Қайднома

Қидирув

Раҳмат сенга, Мендез!

Раҳмат сенга, Мендез!

  08.06.2017 12:11
  0
  766
Раҳмат сенга, Мендез!

Хосе Мария Мендез Ўзбекистондан кетди. Футзал ассоциацияси расмий сайти томонидан хабар қилинишича, испаниялик мураббий билан шартнома муддати якунига етгани боис, у юртимизни тарк этган. Биз ҳозир янги келишув имзоланишига нима халал берганини билмаймиз. Афтидан, томонлар бунга ҳожат йўқ, деб ҳисоблашган. Балки Мендез Ўзбекистон футзал терма жамоасига борини бериб улгурганини ҳис қилгандир?! Ёки ассоциация раҳбарияти савия бўйича ундан кам бўлмаган бошқа мураббий топишига ишонса керак. Асл сабаби бизга номаълум. Аммо бир нарса аниқ - Мендез ажойиб мураббий сифатида ёдимизда қолади.

Тан олиш лозим, юртимизда футзал жуда ҳам оммалашган спорт тури ҳисобланмайди. Гарчи футзалчилар қайд этаётган натижа футболдан анча устун турса-да, бизнинг халқимиз барибир, яшил майса устида ўйналадиган ўйинни кўпроқ хуш кўради. Ёпиқ залда бироз «сиқилиб» қолардик. Хосе Мария Мендез эса мана шу тўрт девор ичида ҳам шиддат ва жозиба борлигини бизга исботлаб бера олди. Ўзбекистон футзал ассоциацияси томонидан берилган хабарда испаниялик мураббий эришган ютуқлар рўйхати кўрсатилган. Бироқ Мендезнинг қандай мураббий эканини оддий мухлисдан сўрасангиз ҳам айтиб беради. У бизнинг ёдимизда энг аввало, Тошкентда бўлиб ўтган Осиё чемпионатидаги иштироки билан қолиб кетганди.

Ўтган йили ўтказилган қитъа биринчилигини узоқ вақт унута олмасак керак. «Ўзбекистон» спорт мажмуаси ҳар доим ҳам томошабинлар билан лиқ тўлавермайди. Аммо Осиё чемпионати бўлиб ўтган ўша кунларда ичкарига кира олмай, кўчада қолиб кетган минглаб мухлисларни кўрганмиз. Аммо ҳозир гап бунда ҳам эмас. Ишқибоз чипта олиб, залга кирибдими, демак Мендезнинг жамоаси шунга яраша ўйин намойиш этган. Бу унинг қадрини кўрсатади.

Хосе Мария Мендезнинг келгуси фаолияти қандай кечишини билмаймиз. Мураббий узоқ йиллардан буён Осиёда ишлаб келаётганини инобатга олсак, Европага қайтиб кетмаслигини тахмин қилиш мумкин. Ўзбекис­тон терма жамоасидаги ажойиб фаолиятидан сўнг қитъамизнинг ҳар қандай термаси уни ўз бошқарувида кўришни исташи турган гап. Шундай экан, Мендез яқин келажакда юртимизга рақиб сифатида келиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Ишончим комилки, бундай вақтда спортчилар ҳам, мухлису журналистлар ҳам уни самимий кутиб оладилар. Чунки Мендез шунга муносиб. Биз мана шундай мураббийни йўқотмоқдамиз. Аммо афсусланмаймиз. Чунки йўқотганимиздан афзалроғига эриша олишимизга ишонамиз. Мендез бизга борини бериб бўлгандирки, кетмоқда. Энди унинг ўрнига ким келмасин, бундан камини кутмаслигимиз турган гап.

Ишонамизки, Ўзбекистон футзал ассоциацияси терма жамоамизга шундай мураббий топа олади. Умуман, юртимизда футзални ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган ишлар учун ассоциациядан ҳар қанча миннатдор бўлсак арзийди. Охирги беш йилликда жуда кўп ишлар амалга оширилди. Ўзбекистон футзал терма жамоаси бошқарувида Мендез ва Сапо каби дунёнинг кўзга кўринган мутахассислари фаолият юритишди. Натижа ҳам шунга яраша бўлди, терма жамоамиз қитъа етакчилари сафидан муқим ўрин олди ва ўз тарихида илк марта жаҳон чемпионатида ҳам иштирок этди. Ўтган йили Колумбияда бўлиб ўтган мундиалда кучли рақибларга қарши тўп суриш қандай бўлишини билиб олдик. Гарчи терма жамоамиз гуруҳдан чиқиш вазифасини бажара олмаган бўлса-да, бу ҳам катта тажриба вазифасини ўташи турган гап.

Энди энг муҳими - мана шу бошланган ишни тўхтатиб қўймаслик. Биз спортни хуш кўрадиган халқмиз. Футболга бўлган жавобсиз муҳаббатимиз эвазини футзалдан олганмиз ва уни яхши кўриб қолганмиз. Футболда бўлмаса ҳам футзалда жаҳон чемпионатини кўрдик ва ундан беҳад миннатдормиз. Энди тилагимиз битта - мана шу мундиал давомий бўлсин. Бунинг учун нима иш қилиш керак бўлса, биз рози.

Мендез кетса, хафа бўлмаймиз. Кетиши керак экан, кетмоқда. Вазиятдан ассоциация яхшироқ хабардор. Футболдан фарқли ўлароқ, футзалда мураббий борасида омадимиз келган. Шундай экан, раҳбариятга ишонмасликка ҳеч қандай асос йўқ. Биз шунчаки, навбатдаги мундиалда яна иштирок этишни орзу қиламиз. Бу орзумиз ким билан амалга ошади, хориждан янги мураббий келадими ёки ўзимиздан чиқадими, бунисини энди яқин вақтлар ичида билиб оламиз.

Мендезга эса омад тилаймиз. Ким билади дейсиз, балки у яна юртимизга қайтар?! Ахир аввал ҳам Ўзбекистон терма жамоаси бошқарувида ишлаган-ку. Йўлларимиз яна туташса, у билан кўришганимиздан хурсанд бўламиз. Ҳозирча эса унга миннатдорчилик билдириш билан чекланамиз. Барчаси учун раҳмат, Хосе!

Умар БЕК


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ХАБАРЛАР

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

Жамоа Ў О
тўлиқ маълумот »

Кун фотоси

Месси майдонни голсиз тарк этган ўйинда, Аргентина маҳорат бобида Россияга дарс берди

Хозирча сўровнома ўтказилмаяпти.

© "Interfutbol.UZ". © 2006-2017. Мобил версия
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.