Қайднома

Қидирув

Карлес Пуйоль: «Барча нарсанинг асоси - меҳнат»

Карлес Пуйоль: «Барча нарсанинг асоси - меҳнат»

  29.05.2017 03:36
  0
  1050
Карлес Пуйоль: «Барча нарсанинг асоси - меҳнат»

Шанба куни Жанубий Кореяда ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати-2017 ўйинлари старт олган бўлса, Ҳиндистонда U-17 тоифасидаги «кенжа» мундиалга қаратилган тайёргарлик жараёнининг сўнгги босқичи давом эттирилмоқда. Хусусан, 16 май куни бўлажак турнир ўйинларига кириш ҳуқуқини берадиган чипталар сотуви бошланди. Ҳиндлар шу муносабат билан тан олинган собиқ футболчи Карлес Пуйолни меҳмонга чақиришди.

Билсангиз керак, футболчилик фаолияти давомида «Барселона» ҳимоясида мустаҳкам девордек таассурот қолдирган Пуйоль Испания терма жамоаси сафида катталар ўртасидаги жаҳон чемпионати олтин медалини ҳам ютган. Аммо шуниси борки, унга ўсмирлар тоифасидаги мундиалда иштирок этиш насиб қилмаган. Эҳтимол, шунинг учун ҳам Карлес ЖЧ-2017 ташкилотчилари таклифини мамнуният билан қабул қилиб, Нью-Деҳли ва Мумбайда ташкиллаштирилган байрамона тадбирларда махсус меҳмон мақомида кўриниш берди.

Ҳиндистонликлар 6-28 октябрь кунларига белгиланган мусобақа ўйинлари учун 6та шаҳардаги стадионларни танлаб, уларни талаб даражасида тайёрлашга уринмоқдалар. Умуман, ҳиндлар мамлакат ҳудудида ўтадиган жаҳон миқёсидаги илк йирик футбол мусобақасига катта умид билан қарашмоқда. Фахрий меҳмон - Карлес Пуйоль ҳам FIFA.com сайтига берган ин-тервьюсида Ҳиндистонда футбол истиқболини кўриш, янги юлдузчалар билан танишишга ишонч билдирди.

- Карлес, билишимизча, бундан олдин Ҳиндистонга бирор марта келмаган экансиз...

- Ҳа, бу ушбу ажойиб мамлакатга биринчи сафарим ва ҳинд халқи билан танишиш олдидан анча ҳаяжонланганим рост. Чунончи, Ҳиндистоннинг бой маданиятидан хабардор эдим. Мисол учун, мамлакатдаги анъанавий тиббиёт ва маҳаллий таомлар ҳақида кўп эшитгандим. Буларнинг барчасини ўз кўзингиз билан кўриш жуда қизиқ. Тўғри, ташрифимдан бирламчи мақсад бошқа - футбол ҳолати ва унинг қандай ривожланаётгани билан танишиш.

- Хўш, кичик мундиал ўйинлари чиптасини харид қилиш масаласида иккиланаётган маҳаллий мухлисларга қандай маслаҳат бера оласиз?

- Аввало, шуни таъкидлашим керак, ўйинни стадионда бевосита ва телевизор орқали томоша қилиш ўртасида осмон ва ерчалик фарқ бор. Ахир жонли футболга нима етсин! Стадионга тушган одам биринчи навбатда, ўзида фаоллик ва ҳаракатни яққол ҳис қилади. Ишонаманки, ҳиндлар бўлажак турнир ўйинлари давомида стадионларда ажойиб муҳитни таъминлаб, футболни чинакамига севишларини тўлиқ исботлашади. Шунингдек, Ҳиндистон мундиали бўлажак футбол юлдузларини кашф этишидан умидворман. Шундай экан, мухлисларга мурожаатим оддий: келажак юлдузларининг илк қадамларига гувоҳ бўлиш имкониятидан фойдаланиб, спортга ошно тутунинг!

- Сафар чоғи улкан лойиҳада иштирок этдингиз. «Х- миллион» номини олган миссия доирасида ташкиллаштирилган футбол фестивалидан қандай таассуротлар қолди? Ушбу лойиҳа чиндан ҳам, миллионлаб ҳинд болаларини футболга йўналтириш вазифасини уддалаяптими?

- Қадриятларни спорт воситасида авлоддан авлодга ўтказиш ҳаракати таҳсинга сазовор. Бундай лойиҳалар болалар учун ажойиб имкониятдир. Муҳими, улар шу аснода қадриятлар моҳиятини англаб, нафақат спортда, балки бутун ҳаётда қалбан ишлаш орқали мақсадга етиш мумкинлигини тушунсалар, бас. Айниқса, футболда жамоавий бирдамлик муҳим эканлиги барчага аён. Болалар ҳам буни вақтида теран англасалар, келажакда қандайдир муаммолар олдида енгилгина таслим бўлмайдилар. Мисол учун, спортда ҳеч ким мағлубиятдан ҳимояланмаган ва омадсиз ўйинлардан кейин энг асосийси - кучли иштиёқни сақлаб қолиш, жамоадошларга бу масалада ўрнак кўрсатиш. Шунингдек, спорт чин инсонийлик фазилатларини шакллантиришда ҳам ёрдам бериши шарт. Фестиваллар мақсади эса болалар онгига шуларни синдириш. Зеро, бу ҳаёт сабоғидир.

- Гарчи футболда узоқ вақт самарали фаолият олиб борган бўлсангизда, ўсмирлар тоифасидаги жаҳон чемпионатида иштирок этмагансиз. Айтингчи, бундай турнирларда қатнашган жамоадошларингизга бирор марта ҳасад билан қараганмисиз? Дейлик, улар ўз хотираларини эслашган пайт қандайдир аламни ҳис қилгандирсиз...

- Йўқ, бу масалада ҳасад қилиш ҳам, афсусланиш ҳам ўринсиз. Зеро, футбол билан нисбатан кечроқ шуғуллана бошлаганман. Шунга мувофиқ, айтайлик, U-17 тоифасидаги жаҳон чемпионатида ўйнаш хаёлимга ҳам келмаган. Хусусан, мен учун илк халқаро турнир - бу U-21 термаси сафида ўтгани. Умуман, ҳеч қачон шерикларимга бошқа масалаларда ҳам ҳасад билан қараган эмасман, аксинча, уларнинг ютуқларидан шодланиб, ўз устимда янада жиддийроқ ишлашга ҳаракат қилардим. Чунончи, ҳасад ҳеч нарса олиб келмайди, барчасининг асоси - меҳнат.

- Сизнингча, футболчилар учун бу каби турнирларда иштирок этиш нечоғли муҳим?

- Табиийки, кичик мундиалларнинг бўлажак юлдузлар фаолиятида тутган ўрни жуда катта. Қолаверса, бу мусобақалар йигитларга турли мамлакатлардаги тенгдошлари билан энг юқори даражада рақобатлашиб кўриш имкониятини беради ва ёшлар шу орқали профессионал фаолиятга илк қадамларни ташлашади. Тўғри, ҳаммага ҳам кичик жаҳон чемпионатларида қатнашиш бахти насиб этмайди ва бу нимадир тугаганини англатмайди зинҳор. Ўз мисолимда айтсам, U-17 ёки кичикроқ ёш тоифасидаги халқаро турнирларда бирор марта қатнашмаган бўлсамда, футбол оламида етарлича ўйнадим, фаолиятим чакки чиқмади. Бундан фахрлансам арзийди, албатта.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz