Қайднома

Қидирув

Сардор Рашидов: Бугунги ўйиндан сўнг клубим масаласида бир тўхтамга келаман

Сардор Рашидов: Бугунги ўйиндан сўнг клубим масаласида бир тўхтамга келаман

  12.06.2017 03:33
  0
  3404
Сардор Рашидов: Бугунги ўйиндан сўнг клубим масаласида бир тўхтамга келаман

Таиланд термасига қарши кечган ўртоқлик учрашувидан сўнг мазкур баҳсда иккинчи гол муаллифига айланган Сардор Рашидовдан интервью олдик. Айни пайт клубсиз қолган ярим ҳимоячи ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқада рақиб дарвозасини чиройли тарзда ишғол қилганди.

- Сардор, бугун икки хил бўлимга гувоҳ бўлдик. Бунинг сабаби нимада?

- Унутмаслик керакки, учрашув ўртоқлик мақомида эди. Шу сабабли ҳам майдонга аралаш таркиб туширилди. Асосий мақсад шу ўйин орқали Эронга қарши кечадиган муҳим баҳсга тайёргарлик кўриш эди. Мураббийларнинг ўзига яраша режалари ҳам бўлиб, ўйин давомида уларни синовдан ўтказишди. Иккинчи бўлимда захирадан ўйинга қўшилган футболчилар ҳужумларимизнинг янада кескин тус олишини таъминлашди. Муҳими, якунда ишончли ғалабани қўлга киритдик.

- Захирадан майдонга тушаётганингизда мураббий сизга қандай кўрсатма берди?

- Ҳужумларни янада кескинлаштиришимиз кераклигини айтди. Айниқса, қанотлардан уюштирилаётган ҳужумларни якунлашда аниқроқ ҳаракат қилишимиз лозимлигини уқтирди.

- Дарвозани ишғол қилган вазиятда узоқдан зарба бериб таваккал қилдингизми ёки рақиб посбонининг бироз олдинга чиқиб кетганини кўрдингизми?

- Ҳар иккиси ҳам. Аслида, аввал ҳам бир-икки марта узоқдан дарвозани ишғол қилишга уриниб кўргандим. Лекин иккала вазиятда ҳам буни уддалай олмагандим. Учинчи уринишда ниятимга етдим. Мураббийдан узоқдан зарбалар бериш ҳақида ҳам кўрсатма олгандик.

- Олдинда Эронга қарши муҳим учрашув кутиб турибди. Назарий машғулотларда рақиб жамоани ўрганяпсизларми?

- Теҳрондаги ўйин биз учун ушбу саралаш босқичидаги энг муҳим учрашув бўлишини тахмин қилиш қийин эмас. Шунга яраша бўлажак баҳсга тайёргарлик кўряпмиз. Рақиб жуда кучли, буни барчамиз тўғри тушуниб турибмиз. Лекин ижобий натижага умид йўқ эмас.

- Эроннинг Черногорияга қарши ўтказган ўртоқлик учрашувини кўриб, таҳлил қилдингларми?

- Йўқ. Ўйиннинг ҳисобини эшитдик. Лекин ҳали учрашувни тўлалигича кўриб чиқмадик. Бу жараён эртадан бошланса керак. Қолаверса, Эроннинг саралаш босқичида ўтказган бошқа ўйинлари туширилган дисклар ҳам бор. 12 июнгача рақибни ўрганишда давом этамиз.

- Бугунги кунда Сардор Азмун Эрон терма жамоасининг энг хавфли футболчиси бўлиб турибди...

- Бу фикрга қўшиламан. Ушбу футболчи яримта вазиятдан ҳам фойдаланиб қолишга уринади. Черногория билан ўйинда буни исботлади. Аммо Эрон терма жамоаси фақат Азмундан иборат эмас. Қолган футболчилари ҳам маҳоратли ва исталган вазиятда «портлаши» мумкин. Шундай экан, биз фақат бир ўйинчига эмас, бутун бошли Эрон термасига қарши кечадиган ўйинга ҳозирлик кўрамиз.

- Эронликлар ушбу саралаш босқичида ҳали ўз дарвозаларидан гол ўтказиб юборишгани йўқ. Биз ғалаба ҳақида ўйлаяпмиз. Лекин бунинг учун рақиб дарвозасини ишғол қилишимиз шарт. Бу борада қандай фикрдасиз?

- Рекордлар абадий эмас. Бир кун келиб улар ҳам барҳам топади. Ўйлайманки, Эроннинг ўзи учун ёқимли бўлган ана шу анъанасига биз чек қўямиз. Бунга кўп вақт қолмади.

- Эронни ниманинг ҳисобига мағлуб этиш мумкин?

- Бу жамоа ҳимояда ўта тартибли футбол намойиш этади. Таянч ярим ҳимоя чизиғида ўйнайдиган футболчилари ҳимоячиларга ёрдам бериб туради. Кескин ва тезкор ҳужумлар эвазига ҳар қандай мустаҳкам ҳимояни ҳам пароканда қилиш мумкин. Ҳужумлар хилма-хил бўлиши лозим. Рақиб имкон қа-дар қайси футболчидан хавф кутишини била олмаслиги керак.

- «Озоди» стадионидаги муҳитни фақат шу майдонда ўйнаганлар билади. Сиз ҳам ўз вақтида Осиёнинг энг катта стадионларидан бирида тўп сургансиз. Мазкур аренадаги муҳит ва майдондаги ҳолатни тасвирлаб бера оласизми?

- Бир томондан 100 000 томошабин қаршисида тўп суриш мароқли. Лекин бошқа томондан унча-мунча футболчининг оёғи қалтираб қолади. «Бунёдкор» сафида ўйнаб юрган кезларим бу стадионда ўйнаш бахти менга ҳам насиб этганди. Ўшанда ОЧЛ доирасидаги учрашувда майдонга тушгандим. Аммо ўз олдига юксак вазифаларни қўйган жамоага бу омиллар халал бермаслиги керак.

- Мабодо, Эронга қарши ўйинда дурангга эришсак, бу биз учун ижобий натижа сифатида қабул қилинадими?

- Очко йўқотишга ҳаққимиз йўқ. Биз Теҳронга фақат ғалаба илинжида борамиз. ЖЧ-2014 саралаш босқичида Эронни меҳмонда мағлуб этишнинг уддасидан чиққандик. Бу ишни яна бир марта амалга оширишга уриниб кўрамиз.

- Янги мавсумни қайси жамоа сафида бошлашингиз маълум бўлдими?

- Ҳозирча йўқ. Эронга қарши кечадиган учрашувдан сўнг бу масалага ойдинлик киритиб оламан. Мени ўз сафида кўриш истагида бўлган клублар етарли. Улар орасидан энг мақбулини танлайман.

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz