Қайднома

Қидирув

Евроснайперлар давраси

Евроснайперлар давраси

  10.06.2017 06:26
  0
  2983
Евроснайперлар давраси

Мана, навбатдаги евромавсум ҳам ниҳояланди. Тўғрироғи, қитъа ҳудудидаги асосий миллий биринчиликлар финиш маррасига етди. Мавсум-2016|2017 якунлари бўйича «Олтин бутса» яна бир бора аргентиналик Лионель Мессига насиб қилди.

«Барселона» голеадорининг асосий рақиби - Криштиану Роналду ва бошқа тўпурарлар рейтингида қандай натижага эришишди? Дейлик, миллий лигаларда  бош тўпурар бўлган футболчилар орасида янги ижрочилар ҳам борми?

Soccer.ru сайти мавсум якунлари туркумидаги таҳлилларни айнан голлар ва голеадорлар мавзусидан бошлади. Шу тариқа Лионель Месси, Эдинсон Кавани, Гарри Кейн, Роберт Левандовски, Эдин Жеко ва бошқа форвардлар голларига боғлиқ қизиқарли фактлар кўзга ташланди.

37та гол - «Олтин бутса» совриндори Лионель Мессига тегишли кўрсаткич. Испания чемпионатида урилган  шунча гол аргентиналикка ёзги тўй маросимлари олдидан шахсий коллекциясини бойитиш имконини берди. Айтиш ўринли, бу сафар лауреатни аниқлашда коэффициентлар қоидасига амал қилинмаганида ҳам, «кичик» чемпионатлар вакиллари Леога халақит беролмасдилар. Зеро, Европадаги миллий лигаларда бирор тўпурарга 37тадан кўпроқ гол уриш насиб этгани йўқ. Хуллас, Месси амалдаги қоидага кўра, 74 балл тўплади (Испания чемпионатидаги 1та голга 2 балл берилади).

35та гол - Франция чемпионатининг энг яхши снайпери натижаси. Бироқ Мессидан 2тагина кам гол урган «ПСЖ» ҳужумчиси Эдинсон Кавани умумий рейтингда атиги 9-ўринни эгаллади. Унинг ортида эса голлари сони 9та кам бўлган Криштиану Роналду бор. Хўш, мантиқ қани, моҳият нима? Лекин факт шуки, уругвайлик футболчида охирги мавсум бўйича еврофутболнинг бош марказий ҳужумчиларидан бири эканлиги билан мақтаниш учун асос бор. Ахир у гол уриш масаласи Златан Ибрагимович ўрнини босди, бироқ совринлар тақсимотига таъсир ўтказолмади. Яъни Кавани 35та голдан иборат хирмон ясаганига қарамай, парижликлар ички аренада «Монако»дан ортда қолишди.

35 нафар - миллий лигаларда 20тадан кўп гол урган футболчилар сони. Топ-рўйхатда машҳур ва танилган футболчилар кўп. Шунинг баробарида янги номлар ҳам бор. Мисол учун, «Андерлехт»да самарали тўп сурган поляк Лукаш Теодорчикни алоҳида эътироф этиш мумкин, яна инглиз фахрийси Мэтт Дербишир Кипрда «Омония» (Никосия) клуби учун 20та гол урди. Элит рўйхатдан ўрин олган энг ёш голеадор эса немис йигити - Тимо Вернер. 21 ёшли ҳужумчи «Лейпциг РБ»нинг бундеслигадаги тетик дебютига 21та гол билан муносиб ҳисса қўшди. 20та гол маррасини забт этган 35 нафар футболчи орасида энг ёши каттаси - бу Вагнер Лав. Россияда яйраб-яшнаб тўп сурган ва кейин Хитой сафарида ҳам бўлиб қайтган бразилиялик 32 ёшли ҳужумчи Туркия супер-лигасида камтарин «Алания-спор» голеадорига айланиб, Евгений Гинерга салом йўллади. Шунингдек, рўйхатда Россиянинг ўзидан ҳам вакил борлиги эътиборга молик - Евгений Кабаев ўтган йили якунланган Эстония чемпионатида «Калев» шарафини 25та гол уриш асносида муносиб ҳимоя қилди ва Ромелу Лукаку ёнидан жой олди. Айтганча, Евгений айни пайт Чехияда тўп сурмоқда, аммо аввалги самарадорликни қайд этолмаяпти.

34та гол - 5та кучли лига (Англия, Испания, Италия, Германия ва Франция чемпионатлари)дан ташқарида қайд этилган энг юқори натижа. Португалия примеросида «Спортинг» шарафини ҳимоя қилган Бас Дост даҳшатли самарадорлик қайд этиб, чемпионат давомида рақиблар дарвозасини нақ 34 бора нишонга олди. «Херенвен»да ўзини кўрсатган ҳужумчининг Германия бундеслигасида «Вольфсбург» учун 4тадан 16тагача гол урганига анча бўлганди. Хуллас, унинг Португалия лигасида бир уринишда мега-голеадорларга хос натижа қайд қилгани таҳсинга сазовор.

31та гол - Пьер-Эмерик Обамеянг натижаси. Габонлик ҳужумчи тан олинган тўпурар Роберт Левандов-скини 1та голга ортда қолдириб, ўз фаолияти давомида илк марта Германия бундеслигаси бош снайпери мақомини олди. У тўпурарлар пойгасида шунчаки, биринчи бўлгани йўқ, балки бу ишни охирги 40 йилда 30тадан ортиқ гол урган ҳолда уддалаган илк футболчига айланди. Обамеянгдан олдин бундай юқори маҳсулдорлик «Кёльн»да ўйнаган Дитер Мюллер томонидан кўрсатилган эди.

29та аниқ зарба - АПЛ бош тўп-урари натижаси. Гарри Кейн ажо-йиб самарадорлик ўлароқ, нафақат премь­ер-лига бош мерганига аталган совринга эга чиқди, балки мавсумнинг энг яхши футболчиси бўлишга даъвогарлар орасида фаворитга айланди. Ҳар ҳолда, мухлислар «Тоттенхэм» етакчисини бош қаҳрамон сифатида эътироф этишга улгуришди. Бир қарашда, фанатлар Кейннинг серияли муваффақиятини баҳолашда бироз эҳтиросга берилгандек. Ахир англиялик футболчи 29та голидан 7тасини охирги 2та ўйинда нишонлади, боз устига, у мамлакат чемпиони ҳам эмас. Аммо унутмаслик керак, 23 ёшли ҳужумчи кетма-кет уч мавсумдан буён 20та гол чегарасидан ошиб ўтяпти. Бу борада ўсиш динамикаси ҳам чакки эмас: 21та - 25та - 29та. Хўш, кейинги мавсум нима бўлади?

29та гол - «А» сериясининг энг юқори натижаси. Муаллиф - Эдин Жеко. Босниялик голеадор Франческо  Тоттининг яхши кайфиятда кетиши ва «Рома»ни ЧЛ йўлланмасини кафолатлашига катта улуш қўшди. Айтганча, Испания примероси иккинчи голеадори - Луис Суарес ҳам айнан 29та гол маррасида тўхтади. Уругвайлик ҳужумчи баъзи вазиятларда ҳаттоки, Лео Мессидан тўпни шунчаки, қизғанди, гарчи аргентиналикнинг лоақал бирорта индивидуал соврин ютиш хоҳишини яққол сезиб турган бўлсада.

25та гол - Криштиану Роналду учун Ла-лигадаги энг паст натижа. Ҳа, португалиялик юлдуз Мадриддаги 8 йил ичида ҳар сафар бундан кўпроқ гол урганди. Ҳаттоки, биринчи мавсумда жароҳатлар билан курашишига тўғри келганида ҳам, чемпионат баҳсларида «Реал» учун 26та гол ҳосил қилганди. Нима, у ўйин услубини ўзгартирдими? Эҳтимол, бироқ шунинг баробарида ҳужум марказига нисбатан яқинлашди - парадокс. Лионель Месси аксинча, бу нуқтадан нисбатан узоқлашганди - яна парадокс. Демакки, Лео соф ҳужумчи Луис Суаресдан кўпроқ гол уриш ва «Олтин бутса» олиш учун ортга чекинган экан-да...

18та гол - Россия премьер-лигасининг энг яхши голеадори - Фёдор Смоловга тегишли кўрсаткич. Табиийки, бу билан ортиқча мақтаниш ноўрин. Мисол учун, «Янг Бойз» «қария»си Гийом Оаро ҳам шунча гол уришни уддалади. 21 ёшли Деле Алли эса Англия премьер-лигасида айнан 18та гол тўплади. Тўғри, унда ўйинлар сони нисбатан кўп, қолаверса, «Тоттенхэм»да «Краснодар»га қараганда, ҳужумкорроқ футбол йўлга қўйилган. Хуллас, Россия элит лигаси бош снайпери Европа биринчиликлари голеадорлари рўйхатида 16-ўринни эгаллади. Айтганча, Смоловдан орқада Златан Ибрагимович, Самуэль Это~О, Марио Гомес ва Арис Адуриц каби аслар бор. Ҳа, нисбатан ёш Фёдор тетик «қариялар» даврасида. Хуллас, хулоса шуки, унинг натижаси Россия чемпионати ўлчамлари бўйича ҳам, еврофутболникига кўра ҳам, чакки эмас. Аммо самарадорликни янада ошириш имконини топса бўлади.

16та гол - Европа футболидаги энг самарадор «талаба» натижаси. «Аякс» тарбияланувчиси Каспер Дольберг 19 ёшида Голландия эредивизионида яхшигина таассурот қолдирди. Ахир 16та гол муаллифига айланган йигитча эътибордан четда қолиши мумкинми-ди? Шунингдек, Франция элит дивизионида 15та гол урган Килиан Мбаппенинг натижаси ҳам диққатга сазовор. Хуллас, даниялик йигит 20 ёшдан кичик футболчилар орасида бош тўпурар бўлди, франциялик Мбаппе эса келажак учун зўр замин ҳозирлади. Айни пайт унинг келажакда футбол тарихидаги энг қимматбаҳо ўйинчига айланишини баралла тахмин қилишмоқда.

13та гол - Артём Дзюба натижаси. Ҳужумчига баҳо бериш ёки унинг устидан кулишга шошилмаган маъқул. Яъни аввало, шунга ўхшаш натижаларга эътибор қаратиш зарур. Мана, чемпион жамоа - «Бенфика» форварди Жонас айнан 13та гол урди, яна Фелиппе Коутиньо ва Садьо Мане («Ливерпуль»), Жейми Варди («Лестер») кабилар  ҳам. Энди ўйланг, улар нимадан қийналишган? Қаранг, ҳаттоки, Неймар ҳам Ла-лигада 13та гол уриш билан чекланди. Нима, «Барселона» вингери учун рақиб дарвозасини нишонга олиш «Зенит» марказий ҳужумчисининг аниқ зарба беришига нисбатан мушкулроқми? Эҳтимол, россиялик футболчилар ҳамма айтаётганидек, ўта ношуд эмасдирлар. Балки ҳамма гап уларни терма жамоа сафида ва еврокубокларда сифатли ўйнашга ундай олмаётган мутахассислардадир...? Ҳа, Смолов ва Дзюбанинг нўноқ эмасликлари аниқ.

11та гол - Карим Бенземанинг Ла-лигадаги натижаси. Хавбек саналган Ража Наингголан ҳам шундай кўрсаткичга эришди. Демакки, Криштиану Роналдунинг янги позицияга мослашув жараёни, Альваро Моратани ўйнатиш мажбурияти франциялик ҳужумчига салбий таъсир ўтказди, чоғи. «Барса»да Неймар ассистентлик ролига ихтисослашаётган вақт «Мадрид»да Бенземанинг нохушлик сезгани ҳам рост. Чунончи, «Реал»нинг Карим ўрнига Килиан Мбаппени сотиб олиши ҳақида гап-сўзлар «қайнади» - 130 миллион еврога!

5,7та зарба - 1та ўйинга тўғри келадиган ўртача энг юқори кўрсаткич. Зарба йўллаш бобида Европа бўйича энг яхши натижа Криштиану Роналдуга тегишли, албатта. Йўқ, бундан келиб чиқиб, португалиялик футболчини худбинликда айбламаслик керак. Мисол учун, Лионель Мессининг натижаси ҳам деярли шундай, Эдин Жеко эса битта ўйинда ўртача ҳисобда рақиблар дарвозаси томон 5,2 марта зарба йўллаган. Бас Достга тегишли кўрсаткич эса ҳаммани бирдек ҳайратлантиради: 1та ўйинда ўртача атиги 2,8та зарба маҳсули - 34та гол. Энди айтинг, ким эффектлироқ - Роналду ва Мессими ёки Дост?

5 нафар ҳужумчи - миллий лигаларда 30тадан кўп гол урган голеадорлар сони. Гап Лионель Месси, Эдинсон Кавани, Бас Дост, Пьер-Эмерик Обамеянг ва Роберт Левандовски ҳақида кетмоқда. Луис Суарес, Гарри Кейн ва Эдин Жекога ушбу тор доирани кенгайтириш учун атиги 1тадан аниқ зарба етишмади.

4  нафар футболчи - 10тадан кўп гол урган 20 ёшга тўлмаган ўйинчилар сони. Демак, Каспер Дольберг ва Килиан Мбаппедан ташқари, Бельгия лигасидаги 19 ёшли икки йигитча - Ландри Димата («Остенде») ва Анри Оньекуру («Эупен») 12 мартадан гол қувончини туйишди. Табиийки, ҳар иккиси эътибор марказига тушди, қизиқарли таклифлар оляпти. Дейлик, Оньекуру «Арсенал» кузатувида турибди. Унинг ўзи Арсен Венгер қўл остида ўйнамоқчи. Ҳар ҳолда, ёш футболчи ҳозирча бошқа клублар таклифига қиё ҳам боқмаяпти, аммо узоқ кутишга сабри чидамаса керак. Шундай экан, «канорирлар» тезроқ бир тўхтамга келиб, аниқ ҳаракатланишлари зарур.

3 нафар футболчи - «Олтин бутса»-2016|2017 рейтинги юқори қисмида жой олган қанот ҳужумчилари сони. Доимий етакчилар - Лионель Месси ва Криштиану Роналду қаторига  меҳмон-вингер - Дрис Мертенс қўшилди. «Наполи»нинг бельгиялик митти вакили натижаси шу билан ҳайратланарлики, у бунгача фақат Голландияда бир марта сермаҳсул мавсум ўтказганди - 21та гол. Қарангки, Мертенс Неа-полда аввалига ўша эффектни кўрсатолмаган бўлсада, якунланган мавсум бирданига шахсий рекордини янгилаб қўя қолди - 28та гол.

Ҳар 90 дақиқада 1,2та гол - Европа миллий чемпионатларида гол уриш бўйича энг юқори суръат. Лионель Месси 37та гол уриш учун майдонда жами 2833 дақиқа ҳаракатланди. Бу унинг ҳар 90 дақиқада 1,2тадан гол урганини англатади. Бошқача айтганда, Лео битта гол учун 76,56 дақиқа сарфлаган. Ке-йинги яхши натижа Эдинсон Кавани ва Бас Достга тегишли - 90 дақиқада 1,1 гол. Александр Лаказетт, Гарри Кейн, Альваро Мората, Пьер-Эмерик Обамеянг, Радамель Фалькао, Дрис Мертенс, Роберт Левандовски ва ёш Габриэль Жезус - булар элит клублар сафидаги 1та тўлиқ ўйин вақти учун ўртача ҳисобда 1та гол тўғрилаган футболчилар.

0 - Криштиану Роналду ва Лионель Месси ҳисобидаги «Олтин бутса»лар сони фарқи. Ҳа, аргентиналик янги рейтингда асосий рақибини анча ортда қолдирди ва «Олтин бутса»лар сони бўйича унга етиб олди. Энди ҳамма гап Криштиануда қолди: португал юлдузи 2017 йил якунларига кўра, «Олтин тўп»ни ютса, бу борадаги ҳисоб ҳам тенглашади - 5:5. Эътибор қаратинг, португалиялик ва аргентиналик футболчи охирги 10та мавсумда 8 бора (4 мартадан) евромавсумнинг бош голеадори бўлишди. Улар ўртасидаги рақобатга фақат уругвайлик Диего Форлан ва Луис Суарес (икки марта)гина қўшила олишган. Лионель ва Криштиану рақиблар дарвозасини тинмай ишғол қилишларига қарамай, уларнинг бирор мавсум якуни бўйича тенг миқдорда гол урмаганликлари қизиқарли фактдир. Умуман, Роналду ҳам, Месси ҳам аста-секин фахрийлик ёшига яқинлашмоқда, шундай бўлсада, бемалол тахмин қилиш мумкин - ҳар икккиси яна бир неча мавсум энг сара снайперлар қаторидан жой олади.

«Олтин бутса»-2016/2017 рейтинги

Т|р.

Футболчи

Клуби

Гол

Коэф.

Балл

 1.

 Лионель Месси

 «Барселона»

37

2

74

 2.

 Бас Дост

 «Спортинг»

34

2

68

 3.

 Пьер-Эмерик Обамеянг

 «Боруссия» Д.

31

2

62

 4.

 Роберт Левандовски

 «Бавария»

30

2

60

 5-7.

 Гарри Кейн

 «Тоттенхэм»

29

2

58

 5-7.

 Луис Суарес

 «Барселона»

29

2

58

 5-7.

 Эдин Жеко

 «Рома»

29

2

58

 8.

 Дрис Мертенс

 «Наполи»                    

28

2

56

 9.

 Эдинсон Кавани

 «ПСЖ»

35

1,5

52,5

 10-13.

 Андреа Белотти

 «Торино»

25

2

50

 10-13.

 Антони Модест

 «Кёльн»

25

2

50

 10-13.

 Ромелу Лукаку

 «Эвертон»

25

2

50

 10-13.

 Криштиану Роналду

 «Реал»

25

2

50

 14-16.

 Мауро Икарди

 «Интер»

24

2

48

 14-16.

 Гонсало Игуаин

 «Ювентус»

24

2

48

 14-16.

 Алексис Санчес

 «Арсенал»

24

2

48

А.АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz