Қайднома

Қидирув

Ёшларимизнинг россияликлардан кам жойлари борми, ёки улар нега мағлуб бўлишди?!

Ёшларимизнинг россияликлардан кам жойлари борми, ёки улар нега мағлуб бўлишди?!

  05.06.2017 00:41
  1
  1499
Ёшларимизнинг россияликлардан кам жойлари борми, ёки улар нега мағлуб бўлишди?!

Россия ёшлар термаси юртимизда меҳмон бўлиб, вакилларимизга қарши майдонга тушди. Таъкидлаш лозим, бу оддий ўйин эмасди. Аммо рақиб анча кучли ва унинг сафида ҳозирданоқ кўзга кўриниб қолган футболчилар етарлича бўлсада, учрашув биз учун у қадар қизиқ кечмади. Аниқроғи, катта ажиотаж кузатилмади, ёшларимиз ҳам биз истагандек қўллаб-қувватлангани йўқ. Нима учун? Бунинг энди сабаблари етарли.

Биринчидан, ўша куни олий лигада навбатдаги тур баҳслари бўлиб ўтди ва асосий эътибор ички биринчиликка қаратилиши турган гап эди. Ҳар қандай ўзини ҳурмат қиладиган чемпионат бундай ўйин туфайли назардан четда қолмаслиги лозим. Элитамизнинг эса, яхши биламизки, ҳар ҳолда қадри битта ўртоқлик учрашуви даражасига тушиб қолмаган. Бунақасини ўзимизга эп кўролмаймиз.

Қолаверса, терма жамоа асосини ташкил этиши кўзда тутилган футболчилар ҳам ўз клубларида банд бўлишди. «Пахтакор» имкон қадар келаси мавсум ОЧЛда қатнашишни таъминлашга уринмоқда, «Насаф» кучли учлик, «Бунёдкор» эса кучли ўнлик учун курашмоқда. Терманинг асосий футболчилари мана шу клубларда ўйнашини инобатга олсак, Ўзбекистон ёшлар жамоаси учун бу учрашувнинг аҳамияти анча сусайиши олдиндан кутилган ҳолат эди.

Боз устига, баҳс Олмалиқда - эътибордан анча четда ўтказилди. Устига-устак, ўйин ўтказиладиган жойнинг ўзгарганини охирги кунларда билиб олдик. Бунга қадар учрашув пойтахтда бўлиши кутилаётганди. Катта эҳтимол билан айнан шу фактор қизиқиш анча пасайишига сабаб бўлгандир, балки. Чунки ўзбек футболи мухлиси барибир, терма жамоани биринчи ўринга қўяди ва ким билади дейсиз, агар бу ўйин мезбонлиги Жиззах, Бухоро, Навоий ёхуд Фарғонага берилганда, унинг атрофидаги шов-шув ҳам шунга яраша бўлармиди?!

Биз атайин олий лиганинг 12-тур ўйинлари ўтказилмаган шаҳарларни тилга олдик. Айнан мана шу ҳудудларда Ўзбекистон (U-22)-Россия (U-22) учрашувини ўтказишга ярайдиган стадионлар бор. Бироқ ўйинни бу шаҳарларда ўтказишга нима халал берди, бехабармиз.

Ҳозир мазкур учрашув натижаси ва ундан олинган тажриба ҳақида гапирмоқчи эмасмиз. Умуман, бу ҳақда айтадиган гап ҳам кўп эмас. Рақиб барибир, бир бош баланд экан ва буни биринчи бўлимнинг ўзидаёқ ўйин тақдирини ҳал қилиш орқали исботлади. Кейинги 45 дақиқалик эса шунчаки, ортиқча жон койитишларсиз ўтди ва бизнинг азаматлар ҳисобни минимал тарзда қисқартиришнинг уддасидан чиқишди. Ортиғига уларнинг кучи етмади ёки бошқача айтганда, россиялик тенгдошлари бунга йўл қўймади. Рақиб майдонда енгил, ўзи истагандек тўп сурди. Шу билан бирга меҳмонда ўйнаётганини ҳам унутиб қўймади. Ахир меҳмоннавозликка муносиб жавоб ҳам бериш керак.

Аммо биз бевосита ўйин эмас, балки унинг атрофидаги ҳолатга эътибор қаратишимизни айтдик. Давом этамиз. Гарчи ЎФФга ёқмаса-да олдиндан узр сўраган ҳолда бир гапни барибир, таъкидлаш лозим - бу учрашув худди мажбурликдан, шунчаки, ҳисобот учун ўтказилгандек туюлди. Терма жамоалар маркази тугатилганига анча бўлди, аммо иш айнан «ТЖМ услуби»да ташкил этилгани кўриниб турибди. Ўйин етарлича тарғиб қилинмади ва унга қизиқиш ҳам ҳаминқадар бўлди. Ваҳоланки, юртимизга Россия ёшлар термаси ташриф буюрган ва бу ўйин мухлислар қизиқишига ҳақли эди.

Энди ўйлаб кўринг, шу баҳс мезбонлиги вилоятлардан бирига топширилганда, ўйин қандай ўтарди? Стадион тўлиб-тошармиди? Тошарди! Мухлислар Ўзбекистон терма жамоасини катта иштиёқ билан қўллаб-қувватлармидилар? Шубҳасиз! Футболчилар-чи, икки-уч карра кўпроқ куч билан ўйнармидилар? Ўйнардилар! Аслида, биз худди шундай бўлишини кутгандик.

У ёғини сўрасангиз, ЎФФ ҳам ҳеч йўқ 15-20 мингта чипта сотиб, ўртоқлик ўйини харажатини бироз қоплармиди?! Тўғри, Олмалиқда ўтказилган ўйинга кириш текин қилиб қўйилди ва бу чора мухлислар манфаатини кўзлаган ҳолда амалга оширилди. Бунинг учун алоҳида раҳмат айтишни ёддан чиқармаймиз. Аммо бошқа томондан, миллионлар ўйинига меҳр қўйган ўзбек ишқибози борки, Ўзбекистон терма жамоаси тўп сурадиган баҳсда чипта нархи борасида тортишмаслиги тайин...

Агар ушбу воқеа ўзбек футболида илк марта рўй берганда, мақолани қуйидаги гаплар билан якунласак бўларди: «Ўзбекистон футбол федерацияси ҳали бундай ўйинларни ўтказиш тажрибасига эга эмас. Ишонамизки, келгуси баҳслар мутлақо бошқача, биз истагандек ўтади. Буниси биз учун бир дарс вазифасини ўтади ва ундан етарлича хулоса чиқарамиз». Ва ҳоказо...

Аммо ҳамма гап шундаки, ўзбек футболи тарихида у қадар кўп бўлмаса-да, ҳарқалай, ўртоқлик учрашувлари ўтказилган. Уларнинг деярли ҳар биридан сўнг шу ва шунга ўхшаш эътирозлар янграган. Ҳар қанча уринсак-да, буниси ҳам ўшалар қатори ўтиб кетмаслигига ўзимизни ишонтира олмадик. Буниси яна дарс бўлди, аммо у ҳам эртагаёқ унутилмасайди, деган ҳадик йўқ эмас.

Зафар ҚОСИМОВ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Билдирилган фикрлар


Bo'lar ish bo'ldi,UFF dagi to'vuqmiyalarga bularni farqi yo'q
05.06.2017 10:27

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz