг ўзи билан кифояланиб қолсак, Осиёда ўртамиёна жамоа бўлиб юраверишга кўникиш лозим. Футболни росмана ривожлантиришни истайдиганлар эса бошқача йўл тутадилар. Ва бунинг учун ҳеч қандай супершароит ҳам керак эмас. Шу ўзимиздаги тизим билан ҳам янги иқтидорларни топса бўлади.
Мақола бошида Александр Гришин рус футболидаги асосий муаммолардан бири сифатида болалар мураббийлари савиясини тилга олганини айтиб ўтдик. Худди шу гапни бемалол ўзбек футболига нисбатан ҳам қўлласа бўлади. Айни вақтда болалар билан машғулот ўтаётган мураббийларнинг ҳаммасини ҳам юқори савияда деб бўлмайди. Улар оладиган ҳаминқадар маошни назарда тутадиган бўлсак, ортиғини талаб қилишга ҳам ҳаққимиз йўқ. Бироқ мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, қандайдир чора-тадбирларни қўлласа бўладими? Бўлади. Фақат бунинг учун йиллар давомида шаблон бўлиб қолган одатийликдан четга чиқиб, бироз янгича ишлаш лозим.
Айтайлик, ҳозирги мураббийлар болалар билан ишлашдан қандай манфаат топади? Яхши натижа қайд этса, чемпион бўлса, шунга яраша мартабаси ҳам ошади, маоши ҳам. Аммо ҳамма гап у тарбиялаган болаларнинг кейинчалик қандай даражага чиқишида. Биласизми, Александр Гришиннинг интервьюсида қайси сўзлар кўпроқ маъқул келди? «Айни вақтда Россия премьер-лигаси клубларида бизнинг мактабдан чиққан 18 тарбияланувчи тўп сурмоқда. Бу биз учун ёшлар ўртасидаги ҳар қандай мусобақадаги ғалабадан афзалроқ!», - деган мураббий. Энди ўйлаб кўринг, биз билган мураббийлардан кимдир шундай деганини эслай оласизми?
Мураббийнинг моддий манфаатдорлиги ҳам, қизиқиши ҳам айнан шунда - профессионал футболга ўйинчи тарбиялаб беришда бўлиши лозим. Олдин ҳам айтганмиз, Германияда профессионал футболчиларнинг маошидан маълум фоиз уни тарбиялаган мураббийга ажратилар экан. Майли-да, 0,1 фоиз бўлмайдими, миллионлаб даромад қиладиган футболчидан келадиган пулнинг бир учи ҳам оддий мураббий учун яхшигина пул эмасми? Бундай шогирдлари янада кўпроқ бўлса-чи?
Шуни унутмайликки, ҳар қандай ишда биринчи даражага чиқадиган нарса - манфаат. Агар мураббий 12 ёшли болакайлар билан шаҳар, вилоят ёки республика мусобақасида ғолиб чиқишдан манфаат топса, унинг ёшини ҳам «ўқлайди», соғлиғини ҳам ўйламай майдонга ташлайди. Унинг учун рақибини алдайман деб тўпни олдириб қўйган болакайдан ёмони ҳам бўлмайди.
Токи шу бола эртага улғайгач, унга пул олиб келмас экан, бошқача бўлиши ҳам қийин-ов...
Зафар ҚОСИМОВ
Манба: www.interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20