Қайднома

Қидирув

Темурхўжа Абдухолиқов: «Янги мавсумда мендан янада яхшироқ ўйин кутишади»

Темурхўжа Абдухолиқов: «Янги мавсумда мендан янада яхшироқ ўйин кутишади»

  02.06.2017 03:31
  2
  2129
Темурхўжа Абдухолиқов: «Янги мавсумда мендан янада яхшироқ ўйин кутишади»

Қатар юлдузлар лигасининг бу йилги мавсум якунларига кўра, икки ҳамюртимиз - Санжар Шоаҳмедов ва Темурхўжа Абдухолиқов тўп сураётган «Ал-Сайлия» клуби чемпионатни 31 очко билан 8-ўринда якунлади.

Жамоа 26та ўйиннинг 8тасида ғалабага эришди. Шунингдек, 7та дуранг ва 11та мағлубият қайд этди. Мавсум ўрталарида «Ал-Сайлия» сафига бориб қўшилган ҳамюртларимиз ўз ўйинлари билан жамоанинг кичик муваффақиятига муносиб ҳисса қўшишди.

Темурхўжа тўпурарлик маҳоратини намойиш этди. Санжар эса майдон маркази ва ҳужумчи орти позициясидаги тезкор ҳаракатлари билан ажралиб турди. Чемпионат якунлангач, ҳар икки футболчимиз Тошкентга қайтишди ва маълум бир муддат бўлгач, яна қатарга қайтишди.

Биздаги маълумотларга кўра, Темурхўжа Абдухолиқов ва Сардор Рашидов 21 май куни ТТЙМИ стадионида ўтган терма жамоамиз иштирокидаги назорат учрашувида майдонга тушишлари керак эди. Лекин легионер футболчиларимиз зудлик билан Қатарга учишган. Биз Темурхўжа билан боғланиб, ундан интервью олдик.

- Темурхўжа, билишимизча, Тошкентда терма жамоамиз иштирокидаги назорат учрашувида майдонга тушишингиз керак эди. Лекин сўнгги паллада қатарга жўнаб кетдингиз. Бунга етарлича асос бор эдими?

- Терма жамоа мураббийлари футболчиларда ўйин амалиёти бўлиши учун ушбу ўртоқлик ўйинини ташкил қилишган эди. Лекин 20 май куни қатар юлдузлар лигасининг якунларига бағишланган йиғилишда қатнашишим кераклиги учун Дохага етиб келдим.

- Йиғилиш қандай ўтди? Унда қайси жиҳатлар муҳокама қилинди? Легионерларга, хусусан, сизга боғлиқ масалалар ҳам бормиди?

- Турли номинациялар бўйича йилнинг энг яхшилари аниқланди. Менга боғлиқ ҳеч қандай масала йўқ эди. Лекин ўша йиғилишда ҳамма футболчиларнинг қатнашиши шарт эканлигини айтишганди.

- Ўз клубингизда ҳам мавсум якунлари муҳокама қилиндими?

- Ҳа, албатта.

- Унда жамоанинг иштироки қандай баҳоланди?

- Салбий баҳо берилди. «Ал-Сайлия» мавсумни ёмон ўтказгани айтилди. 8-ўрин жамоа учун қониқарсиз эканлиги таъкидланди. Янги мавсумда натижани яхшилашимиз шарт.

- Сиз мавсум ўртасида жамоа сафига бориб қўшилдингиз. Демак, мавсум аввалида клуб олдига юқори ўринлар учун курашиш вазифаси қўйилган эканда?

- Худди шундай бўлган. Жамоа олдига кучли бешликка кириш вазифаси қўйилганди. Мавсум якунида эгаллаган ўрнимиз қониқарсиз эканлигини клуб раҳбарияти айтмаса ҳам буни ўзимиз билдик.

- Ижобий натижа қайд этиш учун нима етишмади? Ёки юлдузлар лигасида рақобат кутилганидан ҳам кучли бўлдими?

- Мен жамоа таркибида 10та ўйин ўтказдим. Клуб биринчи даврада ҳам керагидан ортиқча очко йўқотиб улгурган эди.

- Футболчи ўз ўйинига баҳо бериши унчалик тўғримасдир, лекин умумий олганда, сиз ва Санжар Шоаҳмедов ёмон таассурот қолдирмадинглар. Бизнингча, янги муҳит ва чемпионатга мослашиш қийин кечмади, шундайми?

- Йўқ, биз учун барибир, бошида қийинроқ бўлди. Янги мавсумда биздан, хусусан, мендан янада кўпроғини кутишади.

- қатарда ўтган мавсум сизда қандай таассурот қолдирди? Чемпионат савияси юлдузлар лигаси номига муносиб эканми?

- Чемпионат легионерлар ҳисобига кучли. Ҳақиқатан ҳам, жамоалар таркибида юқори савиядаги футболчилар бисёр. Бу борада биргина Хавини эслаш кифоя.

- Эндиги режалар қандай? қачонгача таътил беришди?

- Июль ойи ўрталаригача дам оламиз.

- Таътилни Тошкентда ўтказасизми?

- Худди шундай.

- Демак, шартномага кўра, Сиз ва Санжар янги мавсумда ҳам қатар чемпионатида ўйнайсизлар, шундайми?

- «Ал-Сайлия» билан яна бир йиллик келишувимиз бор. Шартномага кўра, янги мавсумда ҳам жамоа шарафини ҳимоя қиламиз.

- Бошқа клублардан таклифлар бўлмадими?

- Йўқ.

- «Ал-Сайлия»нинг иштироки қониқарсиз баҳоланганини айтдингиз. Шу нуқтаи назардан, жамоада бош мураббий алмашмадими?

- Мураббийимиз ўз лавозимида қолди.

- қатар чемпионатида тўп сураётган бошқа футболчиларимиз билан гаплашмадингизми? Улар ҳам янги мавсумда юлдузлар лигасида ўйнашадими?

- Менимча, Санжар Турсунов жамоасида қолади. Рашидов масаласида бундай фикр билдира олмайман. У ўзи учун энг яхши вариантни танлайди.

- Дарвоқе, «Ал-Жаиш» ва «Лаҳвия» клублари бирлашди, улар совринли ўринлар учун курашишганди. Шахсан сиз учун бу кутилмаган ҳолат бўлдими? қатарда мазкур ўзгаришни қандай қабул қилишди?

- Аслида, илк бор қатарга борган пайтимдаёқ айни мавзуда турли миш-мишлар юрганди. Шу сабабли ҳам, мавсум якунида бу маълумотни расман тасдиқлашганида, ҳайрон қолмадим.

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Билдирилган фикрлар


Azizbek Arsenal +998979663232 шу рақамга телеграмдан ёзинг
02.06.2017 16:15

Temurxo'jaga hurmatimni saqlagan holda aytamanki,bugungi kunda Marat Bikmaev bilan Abduxoliqovning saviyasi teng menimcha.
02.06.2017 11:04

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz