Қайднома

Қидирув

«Ал-Дуҳайл» бир кунлик жамоа бўлмасинда…

«Ал-Дуҳайл» бир кунлик жамоа бўлмасинда…

  04.06.2017 06:17
  0
  1160
«Ал-Дуҳайл» бир кунлик жамоа бўлмасинда…

Қатар Юлдузлар лигасида янги клуб пайдо бўлди - «Ал-Дуҳайл». Бу жамоа қуйи дивизиондан элитага йўл олган дебютант эмас ёки нолдан тузилгани ҳам йўқ. Тўғри, жамоа янгитдан ташкил этилди, фақат эски «Лаҳвия» ва «Ал-Жаиш»нинг бирлашиши ҳисобига. Аслида ушбу кичик мамлакатда спорт клубларини бир меъёрда ушлаб туриш у қадар мураккаб иш ҳисобланмайди, аммо улар обрўсини кўтариш ва лоақал Осиё даражасида янада танитиш - мураккаб масала. Аввалги сафар БАА про-лигаси хусусида мақола ёзиб,  бош мураббийларга зарур жиҳатлар хусусида мулоҳаза юритгандик. Навбатдаги мақоламиз Қатар футболида клубларнинг пайдо бўлиши ва уларнинг лигага қўшилиб кетиши жараёни хусусида.

Даставвал

2016|2017 йиллар мавсуми якунига кўра, Қатар Юлдузлар лигасида Жамол Белмади бошқарувидаги «Лаҳвия» чемпионликни тантана қилди. Ҳамюртимиз Сардор Рашидовнинг жамоаси - «Ал-Жаиш» эса 4-ўрин билан чекланди. Абдуллоҳ бин Носир ал Танига тегишли «Лаҳвия» Юлдузлар лигасига 2010 йили қўшилган бўлсада, аслида анча олдин тузилган. Жамоа ўз фаолиятини узоқ 1938 йили «Ал-Шорта» номи остида бошлаган. Бироқ араб спорт журналистикаси ҳам клубнинг «туғилган» вақти сифатида 2009 йилни кўрсатади. Эътиборлиси, бу жамоа Юлдузлар лигасига чиққанидан буён 5 марта чемпион бўлди. Умуман, у айни пайт мамлакатнинг энг бой жамоаси ҳисобланади. «Лаҳвия» хўжайи­ни 2010 йили «Малага»ни Лоренцо Сансдан сотиб олгач, Европада анча танилди. Қатарликларнинг ЖЧ-2022 мезбонлигини қўлга киритишларида ҳам ал Танининг ҳиссаси катта. Мана, орадан 8 йил ўтиб, «Лаҳвия» ва «Ал-Жаиш» бирлаштирилди. Бундан кўзланган мақсад - халқаро аренада ҳам яхшироқ натижаларга эришиш.

«Ал-Жаиш»га келсак, Форс кўрфазида мухлислар бу жамоани «армия клуби» сифатида билишади. «Армиячилар» жамоаси «Лаҳвия»дан 2 йилча олдин ташкил этилган. «Жаиш» молиявий қудратга эга бўлсада, ОЧЛда мунтазам иштирок этолмади. Аслида жамоа потенциали юқори, лекин тажриба етишмаслиги боис, халқаро аренада омадсизликка учраётганди.

Бирлашиш палласи

Табиийки, бирлашувдан сўнг икки спорт клуби инфратузилмаси ҳам ўзаро уйғунлаштирилади. Бошқа спорт турлари масаласи тушунарли, лекин футбол жамоалари устида анчагина бош қотириш талаб қилади. Қаранг, охирги мавсумда «Лаҳвия»нинг марокашлик ҳужумчиси Юсуф ал Араби 24та гол урди, «Ал-Жаиш» вакиллари - Ромариньо ва Сардор Рашидов эса рақиблар дарвозасини 14 мартадан ишғол қилишди. Маълумотларга қараганда, «Жаиш» футболчилари янги клубга ўтиш хусусида жиддий таклиф олишмаган. Тўғри, бу клуб вакиллари ҳам кўчада қолиб кетмайдилар, албатта. Лекин бирлаштириш ғояси моҳияти шу жойда йўқолиб қоляпти. Аслида икки клуб етакчиларини битта жамоа қанотида бирлаштириш керак эмасмиди? Мисол учун, айни пайт Сардор Рашидовга БААнинг камида 5та жамоаси даъвогар, Ромариньо Саудия клублари эътиборида турибди, Мурод Наж Ҳусайн эса «Ал-Райян»дан таклиф олган. Ҳа, мавсум-2017|2018 стартигача етарлича вақт бор, аммо янги клуб раҳбарияти таркиб масаласини тезкор равишда ҳал этмоқчи.

ОЧЛга қайси клублар чиқади?

2018 йилги ОЧЛ масаласи аниқ. Доха мегаполисининг Дуҳайл туманига кўчиб ўтадиган янги клуб ва «Ал-Садд» гуруҳ босқичида ўйнайди. 3-ўрин соҳиби - «Ал-Райян» эса «плей-офф»да иштирок этади. «Ал-Дуҳайл» ОЧЛда ғолиб чиқиш асносида Клублар ўртасидаги ЖЧга йўл очишни кўзламоқда. Шундай ҳолатда Қатар лигаси учун ажратиладиган ОЧЛ квотаси «2+1»дан «3+1»га ортиши мумкин.

Негалигини биласизми?

Форс кўрфазидаги чемпионатларга назар солиб, маҳаллий мулкдорлар клубларга катта пул сарфлашларию, бундан кутилган натижа чиқмаслигидан ҳайрон қоласан киши. «Лаҳвия» ҳам, «Жаиш» ҳам чемпионатдаги энг «кенжа» клублардан эди ва тушунарлики, улар моҳиятан сармоя лойиҳаси саналган. Яъни бу жамоалар бизнес-режа асосида тузилган. Таҳлилчилар ишбилармонларга даромаддан кўра, харажат кўпроқ бўлишини батафсил тушунтиришган ҳам. Зеро, янги лойиҳалар доимо омма эътиборида туради. Мана, араб дунёсидан ташқарида етарлича машҳурликка эришиш на «Лаҳвия» ва на «Жаиш»га насиб этди. Таққослаш учун, Хитой футболидан «Шанхай СИПГ» ёки «Гуанжоу Эвергранд»ни олайлик. Улар ҳақида дунё-нинг исталган нуқтасида эшитишган. Қатар футболи эса... Дейлик, биз бу мамлакат жамоалари ўйинларини фақат ОЧЛ туфайли кузатамиз. Ҳамюртларимиз Темурхўжа Абдухолиқов, Санжар Шоаҳмедов, Санжар Турсунов ва Сардор Рашидов клублари ҳақида ҳам етарли маълумотга эга эмасмиз. Ҳа, «Жаиш»да муносиб тўп сурган Сардорга харидор клублар борлигидан хабардормиз, лекин чемпионатда 6-7-ўринларни эгаллаган «Умм Салал» ва «Ал-Ҳарай-тият» режалари биз учун мавҳум.

Пул тикилгач...

Араб футболида клубларнинг бирлашиши, янгидан ташкил топиши ёки йўқлик сари сингиши оддий ҳол эмас, албатта. Мана, Германияда «кенжа» клублардан бири - «РБ Лейпциг» бир уринишда вице-чемпионликка эришиб, ЕЧЛга чиқди. Араб дунёсида битта жамоанинг бирданига шоҳсупага кўтарилиши учун  таркиби фақат юлдузлардан иборат бўлиши ва бош-қа жамоаларда бутун мавсум жиддий муаммолар бўй кўрсатиши талаб этилади. Бой ишбилармонлар ўз клублари иштирокидаги баҳсларни кузата туриб, тикилган пул нега кўпаймаётганини ўйламайдилар, чоғи. Улар «Нега менинг номим тилга олинмай қўйди?» ёки «Нима учун эътибордан четда қоляпман?» қабилидаги саволлар устида кўпроқ бош қотирсалар керак. Қолаверса, клубларда спорт директорлари у қадар фаол эмаслар. Аниқроғи, бош мураббий ёки хўжа-йин яқинларидан бири харидорлар учун кўп пул сарфлаб юборади, трансферлар жараёнига ҳаққоний баҳо берадиган таҳлил гуруҳи йўқ. «Ал-Дуҳайл» профессионал клуб сифатида икки жамоа ўрнини эгаллар экан, ўтмишдошлари хатосини такрорламаслиги керак...

Қатар олий дивизиони

Расмий номи: Қатар Юлдузлар лигаси

Клублар сони: 14та

Футболчилар сони: 444 нафар (105 нафари легионер)

Футболчиларнинг ўртача ёши: 27,8

Энг кўп чемпион бўлган клуб: «Ал-Садд» (12 марта)

Амалдаги чемпион: «Лаҳвия» (Доха)

Чемпионатдаги энг қимматбаҳо футболчи: Юсуф ал Араби («Лаҳвия», 5,1 млн. фунт)

Чемпионатдаги барча футболчиларнинг умумий трансфер нархи: 96,88 млн. фунт (23 май ҳолати бўйича)

Чемпионатнинг ТВ-ҳамкорлари: Al Jazeera Sports, Al-Kass

ФИКРАТ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz