Қайднома

Қидирув

Драган Черан: Ўзбек футболига профессионал легионерлар зарур

Драган Черан: Ўзбек футболига профессионал легионерлар зарур

  13.06.2017 03:34
  1
  2661
Драган Черан: Ўзбек футболига профессионал легионерлар зарур

Жорий мавсум олий лига баҳслари ўзгача бошланди ва шундай давом этяпти. Кутилмаган натижаларнинг кўплиги кучли жамоалар сафи кенгайганидан далолат бўлса, ажабмас. Мана, биринчи давра якунланмай туриб, мағлубиятга учрамаган бирор жамоа қолмади. Албатта, бундай ўзгаришларда чемпионатимизда тўп сураётган легионерлар алоҳида ўрин тутишмоқда.

Тан олиш керак, мавсум бошида клубларимиз таркибига бир қатор кучли легионерлар қўшилишди.  Хусусан, «Насаф» ҳужумчиси Драган Черан ҳам қисқа вақт ичида мухлислар меҳрини қозонди. Сербиялик голеадор аввалги мавсумнинг иккинчи даврасида сифатли ўйин­лари билан Қарши жамоаси камчиликларини ёпишга ҳаракат қилди. Дейлик, мавсумнинг иккинчи ярмида 13та ўйин ўтказиб, 12та гол урганди. Хуллас, газетамизнинг яқин ҳамкори - SPORTS.uz сайти яқинда айни пайт ҳам чакки кўринмаётган футболчидан махсус интервью олди.

- Драган, жорий мавсум шахсан сиз учун қандай кечмоқда?

- Айтишим мумкинки, ғоят қизиқарли. Бир қарашда, кучсиз жамоа қолмагандек. Ҳар бир ўйин ўзига яраша оғир кечмоқда ва ғалаба осонликча қўлга киритилмаяпти. Муҳими, ҳар бир иштирокчи сифатли футбол кўрсатишга уринмоқда.

- Хўш, ортда қолган ўйинлардан қай бирини энг мураккаби сифатида тилга оласиз?

- Муайян биттасини ажратиб кўрсатишим қийин. Юқорида айтдим, барча жамоаларда ўйин сифати анча ошгани сезилмоқда. Тўғри, биз учун «Локомотив» ва «Олмалиқ» клубларига қарши кечган учрашувлар қолганларига нисбатан оғирроқ ўтди, менимча. Умуман олганда, қайси ўйинда очко йўқотган бўлсак, унда анча қийналганмиз.

- Ўзбекистонга келишдан олдин Озарбайжонда тўп сургансиз. Ўзбек ва озар футболининг фарқли ва ўхшаш жиҳатларини пайқадингизми?

- Менимча, Озарбайжон футболи кучлироқ, чунки у ерда савияли легионерлар кўп. Айнан шу ҳолат чемпионат даражасини оширмоқда.

- Озарбайжон футболи кучлироқ эканлигини таъкидлаяпсиз, биламизки, бу юрт чемпионатида бош тўпурар бўлгансиз. Қизиқ, Ўзбекистонда ҳам бундай натижани такрорлай оласизми?

- Билмадим, балки бу ерда ҳам тўп­урарлар пойгасида ғолиб чиқарман, ахир мавсумнинг катта қисми ҳали олдинда.

- Ўтган мавсум номинал ҳужумчи сифатида ўйнаган эдингиз. Энди эса асосан олдинги чизиқда ҳаракатланяпсиз.

- Барчаси мураббий қарорига боғлиқ, лекин бундан қийналмаяпман. Энг муҳими, бу ўзгариш жамоага наф келтирмоқда.

- «Насаф»га ўтишдан олдин бир қатор клублар шарафини ҳимоя қилгансиз. Улардан энг кучлиси...?

- ... Фаолиятим давомида мен ўйнаган энг кучли клуб - бу «Вардар» (Македония). Ўша вақт жамоа таркибида кучли йигитлар тўпланишганди. Умуман, «Вардар» мамлакат футболи етакчиси саналади.

- Ўзбекистонга қайтамиз: бу ерда ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз?

- Жуда зўр. Яхши инсонлар, ажойиб жамоа... Футболчилар ва клуб раҳбарияти ўртасида ҳавас қиларли муносабат шаклланган. Яна албатта, беқиёс мухлислар бор! Хуллас, Ўзбекистонда ҳаммаси яхши ва мамлакатингиз шахсан менга жуда ёқди.

- Об-ҳаво хусусида қандай фикр­дасиз?

- Саудия Арабистонида 6 ой ўйнаганман. Демоқчиманки, нисбатан иссиқ иқлим мен учун янгилик эмас (кулади).

- Айтингчи, Европанинг кучли 5та чемпионати клубларидан ҳам бирор марта таклиф олганмисиз?

- Йўқ. Бу ҳозирча ўша даражага чиқолмаганимни англатади. Тўғри, агар ёшлигимда яхши агент билан ҳамкорлик қилганимда, балки ўйнаб кетармидим...? Бироқ энди кеч бўлди.

- Ўзбекистондаги фаолиятингиз давомида кўплаб шаҳарларни кўрдингиз. Агар имконият берилса, қайси шаҳарда ўйнашни хоҳлардингиз?

- Албатта, Қаршида. Сабаби, бу ерда ҳаммаси маъқул: талаб даражасидаги база, чиройли шаҳар, ва чинакам мухлислар. Хуллас, Қаршидаги муҳит - энг яхшиси.

- Энди мухлислар ҳақида: олий лигада қайси жамоанинг тарафкашлари кўп эканлигини билгандирсиз...

- Самарқанд, Қўқон ва Бухородаги стадионлар мухлислар билан тўлганига гувоҳ бўлдим. Шунингдек, Намангандаги арена ҳам лиқ тўлиши ҳақида эшитдим. Агар энг яхши стадионлар ҳақида гапирсак, «Бун­ёдкор»никига етадигани йўқ. Аммо жамоа мухлислари оз. Мисол учун, «Насаф» пойтахтда «Бунёдкор»га қарши ўйнаганида, стадионда қаршилик ишқибозлар кўп эканлиги яққол сезилди.

- Умуман, трибуналар босими сизга нечоғли таъсир қилади?

- Босим айрим йигитларга ҳаттоки, ёқади, баъзилар эса ўзларини йўқотиб қўйишади. Шахсан менга фарқи йўқ, чунки майдонга тушгач, бор эътиборимни ўйинга қаратаман. Кимдир бақиради, бошқаси ҳақоратлайди - бу футболнинг ажралмас қисми. Агар сиз барчасига эътибор берсангиз, унда ким ўйнайди?

- Ҳар йили юртимизга сербиялик футболчилар келишади, бироқ ҳаммалари ҳам аввалги клубларида қайд этган натижаларини такрорлай олмайдилар. Бунинг сабаби нима?

- Тўғриси, билмайман. Балки иқлим ёқмас ёки жамоа услуби тўғри келмас.  Шахсан ўзим бу масалада муаммо сезганим йўқ. Чунончи, бу ерга келишдан олдин Озарбайжонда ўйнаганман. Икки мамлакат ўртасида эса ўхшаш томонлари кўп: иқлим, дунёқараш ва ҳоказо... Шунинг учундир, «Насаф»га осонгина мослашдим.

- Жамоадошингиз Санжар Қувватов биз билан суҳбат чоғи сизни олий лигадаги энг кучли футболчи сифатида таърифлади. Хўш, сизнинг наздингизда олий лигадаги энг кучли футболчи ким?

- Азиз Ғаниев! У ёш ва иқтидорли. Ўз устида кўп ишлайди ва майдонда эркин ҳаракатланади. Шу боис, Азизни олий лигадаги энг яхши футболчи сифатида кўрсатаман.

- «Насаф» мавсумда ёмон старт олмади - ОЧЛ саралаш босқичини йирик ҳисобли ғалаба билан бошлади. Бироқ «плей-офф»да кутилмаганда, мағлубиятга учради. Ўшанда жамоага нима етишмаганди, сизнингча?

- Ҳа, биринчи ўйинни ажойиб ўтказдик. Лекин «плей-офф»да «Ал-Ҳидд»­дан кўра, анча кучли рақибга дуч келдик. Ўйлайманки, меҳмонда ўйнаганимизга қарамай, сифатли футбол кўрсатдик, вазиятлар яратдик. Бироқ ўйин тақдирини биргина хато ҳал қилди.

- «Насаф» сафига ўтган мавсумнинг иккинчи даврасида қўшилиб, 13та ўйинда 12та гол урдингиз. Жорий чемпионатдаги статистикангиз эса пастроқ...

- Ҳаммаси оддий, ўша вақт рақиблар мени билишмасди, ҳисоб. Шу боисми, гол уришда унча қийналмадим. Аслида мен учун кимнинг гол уриши эмас, «Насаф»нинг ғалаба қозониши муҳим. Дейлик, ўзимдан қулайроқ вазиятда турган жамоадошимдан тўпни сира қизғанмайман.

- Қизиқ, нима учун айнан Ўзбекистонни танладингиз? Айтайлик, яхшироқ таклифлар ҳам бормиди?

- Очиғи, бошқа чорлов йўқ эди. Қисқаси, жамоасиз қолгандим ва агентим Ўзбекистонда ўйнаш вариантини айтгач, таклифни мамнуният билан қабул қилдим. Чунончи, мамлакатингиз футболи ҳақида олдин ҳам кўп эшитгандим. Мисол учун, Ривалдо ва Сколари вақтида «Бунёдкор»да фао­лият юритишганини биламан.

- Сербияда қайси футболчига мухлислик қилгансиз?

- Панчев! Дарко Панчевни эсласангиз керак. У мамлакат тарихидаги энг яхши ҳужумчи. Бугунги кунда эса Неманья Матичга ҳурматим баланд. Бу футболчини ҳам биласиз, албатта.

- Сизни Сербия терма жамоасига ҳам чақиришганми?

- Ҳа, маълум маънода. Яъни мамлакатимизнинг U-21 тоифасидаги терма жамоасида ўйнаганман.

- Бутун фаолиятингиз давомидаги энг чиройли голингиз...?

- Мен учун энг чиройлиси - «Насаф» таркибида «Ал-Ҳидд» дарвозасига урганим. Ҳарқалай, гол шахсан ўзимга жуда маъқул тушганди.

- Юртимизда асосан қайси тилда мулоқот қиляпсиз?

- Инглиз тилида гаплашиш қулайроқ. Лекин клубда ҳамма ҳам бу тилни тушунмайди. Шу боис, рус тили мен учун асосий муомала воситасига айланди. Яхшиямки, русчада гаплашиш қийин эмас, кўп иборалар сербчага яқин.

- Миллий таомларимиз ҳақида нима дея оласиз? Қайси таом манзур бўлди?

- Палов жуда ёқди, сомса ҳам мазали экан. Яна бир таом маъқул келди, лекин номини эслаб қололмадим...


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Билдирилган фикрлар


Yaxshi saviyadagi ligoner,lekin Serbiyadan ekanligi o'ziga minus
13.06.2017 11:29

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz