Қайднома

Қидирув

Иван Кордоба: «Манчини юлдузлар билан ишлашга уста»

Иван Кордоба: «Манчини юлдузлар билан ишлашга уста»

  16.06.2017 03:36
  0
  860
Иван Кордоба: «Манчини юлдузлар билан ишлашга уста»

Роберто Манчини «Зенит» бош мураббийи этиб тайинланганидан хабарингиз бўлса керак. Шу муносабат билан «Футбол» ҳафтаномаси Колумбия термаси ва «Интер»нинг собиқ ўйинчиси Иван Кордобани суҳбатга тортди. Айтиш жоиз, Кордоба Манчини қўл остида «Интер» сафида уч марта Италия чемпионлигини қўлга киритган.

— Роберто Манчинини қандай таърифлаш мумкин?

- У етук мураббий. Ҳамиша юқори марраларни кўзлайди. Манчини учун амбицияларини клуб раҳбарлари ва футболчилар тезда тушуниб олишлари жуда муҳим.

— Манчинининг олдинги клублари трансфер бозорида катта маблағ сарфлашган. Бундан кўринадики, у ўзи истаган футболчини харид қила оладиган жамоада ишлайди. Шундайми?

- Ҳа. Европада натижага эришиш учун катта пул сарф қилишга тўғри келади. Демакки, Робертонинг истаги одатий ҳол. Бу ерда бошқа муҳим нарса бор. Манчини юлдузлар билан ишлашга уста. Унинг шу сифати алоҳида ажралиб туради. У футболчиларнинг кучли тарафларидан қачон фойдаланишни билади.

— Манчинининг мураббийлик дун­ё­қараши қандай?

— Ҳозирча унинг қўл остидаги «Зенит»нинг таркиби қандай бўлишини билмаймиз. Лекин Манчини учун жамоалари агрессив ўйин намойиш қилиши аҳамиятлироқ. Бунинг учун эса ижрочилар бор кучлари билан ҳаракат қилишлари лозим. Роберто ҳужумкор футболчилар бор имкониятларини ишга солишлари тарафдори. Бу билан Манчини фақат ҳужумкорликни маъқул кўради, деб ўйлаш нотўғри. Мен ҳимоячи бўлганман. У тўпсиз ўйнашни ҳам маъқул кўради.

— Манчинининг энг севимли тактик схемаси қайси?

— Оддий тил билан айтадиган бўлсак - 4-4-2. «Интер»да биз асосан шу услубда ўйнардик. Қолаверса, бошқа жамоаларда ҳам Роберто асосан шу тактикадан фойдаланган. Бу схемадан турли ўйинларда турлича фойдаланиш мумкин.

— Робертонинг ўзи қандай инсон?

— Жамоани эффектив бошқариш ва футболчиларнинг руҳий холатини яхшилаш учун кўп мулоқот қилади. Нафақат иш юзасидан, балки футболдан ташқари жиҳатлар ҳақида ҳам эринмай гаплашади.

— «Зенит»нинг сўнгги йиллардаги муаммоларидан бири таркибда ўз тарбияланувчиларининг йўқлигидир. Клубнинг янги раҳбарияти бу муаммони ҳал қилишини айтганди. Лекин Манчини келгач, бу нарса амалга ошишини кутмаса ҳам бўлади...

— Янги бош мураббий ёш футболчилар учун эшикларни ёпади, деб ўйлаш нотўғри. Марио Балотеллини эсланг. У билан Манчини «Манчестер Сити» ва «Интер»да бирга ишлаган. Марионинг иқтидори шундай кўзга ташланиб турарди, ўша кезлари ёш бўлган. Шунга қарамай, унга ишонч билдирилган. Умуман олганда, Балотелли «Интер»да дебют қилганида 17 ёшда эди.

— Манчини миллий чемпионатларда зафар қучган бўлсада, еврокубокларда бу ишини давом эттира олмади. Ўз жамоалари билан Чемпионлар Лигаси ва Европа Лигасининг ярим финалига қадар ҳам етиб бора олмаган. Бунинг сабаби нимада?

— Менимча, вазият шуни тақозо этган. Агар Европадаги натижаларига эътибор берсангиз, муваффақиятга эришишга майда жиҳатлар тўсқинлик қилган.

— Унинг Италиядаги обрўси қандай?

— Топ-мураббийларники қандай бўлса, шундай. Европанинг бирор-бир топ-клубида бош мураббий истеъфога чиқарилса, унинг ўрнини албатта, Манчини ҳисобига тўлдиришга интилишади.

Ҳ.МАСАИДОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz