Қайднома

Қидирув

Таиландга қарши ўйин Ўзбекистон терма жамоасига нима беради?

Таиландга қарши ўйин Ўзбекистон терма жамоасига нима беради?

  06.06.2017 10:34
  0
  2449
Таиландга қарши ўйин Ўзбекистон терма жамоасига нима беради?

Миллий жамоамизнинг навбатдаги спарринг-рақиби - Таиланд термаси Россия мундиалига боришдан батамом умид узишга улгурган. Лекин тайлар БАА-2019 (Осиё кубоги) йўлланмасини нақд қилиб қўйишган ва бўлажак турнирга ҳар томонлама пухта тайёргарлик кўрмоқчилар. Хусусан, терма жамоа бошқарувига сербиялик мутахассис Милован Раевацнинг келиши кўпчиликда келажак учун ишонч уйғотди. Дейлик, мамлакат миллий матбуоти хорижлик мураббийнинг иш бошлашини жамоа учун қувончли воқеа сифатида эътироф этди. Ваҳоланки, сиам эгизаклари юрти фуқаролари терма жамоа бошқаруви италиялик Клаудио Раньерига топширилишини кутишаётганди. Айтиш ўринли, янги асрнинг илк йиллари Ўзбекистон ва Таиланд терма жамоалари бир-бирига анча «қадрдон» рақиблар ҳисобланарди. 2007 йилдан кейинги даврда эса бу жамоалар негадир ўзаро учрашмади. Умуман, бизникилар Жануби-Шарқий Осиёнинг ўртамиёна жамоаларини менсимай қўйишдими ёки бошқа сабаблар борми, нафақат Таиланд, балки Вьетнам ва Индонезия каби термалар билан ҳам ўртоқлик мақомида ўйин ўтказилмай қолди.

2018 йилги жаҳон чемпионати саралашининг иккинчи раунди якунига етгач, Баҳрайн, Иордания, КХДР жамоалари каби сўнгги босқичнинг доимий иштирокчилари курашдан четга чиқди. Улар ўрнини Сурия ва айнан Таиланд  термалари эгаллади. Очиғи, тайларни якуний раундда кўришни ҳеч ким кутмаганди. Хўш, Таиланд футболининг кечаси ва бугуни ўртасида мантиқий боғлиқлик борми? Бу юрт жамоасига қарши ўртоқлик баҳси миллий термамизга нима беради? Энди шу каби саволларга биргаликда жавоб излаймиз...

Тарих ва бугун

Сиам миллий жамоаси узоқ 1915 йили ташкил топган ва дарҳол илк норасмий ўйинларда майдонга тушган. 1916 йилнинг 25 апрелида эса Таиланд қироли Сиам футбол ассоциацияси ташкил топганини эълон қилади. Тайлар миллий термаси 1949 йилгача Ҳиндихитой ярим оролидаги жамоалар билан мунтазам ўйин уюштириб келади. Мамлакатга айнан ўша йили расман Таиланд номи берилади, футбол жамоаси эса 1956 ва 1968 йиллари Олимпиада ўйинларида иштирок этади.

1994 йили мамлакат миллий футболи вакилларидан бири Таватчай Сартжакул Таиланд термасини «Орзулар жамоаси» сифатида таърифлаганди. Зеро, Киатисук «Зико» Сенамуанг, Таван Срипан ва Дусит Чалермсан каби футболчилар айни ўша вақт энг юқори даражага кўтарилиб, жамоа асосини ташкил этишганди. 2009 йили терма жамоа бошқаруви англиялик таниқли мутахассис Бра-йан Робсон ихтиёрига топширилди. Инглиз мураббийи Осиёда катта умидлар билан иш бошлаганди, аммо жамоа таркиби иқтидорли футболчилар билан тўлдирилмади. Қолаверса, ривожланиш стратегияси ёки қандайдир яхлит лойиҳа ишлаб чиқилмади. Бунинг оқибатида тайлар жамоаси ОФК миқёсида кучли ўнликдан тушиб қолди. 2013 йилнинг июнида Таиланд футболи раҳбарияти терма жамоа бош мураббийи ваколатини миллат афсонаси Киатисук Сенамуангга топширди. Таиландликлар ёш мутахассис бошчилигида қисқа муддат ичида катта йўлни босиб ўтишди. Мамлакатдаги етакчи бизнесменлар еврофутболга бош суқишлари баробарида терма жамоа Осиёда ўз мавқесини кўтариш ҳаракатига тушди. Бироқ жорий йил аввалида Сенамуанг салбий натижалар туфайли истеъфога чиқарилди ва шу билан жамоада қабул қилинган янги лойиҳани бошқа мураббий давом эттирадиган бўлди.

Умуман, Таиланд термаси Россия-2018 мундиали йўлидаги курашни иккинчи саралаш раундида бошлаганди. Тайлар ўша босқичда 4та ғалаба ва 2та қайд этиб, гуруҳ ғолиблигини қўлга киритишди. Нисбатан кучли Ироқ термаси эса 2-ўрин билан чекланди. Демакки, Таиланд термасида ўйин чакки эмасди.

Таиланд термасининг учинчи саралаш раундидаги ўйинлари

1-тур. 2016 йил 1 сентябрь. Саудия Арабистони - Таиланд - 1:0

2-тур. 2016 йил 6 сентябрь. Таиланд - Япония - 0:2

3-тур. 2016 йил 6 октябрь. БАА - Таиланд - 3:1. Гол: Тана Чанабут (65)

4-тур. 2016 йил 11 октябрь. Ироқ - Таиланд - 4:0

5-тур. 2016 йил 15 ноябрь. Таиланд - Австралия - 2:2. Голлар: Тиратон Бунматан (20, 57-пен.)

6-тур. 2017 йил 23 март. Таиланд - Саудия Арабистони - 0:6

7-тур. 2017 йил 28 март. Япония - Таиланд - 4:0

Таиландликлар энди 13 июнь куни ўз майдонларида БАА термасини қабул қилишади, 31 августга белгиланган 9-тур доирасида эса ироқликлар билан куч синашишади, яна мухлислари қаршисида. Жамоа ЖЧ-2018 саралашига 5 сентябрь куни меҳмонда Австралия термасига қарши кечадиган баҳс билан хотима ясайди. Янги бош мураббий Ўзбекистон ва БАА терма жамоалари билан бўладиган 2та ўйин учун нақ 35 нафар футболчини жалб этди. Тўғри, Тошкентга 35 кишилик таркиб келмагани тушунарли. Яъни Милован Раевац 35 нафар номзод орасидан энг муносибларини танлаб олган. 3-турда БАА термасига қарши кечган баҳсда жамоанинг ЖЧ-2018 саралаши учинчи раундидаги илк голини урган Тана Чанабут бу сафар жароҳат боис, таркибдан жой олмади.

Таркиб

Дарвоза. Синтавичай Хатайраттанакол аста-секин Таиланд терма жамоаси дарвозасини издоши Кавин Тамсатчананга топширмоқда. Айнан шу амплуада кескин рақобат бор. Кавин германиялик машҳур кипер Оливер Канга ҳавас қилади ва ўйинлар чоғи айнан унинг услубидан фойдаланишга уринади.

Ҳимоя. Тиратон Бунматан, Тристан До, Пирапат Нотчайя ва Адсон Промрак. Таиланд терма жамоаси ҳимоя чизиғи тўлиғича «Муангтонг Юнайтед» клуби вакилларидан ташкил топган. Жамоа сардори Тиратон Бунматан мамлакатнинг барча ёш тоифасидаги терма жамоаларида ўйнагани билан мақтаниши мумкин. Орқа чизиқ вакиллари асосан 23-24 ёшда. Демакки, жамоанинг бош муаммоси сифатида тажрибасизликни тилга олиш мумкин. Халқаро малаканинг камлиги, ўйин амалиёти етарли эмаслиги билиняпти. Тўғри, жорий йилга келиб, бу борада вазият анча ўзгарди ва кейинги мавсумларда жамоадан муносиб ютуқлар кутиш мумкин. Умуман, ЖЧ-2018 саралашида жамоа ҳимоя чизиғида 9 нафар футболчи майдонга тушди, яна 4 нафар номзод энди дебют қилиш имконига эга.

Ярим ҳимоя. Чанатип Сонгкрасин, Покклав Ан, Танабоон Кесарат, Монгкол Тоссакраи. Бу футболчилар ҳимоявий футбол масаласида у қадар ўрнак кўрсатолмайдилар. Бошқача айтганда, улар терма жамоа салоҳиятидан келиб чиқиб ўйин намойиш қилишга одатланишган. «Армия клуби»га тегишли Тоссакраи айни пайт ижара келишуви асосида «Муангтонг Юнайтед» шарафини ҳимоя қиляпти. Шу жойда алоҳида айтиш керак, «Муангтонг»нинг ОЧЛда анча тетик иштирок этганида турли клублардан ижара бўйича олинган футболчилар хизмати катта бўлди. Умуман, Йен лақаби билан танилган Тоссакраи вингер сифатида ҳаракатланади ва миллий чемпионатнинг бош юлдузларидан бири ҳисобланади.

Ҳужум чизиғи. Теерасил Дангда, Сироч Чаттонг. Бу икки футболчи тандем бўлиб ўйнаса, кўп нарсани уддалаши мумкин. Тўғри, Дангда ҳам, Чаттонг ҳам кайфиятга қараб, ўйнайдиганлар тоифасидан. Мана, биринчиси ОЧЛда кучли жамоаларга қарши баҳсларда кучли характер кўрсатиб, ўйнашни ўрганди. Дейлик, ОЧЛ доирасидаги охирги 5та  баҳсни голсиз якунлагани йўқ. Хусусан, «Кавасаки Фронтале»га қарши кечган 1|8 финал босқичи баҳсларида жамоасининг ҳақиқий етакчисига айланиб улгурганини тўлиқ исботлади. Хуллас Таиланд термаси ҳужумларида асосий хавфни айнан Дангдадан кутиш керак. Чаттонг эса клубда ҳам ёрдамчи мақомида. 24 ёшли ҳужумчи Дангдадан сўнг терма жамоа ҳужумида етакчиликни ўз қўлига олса, ажабмас.

Захира. Тиратеп Винотай (ҳужумчи). Бу форвард 2008|2009 йиллар мавсумида Бельгиянинг «Льерс» клубида ўйнаган. Демакки, тажрибаси кам эмас. У ЖЧ-2010 саралашида фаол ҳаракатлари билан Осиё футболи мутахассисларида кучли таассурот қолдирганди. Хуллас, Винотай - Таиланд термасининг асосий захира қуроли.

Стадион. «Ражамангала Кила Сатан». 1998 йили очилган. Аренанинг меъморий ечими Чулалонгкорн университети архитектура факультети томонидан ишланган. «Ражамангала» 1998 йилги Осиё ўйинлари учун махсус қурилган. 2012 йилнинг 25 май куни Лэди Гаганинг концерт дастури аренада катта дабдаба билан ташкиллаштирилганди.

Бош мураббий. Милован Раевац. Таиланд терма жамоаси янги асрда 11 нафар бош мураббийни кўрди. Миллий жамоага хориждан мураббий чақириш олис 1968 йилдан бошланган. Ўшанда таиландликлар германиялик Гюнтер Гломбнинг хизматига таяниб иш кўришганди. Айтганча, терма жамоа 1972 йилги Осиё кубогида 3-ўринни эгаллаган ва бунда Гломбнинг роли жуда катта. Раевацга келсак, у 1954 йилнинг 2 январида собиқ Югославия (ҳозирги Сербия) ҳудудидаги Чаетна шаҳрида таваллуд топган. 1973-1986 йилларда ҳимоячи сифатида профессионал футбол билан шуғулланган. 1989 йили мураббийлик фаолиятини бошлади. Дейлик, 2008-2010 йилларда Гана терма жамоасини бошқарди ва ЖЧ-2010да яхшигина шов-шув кўтарди. Яъни ганаликлар серб мутахассиси ёрдамида чорак финалгача етиб боришди. Милован кейин (2011 йили) Қатарда ишлади, 2016 йили эса Жазоир терма жамоасини бошқарди. Жорий йил 26 апрелида эса Таиланд футбол ассоциацияси билан шартнома тузиб, терма жамоага устозлик қила бошлади.

Ўзаро ҳисоб-китоб

Ўзбекистон миллий жамоаси рақиблари рўйхатига назар солсак, Таиланд термаси энг кўп тўқнашганлардан бири эканлиги кўринади. Икки жамоа ҳозиргача 10 марта ўзаро куч синашган. Айни пайт устунлик тайлар томонида. Зеро, терма жамоамиз 10та ўйиндан 4тасида ғалаба қозониб, 6тасида мағлубиятга учраган. 2007 йилнинг 22 октябрь куни бўлиб ўтган сўнгги баҳс (халқаро турнир доирасида) ҳам рақибимиз фойдасига ҳал бўлганди. Такрор айтиш жоиз, 2000 йилларда Таиланд термаси биз билан ўйнашга энг хоҳишманд жамоалардан ҳисобланарди.

Охирги ўзаро баҳс. 2007 йил 22 октябрь. «Қирол кубоги». Таиланд - Ўзбекистон - 3:2 (2:1). Голлар: Сарайот Чайкамди (9-пен., 40), Натапорн Пханрит (90) - Фарҳод Тожиев (44, 60).

ЎЗбекистон                                        ТАИЛАНД

Кўрсаткичлар

60               ФИФА рейтингидаги ўрни      129

10               Ўйинлар сони                            10

4                 Ғалаба                                         6

0                 Дуранг                                         0

6                 Мағлубият                                   4

16               Гол                                               22

22               Қўйиб юборилган гол              16

-6                Голлар нисбати                         }6

3:0              Энг йирик ғалаба                      4:1

1:4              Энг йирик мағлубият               0:3

5:4              Энг сермаҳсул ўйин                 4:5

12            Очко      18

--------------------------------------------------------------------------------

Маълумот учун

ТАИЛАНД ТЕРМА ЖАМОАСИ

Лақаби: «Жангчи филлар»

Жамоа сардори: Тиратон Бунматан

Ўйинлари сони бўйича етакчи: Киатисук Сенамуанг (134та)

Голлари сони бўйича етакчи: Киатисук Сенамуанг (71та)

Уй стадиони: «Ражамангала» (сиғими - 49722)

ФИФА рейтингидаги ўрни: 129 (4 май кунги ҳолат)

Биринчи расмий ўйини: 1948 йил 20 август. Хитой - 1:6

Энг йирик ғалабаси (расмий): 1971 йил 24 май. Бруней - 10:0

Энг йирик мағлубияти (расмий): 1956 йил 30 ноябрь. Англия - 0:9

Осиё кубогидаги иштироки: 7 марта (1972 йили бронза медалини ютган)

Экипировка масаласи. 2017 йилнинг 4 январь куни маҳаллий Warrix Sport компанияси терма жамоа учун қора рангли экипировка тақдим этди. Бунда ҳам ўзига хос маъно бор, албатта. Хабарингиз бўлса, олдинги қирол Бхумибол Адульядеж ўтган йилнинг 22 октябрида вафот этгач, мамлакат ҳудудида барча спорт ўйинлари янги йилга қадар тўхтатилганди - мотам. Хусусан, миллий чемпионат баҳслари ҳам охирига етказилмади.

ФИКРАТ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz