Қайднома

Қидирув

Олий лига – дастлабки таҳлил

Олий лига – дастлабки таҳлил

  15.06.2017 00:38
  1
  792
Олий лига – дастлабки таҳлил

Ниҳоят, Европада футбол мавсуми тўлиқ якунига етди ва энди бор эътиборни ўз чемпионатимизга бурсак бўлаверади. Чемпионлар Лигаси финалида «Реал» ва «Ювентус» ўртасида кечган ўйинга маҳлиё бўлиб қолганларга айтар гапимиз - Роналду учун шодланиб, Буффон учун қайғураётган маҳалингиз Ўзбекистон олий лигаси деярли ярмига келди.

Ортда қолган 12та тур давомида кўпдан-кўп қизиқарли ишлар ҳам кузатилди. Масалан, «Локомотив» бу йил яна чемпионлик нишадаси суришдек шижоатга эга, аммо унга асосий қаршиликни «Пахтакор», «Бунёдкор» ёхуд «Насаф» эмас, балки «Қўқон-1912» кўрсатмоқда. Ҳа, тўғри эшитдингиз - «Қўқон-1912»!

КАШФИЁТ

Ўзбекистон чемпионати қисқа фурсатли танаффусга чиқди ва энди дўппини ёнга олиб, ўтган ўйинларни бафуржа муҳокама қилишимиз мумкин. Олий лигада ҳар йили қайсидир жамоа кутилмаган натижалари билан ҳайрон қолдиради. Аммо бу асосан мавсум бошига тааллуқли бўлиб, 4-5та турдан сўнг ҳаммаси жой-жойига тушиб кетарди. Бироқ бу йил вазият анча бошқача тус оляпти. Мана, биринчи давра якуни кўриниб қолдики, «Қўқон-1912» шаштини пасайтиришни ўйлагани йўқ. Қўқонликлар мўъжиза кўрсатишга шу қадар берилиб кетдиларки, ўтган мавсум олий лигада «жон» сақлаш учун курашган клубни ҳозир асло танимайсиз. Қаторасига 11та ўйиндан буён мағлубият нималигини билмай келаётган жамоа ҳақида яна нима дейиш мумкин? Шундай экан, Нўъмон Ҳасанов шогирдлари ҳақли равишда олий лигада 2-ўринни эгаллаб турибдилар. Ҳа, ҳозир чемпионлик учун кураш «Локомотив» ва «Қўқон-1912» ўртасида кечмоқда. Бир йил олдин бунақасини фантастика жанридан ҳам топа олмасдик. «Насаф» ҳам бу курашга қўшилишга уринмоқда, аммо ҳозирча самарасиз. Анъанавий етакчилардан яна бири «Пахтакор» ички муаммоларга ўралашиб қолган бўлса, «Бунёдкор» ҳозирча юқори ўнликни орзу қилиш билан овора. «Қўқон-1912»нинг шашти эса баланд, дейлик, «Локомотив»га қарши кечган 11-тур баҳсида ғалаба қозонишига сал қолди. Бу учрашув кескин кураш остида ўтди ва 1:1 ҳисобида якунига етганини инобатга олсак, қўқонликларнинг даъволари анча жиддий кўринмоқда. Анча. Ёдингиздами, ўтган йили «Лестер» Англия чемпионатида ғолиб чиққанида, катта шов-шув кўтарилганди. «Қўқон-1912»нинг эса ўзбек футболида шундай «сенсация» яратиши учун чемпион бўлиши шарт ҳам эмас. Биз вазиятга реал қараймиз ва эртакнамо тасаввурлардан йироқмиз. Айтар гапимиз қуйидагича - агар қўқонликлар мавсум охиригача шу ўринни сақлаб қолсалар ва ОЧЛ йўлланмасини қўлга киритсалар, бу мисли йўқ «сенсация» сифатида баҳоланади.

ОМАДСИЗ

«Бунёдкор» ўтган мавсумни ёмон ўтказмади ва охирги йиллар давомидаги энг яхши натижасини қайд этиб, кумуш медални қўлга киритди. Аммо шунда ҳам «қалдирғочлар» чемпионликка росмана даъво қилолмагандилар. Ҳарқалай, мавсумни ўта ишончли ўтказган «Локомотив» орадаги фарқни охирига қадар хотиржам ушлаб турди. Бу йил ўша «Бунёдкор»дан асар ҳам қолмади. Ўтган мавсумдан қолган тасаввурларнинг барчаси чил-парчин синди, гўё. Қаранг, жамоа жорий йил олий лигада 11та ўйин ўтказди ва шулардан 2тасидагина ғалаба қозонди. 3та учрашувда мағлубиятга учраган бўлса, нақ 6тасида 1 очко олиш билан чекланди. Натижа шунга яраша - 12-ўрин. Бу ҳолат клуб бошқарувида ўзгариш қилиш заруриятини келтириб чиқарди. Аммо шу ҳам ҳозирча «Бун­ёдкор»га ёрдам бермаяпти. Клуб мухлислари Миржалол Қосимовга катта умид боғлашгани рост. Бироқ унинг «Бунёдкор» бошқарувини қўлга олганига ҳам бир ой бўлдики, ҳали самара кўрингани йўқ. Дейлик, Қосимов «Бунёдкор» билан олий лигада ҳали бирорта ғалабага эришмади - 2та дуранг ва мағлубият. Албатта, «Бунёдкор»дек клуб бундай муваффақиятсизликка қараб турмаслиги аниқ ва давралар оралиғида таркиби кучайтирилса керак. Бироқ олий лиганинг ҳозирги энг омадсиз клуби бу билан вазиятни ўнглай оладими? Шуниси баҳсли масала. Ахир таркиб шундоқ ҳам ёмон эмас, деярли ҳар бир футболчи турли терма жамоаларга номзод ҳисобланади. Аммо натижа...

АБРАМОВ

«Нефтчи» Андрей Фёдоровни бош мураббийликдан истеъфога чиқарди. Гарчи клубнинг шонли даври ортда қолганига энг инжиқ мухлис ҳам  кўникиб улгурган бўлса-да, «Локомотив»дан учралган 0:4 ҳисобли мағлубият сабр косасига томган сўнгги томчидек қабул қилинди, барибир - мураббийга жавоб берилди. Ҳаттоки, бу омадсизлик амалдаги чемпион билан баҳсда қайд этилганига ҳам эътибор қаратилмади. Тўғри-да, нима учун вилоятнинг бир жамоаси чемпион билан тенгма-тенг ўйнагани ҳолда, бошқаси йирик ҳисобда енгилиши керак? Фёдоровни ишдан олиш учун яна қандай сабаб керак? Хуллас, Андрей Фёдоров «Нефтчи»дан кетди ва ўрнига Вадим Абрамов таклиф этилди. Ҳозирча фарғоналик мухлислар кайфияти анча яхши, Карленовичнинг иш бошлагани ҳаммани руҳлантириб юборди. Бироқ Вадим Абрамов амалда «Нефтчи»га нечоғли ёрдам бера олади? Бу саволга жавоб беришга шошилмаган маъқул. Зеро, мураббий 2 йилдан буён ишсиз юрганди ва бу орада олий лига анча ўзгаришларга юз тутди. Энди ўйинлар шиддати ошган ва ҳаттоки, аутсайдер клублар ҳам қўрқмай майдонга тушмоқда. Абрамов ҳозирги шароитга мослаша оладими? Бунисини ҳам вақт кўрсатади. Масалан, худди Абрамов сингари узоқ вақт футболдан четда юрган Миржалол Қосимов ҳозирча мослаша олгани йўқ. Айнан шу сабабга кўра, «Нефтчи»нинг ўйинларини кузатиш икки ҳисса қизиқарли. Вадим Абрамов ҳужумкор футболни яхши кўради. У Ўзбекистон терма жамоасидаги иши билан мухлислар кўнглини олган. Кейинчалик «Локомотив» тарихида илк бора кубокни қўлга киритди. Кўрамиз, «Нефтчи»ни ҳам ўша шонли даврига қайтара олармикан...?

НИМА КУТАМИЗ?

Олий лиганинг жорий мавсумидан исталган натижани кутиш мумкин. Ҳар бир клубнинг ўз олдига қўйган мақсади бор ва уни бажариш учун қўлидан келган барча ишни бажариши турган гап. Биз эса ўз тахминимизни билдиришга уриниб кўрамиз. Энг аввало, «Қўқон-1912» ҳақида. Зеро, бу клубни ҳар қанча гапирсак оз. Бироқ оғир ботсада, айтиш лозим, қўқонликлар мавсумни ажойиб бошлаган ва энг муҳими, ҳайратланарли даражада барқарорлик намойиш этаётган бўлсалар-да, иккинчи даврада кучли учликда қолишга қийналсалар керак, барибир. Бунинг бир қатор сабаблари бор. Биринчидан, клубнинг захира ўриндиғи бутун мавсумни текис ва тўкис ўтказадиган даражада кенг эмас. Қолаверса, давралар оралиғида баъзи жамоалар сингари таркибини кескин кучайтиролмаса керак. Мавсум борган сари қизиб бормоқда. Тур ўтгани сари очко олиш қи­йинлашиб бораверади. Аксинча, «Қўқон-1912»га рақобат қиладиган клублар айнан шу масалада устунликка эга. Ёдингиздами, «Насаф» ўтган мавсум иккинчи давра олдидан таркибини кучайтирган ва асосий ғалабаларини мавсумнинг охирида қўлга киритганди. Рўзиқул Бердиевнинг бу йил ҳам селекция ишларини тўғри олиб боришига шубҳаланиш ноўрин.

Боз устига, «Пахтакор» ҳам ўз амбицияларини намойиш этиши та­йин. Клуб улкан ўзгаришлар остонасида турибди ва биринчи давра якунига етгач, хориждан кучли мураббий ва футболчилар таклиф этилиши кутилмоқда. Бу эса ўйин сифатига таъсир қилади. «Пахтакор» ўз олдига асосий вазифа сифатида ОЧЛ йўлланмасини қўлга киритишни қўйган ва бу мақсадга эришиш йўлидаги яна бир восита - кубок учун курашдан чиқиб кетганини инобатга олсак, асосий эътиборни олий лигага қаратиши аниқ. Шундай экан, тошкентликлар қандай бўлмасин, кучли учликка киришга ҳаракат қиладилар. Бу эса «Қўқон-1912» каби мўъжиза яратиш пайидаги клубларга етарли мушкулотлар туғдиради. «Бунёдкор»-ку кубокдаги иштирокини давом эттирмоқда ва балки олий лигани «қурбон» қилиш эвазига бор эътиборини иккинчи турнирга қаратар... Аммо «Пахтакор»да ортга чекиниш учун ҳеч қандай йўл қолмаган. Шундай экан, Нўъмон Ҳасанов шогирдлари кучли учликда қолишни исташса, яна-да кўпроқ куч сарфлашларига тўғри келади.

ТУШИБ КЕТИШ МАСАЛАСИ

Ўз навбатида, олий лиганинг қуйи қисмида борадиган кураш ҳам ҳаммани бирдек қизиқтиришига шубҳа йўқ. Қизиқ томони, бу борада баҳсу-мунозараларга ўрин қолмаслиги ҳам мумкин эди. Чунки яқинда урчиган хабарларга кўра, «Обод» олий лигадаги иштирокини ихтиёрий равишда тўхтатиши мумкинлиги айтилганди. Бахтимизга, бу хабар ҳозирча расман тасдиғини топгани йўқ. Топмасин ҳам. Боз устига, «Шўртан»да ҳам муаммолар бор. Ғузорликлар билибми-билмай, 2011 йили сербиялик Урош Милославлевич билан шартнома имзолашган экан, олий лигадан бадарға бўлишлари ҳеч гап эмасди. Очиғи, ўша футболчини унча эслай олмадик (эслашнинг ўзи бўладими, ахир ҳар йили бундай «легионерлар»дан қанчаси келиб-кетади...). Аммо ФИФА хотира мустаҳкам, «Шўртан» Милославлевичдан бўлган 59 минг доллар миқдоридаги қарздорликни вақтида ёпмагани учун қуйи лигага тушириб юбориши мумкин эди. Хайриятки, клуб қарзни тезда узди ва олий лигада қолиши мумкинлиги ҳақида хабар берилди.

ЯКУН

Нима бўлишидан қатъий назар, олий лигада «жон» сақлаш учун кураш қизиши тайин. «Нефтчи»га Вадим Абрамов борди, демак, энди фар­ғоналиклар таркибида анча-мунча ўзгариш қилинади. Аммо ҳаттоки, у ҳам «Нефтчи»ни юқори ўринларга олиб чиқолмаса, асло ҳайрон қолмасдик. Зеро, лигамиз ҳозир шунақа, кутилмаган совғаларга бой чемпионатга айланган. Абрамов эса бу совғалар орасида адашиб қолмаслиги учун замон билан ҳамнафас ишлаши керак. Шунингдек, «Бунёдкор» ҳар қанча омадсиз ўйнаётган бўлса ҳамки, уни «жон» сақловчилар сафига қўшиш бемаънилик саналади. Аммо мусобақа жадвалидаги ўрнидан келиб чиқиб хулоса чиқарсак, мана шу бемаъниликка қўл уришга мажбурмиз. Ҳа, «қалдирғочлар» вазиятни ўнглашга дарҳол киришмасалар, мавсум охирида «Обод», «Нефтчи», «Металлург» ва «Шўртан» қатори олий лигада қолиш учун курашишларига тўғри келади. Оддий мухлис учун бу курашни кузатиш анча қизиқарли, албатта. Зеро, бизни фақат бир нарса - ҳалол ва шиддатли ўйин ўзига жалб этади. Европа футболидан бўшадингизми, марҳамат, сиз ҳам бу курашни кузатиб боринг, афсусланмайсиз...

PS: мазкур мақола олий-лиганинг ортада қолган 12та тури асосида ёзилган. 13-тур воқеалари киритилмаган

АБДУЛЛОҲ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Билдирилган фикрлар


Яхши мақола, лекин #babayanout
15.06.2017 00:45

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz