Қайднома

Қидирув

Кайфият қандай азиз мухлис?

Кайфият қандай азиз мухлис?

  13.06.2017 06:27
  2
  2949
Кайфият қандай азиз мухлис?

Эрон ва Ўзбекистон терма жамоалари ўртасидаги учрашувдан бир кун аввал мухлислар билан мулоқот ҳар доимгидан ҳам қизғин тус олди. «Биродарим, бугун-эрта 60 ёшни қаршилайман,-дея сўз бошлади юнусободлик Баҳодир ака Валиев. - Ярим асрдирки, футбол, «Пахтакор»га мухлислик қиламан. Бошқалар билмаса ҳам, сиз яхши эсласангиз керак, маҳалладошларимнинг «Пахтакор» стадионига гуруҳ бўлиб боришларини. Ярим аср оз муддатми? Бугун набирам Азамат ўша илк мухлислик дамларимни ёдимга солмоқда. Дарвоқе, унинг исми бежиз Азамат эмас. Азамат Абдураимовга ҳавас билан қўйилган бу исм. Хуллас, ярим асрлик мухлислик ҳурмати терма жамоамизни қўллаб-қувватлаш учун Россияга боришдан умид қилсам бўладими?»

Юқорида савол жиддий. Савол берувчи Турон фанлар академияси академиги. Вазиятни юмшатгимиз келди ва суҳбатдошимиз сўзларидан ҳазил ясадик: «Баҳодир ака, аввало, қутлуғ ёшингиз муборак бўлсин! Биласизми, 60 ёш, Бахтиёр Исоқов таъбири билан айтганда, 6:0 демакдир. Сиз ҳаётингиздаги рақибларни 6:0 ҳисобида енгмоқдасиз. Термамиз ҳам бир кун, албатта, шундай йирик ғалабалари билан барчамизни шодлантиради. Сабр қилсак, барчасини кўрамиз. Ана, Англия футболи ҳам жаҳон чемпиони мақомини ярим аср кутди. 1966 йил воқеасидан сўнг ниҳоят, инглиз ёшлари жаҳон чемпионати ғолибига айланишди». Тасалли Баҳодир акага маъқул тушди ва  у киши билан хуш кайфиятда хайр-хўшлашдик. Кейин бошқа мухлисларнинг ҳам кўнглини кўтардик, улардаги ишончни мустаҳкамлашга интилдик. Ҳаммалари бизни тушунишди, назаримизда. Нега энди тушунишмасин?! Ахир 2017-2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришга мўлжалланган ҳаракатлар стратегияси дадил одимламоқда. Эрта-индин барчаси бошқача суръат олиши муқаррар. «Жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарор - ҳаракатлар стратегиясининг узвий қисми. Агар жисмоний тарбия ва спортнинг оммавийлиги таъминланса, истеъдодлар сони ортади, онг ўсади, тафаккур қувватланади. Тор доирадаги хос маш­ғулотлар айрим истеъдодлар табиатидаги нуқсонлар ривожланишига йўл очади. Натижада спортчилар феъл-атворида ўзбилармонлик, калондимоғлик, масъулиятсизлик каби салбий иллатлар илдиз отади. «Сурхон» - «Андижон» учрашуви якунидаги кўнгилсизлик бирдан пайдо бўлиб қолган, деб ўйлайсизми? Йўқ, бу каби машмашалар футболимизга анчадан буён соядек эргашиб юрибди. Гоҳо жанжал учқуни алангаланмайди, баъзан эса урушқоқлик оловини сув сепиб ўчиришади. Демоқчимизки, пардага ўралган ёки зирҳланган адоват ҳамиша мавжуд аксар мухлислар ва футболчиларда. Гарчи очиқ-ойдин юзага чиқмаётган бўлса ҳамки, бундай иллатнинг мавжудлиги кишини ўйга толдиради. Бир вақтлар мактаб стадионида «Оёғига теп, ур, синдир!» деб ўқувчиларни «рағбатлантираётган» ўқитувчига танбеҳ бергандек. «Ким кимнинг оёғини синдириши керак, домла?» деган саволимизга у киприк қоқмай «Рақиб рақибни. Футбол - аёвсиз ўйин!» қабилида жавоб қайтарганди. Ўшанда баҳсни тўхтатиб, ўқувчиларга бундай кайфиятда футбол ўйнашдан маъно йўқлигини уқтиргандик. Афсуски, уқтиришлар ҳар доим ҳам самара беравермайди. Шу пайтгача қанча-қанча муҳим маслаҳатлар ҳавога учди, жўяли мулоҳазалар газета тахламлари аро кўмилди. «Сурхон» - «Андижон» учрашуви якунидаги жанжал - биз учун огоҳлик қўнғироғи. Футбол - миллиардлар ўйини ва айни чоғда мардлар баҳси. Уни ёввойи ва бузғунчи эҳтирослар измига топшириш - кечирилмас ҳол. Ёввойи эҳтирос ва бузғунчи кайфиятнинг илдизи ўз вақтида, ўз ўрнида кесилиши шарт. Токи тегишли жазо ва жамоатчилик муносабати футболга нисбатан ҳурматсизлик қилганлар кўзини очсин! Тўғри, футбол оламида эҳтиросга бериладиган, хурмача қилиқли истеъдодлар ҳам учраб туради. Лекин ҳар қанча жазавага тушмасинлар, улар рақибга атайин, қасддан  азият етказишмайди. Ноҳақнинг косаси оқармайди. Буни футбол дунёси жуда яхши билади.

Ёрқин мисол, принципиаллик бобида Шотландия ва Англия терма жамоалари ўртасидаги учрашувга тенг келадигани кам. Икки жамоанинг охирги ўзаро ўйини ҳам одатдагидек, бемисл драма билан якунланди. Нисбатан кучсизроқ саналган шотланд­лар ўйин охирида бир хил стандарт вазиятлардан 2 марта  гол уриб, ҳисобда олдинга ўтиб олишди. Бунга тоқат қилолмаган инглизлар жон ҳолатда олға интилишди ва Гарри Кейннинг голи дурангни таъминлади. Биз учун муҳим жиҳати шундаки, ҳар икки жамоа аввало, очко эмас, балки ор-номус учун тўп сурди, ҳалол курашди. Майдонда ор-номус учун тўп тепилса, томирлардаги қон бошқача оқади, очко олиш учун гол урилмайди, аксинча, ор-номус йўлида гол урилади ва очко олинади. Роберт Левандовски, Стефан Йоветич қайд этган «хет-трик»­лар шундай шукуҳ ва илҳом самарасидир. Форс футболчиларининг Черногория термасини сафарда енгишгани юртимиздаги мухлисларни хавотирга солганди. Ҳолбуки, Стефан Йоветич ўша Сардор Азмунга ён бериб, пайт пойлаган экан. У «МЮ» ва кимсан Моуриньонинг ишонгани - Генрих Мхитарянни йирик ҳисобда енгди. Юрагида ўти бор профессионални омад олқишлайди. Кўкракда иштиёқ олови ёнмаса, ғалаба қозониш қийин. Евро-2016да Криштиану Роналдуни қийнаган Венгрия термаси нима сабабдан миттигина давлат - Андорра футболчиларига имкониятни бой берди? Ҳафсаласизлик боис! Шундай ҳафсаласизлик туфайли венгр футболчилари Станислав Черчесовнинг янгиланган таркибидан ҳам мағлубиятга учрашганди. Бу каби бемажол ўйинлар мухлислар аламини қўзғайди. Шу маънода айтсак, мардона енгилиш ҳам футболнинг безагидир.

Ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати финалида ажойиб ўйин намойиш этган, англиялик шов­возларга муносиб қаршилик қилган венесуэлалик футболчилар бу жиҳатдан чинакам ибрат кўрсатишди. Шунинг учун улар чемпионлик шоҳсупасига чиққанлар қатори ол­қишларга кўмилишди. Қаранг, Венесуэла футболи ҳам хал­қаро майдонда ўз сўзини айта бошлади. Демак, сабр қилмоқ ва умидвор бўлмоқ даркор. Асосийси, ўзгарувчан кайфиятнинг қулига айланмасак, бас! Хўш, кайфият қандай, азиз мухлис?

Муҳаммад Вали


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Билдирилган фикрлар


Qanaqa maqola bu eee
Qanaqa kayfiyat?Qanaqa sabr toqat?Kalla joyidami Muhammad Vali?Yo ustimizdan kultapsizmi
13.06.2017 11:24

Kayfiyat alo
13.06.2017 09:11

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz