Қайднома

Қидирув

Мураббий танлашда янглишмаган бўлайлик-да!

Мураббий танлашда янглишмаган бўлайлик-да!

  11.06.2017 06:24
  1
  2479
Мураббий танлашда янглишмаган бўлайлик-да!

Ёшлар футболининг катталарникидан ажралиб турадиган жиҳатлари жуда кўп. Улар орасида энг муҳими - барқарорлик бўлиши шарт. Айнан шу томони билан у мураккаброқ ҳам ҳисобланади. Масалан, катталар жамоасида натижа ёмонлашаверса, мураббийни ўзгартириш орқали вазиятни ўнглаш мумкин. Ёшлар қатнашадиган мусобақада эса бунинг имконияти кескин пасаяди. Ўзбекистон футбол федерацияси ҳеч иккиланмай U-22 терма жамоаси бош мураббийи Жасур Абдураимовни истеъфога чиқариб, ўрнига Равшан Ҳайдаровни тайинлади. Хўш, бу қарор қанчалик тўғри? Кўрамиз.

БИР ЖАМОА - БИР МУРАББИЙ

Ёшлар футболида тизим шундайки, бир жамоани бир мураббий узоқ вақт тайёрлайди. 8-9 ёшидан саралаб олади ва бу ишни яна бир неча йил давом эттиради. Ёш ўтгани сари болаларнинг физиологияси ва техникаси ўзгариб боради. Мураббий эса фақат энг кучлиларни олиб қолади. Бу узоқ вақт давом этадиган машаққатли жараён.

Энди бир ўйлаб кўринг, шунча иш олиб борилган жамоада энг муҳим мусобақа олдидан ўзгариш қилишдан маъно борми? Йиллар давомида шаклланган услуб ва менталитетни икки-уч ойда ўзгартириш қай даражада тўғри? Айнан шу жиҳати билан Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси бошқарувидаги рокировка ҳайрон қолдирди. Бу йигитлар 2020 йилги Олимпиада йўлланмаси учун курашишлари лозим. Жасур Абдураимов уларни йиллар давомида ҳужумкор ва комбинацион ўйинга тайёрлаб келди. Равшан Ҳайдаров эса, яхши биламизки, кўпроқ прагматик футбол тарафдори. Мазкур ҳолат сув ва оловни омухталашга уринишдек, гўё.

ЯНГИ МУРАББИЙ

Баъзан шундай таассурот уйғонадики, худди ўзбек футболидаги энг асосий вазифа маълум мураббийлар гуруҳини иш билан таъминлашдан иборатга ўхшайди. Равшан Ҳайдаров «Пахтакор»дан истеъфога чиқарилган эди, дарҳол ёшлар термаси бошқарувига ўтди. Бунга қадар у Ўзбекистон миллий жамоасини бошқарган, ёрдамчилик қилган, яқинда 19 ёшгача бўлган жамоада ҳам ишлаганди. Энди U-22 термасини бошқаришга жалб этилди. Ўзбекистон футбол федерацияси томонидан қабул қилинадиган қарор ҳар доим жамоа манфаати йўлида ишлаши лозим. Аммо «Пахтакор»дан истеъфога чиқарилгани учун Ҳайдаровнинг ёшлар бошқарувига ўтиши ва «Пахтакор»ни қабул қилиб олгани учун Абдураимовнинг ишдан бўшатилиши қандай наф келтиради - бу саволнинг жавобини яқин вақтларда билиб олсак керак. Ва умид қиламизки, бу жавоб ижобий руҳда бўлади.

ОЛТИНИ ЙЎҚ АВЛОД

Бизда салгина ўйини қовушган футболчиларга нисбатан «олтин авлод» иборасини ишлатиш одат бўлиб қолган. Бир вақтлари Махсталиев ва Ҳакимовлар айнан шундай авлод эди. Ке-йин билсак, уларга шунчаки «олтин суви юритилган» экан. Бундайлардан анча-мунчасини аввал ҳам кўрганмиз, ҳар сафар ишонч оқланмаган.

Шу боис ҳам Жасур Абдураимов тарбиялаган жамоа ҳақида бундай баландпарвоз гапларни айтишни истамаймиз. Аммо таркибда иқтидорли футболчилар кўплигини таъкидламаслик ҳам адолатсизликдан бошқа нарса эмас. Шу вақтга қадар ёшлар ва ўсмирлар даражасида кучли жамоалар бўлган, аммо улар асосан 2-3 етакчи ўйинчи атрофида қуриларди. Уларнинг устун томони ҳам шунда эди: деярли ҳар бир футболчи ўйин тақдирини ҳал қилиши мумкин.

Биз ҳозир атайлаб алоҳида номларни келтирмаяпмиз. Чунки Ўзбекистон ёшлар термаси таркибида нафақат асосий, балки захирадан майдонга тушадиган футболчиларнинг савияси ҳам етарлича баланд. Агар аввалги жамоаларда захира ўзгаришларидан сўнг ўйинда паса-йиш кузатилган бўлса, бунисида аксинча, кучаяди. Ва энг муҳими - шу ёшларнинг аксарияти ҳозирдан олий лига клубларида асосий таркибда ўйнашмоқда. Очиғи, ҳали ўзбек футболи тарихида бунақаси бўлмаганди.

ҒОЯГА ҚАРШИ ҒОЯ

Равшан Ҳайдаров мана шундай жамоани қабул қилиб олди. Хўш, у Жасур Абдураимовнинг ғояларини юзага чиқара оладими? Йўқ, албатта. Бунга уринмаса ҳам керак. Ҳайдаров ўз қарашларини жамоага сингдиришга интилиши турган гап. Акс ҳолда, бу соҳада фаолият юритишидан маъно ҳам қолмас эди. Чунки мураббий, энг аввало, ўз ғоясига эга бўлиши ва уни жамоасига татбиқ эта олиши лозим. Ҳайдаров ҳам шу йўлни тутса, биз уни тушунамиз.

Бироқ бу ўринда бошқа савол юзага чиқади - 10 йилдан буён шаклланиб келаётган жамоани ўзгартиришдан ЎФФга қандай манфаат бор? Аксинча, Абдураимовни ҳар қанақасига ушлаб қолиш лозим эмасмиди? Ҳатто икки жойда ишлашига рози бўлиб ҳам...

СОБИҚ МУРАББИЙ

Жасур Абдураимов ўз танловини амалга оширди ва «Пахтакор»га ўтди. Албатта, бундай вақтда Ўзбекистон футбол федерацияси қандайдир чора кўриши лозим эди. Ташкилот U-22 бош мураббийи икки жамоада ишлашини истамади ва истеъфога чиқарди. Балки тўғри йўл тутилгандир?! Зеро бу жамоа 2020 йили Токиода бўлиб ўтадиган Олимпиада йўлланмаси учун курашиши лозим ва унинг устози икки жойда ишлаши яхши эмас. Аммо бу қарорнинг парадоксал жиҳатлари ҳам борки, бу ёғини ҳам кўриб чиқиш лозим бўлади. Агарда Жасур Абдураимов аввалдан икки жойда ишламаганда ЎФФнинг бу қарорини тўғри тушунардик. Аммо ҳамма гап шундаки, у бунга қадар ҳам икки жамоани бошқариб келаётган эди.

Абдураимов Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси билан биргаликда йиллар давомида «Пахтакор» клуби ўринбосарларига ҳам мураббийлик қилиб келди. Унинг жамоаси ёшлар лигасида иштирок этарди ва терма жамоага номзод бўлган бошқа футболчиларга қарши майдонга тушарди. Нима учундир ўшанда бу факт ЎФФни асло ташвишга солмаган. Аммо Абдураимов «Пахтакор»нинг асосий жамоасини қабул қилиб олгани ҳамоно «қўшжамоалик» муаммолари ёдга тушиб қолди.

ШОШИЛИНЧ ҚАРОР

Энг ажабланарлиси, қарорнинг ўта шошилинч тарзда қабул қилингани бўлди. Равшан Ҳайдаров «Пахтакор»­дан истеъфога чиқарилгани ҳамоно Абдураимов ҳам ёшлар терма жамоасидан кетди. Бу худди Ҳайдаровнинг бир кун ҳам ишсиз қолиб кетмаслигини таъминлашга уринишга ўхшайди. Аслида, Жасур Абдураимов «Пахтакор»ни вақтинча қабул қилиб олган ва исталган дақиқада у ердан кетиб, бор эътиборини ёшлар термасига қаратиши мумкин эди. ЎФФ­нинг бироз сабр қилиб, воқеалар жараёни қандай кўриниш олишини кутмагани кишини ҳайрон қолдиради. Чунки Миржалол Қосимов «Бунёдкор» ва миллий терма жамоада йиллар давомида ишлаганди, ке-йинчалик Самвел Бабаянга ҳам анча имконият берилди. Аммо Жасур Абдураимовга келганда бир ҳафта ҳам сабр қилинмади. Боз устига, «Пахтакор»нинг янгича ривожланиш йўлига ўтгани ва жамоа бошқарувига хориждан кучли мутахассис келиши ҳам аниқ эди. Ўшанда Абдураимов батамом федерация ихтиёрида қоларди.

ШУ ШАРТМИДИ?

Устига-устак, U-22 тақвимининг у қадар зич эмаслиги ҳам шундай фикрлашга асос бўлади. Ҳозир барча тайёргарлик ишлари 2018 йили Хитойда ўтказиладиган Осиё чемпионатига қаратилган. Бу мусобақага саралаш баҳслари эса роппа-роса бир йилдан сўнг (!) Бирлашган Араб Амирликларида бўлиб ўтади. Саралашнинг «D» гуруҳидан жой олган футболчиларимиз Ливан, Непал ва БАА ёшлар термаларига қарши майдонга тушишлари лозим. Унгача эса бир йил вақт бор, шошилишга асос бўладиган ҳеч нарса йўқ. Албатта, U-22 бекор қолмаяпти, бир неча кун муқаддам Россия ёшлар жамоасига қарши ўртоқлик ўйини ўтказилиб, имконият бой берилди. Энди яқин орада бошқа муҳим мусобақа ўтказилиши ҳақиқатдан йироқ. Шундай экан, мураббийни алмаштириш шартмиди?

БОЛАЛИКДАН БИРГА

Равшан Ҳайдаровнинг яхши мураббий эканига шак-шубҳа йўқ. Ўзбекистон футбол федерацияси расмий сайтида таъкидланганидек, у «Пахтакор» билан икки марта олий лига ва яна икки марта кубокда ғолиб чиққан. Майли-да, бу ғалабалар ички биринчиликда қўлга киритилган ва оддий мухлис учун муҳим бўлмаса ҳам. Ға-лаба қозонганми? Қозонган. ЎФФ учун аҳамият касб этиши муқаррар. Бунга эътироз билдирмаймиз. Аммо яқин тарихга назар ташласак, ёшларимиз «Пахтакор» билан чемпионликка эришган мураббийлар эмас, балки болалигидан устозлик қилганлар қўл остида яхшироқ натижа қайд этганини кўриб оламиз.

Алексей Евстафеев ўз жамоаси билан ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионати финалига қадар етиб борди. Жаҳон чемпионатида эса чорак финалга чиқди. Аҳмаджон Мусаевнинг жамоаси ҳам худди шу ишни такрорлади. Дилшод Нуралиев эса ўсмирлари билан Осиё чемпиони бўлди, ке-йинчалик уларга бошчилик қилишни давом эттириб, жаҳон чемпионатида муносиб қатнашди. Уларнинг ҳар бири шогирдларини болалигидан яхши билар эди.

Бироқ бу мутахассислардан ҳеч бири ҳозир ёшлар футболида эмас. Аҳмаджон Мусаев бошқарган жамоа Олимпиада йўлланмасини қўлга киритишга қодир кучга эга эди. У ўсмирлар ва ёшлар даражасида ўтказилган мусобақаларда мунтазам равишда ярим финалга етиб келган. Кейинчалик бу жамоа 1995-1996 йилларда туғилган авлоднинг энг сара вакиллари ҳисобига кучайтирилди. Аммо айнан Олимпиада йўлланмаси учун кураш кечган чемпионатда гуруҳдан ҳам чиқа олмади. Нима учун? Чунки бу вақтга келиб жамоани бир эмас, бир неча мураббий бошқариб улгурган эди. Охирида улоқ Самвел Бабаянда кетди, «Пахтакор» билан бир неча бор чемпион бўлган мураббий аввал миллий терма жамоа, кейин эса олимпиячилар бошқарувига ўтди. Нима учундир ўшанда ЎФФ «қўшжамоалик»ка қарши чиқмади. Демак, ўша вақтларда бир мураббийнинг икки жамоада ишлашига қўйиб берилган.

Эҳтимол, ЎФФ қарори ёмон эмасдир, бироқ натижа аянчли бўлди. Бабаян бошқарган жамоа Қатарда ўтказилган Осиё чемпионатида гуруҳда қолиб кетди.

ХУЛОСА

Афсуски, сўнгги пайтларда ўзбек футболида бир хатонинг қайта ва қайта такрорланишига тобора кўникяпмиз. Бунинг натижасида пайдо бўладиган олтинга тенг тажрибани эса заррача надоматсиз йўқ қилиб юборяпмиз. Ўтган давр ва ундан чиқарилган хулосага асослансак, Ўзбекистон олимпия терма жамоасининг 2020 йилги Олимпиада йўлланмасини олишига шубҳа туғилиши тайин. Йўқ, бунга сабаб жамоани Равшан Ҳайдаров қабул қилиб олганида эмас. Унинг ўрнига хориждан кучли мутахассис келганда ҳам фикримиз ўзгармай қоларди, балки. Чунки барқарорлик таъминланмаган жойда натижага эришиш ҳам қийин бўлади.

Ишқилиб, ЎФФнинг қарори фойда келтирсин-у, бизнинг шубҳаларимиз асоссиз бўлсин-да!

Зафар ҚОСИМОВ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Билдирилган фикрлар


bularga gapirganni foydasi yoq
11.06.2017 12:28

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz