Қайднома

Қидирув

«Радар»даги шарҳловчи

«Радар»даги шарҳловчи

  29.05.2017 06:28
  2
  1861
«Радар»даги шарҳловчи

«Ҳаётда бир касб танлаб, уни чин кўнгилдан севсангиз, ҳар куни меҳнат қилишингизга ҳожат қолмайди».

КОНФУЦИЙ

Энг нуфузли бокс кечаларига Майкл Баффернинг шарҳини тинглаш учунгина ташриф буюрадиган, телеэкран орқали унинг овозини эшитишни хуш кўрадиган мухлислар бисёр. Чунки Баффер ўз ишининг ҳақиқий устаси.

Миллионлар ўйинида ҳам шарҳловчининг ўрни беқиёс. Юртимизда Futbol TV канали иш бошлагани барчани бирдек қувонтирди. Албатта, ишқибозлар сунъий йўлдош орқали хориж теледастурларидаги ўйинларни кўришлари ҳам мумкин эди... Аммо шарҳ ўз она тилингда янграса, юракка яқинроқ кириб боради. Бунда шарҳловчининг овози, маҳорати, зукколиги, ҳар бир вазиятга холисона фикр билдириши, энг муҳими, нейтралликка урғу қаратиши улкан аҳамиятга эга.

Миллионлар ўйини ишқибозлари шунчалик кўпки, ҳар бирининг кўнглини топиш қийин. Бразилияга «202 миллион футбол мутахассислари яшайдиган юрт» деган таъриф берилади. Умуман, бу фикрга қўшилиш мумкин. Бизда ҳам 10 миллиондан ортиқ шундай «мутахассислар» бор, менимча. Энг муҳими, уларнинг ҳар бири ўз тушунчасига эга. Шундай экан, ўзимиздаги журналистларнинг шарҳи ҳаммага бирдек ёқиши мураккаб масала.

Бундай фикр юритишимизнинг ўзига яраша сабаби бор, албатта. 2011 йил 29 октябрь куни Қаршининг «Насаф» клуби ОФК кубоги финалида «Ал-Қувайт» клубига қарши майдонга тушди. Бу ўйинга қизиқиш шунчалик юқори эдики, унинг шиддатидан баҳраманд бўлиш ниятидаги ишқибозлар Республикамизнинг турли бурчакларидан Қашқадарё вилояти марказига ташриф буюришди. Жумладан, биз ҳам Жиззах вилоятидан етиб боргандик. Учрашувнинг қандай якун топгани ҳамон кўпчиликнинг ёдида. «Насаф» - ОФК кубоги соҳиби!

Лекин ўшанда бошқа бир жиҳат хотирамда узоқ муддатга муҳрланиб қолганди. Стадионга ўйин бошланишидан 4-5 соат аввал етиб борганимиз учун маҳаллий ишқибозлар билан бироз суҳбатлашиб, ўйин ҳақида фикр алмашишни истадик. Ҳаммаси ана шундан бошланганди... Қаршилик, умуман, қашқадарёлик мухлислар севимли жамоаларининг ўйинини бевосита трибунадан туриб кузатишни маъқул кўришаркан. Ўша куни чипта тополмай қолган ўрта ёшлардаги ишқибоз биз билан суҳбатда «Афсус, энди баҳсни телевизор орқали кўришга мажбурман», деганди. Даставвал, аренадан туриб кўролмаётганига афсусланяпти, деб ўйлагандик. Аммо кейинроқ маълум бўлдики, таассуф сабаби бошқа экан. Суҳбатдошимиз гап орасида шарҳловчилар мавзусига тўхталиб, уларнинг аксарияти пойтахт клубларига мухлислик қилишини таъкидлади...

Дастлаб унинг сўзларига шунчаки, кулиб қўя қолдим, аммо кейинги фикрлари диққатимни тортди. Гап шундаки, «Насаф»нинг Осиё майдонларидаги ўйинларини шарҳлаш пайтида қашқадарёлик ишқибозларга ёқмайдиган ҳолатлар деярли ҳар сафар кузатилар экан. Мисол учун, «аждарлар»нинг араб жамоаларига қарши ўйинда йўл қўйган бирор-бир хатоси пойтахт клублари иштирокидаги баҳс давомида эслаб ўтилиши ёки аксинча, «Насаф» мағлубиятга учраётган пайт пойтахт клубларининг ютуқлари тилга олиниши ҳақида гапирди. Қизиғи, бу каби фикрларни фақат бир мухлисдан эшитмадик.

Кейинги 5-6 йил мобайнида юртимиз шарафини ҳимоя қилувчи жамоаларнинг ОЧЛдаги иштирокини кузатарканман, шарҳловчиларимизнинг дарҳақиқат, ўзлари истамаган ҳолда, шундай хатога йўл қўйишаётганига амин бўлдим. Демак, қашқадарёлик ишқибозларнинг ранжишларига асос бор экан. Мазкур ҳолатда уларни айблаш нотўғри, чунки юртимиздаги барча мухлислар «Насаф» ёки бошқа клубларимиз Осиё ареналарида тўп суришса, уларни бирдек қўллаб-қувватлашади. Табиийки, бу каби вазиятларда шарҳловчиларимиздан бироз эътиборлироқ бўлиш талаб этилади. Шундагина барча ҳудуддаги мухлислар кўнглини овлашни уддалашади.

Бевосита шарҳловчи ҳақида гап кетганда, бу масалада ҳам турлича фикрлар янграши тайин. Ҳозирда фаолиятини UzReport телеканалида давом эттираётган Даврон Файзиевнинг шарҳи кўпчиликка бирдек ёқади. Мирзаҳаким Тўхтамирзаевдек элимиз суйган, устоз журналистлар бор. Шунингдек, марҳум Давлат Турдиалиевнинг ширали овози, мазмунли фикрлар билдириши, сўзларни ўз жойида ишлатгани ҳамон ёдимизда.

Шу ўринда яна бир инсоннинг номини тилга олиб, уни ҳам юртимиздаги энг зўр шарҳловчилар сафига қўшмоқчиман - Иброҳим Аҳмедов. У сўнгги марта Евро-2008 ва Евро-2012 баҳсларини Yoshlar телеканалида Даврон Файзиев билан шарҳлаганди. Қолаверса, «Давр» информацион дастурининг спорт хабарларида унинг чиқишларини кузатиб борардик. Аммо кейинчалик мухлислар «радар»идан узоқлашиб кетди.

Шахсий фикрим, айнан Иброҳим Аҳмедов юртимизнинг футболдаги Майкл Баффери бўлишга қодир эди. Афсуски, негадир телевидение орқали кўриниш бермай қўйди. Мабодо бу журналист фаолиятини Sport ёки Futbol TV каналларидан бирида давом эттирса, албатта, биз мухлисларни хурсанд қилган бўларди.

Sport телеканали ходимларига ҳурматни сақлаган ҳолда айтиш керакки, ҳозирги пайт бу канал малакали ва маҳоратли шарҳловчига эҳтиёж сезмоқда. Мазкур ҳолатда, табиийки, мухлислар эҳтиёжи назарда тутилмоқда. Юқорида номи санаб ўтилган журналистлар Конфуций таъкидлаганидек, танлаган касбларини севишади, шу боис микрофон қаршисидаги машаққатли меҳнат уларни асло толиқтирмайди. Албатта, биз ишқибозлар бу каби фидойи, ўз ишининг ҳақиқий устаси бўлган журналистларнинг асло чарчамасликларига тилакдошмиз.

Асилбек АБДУРАҲИМОВ, Зарбдор тумани


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Билдирилган фикрлар


Мирзахаким Тухтамирзаевнинг шархи менга жуда ёкарди.Футбол ТВ га уни кайтариш керак.Янги авлод шархловчиси Даврон Файзиев.Ха Иброхим Ахмедов хам яхши шархлаганди.Шахсий фикрим 12-июнь кунги Эронга карши бахсни Мирзахаким ака шархласа,уша Эронни Озодида ютиб келган пайтдагидек узи шархласа деб ирим киляпман.У инсон кайтади хали ТВ га.
29.05.2017 10:50

diyor va zafar imomxo'jayevlar nimaga tilga olinmagan xayronman
axir ular ham o'zbek futboli rivoji drb o"z iwidan,mansabidan ayrilganku
29.05.2017 07:24

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz