ОФК миқёсидаги ЖЧ-2018 саралаши якуний паллага кирди. Ҳал қилувчи раунднинг 8-туридан ўрин олган Австралия - С.Арабистони учрашуви «соккеруз»нинг Конфедерациялар кубогига бориши сабаб, 23 март куни, Эрон - Ўзбекистон ўйини эса кеча бўлиб ўтди. Бугун эса яна 4та ўйин бор. Айни пайт ҳар икки гуруҳга назар ташлаб, бир хил фикрлайсан: жамоалардаги юқори эътибор ва шижоат саралаш охиригача сақланиб қоладими? Дейлик, Қатар ва Ироқ термалари қолган ўйинларда ҳам етарли мотивация билан ҳаракатланадими? Чунончи, уларда «плей-офф»гагина чиқиш умиди бор, холос. Саволни сал бошқача қўйиш ҳам мумкин: Моҳаннад Абдул Раҳим (Ироқ) ва Аҳмад Халил (БАА) сингари сўнгги босқич тўпурарлари, гарчи жамоалари аҳволи ҳавас қиладиган даражада бўлмаса ҳам, ўз голлари ҳисобини оширишда давом этишармикин?
«A» гуруҳи
ҚАТАР - ЖАНУБИЙ КОРЕЯ
Сўнгги ўзаро ўйин. 2016 йил 6 октябрь. Сувон. «Сувон Уорлд Кап» стадиони. 32550 томошабин.
Ж.Корея - Қатар - 3:2.
Ҳакам: Моҳд Амирул Изван Ёқуб (Малайзия).
Голлар: Ки Сун Йонг (11), Жи Донг Вон (56), Сон Хюн Мин (58) - Ҳассан ал Ҳайдос (16-пен.), Себастьян Сория (45).
Икки жамоа шу пайтга қадар 8 марта ўзаро учрашган. Умумий ҳисоб-китобда корейслар устун: улар 5та учрашувни ўз фойдаларига ҳал қилишган, Қатар термаси эса атиги бир марта ғалаба нашидасини сурган. Яна 2та ўйинда эса кучлар тенг келган. Бу икки жамоа ўртасидаги илк ўйин 1989 йилнинг 13 октябрида кузатилган ва унда ҳисоб очилмаган - 0:0. Қатарликлар шу-шу мундиал саралашида корейслардан бошқа очко ололмаяптилар. Умуман, Ж.Корея термаси бу ўйинларда 10та гол урган. Яна бир томони, сўнгги йилларда икки жамоа ўртасида ўртоқлик ўйинлари ташкил этилмаяпти. 7 июнь куни Ироқ термасига қарши «ўртоқлик»да майдонга тушган корейслар 0:0 ҳисоби билан кифояланишди. Бу учрашувда ҳар икки жамоанинг 3-4-3 тактик схемасини қўллагани эътиборга молик. Хусусан, Ж.Корея термаси олдинги чизиғида Сон Хюн Мин (7-рақам) - Жи Донг Вон (9-рақам) - Ли Чун Йонг (17-рақам) учлиги ҳаракатланди. Ули Штилике бошчилигидаги мураббийлар штабида 2002 йили «Олтин тўп»га даъвогарлар рўйхатига киритилган Сеул Ки Хён (ЕЧЛда гол урган кореялик биринчи футболчи) ҳам бор. Кўринишидан, корейслар бўлажак учрашувда ҳам қатъий уч ҳимоячи усулида ўйнамоқчилар (ушбу тактик чизма Англия премьер-лигасининг сўнги мавсумида роса урф бўлди). Чунончи, қатарликлар ҳужумни хуш кўришади. Хуллас, Штилике шу ўйин орқали жамоаси ҳимояси прессингга қандай дош бериши ва қарши ҳужум тезлигини текшириб кўрмоқчи, чоғи. Германиялик мутахассис Қатар чемпионатида тўп сурувчи Хан Кук Йонг ва Нам Тае Хи каби ярим ҳимоячиларга ҳам имконият берса керак.
IF тахмини: 30 фоиз (Қатар термаси ғалаба қозонади) - 30 фоиз (дуранг қайд этилади) - 40 фоиз (Ж.Корея термаси ғалаба қозонади).
СУРИЯ - ХИТОЙ
Сўнгги ўзаро учрашув. 2016 йил 6 октябрь. Сиань. «Шаанкси музофоти» стадиони. 37368 томошабин. Хитой - Сурия - 0:1. Ҳакам: Маҳмуд Тақи (Сингапур). Гол: Маҳмуд ал Мавас (54).
Шу кунгача бўлган 9та ўзаро ўйиннинг 5тасида хитойликлар, 3тасида эса сурияликлар ғалаба қозонишган. Демакки, 1та учрашувда кучли томон аниқланмаган - дуранг. Умуман, Сурия ва Хитой термалари илк марта 1980 йилнинг 23 сентябрь куни Осиё кубоги гуруҳ босқичи доирасида учрашган ва унда қадим Шом юрти вакиллари ягона гол эвазига устун келишган. Умуман олганда, Сурия термаси 2010 йилдан буён хитойликларга ютқазмаяпти. 7 июнь куни Япония термаси билан ўртоқлик баҳсида куч синашган сурияликлар 1:1 ҳисобини қайд этишди. Учрашувнинг 48 дақиқасида Амро Женият томонидан ошириб берилган тўп Мардик Мардикянга насиб қилди ва у ҳисобни очди. Сурияликлар ўйин давомида олдиндан синалган 4-5-1 тактик схемаси асосида тўп суришди. Жамоа ҳужум чизиғининг энг юқори позициясида Мардик Мардикян ҳаракатланди. Ўнг қанот ҳимоячиси ролини бажарган Амро Женият эса аслида ярим ҳимоячи саналади. Хитой термасининг тайёргарлигига келсак, Марчелло Липпи жамоаси 7 июнь куни Филиппин термасига қарши кечган ўртоқлик учрашувида муаммосиз ютуққа эришди - 8:1. Нисбатан заифроқ рақиб устидан қозонилган йирик ҳисобли ғалаба баъзан жамоа зарарига ишлаши ҳеч гап эмас. Аммо ҳужумда Ву Лэй ва Денг Ханвен жуфтлигидан фойдаланишни кўзлаётган италиялик тажрибали мураббий расмий учрашувда қандай иш тутишни яхши билади. Бир қарашда, Малайзиянинг Крубонг шаҳрида бўлиб ўтиши кутилаётган учрашувда фаворит йўқ.
IF тахмини: 35 - 25 - 40.
«B» гуруҳи
ИРОҚ - ЯПОНИЯ
Сўнгги ўзаро учрашув. 2016 йил 6 октябрь. Саитама. «Саитама 2002» стадиони. 57768 томошабин. Япония - Ироқ - 2:1. Ҳакам: Ким Донг Жин (Ж.Корея). Голлар: Генки Харагучи (26), Хотару Ямагучи (90}5) - Саад Абдул Амир (60).
Икки жамоанинг ўзаро ўйинлари сони - 12та. Шунча учрашувнинг 7тасида японлар ва 3тасида ироқликлар ғалабани тантана қилишган. Хуллас, рақиблар 2 марта муроса кўчасида тўхташган. Бўлажак рақиблар мундиал йўлида илк марта 1993 йилнинг 28 октябрь куни тўқнаш келишган ва унда ғолиб томон аниқланмаганди - 2:2. Умуман, Ироқ миллий жамоаси бундай мақомдаги ўйинларда японларни сира енголмаяпти. 7 июнь куни Ж.Корея термасига қарши майдонга тушган Ироқ миллий жамоаси ҳимояни мустаҳкам ушлади, аммо шунинг баробарида ҳужумда айтарли каромат кўрсатолмади - 0:0. Шу куни ироқликлар устози ҳимояда Аҳмад Иброҳим Халаф (2-рақам) - Амжад Атван (5-рақам) - Али Бахжат Фозил (3-рақам) учлигига ишонч билдирди. Айнан 7-санада Сурия термасига қарши кечган ўртоқлик учрашувида японлар миллий жамоаси олдинги чизиғида Юя Осако - Юя Кубо - Генки Харагучи учлиги тўп сурди. Айтиш жоиз, сурияликлар айни пайт «самурайлар» ҳимоясида муаммолар борлигини кўрсатиб беришди. 22 май куни Ироқ терма жамоаси бош мураббийи лавозимига тайинланган Басим Қосим олдида ўта мураккаб вазифа турибди. Жамоа нима қилиб бўлсаки, Теҳронда ғалаба қозониш шарт. Японларни эса навбатдаги 3 очко Россия-2018 мундиалига олиб чиқади, ҳисоб.
IF тахмини: 40 - 20 - 40.
ТАИЛАНД - БАА
Сўнгги ўзаро ўйин. 2016 йил 6 октябрь. Абу-Даби. «Муҳаммад бин Зайд» стадиони. 18242 томошабин. БАА - Таиланд - 3:1. Ҳакам: Лиу Квок Ман (Гонконг). Голлар: Али Мабҳут (14, 47), Аҳмад Халил (90}3) - Тана Чанабут (65).
Икки жамоа шу пайтга қадар 9 марта ўзаро куч синашган. Статистика бўйича араблар анча олдинда - 6та ғалаба. Таиланд термаси эса 2 бора зафар қучган ва яна 1та ўйинда дуранг қайд этилган. БАА ва Таиланд миллий жамоалари мундиал йўлида илк марта 1993 йилнинг 13 апрелида учрашган. Ўша баҳс ҳам амирликларнинг 1:0 кўринишидаги ғалабалари билан ниҳоялаганди. ФИФА рейтингида 75 ва 127-ўринни банд этиб турган жамоалар ўртасидаги баҳсда ҳаммаси равшандек. БАА миллий жамоасида иш бошлаган янги бош мураббий Эдгардо Бауса Ливан термасига қарши «ўртоқлик» асносида шогирдлари билан яқиндан танишиб олиши мумкин эди. Бироқ бу учрашув бекор қилинди. Шунга қарамай, амирликлар ўша куннинг ўзида янги рақиб топишди - Лаос терма жамоаси. 4:0 ҳисобида БАА термаси ғалабаси билан якунланган ўйиндан хулоса қилсак, аргентиналик мутахассис ҳам олдинги чизиқда Али Мабҳут ва Ахмад Халилга катта умид боғламоқда. Шунингдек, «Ал-Наср»нинг 29 ёшли вакили Тариқ Аҳмад терма жамоа либосидаги 4-ўйинида голлари ҳисобини очди.
IF тахмини: 25 - 25 - 50.
ФИКРАТ
Манба: www.interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20