Қайднома

Қидирув

Эрон термасини қандай енгамиз?

Эрон термасини қандай енгамиз?

  12.06.2017 13:12
  5
  2555
Эрон термасини қандай енгамиз?

Жорий йилнинг 12 июнь куни Теҳронда - ўз бағрига 100 минг томошабинни сиғдира оладиган «Озоди» стадионида жуда муҳим ўйин ўтказилади. Бу баҳсда Эрон ва Ўзбекистон термалари майдонга тушишади. Учрашувнинг аҳамиятли жиҳати шундаки, у жамоалардан бирини муддатидан аввал мундиалга олиб чиқиши, иккинчисини эса бу ҳуқуқдан маҳрум қилиши мумкин. Қайси жамоа қай рутбага даъво қилишини айтмасак ҳам яхши биласиз. Ҳозир мана шу ўйин атрофида баъзи фикрларни билдирсак, монелик қилмассиз.

ЭРОН

Эрон термаси ҳақида ортиқча таърифга ҳожат бўлмаса керак. Унинг энг кучли томони ҳам яхши маълум - хотиржамлик. Ички ва ташқи хотиржамлик! Жаҳон чемпионати саралаши ҳар доим мураккаб мусобақа ҳисобланади. Нафақат тўрт яримтагина ўринга эга Осиё, ҳатто Европаю Жанубий Америкада ҳам шундай. Ишонмаганлар бўлса, Аргентина ва Голландияга боқишсин - ЖЧ-2018 уларсиз ўтиши мумкин. Ўзимиздан эса оддий мисол - Австралия. «Кенгурулар» ҳам биз каби ҳолатда - учинчи ўринда. «А» гуруҳида Япония ва Саудия Арабистони «яшил қитъа» вакилларига «нон» беришмаяпти.

Эрон термаси эса хотиржамлик билан бир рақиби кетидан бошқасини мағлубиятга учратишни давом эттирмоқда. Карлуш Кейруш жамоаси саралашда ҳали бирор марта енгилмади ва гуруҳдаги сўнгги икки ўйинни шунчаки ўртоқлик мақомида ўтказишга яқин турибди. Хўш, эронликлар ниманинг эвазига бундай натижага эришишди? Карлуш Кейрушнинг сири нимада?

ҲИМОЯ

Эрон терма жамоаси ярим ҳимояси ва ҳужумида жуда кучли футболчилар жамланган - Алиризо Жаҳонбаҳш, Маъсуд Шожаий, Воҳид Амирий, Карим Ансорифард, Ризо Гужаннажод, Сардор Азмун, Меҳди Таримий... Бу рўйхатни яна давом эттириш мумкин, аммо биз уларга бўлган ҳурматни сақлаган ҳолда айтамиз, барибир, Эроннинг энг кучли чизиғи - ҳимоя. Эътироз билдирадиганлар бўлса, шошилмасликни маслаҳат берамиз. Зеро, бу гаплар бежизга айтилмаяпти, аргументлар бор.

Эрон терма жамоасининг ЖЧ саралашида бирорта мағлубиятга учрамаганини айтиб ўтдик. Энди ундан ҳам залворлироқ бўлган бошқа фактга қулоқ тутинг - эронликлар сўнгги босқичда нафақат мағлубиятга учрамаган, балки бирорта гол ҳам ўтказиб юбормаган! Милод Муҳаммадий, Жалол Ҳусайний, Муртазо Пурлиганжий, Иззатуллоҳ Пургаз - бу ишни фақат шу йигитлар уддалай олишган. Албатта, дарвозабон Алиризо Бейранванни ҳам алоҳида эътироф этиш лозим, бироқ барибир, тан олайлик, ҳали бирорта ўйинда ҳимоячилар унга панд бергани йўқ.

Энди ҳужум ва ҳимоя ўртасидаги тафовутни белгилаб берувчи яна бир статистика - Эрон терма жамоаси сўнгги босқичда 7 ўйиндан 5тасида ғалаба қозониб, иккисида дуранг ўйнади. Эътиборли томони, форслар Қатарга қарши кечган ўйин(2:0)дан бошқа қолган барчасида бир хил - 1:0 кўринишида ғалабага эришишган. Бир очко олинган баҳсларда эса 0:0 ҳисоби қайд этилган. Шундан кейин ҳам Эроннинг ҳимоясини энг кучли чизиқ, деб атамаслик тўғрими? Албатта, биз бу билан форсларнинг ярим ҳимояси ва ҳужумини асло камситмоқчи эмасмиз. Аксинча, Эрон терма жамоаси бу борада ҳам Осиёнинг етакчиларидан. Аммо ҳимоя - ҳужумдан ҳам кучли.

ЎЙИН УСЛУБИ

Эрон термаси - ғалаба йўлида ортиқча ҳеч қандай иш қилмайдиган жамоа. Унинг футболчилари керагидан ортиқ бир қадам ҳам босишмайди ва уч очко учун қанча югуриш керак бўлса, шунча югуришади, холос. Агар бу терма ўйини автомобиль пойгасига ўхшатилса, шундай таъриф берардик - эронликларда соатига 200 километр тезликда ҳаракатланадиган «Феррари» бўлганида ҳам, рақиб 70 километрдан ошиқ тезлана олмайдиган «Жигули»да трассага чиқса, тезлигини соатига 75 километрдан оширмай, ғалабани қўлга киритади. Улар ғолиблик учун энг осон йўлни қидиришади, автомобилни 200 километр тезлик билан ҳайдаб, ортиқча ёқилғи сарфлаш уларга мутлақо керак эмас. Бундай ҳолатда машина кейинги пойгага ярамай қолиши мумкин. Эронликлар бу ёғини ҳам инобатга олишади. Улар футболни ҳам шахматга айлантиришди, икки-уч юришни олдиндан билиши шарт.

Эрон терма жамоасида бундай услуб шаклланишида эса Карлуш Кейрушнинг хизмати катта. У жуда айёр мураббий. Эронни 6 йилдан буён бошқариб келаётган бўлса, шу вақт ичида истеъфо сўраб уч ёки тўрт марта ариза ёзди. Тағин авжи иши юришиб турган вақтда қандайдир сабаб топиб, жанжал кўтарди ва ундан воз кеча олмсликларини билган ҳолда истеъфо сўради. Камига терма жамоадан кетишини матбуот орқали оммага ёйиб, ваҳима кўтарди. Балки бундай ихтилоф бошқаларда ҳам бўлар, аммо у ички сир сифатида қолиб кетади. Эронда бўлаётган воқеани эса бутун дунё билиши шарт. Кейрушнинг услуби шундай. Шу орқали Эрон футбол федерациясига ўз сўзини ўтказа олади.

Кейрушнинг бу услуби футбол майдонида ҳам билиниб туради. Унинг жамоаси ҳеч қачон илк дақиқалардан ҳужумга отланмайди, балки пайт пойлайди. Ҳайвонот олами билан таништирувчи кўрсатувлар орқали шерларнинг қай тахлит ов қилишини кўрганмисиз? Улар ўлжасига бирдан ташланмайди, балки қулай фурсат кутиб, ён-атрофда ўралашиб юраверади. Баъзан соатлаб пода ортидан эргашиши мумкин. Қайсидир жонивор кичик хатога йўл қўйса, кифоя, уни дарҳол тўдадан ажратиб олиб, бир зумда бўғзига тиш ботиради.

Футболда хатога йўл қўймадиган жамоанинг ўзи йўқ. Айниқса, Осиёда бундайлар истаганча топилади. Кейрушнинг Эрони эса ўша хатони кутади. Баъзан 90 дақиқа пайт пойлаши мумкин, аммо қулай фурсат туғилгани ҳамоно имкониятни қўлдан бермайди. Эрон Қатарни 2:0 ҳисобида ютганини айтдик. Ўша голларнинг ҳар иккиси ҳам сўнгги дақиқаларда урилганини билармидингиз?

ЎЗБЕКИСТОН

Эрон термасининг қай даражада кучли эканини кўп ва хўп таъкидладик. Энди бир савол - Ўзбекистон миллий жамоаси бу рақибни енга оладими? Жавоб ижобий - ҳа! Аммо бир истисно - фақат ҳозирги ўйин ва таркиб билан эмас. Агар кимдир гапимизга қўшилмаса, билингки, у ё Ўзбекистон терма жамоаси мураббийлар штабида ёки Терма жамоалар марказида ишлайди. Уларнинг яна бир муштарак жиҳати бор - терма жамоа мураббийларига ҳайкал қўймоқчи бўлишади...

Бизнинг эса ҳеч қандай ҳайкал билан дарду хаёлимиз йўқ. Айтаётганимиз ҳам Эрон ва Ўзбекистоннинг сўнгги ўйинларига асосланган. Якуний фикр аниқ - вазият шу тахлит давом этса, бу сафар ҳам мундиалдан қуруқ қолиб кетишимиз турган гап. Асос - Самвел Бабаян шогирдлари ҳали бирор марта савия жиҳатидан ўзларидан устун турадиган рақибни енга олишмади. Қолаверса, термамиздан кучсиз ҳисобланган Сурия жамоасидан мағлубият қабул қилинди. Шу боис вакилларимиз гуруҳда учинчи ўринда боришмоқда. Бу кетишда уни ҳам бой бериб қўйиш ҳеч гапмас. Чунки олдинда кучли рақиблар кутиб турибди - Эрон ва Хитой билан сафарда, Жанубий Корея билан эса Тошкентда учрашув ўтказиш лозим.

Энди бояги саволни яна такрорлаймиз - Ўзбекистон терма жамоаси Эронни мағлуб этиши мумкинми? Жавоб яна ўша - ҳа! Фақат юқорида келтирилган шартлар билан - услуб ва таркиб ўзгарсин.

САРАЛАШДА МАҒЛУБИЯТСИЗ

Аслида Ўзбекистон миллий жамоаси Эронни аввал ҳам мағлубиятга учратган. Фақат у вақтлари термани бошқа мураббий бошқарарди - Миржалол Қосимов. Ғалаба эса айнан эронликлар услубида қўлга киритилган. Футболчиларимиз бутун учрашув давомида тартибли ўйин намойиш этиб, ҳимояни мустаҳкам ушлашган, асосий эътибор қарши ҳужум ва стандарт вазиятларга қаратилган. Натижада 1:0 ҳисобида ажойиб ғалаба қўлга киритилганди. Улуғбек Бақоев урган ягона гол ҳамон ёдингизда бўлса керак?!

Албатта, орадан анча вақт ўтди ва ким учундир бу ғалабанинг аҳамияти бироз йўқолгандир. Бироқ бугун статистикага ҳаддан ортиқ эътибор қаратишда айбламасангиз, бир гап айтамиз - Эрон терма жамоаси шундан буён ҳали бирор марта ЖЧ саралашларида мағлубиятга учрамади! Энди ғалабанинг аҳамиятини тушуниб етдингизми? Рақибнинг кучини-чи?

МОЗИЙ

Агар кимдир Эронни яна мағлуб эта олса, у ҳам Ўзбекистон терма жамоаси бўлиши лозим. Бу гапга қўшиламиз. Аммо боя айтганимиздек, аввалги ўйин ва таркиб билан бундай тарихий натижага эришиш қийин. Ҳозирги Ўзбекистонни нафақат Эрон ва бошқа рақиблар, балки оддий мухлис ҳам яхши билади. Агар форслар мағлубиятсиз серияси билан танилса, бизнинг асосий ҳужумчимиз Игорь Сергеев фақат голсиз серияси билан «мақтаниши» мумкин. Уни қандай зарарсизлантириш мумкинлигини эса нафақат рақиблар, балки ўзимизнинг мухлислар ҳам тушуниб қолишган. Умуман, ҳозирги Сергеев ўзи шундоқ ҳам зарарсизки, уни ҳатто зарарсизлантириш ҳам шарт бўлмаса керак.

Демак, Теҳрондан ғалаба билан қайтишни истар эканмиз, ниманидир (ёки кимнидир) ўзгартириш лозим. Ҳозир терма олдида иккита йўл бор. Тўғрисини айтсам, менга ЖЧ-2014 саралаши доирасидаги Эронга қарши ўтказилган ҳар икки учрашув ҳам ёққан эди. Гарчи бирида мағлубиятга учралган бўлса-да, ҳужумкор ўйин намойиш этилган ва рақиб қийин аҳволга тушиб қолганди. Иккинчисида эса, боя айтилганидек, тартибли ва самарали ҳаракатлар эвазига ғалабага эришилган. Эътиборли томони, бу баҳслар турли мураббийлар қўл остида ўтказилган. Бирида термани Вадим Абрамов бошқарган эди, иккинчисида - Миржалол Қосимов.

Агар Эронни яна (!) мағлуб этишни истасак, велосипедни қайта ихтиро қилмасдан, ҳозирги суст ва мужмал ўйиндан воз кечиб, юқорида келтирилган икки услубдан бирини танлаш керак. Осони шу. Зеро «Осиёда таниқли бўлиши» кутилган услуб нималарга олиб келганини кўрдик, бас, етар. Мозийга қайтиб иш кўриш хайрли, дейди халқимиз. Шундай экан, аввалги услубни қайтариш вақти келгандир?

Биздан сўрашса (ҳатто сўрашмаса ҳам), айтамизки, энди Вадим Абрамовда бўлгани сингари ҳужумкор ва чиройли ўйин ташкил этишга вақт деярли қолмади. Бу жуда сермашаққат иш. Аммо Миржалол Қосимов даврида бўлганидек, ақлли ва самарали ўйинни қайтариш имкони бор. Бунинг учун бироз ўзгариш қилиш кифоя.

Балки ҳимояда мудом панд бераётган Егор Кримецнинг ўрнини Ислом Тўхтахўжаевга топшириш керакдир ёки турли тажрибалардан воз кечиб, қанотда ниҳоят, қанот футболчилари ўйнатилар? Бунисини энди билмадик, маслаҳат бериш ниятим йўқ. Аммо ҳамма кўриб турган нарсани бош мураббий кўрмаётгани ғалати.

Зафар ҚОСИМОВ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Билдирилган фикрлар


Sayt yaxshi ishlayapti shunday davom etsangizlar tez orada ommalashgan futbol saytiga aylanadi
12.06.2017 17:27

Sayt yaxshi ishlayapti shunday davom etsangizlar tez orada ommalashgan futbol saytiga aylanadi
12.06.2017 17:25

Menimcha eronga qarshi o'yinda tarkibga o'zgarishlar kiritiladi.
Bugun boshqacha O'zbekistonni ko'ramiz degan umiddaman.OLG'A O'ZBEKISTON biz senga ishonamiz.faqat va faqat g'alaba tilab qolaman
12.06.2017 14:14

Menimcha eronga qarshi o'yinda tarkibga o'zgarishlar kiritiladi.
Bugun boshqacha O'zbekistonni ko'ramiz degan umiddaman.OLG'A O'ZBEKISTON biz senga ishonamiz.faqat va faqat g'alaba tilab qolaman
12.06.2017 14:14

Menimcha eronga qarshi o'yinda tarkibga o'zgarishlar kiritiladi.
Bugun boshqacha O'zbekistonni ko'ramiz degan umiddaman.OLG'A O'ZBEKISTON biz senga ishonamiz.faqat va faqat g'alaba tilab qolaman
12.06.2017 14:13

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz