Қайднома

Қидирув

«Металлург»нинг байрамона совғаси ва умумий тур шарҳи

«Металлург»нинг байрамона совғаси ва умумий тур шарҳи

  29.05.2017 13:54
  0
  812
«Металлург»нинг байрамона совғаси ва умумий тур шарҳи

Кучли учликдаги жамоалардан бири очко йўқотди, аутсайдер фаворитни енгди ва ўртамиёналар тўқнашувида ирода бўй кўрсатди. 12-турга таъриф беришда бемалол шу ибораларни ишлатаверинг. Хусусан, «Насаф» Бекободда «Металлург» меҳмони бўлиб, ортга очкосиз қайтди. Аввалги ҳафта «Металлурглар куни» кенг нишонланган эди ва Бекобод жамоаси ғалабасини байрам совғасига тенглаштириш мумкин.

ЯГОНА ДУРАНГ ВА  ИРОДАЛИ ҒАЛАБА

Дурангсеварлар - «Навбаҳор» ва «Бунёдкор»нинг навбатдаги муросали ўйинига аввалги саҳифада алоҳида тўхталдик. Фақат қўшимча қилиш жоиз, Миржалол Қосимов бошқарувига ўтган «қалдирғочлар»нинг енгилишлари ҳеч гап эмасди. Зеро, Илҳом Мўминжонов шогирд­лари ҳеч жабҳада номдор рақибдан қолишмай, уларни анча қийнаб қўйдилар. «Бунёдкор» эса Қосимов раҳбарлигидаги 3-ўйинда ҳам очко йўқотди. Ҳа, бу кетишда жамоанинг ҳаттоки, юқори ўнликка кириши ҳам оғир вазифадек кўринмоқда.

«Бунёдкор» кетма-кет очко йўқотаётган вақтда «Пахтакор» ўз кучига ишонч ҳиссини қайтармоқда. Тўғри, «шерлар» бу сафар «Сўғдиёна»ни қабул қилиб, очко йўқотишга яқин келдилар. Лекин якунда иродали ғалабани нишонлаб, 7-ўринга кўтарилдилар. Энг муҳими, айни пайт жамоани кучли учликдан атиги 2 очко ажратиб турибди. Айтганча, миллий жамоамиз ҳужумчиси Игорь Сергеев «Сўғдиёна» билан учрашувда ниҳоят, жорий чемпионатдаги голлари ҳисобини очиб олди.

МАРАТ ТЎХТАМАЙДИ!

Мусобақа жадвали етакчилари - «Локомотив» ва «Қўқон-1912» клублари навбатдаги ғалабани расмийлаштирди. «Темирйўлчилар» ўз майдонларида «Нефтчи»ни 4та жавобсиз гол билан «сийлашди». Эътиборли томони, 7та турдан буён гол уришдан тўхтамаётган Марат Бикмаев бу сафар «дубль» қайд этди. Ҳа, иккинчи ёшлигини бошлаган ҳужумчининг ҳозирги статистикаси кишини ҳайратга солмай қолмайди - 11та турнинг 10тасида гол, боз устига, 13та! Шунингдек, «Олмалиқ»дан таклиф этилган Диёр Туроповнинг ўйини ҳам «Локо» мухлисларини қувонтирмоқда. Ярим ҳимоячи мавсум бошида жароҳат туфайли майдонга тушолмади ва янги жамоада ўзини кўрсатиши шубҳа остида турганди. Мана, Туропов майдонга қайтгач, тезда спорт формасини тиклаб, «темирйўлчилар» етакчиларидан бирига айланмоқда.

Нўъмон Ҳасанов бошқарувидаги «Қўқон-1912» кетма-кет 3та дурангдан сўнг ниҳоят, яна ғалаба кўчасига кирди. Водийликлар «Бухоро»га қарши ўйиннинг биринчи 45 дақиқалигида 2та гол уришди. Улуғбек Бақоев шогирдлари эса иккинчи бўлимда бунга бир бора жавоб беришди. Хуллас, «Қўқон-1912» 1-турдан кейинги мағлубиятсиз одимини давом эттириб, яна «Локомотив»нинг бош таъқибчисига айланди.

«МЕТАЛЛУРГ» АУТСАЙДЕР ЭМАС

«Насаф»нинг аввалдан энг кўп эътироф этиладиган жиҳати - бу барқарорлик. Дейлик, қаршиликлар ўртамиёна ва айниқса, аутсайдер клублар билан ўйинларда мудом ишончли тўп сурардилар. Бироқ бу сафар ҳаммаси бошқача кечди - 16-ўринда турган «Металлург» ягона гол ҳисобига 3 очкони ўз томонига оғдирди ва Рўзиқул Бердиев жамоасини орт­га «қуруқ қўл» билан қайтарди. Натижада бекободликлар 14-ўринга сакрашди. «Металлург» захирасида битта ўйин борлигини инобатга олсак, жамоа янада юқорилаш имкониятига эга. Тўғри, қолдирилган ўйини «Локомотив»га қарши кечади, аммо ким билади, «Насаф»ни енгган «Металлург» балки «темирйўлчилар»­дан ҳам очко тортиб олиб, бизни яна  ҳайрон қолдирар. Фақат ўша баҳс олдидан ҳам бирор байрам тантана қилинса яхши бўлармиди...?

«ОЛМАЛИҚ» ЮҚОРИЛАМОҚДА

12-турда 2та жамоа сафарда ғалаба қозониш уддасидан чиқди - «Қизилқум» ва «Олмалиқ». Диққатга молик жиҳати, ҳар икки жамоа ўйини ҳақида айтишга арзигулик гаплар бор. Дейлик, «Қизилқум»  Самарқандда «Динамо»га қарши майдонга тушди ва учрашув тақдирини ягона гол ҳал қилди. Бу гол ҳимоячи томонидан ўз дарвозасига урилганию, ҳакам уни инобатга олишда иккиланиб қолгани ўйин атрофидаги кескинликдан далолат берса керак. Хусусан, учрашув тугагач, самарқандликлар устози Олег Тюлькин натижадан нолиган бўлса, Ҳамиджон Актамов гол тўғри урилганини таъкидлади. Аммо бу ҳолат мухлислик манзарасига асло халал бергани йўқ. Умуман, Самарқанддаги ҳар бир ўйинда катта «ажиотаж» кузатилмоқда ва бунинг учун мухлисларга қанча раҳмат айтсак ҳам кам. Мисол учун, самарқандликлар салбий натижага қарамай, «Қизилқум»ни олқишлар остида кузатиб қўйишди. Навоийдан ташриф буюрган ишқибозлар эса «Динамо» футболчиларига далда беришгани билан ёдда қолишди. Ҳа, Ўзбекистон чемпионатида мухлислик маданияти ошиб бораётгани кишини хурсанд қилади, албатта.

«Шўртан» бу йил фақат фаворитларни енгишга аҳд қилган кўринади. Ғузорликлар 12-турда «Олмалиқ»ни қабул қилиб, кичик ҳисобда мағлубиятга учрашди. Ихтиёр Каримов жамоаси ушбу натижа таъсирида 13-ўринга тушган бўлса, «Олмалиқ» жорий мавсум илк марта кучли тўртликка кирди. Ҳа, Виктор Кумиков жамоадаги ишларни аста-секин тартибга солмоқда, шекилли.

«Машъал» - «Обод» ўйинида муборакликлар ортиқча муаммо сезишмади ва рақибни 3:0 кўринишида мағлуб этишди. Муҳими, «Машъал»нинг 3та ўйиндан иборат голсиз серияси якунига етди.

ТУР ҚАҲРАМОНИ - «МЕТАЛЛУРГ»

Аслида мусобақа жадвали охирида бораётган аутсайдернинг ҳар қандай ғалабаси улкан қаҳрамонлик ўлароқ қабул қилинади. Бордию, бу ғалаба ғолибликка даъво қилаётган жамоа устидан қўлга киритилса-чи? Унда икки карра қаҳрамонлик. Агар шуларга қўшимча тарзда бирор байрамга совға сифатида тортиқ этилса - уч карра қаҳрамонлик. Хуллас, «Металлург» ўтган ҳафта айнан мана шундай қаҳрамонликлар кўрсатди.

ТУР ИҚТИБОСЛАРИ

  - «Машъал» бизни бир «қўли» билан енгди. Рауф ИНИЛЕЕВ («Обод» бош мураббийи).

-       Камида 1 очко олишимиз керак эди. Ҳисоб ўйинга яраша бўлмади. Олег ТЮЛЬКИН («Динамо» бош мураббийи).

- Ҳакамлик? Бизнинг голимиз тўғри урилди. Ҳамиджон АКТАМОВ («Қизилқум» бош мураббийи).

- Рамазон ойида ҳамма кечиримли бўлиши керак. Агар такрорий лавҳалардан ён ҳакамнинг адашгани аниқланса, уни кечирармидим? Бундан бошқа чорам йўқ. Дейлик, кечирмасам, бирор нарса ўзгарадими? Даврон ФАЙЗИЕВ («Сўғдиёна» бош мураббийи).

- Ҳисобни очгач, янада фаолроқ ҳаракатланиб, хатоларга йўл қўймаслигимиз керак эди. Лекин футбол шуниси билан қизиқ. Ғалабани кўзлаганимиз рост, аммо ҳозирги ҳолатда дуранг ҳам қониқтиради. Миржалол ҚОСИМОВ («Бунёдкор» бош мураббийи).

- Аслида «Нефтчи» кўрсатган ўйин ҳам ёқди. Ушбу рақиб худди бизникига ўхшаш ўйин намо­йиш этмоқда. Фақат бугун омад меҳмонлар эмас, жамоамиз тарафида эди. Андрей МИКЛЯЕВ («Локомотив» бош мураббийи).

«МАШЪАЛ» - «ОБОД» - 3:0 (2:0)

26 май. Муборак. 2451 томошабин.

Ҳакамлар: Ш.Қосимов (Тошкент) - 8,7; Р.Фозилов (Наманган) - 8,6; М.Мажидов (Тошкент) - 8,6; Ш.Ражабов (Бухоро) - 9,0.

Голлар: З.Тўраев (6), Ҳ.Муртазоев (33), Д.Ҳасанов (89-авт.).

«Машъал»: 35. Ж.Илёсов, 2. И.Шойқулов, 6. С.Абдураимов (17. В.Павленко, 61), 8. М.Камолов, 10. Ҳ.Муртазоев, 13. Ш.Шайманов, 31. И.Тиманюк, 44. А.Бегимқулов, 55. А.Агалиев, 63. У.Шарипов (77. А.Олимов, 73), 90. З.Тўраев (23. К.Тўраев, 53).

«Обод»: 1. Ш.Абдуллаев, 2. А.Ҳусинов, 5. Ғ.Умиров, 6. Ш.Жалилов, 7. С.Рихсибоев (20. И.Бикмайкин, 81), 8. Д.Ҳасанов, 9. П.Соломин (21. Н.Ҳаипов, 78), 13. И.Исмоилов, 19. С.Қаҳҳоров, 23. А.Саидкаримов (10. С.Эрматов, 66), 44. Т.Васильев.

Огоҳлантиришлар: З.Тўраев (43) - И.Исмоилов (72).

Энг яхши ўйинчилар: З.Тўраев - П.Соломин.

Назоратчи: А.Абдуллаев (Тошкент).

Комиссар: Н.Лутфулин.

Рауф Инилеев («Обод» бош мураббийи): - Аввало, «Машъал»ни ғалаба билан табриклайман. Бугун мезбонлар биздан яхшироқ тўп суришди. Афсуски, айни  таркибимиз анча кучсиз, чунки жароҳатланган ва сариқ карточкалар лимитига тушган йигитларимиз кўпайиб қолишди. Тан оламан, ўйин «Машъал»нинг тўлиқ устунлигида ўтди, ҳисоб ҳам шунга мос бўлди. Бошқача айтганда, «Машъал» бугун жамоамни бир «қўли» билан енгди, аммо бундан ҳиссиётларга берилмаслиги керак.

Александр Хомяков («Машъал» бош мураббийи): - Албатта, натижадан қониқдим. Жамоамиз бир неча ўйиндан буён гол уролмаётган эди ва бугун ниҳоят, буни уддаладик. Юзага келтирилган вазиятлардан унумлироқ фойдаланганимизда, ҳисоб бундан-да йириклашиб кетиши ҳеч гап эмасди. Ўйиндан аввал рақибни ҳар томонлама ўрганиб чиққан ва шунга асосан режа тузгандик. Ўз ўрнида, шогирдларимга раҳмат, улар кўрсатмаларимни яхши бажаришди. Мухлисларимизни ҳам чиройли ғалаба билан чин юракдан табриклайман.

«МЕТАЛЛУРГ» - «НАСАФ» - 1:0 (1:0)

26 май. Бекобод. 1115 томошабин.

Ҳакамлар: Р.Эрматов (Тошкент) - 9,0; А.Расулов (Тошкент) - 9,0; Ж.Саидов (Тошкент) - 9,0; И.Гармашов (Тошкент) - 9,0.

Гол: А. Нўъмонов (19).

«Металлург»: 32. С.Султонов, 4. Ҳ.Ҳошимов, 8. А.Нўъмонов, 11. М.Тошматов (77. Д.Исмоилов, 81), 14. Д.Карим­қулов, 15. З.Абдуллаев, 17. М.Сулаймонов, 19. А.Зиёвуддинов (7. Д.Одилов, 71), 22. И.Исоқжонов (13. С.Қодирқулов, 76), 40. И.Қобилов, 70. Ж.Абдумўминов.

«Насаф»: 25. Э.Суюнов, 2. А.Шораҳмедов, 4. М.Каримов ( 23. Ш.Аъзамов, 68), 6. А.Ғаниев, 7. О.Ҳамробеков, 10. Д.Раҳматуллаев (9. Д.Хушбаков, 68), 18. Б.Абдураҳимов, 22. И.Голбан, 31. С.Раҳматов (38. Д.Нарзуллаев, 46), 34. Ф.Сайфиев, 69. Д.Черан.

Огоҳлантиришлар: Д.Каримқулов (30), С.Султонов (89), С.Қодирқулов (90Қ2) -  Д.Черан (5), Д.Раҳматуллаев (6).

Энг яхши ўйинчилар: З.Абдуллаев - Д.Черан.

Назоратчи: И.Нехочин (Наманган).

Комиссар: А.Фролов.

Рўзиқул Бердиев («Насаф» бош мураббийи): - Афсуски, бу сафар ғалабага лойиқ ўйин кўрсатолмадик. Сабаб шуки, «Пахтакор»га қарши кечган аввалги учрашувда йигитларимиз катта куч сарфлашганди. Шунингдек, ўйиннинг барвақт бошланганию, ҳаво ҳароратининг баландлиги ҳам ҳаракатлар сифатига таъсир кўрсатмай қолмади. Йўқ, бу баҳона эмас, зеро, бугун ўз ўйинимизни намойиш этолмадик. «Металлург» биринчи бўлимда юзага келган вазиятдан самара чиқарди ва танаффусдан кейин кўпроқ ҳимояланиб, ҳисобни сақлаб қолиш уддасидан чиқди.

Шавкат Саидов («Металлург» клуби бошлиғи): - «Насаф» - кучли таркиб ва яхшигина ўйин амалиётига эга рақиб. Футболчиларга фаол ҳаракатлари учун миннатдорчилик билдираман - улар кўрсатмаларимизни аъло даражада бажаришди. Ҳа, «Насаф» тўп билан кўпроқ муомалада бўлди, аммо биз яратилган вазиятдан унумли фойдаланиб, гол урдик. Шу тариқа ўтган йилги натижамизни такрорладик. Ушбу ғалаба жамоамизга руҳан куч беришидан умид қиламиз. Ўйлайманки, энди қийин вазиятдан чиқиб кетамиз. Майдонга тушишдан олдин футболчилардан  бор кучлари билан ҳаракат қилишларини сўрадик ва ким чарчаса, ўзи алмаштиришимизни сўрашини тайинладик. Демоқчиманки, бугунги алмаштиришлар футболчилар хоҳиши билан амалга оширилди. Захирадан майдонга тушганлар ҳам ишончни оқлашди. Дилмурод Каримовнинг ҳолати назоратимизда, муолажалар кетяпти ва умид қиламизки, у 2 ҳафта оралиғида машғулотларга қайтади.

«ПАХТАКОР» - «СЎҒДИЁНА» - 3:2 (2:1)

26 май. Тошкент. 2103 томошабин.

Ҳакамлар: В.Агишев (Тошкент) - 8,6; Ҳ.Шодмонов (Бухоро) - 7,3; А.Буров (Бухоро) - 8,3; Р.Абдувоҳидов (Қарши) - 9,0.

Голлар: И.Сергеев (37), Ш.Каримов (39), А.Ораховац (85) - С.Жўраев (35), А.Исроилов (75).

«Пахтакор»: 12. А.Лобанов, 28. С.Андреев, 4. А.Ораховац, 21. К.Тожиев, 34. Х.Авилов, 7. А.Аҳмедов, 29. В.Козак (5. А.Исматуллаев,  65), 17. С.Нуруллаев (20. Ж.Ҳакимов, 54), 8. Ш.Каримов, 10. Ж.Искандеров, 11. И.Сергеев.

«Сўғдиёна»: 12. Ш.Эшбўтаев, 2. С.Қулматов, 3. А.Исроилов, 4. Э.Орипов, 5. Ғ.Ўрунов, 6. С.Мамадалиев (15. И.Абдуллаев, 72), 7. С.Рашидов (22. Д.Абдураҳмонов, 72), 13. Р.Аъзамов, 17. И.Тошпўлатов, 59. С.Жўраев, 77. С.Эминов (18. Қ.Баҳодиров, 67).

Огоҳлантиришлар: А.Аҳмедов (84), А.Ораховац (86) - Э.Орипов (86), И.Абдуллаев (90+4), Қ.Баҳодиров (90Қ4).

Энг яхши футболчилар: Ш.Каримов - Ш.Эшбўтаев.

Назоратчи: И.Шарипов (Бухоро).

Комиссар: Г.Ртвеладзе.

Даврон Файзиев («Сўғдиёна» бош мураббийи): - Аввало, фурсатдан фойдаланиб, халқимизни Рамазон ойи билан табриклайман. Ўйинга келсак, асабийлик сезилиб турди. Муҳими, курашларга бой томошабоп ўйин гувоҳига айландик. Футболда ҳамма хато қилади. Айбни биринчи навбатда, ўзимдан қидираман. «Пахтакор»дек жамоа дарвозасига урилган 2та гол уни енгиш ёки очкодан маҳрум қилишга кам экан. Футболчиларимиз иккинчи голдан кейин хотиржамликка берилишди. Бу ҳолатлар бўйича эртага бафуржа гаплашиб оламиз. Яъни ўйинни тўлиқ таҳлил қилиб чиқамиз. Ҳакамлар хонасига киришга ошиқдим? Менимча, рақиб 3-голни урган вазиятда ён ҳакам озгина адашди - Сергеев ва Ораховац ўйиндан ташқари ҳолатда қолишганди, чамамда. Буни аниқ айтолмайман, лекин операторимиз олган тасвир бўйича гапирсам, «офсайд»га ўхшади. Балки адашаётгандирман. Ўйиндан кейин барчада эҳтирос бўлади. Хуллас, барчасини бемалол кўриб, кейин билиб оламиз. Йўқ, ҳакамларни айбламоқчи эмасман. Рамазон ойида ҳамма кечиримли бўлиши керак. Агар такрорий лавҳалардан ён ҳакамнинг адашгани аниқланса, уни кечирармидим? Бундан бошқа чорам йўқ. Дейлик, кечирмасам, бирор нарса ўзгарадими? Натижа ўзгарса ҳам майли эди, унда балки кечирмасдим...

Жасур Абдураимов («Пахтакор» бош мураббийи в. б.): - Ўйин бўйича нима дейишим мумкин? Жуда асабий кураш борди. Бугунги футболни триллер жанрига мансуб кинога қиёслаш мумкин. Муҳими, барчаси биз учун ижобий тугади. Ҳар икки томонда етарлича имкониятлар туғилди. Агар вазиятлардан вақтида унумли фойдаланганимизда, асосий масала бу қадар чўзилиб кетмасди. Ҳимоядаги 2та қўпол хато дарвозамизга гол урилиши билан якунланди. Ҳозирги вазиятдан келиб чиқиб айтсам, руҳий тарафлама жуда қийналаётгандик. Футболчиларга раҳмат. Улар зарур пайт ўзларини қўлга олишди ва характер кўрсатишди. Муҳим ғалабадан хурсандмиз. Нега ҳар бир ўйиндан кейин футболчиларга миннатдорчилик билдиряпман? Чунки захирамиз жуда тор. Деярли битта таркибга таяниб иш кўрмоқдамиз. Бундай ҳолат йигитларни руҳан толиқтириб қўяди.

«ҚЎҚОН-1912» - «БУХОРО» - 2:1 (2:0)

26 май. Қўқон. 6482 томошабин.

Ҳакамлар: Ҳ.Рўзиев (Тошкент) - 8,5; О.Абдувасилов (Тошкент) - 8,5; С.Шоюсупов (Тошкент) - 8,5; Ш.Насибуллаев (Наманган) - 8,0.

Голлар: С.Бердиев (11), М.Холмуҳаммедов (35) - А.Тўраев (79).

«Қўқон-1912»: 12. А.Ашуров, 4. Б.Акрамов, 5. Ж.Кимсанов, 7. Ж.Ҳасанов, 9. Н.Отақўзиев (8. С.Ҳамидов, 83), 10. Ж.Сиддиқов, 19. С.Бердиев (17. А.Маматхўжаев, 90) 24. И.Раҳимов (11. А.Сидоров, 75), 26. А.Холмуродов, 77. М.Холмуҳаммедов, 99. Ф.Райевац.

«Бухоро»: 12. А.Турсунбоев, 2. Э.Равшанов (10. Б.Ваҳобов, 69), 3. Б.Омонов, 5. К.Пасичник, 9. Н.Умуров (7. С.Неъматов, 51), 11. С.Шихов, 20. И.Холиқов (96. А.Тўраев, 61), 22. Ш.Гадоев, 27. Р.Ҳасанов, 29. В.Баенко, 77. И.Нагаев.

Огоҳлантиришлар: Ж.Сиддиқов (38), А.Ашуров (90+2) - Э.Равшанов (22), Б.Омонов (45+1), К.Пасичник (48), И.Нагаев (55).

Энг яхши ўйинчилар: Ж.Сиддиқов - С.Шихов.

Назоратчи: Р.Серазетдинов (Тошкент).

Комиссар: Б.Ҳайдаров.

Улуғбек Бақоев («Бухоро» бош мураббийи): - Биринчи навбатда, қўқонликларни ғалаба билан табриклайман. Бугун мезбонлар ажойиб ўйин кўрсатишди. Шунингдек, шогирдларим ҳам чакки ҳаракатланмадилар. Ҳеч кимга эътирозим йўқ.

Нўъмон Ҳасанов («Қўқон-1912» бош мураббийи): - Бугун ажойиб ўйин гувоҳига айландик. Хусусан, шогирдларим комбинацион футбол кўрсатишди. Биринчи бўлимда етарлича шиддатли ҳужумлар ташкил этдик. Лекин кўплаб имкониятлардан фойдаланолмадик. Камчиликлар устида ишлашда давом этамиз. Умуман, бугун энг яхши ўйинларимиздан бирини ўтказдик, дея оламан.

«ДИНАМО» - «ҚИЗИЛҚУМ» - 0:1 (0:0)

26 май. Самарқанд. 6891 томошабин.

Ҳакамлар: В.Серазетдинов (Тошкент) - 8,4; М.Саидқосимов (Тошкент) - 8,0; А.Цапенко (Тошкент вил.) - 8,3; Н.Қосимов (Қарши) - 8,0.

Гол: Ҳ.Аламхонов (63-авт.).

«Динамо»: 27. Т.Жўраев, 2. М.Локаев, 4. Ҳ.Аламхонов, 6. А.Бозоров (9. С.Сулаймонов, 26), 15. Ш.Холматов, 17. А.Николаев, 18. Д.Низанов, 19. О.Мамажонов (11. А.Абдуллаев, 55), 20. А.Сафаров, 22. А.Исроилов, 26. С.Давлатжонов (5. Ф.Абдусалимов, 73).

«Қизилқум»: 22. А.Макосин, 2. В.Григорьев, 3. Ш.Пўлатов, 4. Э.Бойдуллаев, 9. О.Зокиров, 15. А.Алланиёзов (10. В.Шодиев, 50), 17. А.Геворкян (25. А.Усмонов, 90), 19. Ж.Ҳасанов, 20. Ғ.Жумаев, 23. Ш.Жўраев, 27. И.Юнусов.

Огоҳлантиришлар: Д.Низанов (78), А.Исроилов (89) - В.Григорьев (4), Ш.Пўлатов (67), Ш.Жўраев (83), Ғ.Жумаев (90+2).

Энг яхши футболчилар: А.Исроилов - Ж.Ҳасанов.

Назоратчи: А.Клепиков.

Комиссар: А.Иноятов.

Ҳамиджон Актамов («Қизилқум» бош мураббийи):  - Ҳар икки жамоа аъзолари чиройли ўйин намойиш этишди. «Динамо»нинг ўз услубига эга шаклланган жамоа эканлиги кўриниб турибди. Йигитларга раҳмат. Улар ўйин олдидан зиммаларига юклатилган вазифани уддалашди. Ўз навбатида, Навоийдан келиб, жамоамизни қўллаб-қувватлаб турган мухлисларга ҳам миннатдорчилик билдираман. Умуман, ғалаба жуда зарур эди. Ўйлайманки, энди кейинги ўйинларда ҳам чиройли футбол ва ютуқлар билан ишқибозларни қувонтирамиз.

- Гол урилган вазиятни қандай баҳолайсиз?

- Ҳакамлар қарорини муҳокама қилмайман. Ўша вазиятда «офсайд» йўқ эди, менимча. Қолаверса, тўп мезбон ҳимоячиларидан бирига тегиб, дарвозага бориб тушди.

Олег Тюлькин («Динамо» бош мураббийи): - Ўйиндан олдин фақат ғалабани ўйлагандик. Йигитларимиз охиригача курашишди, аммо «Қизилқум» тажриба бобида устунлик қилди, барибир. Ўйинга яраша ҳисоб қайд этилганини айтолмайман. «Қизилқум» ўйин масаласида кучли кўринмаган бўлсада, ғалабани ўз томонига оғдирди.

- Рақибнинг тушунарсиз голи хусусида нима дея оласиз?

- Очиғи, нима бўлганини яхши тушунолмадим. Қанот ҳаками байроғини кўтариб, «офсайд»га ишора қилди, рефери эса аввалига голни инобатга олмади, кейин марказни кўрсатди. Аниқ кўрмаганим учун қандайдир изоҳ беролмайман. Видеоёзув орқали вазиятни қайта кўриш керак. Умуман, барчасини назоратчилар кўриб чиқишади.

- Жавоҳир Қаҳрамонов ва Раду Рогак таркибда йўқ...

- Жавоҳир Ўзбекистон ёшлар термасидан таклиф олди ва муҳим ўйинга қарамай, уни қўйиб юбордик. Раду Рогакка келсак, унинг жароҳати жиддийроқ бўлиб чиқди. Натижада уни даволаниши учун  ўз юрти - Молдовага жўнатдик. Муолажаларни якунлагач, сафимизга қайтади.

- Самарқандлик ёш ярим ҳимоячи Жонибек Кўчимов ўтган мавсум «Динамо»да яхши ўйин намойиш этганди, бироқ у йил бошида ижара асосида «Сурхон»га берилди. Иккинчи давра олдидан ушбу тезкор футболчини ортга қайтариб, таркибни кучайтириш мумкинми?

- Бу кўпроқ футболчининг ўзи ва хоҳишига боғлиқ. Очиғи, унинг шартномаси билан таниш эмасман. Биринчи даврадан кейин бу масалани ҳам кўриб чиқамиз.

«ШЎРТАН» - «ОЛМАЛИҚ» - 0:1 (0:0)

27 май. Ғузор. 4245 томошабин.

Ҳакамлар: О.Толибжонов (Тошкент) - 8,6; Т.Галеев (Тошкент) - 8,6; А.Пўлатов (Тошкент) - 8,6; С.Абдураҳмонов (Тошкент) - 9,0;

Гол: Д.Жўраев (58).

«Шўртан»: 1. Э.Тожибоев, 4. Ж.Отақулов, 11. З.Полвонов, 14. У.Эшмуродов, 15. О.Жўрабоев, 17. Ғ.Раҳмонов, 18. Э.Бойматов, 19. М.Муродов (12. Л.Убайдуллаев, 71), 27. С.Собирхўжаев (7. О.Каримов, 46), 29. Қ.Нурметов (3. А.Ғуломхўжаев, 80), 77. О.Нарзуллаев.

«Олмалиқ»: 46. Х.Хўжаев, 2. А.Ҳожиакбаров, 5. Д.Жўраев, 8. Ш.Григалашвили (21. Ғ.Ғуломов, 82), 10. Ш.Норбеков (7. .Раҳматуллаев, 83), 17. К.Мурзоев (11. В.Клишин, 86), 18. Ш.Муллажонов, 55. Р.Бердимуродов, 88. И.Йелич, 90. В.Косминин, 94. Х.Мухторов.

Энг яхши ўйинчилар: У.Эшмуродов - Х.Хўжаев.

Назоратчи: А.Арутюнов (Тошкент).

Комиссар: Р.Черников.

Виктор Кумиков («Олмалиқ» бош мураббийи): - Замонавий футболда энг муҳими - ғалаба. Аммо  секин ва оғир ўйин гувоҳи бўлдик. Ким биринчи гол урса, ғалабанинг унга насиб этиши тайин эди. Умуман, икки жамоага ҳам тезкорлик етишмади, кескин узатмалар кам кузатилди ва аксинча, тўп йўқотишлар кўп бўлди. Мени хурсанд қилгани - голни стандарт вазиятдан урдик. Рақиб биринчи бўлимда яримта, иккинчисида эса 2та имконият ҳосил қилди, бошқа қизиқарли вазият юзага келмади. Ҳужумда ҳеч нима қилинмагани ҳимоячилар ва дарвозабонларнинг яхши ўйнашганидан далолат, менимча. Биз учун ғалаба муҳим эди ва ҳимояланиш асносида кўп куч сарфламасликка ҳаракат қилдик. Ке­йинги ўйинимиз кубок доирасида бўлади ва биз ке­йинги босқичга ўтишни истаймиз. Қолганини биринчи даврадан кейин айтишим мумкин. Жорий йилги вазифамиз - жамоа тузиш. Асосий вазифа келгуси мавсумда қўйилади.

Ихтиёр Каримов («Шўртан» бош мураббийи в.б.): - Ўйин дуранг натижага мос эди. Лекин яна ўша ҳолат, 90 дақиқа давомидаги биргина хато қимматга тушди. Ҳужумни охирига етказолмаслик муаммоси панд бермоқда. Хусусан, Игорь Таран ўрни яққол сезилмоқда. «Олмалиқ» бутун 90 дақиқа ҳимояланди. Умуман, бу жамоанинг орқа чизиғи чемпионатимиз бўйича энг яхшиларидан биридир. Футболчиларимиз учун жарима майдони атрофида ҳаракатланиш осон бўлмагани бежиз эмас.

«ЛОКОМОТИВ» - «НЕФТЧИ» - 4:0 (1:0)

27 май. Тошкент. 852 томошабин.

Ҳакамлар: Д.Пислегин (Тошкент) - 8,8; Н.Рўзимов (Тошкент) - 8,5; Р.Шояхметов (Тошкент) - 9,0; Р.Лутфулин (Тошкент) - 9,0.

Голлар: М.Бикмаев (45+1, 53), Д.Туропов (51), Т.Кападзе (81).

«Локомотив»: 12. И.Нестеров, 5. К.Махарадзе, 10. М.Бикмаев (22. М.Бобожонов, 65), 11. С.Абдуллаев, 15. С.Мирзаев, 18. Т.Кападзе, 28. Ш.Муҳаммадиев, 33. О.Зотеев, 37. Ш.Файзиев, 77. Д.Туропов (29. Қ.Рўзиев, 69), 99. Ж.Машарипов (17. С.Мустафоев, 80).

«Нефтчи»: 16. А.Абдулжалилов, 2. С.Концевой, 5. Ҳ.Каримов, 7. А.Баҳриддинов, 9. Ш.Ҳакимов, 11. А.Махсталиев, 18. Ж.Расулов (8. У.Қодиров, 76), 20. Д.Эрматов, 21. М.Убайдуллаев, 23. А.Абдулҳаков (10. М.Мамазулунов, 57), 55. Д.Комаровский (30. С.Абдужабборов, 70).

Энг яхши ўйинчилар: М.Бикмаев - А.Махсталиев.

Назоратчи: М.Исмоилов (Тошкент)

Комиссар: В.Лёткин.

Андрей Фёдоров («Нефтчи» бош мураббийи): - Икки хил бўлимга гувоҳ бўлдик. Афсуски, танаффусга чиқиш арафасида гол қўйиб юборганимиз салбий таъсир қилди. Тан оламан, «Нефтчи»нинг ўйини қовушмади. Рақиб урган голларга келсак, барчаси ўз хатоларимиз ортидан юзага келди. «Локо» маҳорат нуқтаи назаридан кучлироқ, барибир. Буни таблога қараб ҳам фаҳм­лаш мумкин. Йигитлар майдонда қўлларидан келган ишни бажаришди ва қайсидир футболчини айблай олмайман...

Андрей Микляев («Локомотив» бош мураббийи): - Ўйинимиз ёмон эмас. Тақвим тиғиз бўлсада, жамоамиз секин-аста ўзига келмоқда. Бугун агар яратилган барча вазиятлардан фойдаланганимизда, ҳисоб анча йириклашиши мумкин эди. Аслида «Нефтчи» кўрсатган ўйин ҳам ёқди. Ушбу рақиб худди бизникига ўхшаш ўйин намойиш этмоқда. Фақат бугун омад меҳмонлар эмас, жамоамиз тарафида эди. Жароҳатланган футболчилар бор ва бу ҳолат ҳам бироз панд бермоқда. Конеда жароҳат йўқ, шунчаки, унга бироз дам олиш имконини яратиб, Шерзод Файзиевни майдонга туширдик. Мана, аксарият учрашувларда йирик ҳисобда ғалаба қозонмоқдамиз. Аммо бу чемпионатда биз учун рақобатчи жамоа­лар йўқлигини англатмайди. Дейлик, «Қўқон-1912»  анча тетик кўринмоқда, қолганлар ҳам чакки эмас. Масалан, «Шўртан» исталган рақибдан очко тортиб олишни уддаламоқда.

Тур Статистикаси

Ўйин: 8, Гол: 20  (ўртача: 2,5)

Томошабин: 31620 (ўртача: 3952...)

Мезбонлар ғалабаси: 5, Меҳмонлар ғалабаси: 2, Дуранг: 1

Йирик ҳисобли ғалаба: 2 («Локомотив» - 4:0; «Машъал» - 3:0)

Энг  сермаҳсул ўйин:  «Пахтакор» - «Сўғдиёна» (5та гол)

Огоҳлантириш: 29 (ўртача: 3,62...), Четлатиш: -

Энг «қўпол» ўйинлар: «Динамо» - «Қизилқум», «Қўқон-1912» - «Бухоро» (6тадан «сариқ») 

Энг кўп томошабин кирган ўйин: «Навбаҳор» - «Бунёдкор» (7481)

Пенальти: -, «Дубль»: 1 (М.Бикмаев, «Локомотив»), Автогол: 2 (Д.Ҳасанов, «Обод»; Ҳ.Аламхонов, «Динамо»)

1 Локомотив             11        8          2          1          29-7     26

2 Қўқон-1912            12        6          5          1          19-12   23

3 Насаф                    11        6          2          3          15-8     20

4 Олмалиқ                12        5          4          3          9-10     19

5 Машъал                 12        5          3          4          13-9     18

6 Навбаҳор              12        4          6          2          14-12   18

7 Пахтакор               12        5          3          4          13-15   18

8 Бухоро                  12        5          2          5          18-16   17

9 Динамо                  12        4          3          5          15-14   15

10 Қизилқум            12        3          5          4          10-13   14

11 Сўғдиёна            12        4          2          6          14-20   14

12 Бунёдкор            11        2          6          3          8-9       12

13 Шўртан               12        4          0          8          11-17   12

14 Металлург           11        3          2          6          10-14   11

15 Нефтчи               12        2          4          6          8-18     10

16 Обод                  12        2          3          7          8-20     9

Тўпурарлар

Марат Бикмаев («Локомотив») - 13та  (4та - пен.)

Достон Ҳамдамов («Бунёдкор») - 6та

Драган Черан («Насаф») - 6та (1та - пен.)

Санжар Рашидов («Сўғдиёна») - 6та (2та - пен.)

Иван Нагаев («Бухоро») - 6та (3та - пен.)...

Келгуси ўйинлар

14 июнь (чоршанба)

Қизилқум - Машъал

Обод - Металлург

Сўғдиёна - Навбаҳор

Нефтчи - Динамо

15 июнь (пайшанба)

Насаф - Шўртан

ОлмалиҚ - Пахтакор

Бунёдкор - Қўқон-1912

Бухоро – Локомотив


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz