Эрон терма жамоаси Ўзбекистонни рақиб сифатида жуда ҳурмат қиларкан. Буни Карлуш Кейруш шогирдлари олиб бораётган тайёргарлик жараёнидан ҳам билиб олиш мумкин. Эронликлар ЖЧ саралашида бизга қарши кечадиган муҳим баҳс олдидан Черногорияга қарши ўртоқлик ўйини ўтказишди ва қийин кечган учрашувда ғалабага эришишди.
Шу билан бирга Ўзбекистон терма жамоаси ҳам Эронни рақиб сифатида жуда ҳурмат қилишини таъкидлаб ўтиш лозим. Гарчи Самвел Бабаян шогирдлари ўртоқлик ўйинида Европанинг бирор кучли жамоаси эмас, балки Осиёнинг у қадар кўзга кўринмаган вакили - Таиландга қарши майдонга тушган бўлса ҳам, барибир, буни ҳурмат ўрнида қабул қилиш шарт.
Чунки терма жамоамиз ЖЧ саралашида кечган аввалги баҳслар олдидан ўртоқлик ўйини учун рақиб қидиришни зарур билмай, шунчаки «оқларга-кўклар» бўлиб ўйнаб қўя қолганини кўп кўрганмиз.
Шундай экан, Таиландга қарши кечган учрашув ҳам бир мартаба. Ҳатто уни одатдагидек ўзимизнинг ҳакамлар бошқарган бўлса ҳам. Биз ортиқча харажат қилмай, энг яхши натижага эришиш йўлини биламиз. Барибир, Осиёнинг энг яхши ҳакамлари ўзимизда бўлгач, пулни бегона қилишдан нима наф, тўғрими?
Энди бевосита ўйиннинг ўзига келсак. Албатта, Эронга қарши кечадиган баҳс олдидан Таиланд билан бўлган учрашув қай даражада фойда келтиргани ҳақида истаганча баҳслашиш мумкин. Чунки бу жамоалар бир-биридан анча фарқ қилади. Айтайлик, Эрон қитъанинг энг тартибли ўйин намойиш қиладиган жамоаларидан бўлса, Таиландда айнан шу нарса муаммо. Тошкентда бўлиб ўтган учрашувда ҳам пала-партиш баҳсга яна бир бор гувоҳ бўлдик.
Шунингдек, Эрон терма жамоасида ўйин тақдирини ҳал қила оладиган савияли ҳужумчилар ҳар доим бўлган. Ҳозирги таркибда Гучаннажод, Тарими ва Азмун каби форвардлар бор.
Бу ҳужумчилар ҳимоядаги кичик хатони ҳам кечирмаслиги тайин. Таиланд эса кечирди. «Бунёдкор» стадионида бўлиб ўтган ўртоқлик ўйинида ҳисоб рақиб томонидан очилиши ҳам мумкин эди. Шундай экан, гарчи 2:0 ҳисобида ғалабага эришилган бўлса-да, Кримец, Шукуров, Андреев ва Шораҳмедовлардан иборат ҳимоя чизиғига кўп ҳам ишониб юбормайлик. Ва қўрқамизки, Анзур Исмоиловнинг сафга қайтиши ҳам вазиятни кўп ўзгартира олмаса керак.
Аммо бу билан биз Эрон ва Ўзбекистон ўртасида кечадиган ўйиндан батамом умидни узиш керак, демоқчи эмасмиз. Аксинча, айнан шунга терс равишда баъзи мулоҳазаларни билдириб ўтсак.
Эронни сафарда мағлуб этиш мумкин, чунки футболда ҳар доим ҳам кучлилар ғалаба қозонавермайди. Айнан шу боис у миллионлар ўйинига айланган. Биз ҳам мана шу миллионлар сафида эканимизни инобатга олсак, тақдир ўзбек футболи томон кулиб боқиши ҳеч гап эмас. Бироқ бунинг учун ўзимиз ҳам шунга муносиб бўлишимиз лозим. Эсласангиз, бир марта бу ишни уддалаган эдик.
Дунё тарихида «Ахиллнинг товони», деган атама мавжуд. Яъни, ожиз нуқталарга нисбатан шундай таъриф берилади. Юнон мифологиясида Ахилл исмли паҳлавон бўлган ва у фақат товонидан яраланганда ўлган. Эрон терма жамоасининг ҳам ўзига яраша нозик нуқтаси бор. Бу унинг 100 минг кишилик стадиони.
Ҳар қанча ғалати кўринмасин, айнан мана шу фактор бизнинг фойдамизга ишлаши мумкин. Зеро Эрон учун 12 июндаги ғалаба ЖЧ-2018 сари йўл очади. Рақибимиз муддатидан олдин мундиал йўлланмасини қўлга киритиш имконига эга. Албатта, улар бу ишни «Озоди»да, ўз мухлислари қаршисида уддалашни жуда ва жуда исташади.
Айнан шу нарса рақибга қўшимча босим юклаши турган гап. Голсиз ўтган ҳар бир сония эса бу босимни оширгандан ошириб бораверади.
Эрон - босимларга бардошли жамоа. У қийин вазиятдан чиқиб кетганини кўп кўрганмиз. Аммо шу билан бирга ўз мухлислари қаршисида ўйини ўхшамаса, асабийлашиши мумкинлигини ҳам биламиз.
Бир фактни ёддан чиқармасликни сўраган бўлардик - Эрон терма жамоаси охирги марта ЖЧ-2014 саралаши доирасида ўз майдонида кечган ўйинда мағлубиятга учраган. Ва ўша мағлубият Ўзбекистон терма жамоаси томонидан етказилган эди (0:1). Эрон шундан буён ЖЧ саралашларида мағлубият нималигини билмай келмоқда. Аммо ҳамма нарсанинг якуни бор. Шундай экан, нима учун ўша якун 12 июнда бўлмаслиги лозим?
Эсланг, Ўзбекистон терма жамоаси ўша баҳсда ғалабага қандай эришган эди?! Ҳимоядаги тартибли ўйин ва имкон бўлди дегунча қарши ҳужумга ўтиш - рақибни айнан шу нарса издан чиқармадими? Тўғри, бунинг учун жуда катта руҳий, жисмоний ва тактик тайёргарлик керак. Аммо терма жамоа шунча кундан буён нимага ишламоқда? Тўғри, Таиландга қарши кечган ўйинда биз ўзимиз истаган термани кўрмадик. Аммо ким айтади, Бабаян муҳим ўйин олдидан барча қарталарини очиб ташлайди, деб? Унинг ҳам ўзига яраша ҳисоб-китоби бўлса керак. Ҳар ҳолда биз шунга умид қиламиз.
Тўғрисини айтганда, Таиландга қарши кечган ўртоқлик ўйини бизга ёқмади. Ҳатто иккита чиройли гол ҳам 90 дақиқалик зерикишнинг давоси бўлолмайди. Аммо бу ўйин Эронга қарши кечган баҳсда қўл келса, биз розимиз. Мана шу сафардан ғалаба билан қайтишса, кейинги ўртоқлик баҳсларига Малайзия билан Сингапурни олиб келишса ҳам майли. Стадионга бориб, қадалиб ўтирмаган номард.
Ахир ҳамма нарсанинг ҳам товони бўлади-ку...
Зафар ҚОСИМОВ
Манба: www.interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20