Бу ёруғ оламда салобатли тоғлар ва ҳайбатли тоғлар ичра самога талпинган улуғвор чўққилар кўп. Аммо тоғлар орасида Ҳимолай ўзгача муаззам, чўққилар бобида Эверест пурвиқор. Бу сўзлар бошқа алп тоғлар ва азамат чўққилар мавқеини асло пасайтирмайди. Айни чоғда юксаклик ичра юксалишни эътироф этиш шарт. Шу маънода Эверест - тенгсиз баландлик.
Бугун замонавий футбол ўзининг Эверестини олқишламоқда. Мураббийлик бобида иш тажрибаси катта бўлмаган Зайниддин Зидан бемисл натижага эришди. Қисқа муддатда кетма-кет 2 марта ЕЧЛ ғолибига айланиш - фантастика. Буюк Зизу ўзига устоз мақомидаги мураббийлардан устун чиқди. Беқиёс зафаринг муборак бўлсин, Зидан!
Ҳаёт - чархпалак. Чархпалак айланаверади, зўрлар ўрнини янги-янги зўрлар эгаллайверади. Бундан 11 йил муқаддам ЖЧ-2006 финалида Зиданнинг қандай ачинарли аҳволда майдонни тарк этгани мухлислар ёдида. Ўшанда Жанлуижи Буффон майдон ичра мағрур ва масрур турганди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмади ва франциялик собиқ афсунгар футболчи ўша омадсиз лаҳзалар мукофоти сифатида беназир мураббийга айланди. Йўқ, келинг, унга ҳам «беназир» таърифини бермайлик. «Беназир» мақоми Жозе Моуриньонинг ўзига сийлов. Зизу Эверест сифатига ҳақли. У кўриниши, ўзини тутиши, истеъдоди ва натижалари нуқтаи назаридан айнан шундай мақомга муносиб. «Реал» мутасаддилари Зиданга мураббийлик курсисини ишониб топширишганида, аксарият мухлислар, очиғи, ундан тезда юксак натижалар кутиш ярамаслигини таъкидлашганди. Зидан эса икки залворли қадами билан футбол дунёсини зириллатиб юборди. Зеро, буюк истеъдодларгина шу каби фавқулодда ўзгаришлар қилишга қодирдирлар. Юзаки қараганда, у «Реал» ўйинига «ярқ» этиб кўзга ташланувчи тактик янгилик олиб кирмади. Бироқ фикримизча, «Реал»нинг ички моҳиятини бутунлай янгилади, футболчилардаги мудраётган ғалаба соғинчини қайта уйғотди. Криштиану Роналду шундай бир даврни бошдан кечирдики, кўпчилик унинг ёши ўтинқираб қолгани хусусида сўзлай бошлади. Назаримизда, португалияликнинг ўзи ҳам тақдирга тан бераётганди. Зидан эса қақроқ чўлга ёққан ёмғир каби Роналду ва «Реал»нинг бутун таркибини қалбан ёшартирди. Евро-2016ни ўзгача шукуҳ билан ўтказган Роналдудаги туб ўзгариш аслида Зидан амалга оширган ўша қалб инқилоби билан алоқадордир. У - зимдан таҳлил қилувчи ва кузатувларини тезкор синтезловчи зийрак мураббий. Зизу таранг вазиятда ўзгариш ясаш мумкинлиги ёки мумкин эмаслигини аввалдан ҳис қилади. Шу боис, «Реал» финалнинг иккинчи бўлимини мутлақо бошқача кайфиятда ўтказди. Бўладиган ишни олдиндан сезиш ва уни бўлдириш учун чора топиш - ўта ноёб фазилат. Бўлмайдиган ишни бўлдириш учун бемаврид уриниш ва ноқулай аҳволда қолиш - фаросатсизлик.
Зиданнинг Зиданлиги шундаки, у мағлубият палласида ҳам ўзини мағлуб сезмайди. Бу хусусияти «Реал»га ҳам кўчди. Ҳа, жамоанинг «олтин дубль» қайд этиши осон кечмади. Мавсум оралиғидаги депсинишлар чоғи «Реал»нинг кўплаб мухлислари «Энди нима бўлади?» дея типирчилаб қолишгани рост. Фақат Зидангина ўзгармас ва мардона қиёфада олдинга боқаверди. Мураббийнинг талвасалар таъсири сезилмас қиёфаси футболчиларга ишонч бағишлайверди. Бошқача айтганда, Зидан бутун таркиб, хусусан, Роналдуни ўктам ва ғолибона қиёфаси билан илҳомлантирди. Роналдунинг ҳозирги шашту-шижоатига 20 ёшли футболчи ҳавас қилса арзийди. Ҳаммаси - Зиданнинг иши. У Жозе Моуриньо ва Карло Анчелотти «Реал»да амалга оширган ишларни синчиклаб кузатиб борди ва шуни англаб еттики, ўйин услубини тубдан янгилаш орқали «Мадрид»да ўзгариш ясаш мушкул. Шунинг учунми, асосан руҳий-маънавий усул, яъни илҳом ва иштиёқ йўлини танлади. У англадики, «Реал»нинг залворли таркиби ҳар қанча иштиёқ ва илҳом юкини кўтараверади. Жозе Моуриньо ва Карло Анчелотти томонидан тактик тобланган таркиб учун Зиданга хос ёндашув тонг юлдузи вазифасини ўтади. Ёш мураббий устози шакллантирган маромни бузмади, аксинча, унга сайқал ва янги нафас берди, холос. Аввалги мавсумларда мавжуд тажриба ва маҳорат сабаб, «Реал» ўйинида тушунарсиз ва ғалати схематизм кузатилаётганди. Таркиб, тактик схемалар ўз жойида. Кнопкани боссангиз бас, жамоа ўзи ҳаракатлана бошлайдиган механизмни эслатарди. Аслида бошқа клубларга орзу саналган мазкур ёрқин схематизм «Реал» учун етарли ҳисобланмасди. Зидан мана шу схематизм ва механизмни жонли организм сифатида кўришни истади ва ўтган шанба оқшомида шу нияти рўёбини яна бир бор таъминлади. Тўғри, келгуси мавсумда унга ва «Реал»га осон бўлмайди. Депсинишдан толиққан «Барселона» ва Лионель Месси бу мавсумдаги «Реал» каби янгиланиш каби юз бурмоқда. Антонио Конте «Челси» билан улкан ғалабаларга ҳозирланмоқда. Янги зафарларга чоғланаётган Хосеп Гвардиола ва Жозе Моуриньонинг ҳам шашти жуда баланд. Улар тимсолида замонавий футбол янги уфқларга бош қўймоқда. Балки келгуси мавсум биз яна бир фантастик ҳодисага гувоҳ бўлармиз... Шундай демоққа арзирли сабаблар мавжуд. Не тонгки, Роналду феномени тўкис бўлмоғи учун унга жаҳон чемпиони мақоми етишмайди. Бугун ҳарчанд ғурурланмасин, унда Буффон эга бўлган энг юксак унвон йўқ. Роналду каби рақобатдан чўчимайдиган ва янги марраларни забт этишда толмайдиган футболчи бу тўғрида ўйламаслиги мумкин эмас. Ишонч билан айтиш керак, унинг қалби жаҳон чемпиони бўлиш орзуси билан тўлиб-тошаётгани аниқ. Тақдир тақозоси билан у ва Лионель Месси бу борада энди ҳеч қачон Пелега тенглашолмайди. Бу қисмат. Лекин шу қисматни қўша-қўша олтин совринлар билан безаш ва янги аср футбол қуролига айланиш Роналдунинг ўзига боғлиқ. Демак, у ҳаракатдан тўхтамайди. Табиийки, бунинг натижасида 2017|2018 йиллар мавсуми янада қизғин ва кескин ўтади. Албатта, Месси ҳам қўл қовуштириб ўтирмайди. У ҳам «Барселона» ва Аргентина термаси билан бирга навбатдаги олтин совринларни ютиш иштиёқида.
Хуллас, даҳолар рақобати бизни рангин футбол олами сари етаклайверади. Қувончлиси, салгина нари сурилган фусункорлик яна футбол оламига қайтмоқда. Ўйлаймизки, футболчиларимиз Таиланд термаси билан куч синашиб, мухлислар қалбидаги қувончга қувонч қўшишади. Улар майдонда шундай тўп суришсинки, кўнгилларда милтиллаётган умид шуълалари ишонч алангаси бўлиб порласин!
Муҳаммад Вали
Манба: www.interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20