Жон Терри «Челси» учун хайрлашув ўйинини ўтказди ва шу муносабат билан кўклар тарихидаги бош сардорнинг буюклик сари осон бўлмаган ҳаёт йўлига назар ташладик.
«Жон, Деннис Уайзга қарасанг-чи! У клубимиз учун 300дан ортиқ баҳсда майдонга тушган ва ҳозир ҳам формада. Сен ҳам шундай бўлишни истармидинг?» - деб сўради Терридан унинг адаши Жон Харли. Машғулотлардан сўнг улар тез-тез бирга тушлик қилишар ва буюк карьералари ҳамда ғалабалари тўғрисида орзу қилишарди. Ўшанда 1997 йил эди. Ёшгина Жон Терри таянч ҳимоясида фаолият кўрсатар, аммо сўнгги пайтларда ҳимоячилар етишмаслиги боис мураббийлар ундан шу позицияда кўпроқ фойдаланишарди.
Жон Харли - «Челси»нинг чап қанот ҳимоячиси, вундеркинд. Болалар жамоаси мураббийлари айнан унинг тимсолида бўлғуси юлдузни кўришганди. «Агар бола 15-16 ёшида ажойиб ўйин кўрсатса, бу 20 ёшга бориб у юлдуз бўлади дегани эмас», - ҳақли равишда таъкидлаганди «Челси»нинг ёшлар мураббийи Боб Осборн. Жон Харлининг болалик орзуларини эса ҳаёт барбод қилди. «Челси»нинг асосий таркиби мураббийлари ўз тарбияланувчиларига ишонч билдиришмади ва оқибатда, вундеркинд карьераси «Ротерхэм», «Ноттс Каунти» ва «Мэнсфилд Таун»га кўчиб юришлар билан ўтди.
Терри эса доимий равишда «Челси» асосий таркибида кубок ўйинларида майдонга туширилди, бироқ АПЛда бундай имконга эга бўлмади. 2000 йили Жон «Ноттингем Форест»га ижарага кетишга мажбур бўлди ва у ерда ҳам дастлаб майдонга туширилмади. Ёш ҳимоячини эса унинг букилмас иродаси сақлаб қолди. «Бир куни биз машғулот ўтказгани чиққанимизда, атроф оппоқ қорга бурканганди. Ҳаво жудаям совуқ. Ҳамма устига иссиқ уст-бошни ташлаб олган ва фақат Жонгина енгил шортда машғулотда қатнашар, «подкат» қилар ва тинмай қорда сакрарди. Унинг туғма етакчилиги ҳаммага аён бўлганди», - деб ҳикоя қилади ўша давр ҳақида «Ноттингем»нинг собиқ ўйинчиси Крис Эдвардс. Жамоа эса бир ўйин ортидан кейингисини бой беришда давом этар ва бу ҳол мураббийлардан сўнгги илинж - Террига имкон беришга мажбур қилди. Зеро, жамоадошлари ҳам ундаги етакчилик салоҳиятини англашганди. Натижада, «Ноттингем» таркибида Терри билан майдонга тушган кейинги 6 учрашувнинг бирортасида ҳам мағлуб бўлмади.
Муваффақиятларга қарамай, Террида ҳам ёшликдаги дўсти Харлининг омадсиз карьерасини такрорлаш вазияти юзага келганди. Ҳимоячига «Хаддерсфилд» - Барри Рубери бошқарувида банкротликка юз тутган ва ҳаммасини нолдан бошлашга мажбур бўлган жамоа қизиқиш билдирди.
«Бу осон бўлмаган давр эди. Ёшлигимдаги мураббийим Боб Осборн менда «Челси»га нисбатан муҳаббат уйғотганди, аммо кутилмаганда севимли жамоам мендан умрбод воз кечмоқчи бўлаётганди. Улар «Хаддерсфилд» билан оғзаки келишувга эришишган ва унинг қоғозга кўчиши бугун-эрта амалга ошиши керак эди», - деб хотирлайди Терри. Аммо ҳаммаси ҳал бўлган бир пайтда, ишга Дэвид Платт аралашди. «Ноттингем» мураббийи «Челси»даги ҳамкасби - Жанлука Виаллини яхши биларди ва ундан йигитчага биргина имкон беришни сўради. Италиялик рози бўлди.
«Челси» асосий таркибидан ўрин олиш учун Террига бир қанча мушкулотларни енгиб ўтишга тўғри келди. «Зиммамга тасаввур ҳам қилиб бўлмайдиган босим тушди. Машғулотлардан сўнг, катта ёшдаги жамоадошларимнинг либосларини ювиб қўйишим, унитазларни тозалашим ва полда сочилиб ётган пакетларни йиғиштиришим лозим эди. Аммо барча қийинчиликларни енгишга тайёр эдим. Фақат қуйи лигадаги бирорта клубга сотиб юборишмаса бас: «Челси»дан бошқа клубга кетишни истамасдим. Бундай аҳвол узоқ давом этмади. Келгуси йилнинг ўзидаёқ, Жон «Чарльтон»га қарши ўйинда «Челси»ни майдонга сардорлик боғичида бошлаб тушди. Худди «Ноттингем»да бўлганидек, жамоадошлари унинг тимсолида туғма йўлбошчини кўришганди. 2005 йили Терри «Челси» таркибида тарихий чемпионликни қўлга киритди. Ўша пайтга келиб, ижара ҳақидаги гап-сўзларга ўрин қолмаганди. Футболчи жасорати ва ҳар қандай оғриқ-а бардош бера олишга тайёрлиги билан ҳатто ҳисоб-китобли Моуриньо қалбини забт қилишга улгурганди. Аммо ҳимоячининг фикрича, унинг асосий қаҳрамонлиги ўша чемпионлик мавсумига тўғри келмайди. Ҳатто кейинги биринчиликда - «Рединг»га қарши баҳсда дарвозабон ўрнида пайдо бўлганида ҳам эмас. «Биринчи олтин мавсум якунидан сўнг, мени АПЛнинг йил ўйинчиси деб тан олишди. Бунгача бундай эътирофга фақатгина Пол Макграт ва Гари Паллистер муносиб деб топилишганди, холос. Ўшанда менда оёқдаги бармоқларимга оид бир қатор муаммолар пайдо бўлган ва саҳнага чиқиш олдидан шифокор оғриқни қолдирувчи укол қилиб қўйганди. Бу ишни муваффақиятсиз амалга оширганди шекилли, оғриқ зум ўтмай яна ўзини билдирди. Саҳнага кўтариларканман, тишимни тишимга қўярдим. Жилмайишга уринар, лекин миямда «Тезроқ бу ердан кетсам!», деган фикр бор эди.
Оғриқ, қийинчиликлар, оғир синовлар Террини бутун карьераси давомида таъқиб қилди. 2008 йили Жон Чемпионлар Лигаси финалида ҳал қилувчи пенальтини ура олмади, бироқ у Англия термаси сафидаги ўйинларини янада ғамгинроқ ёдга олади. «Ҳаётимда 3та орзу бор эди: Англия термаси асосий таркибидан ўрин олиш, сардор бўлиш ва жамоа сафида 100 ўйин ўтказиш. Учинчи мақсадимга жуда ҳам яқин келгандим ҳам, аммо 2012 йилдаги кўнгилсиз воқеа термадаги карьерамга нуқта қўйди. Бош жамоа сафида 100 ўйинда майдонга тушиш ва ҳурмат-эҳтиром билан кетишни хоҳлагандим, ахир айнан унинг учун суякларимни синдиришганди, саломатлигимни хавф остига қўйгандим. Яширмайман: ҳаммаси шундай тугаганидан жуда афсусдаман».
Англия термаси учун Жон 78 ўйин ўтказди. 79-ўйин эса энди ҳеч қачон бўлмайди, шекилли. Антонио Конте келганидан сўнг, ҳимоячи «Челси» асосий таркибидаги ўрнини йўқотди ва шундай сўнг, клубдан кетишга қарор қилди. «Ҳамон қаҳрамонликларга қодирлигимни англаяпман», - таслим бўлмайди Терри. Унда «Борнмут» ва «Вест Бромвич»дан таклифлар ҳам бор, бироқ Жон уларни қабул қилишни истамаяпти. «Йўқ, асло! Ҳеч қачон «Челси»га қарши ўйнай олмайман».
ИЛЁСБЕК тайёрлади.
Манба: www.interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20